Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Almoslim.net дан эркин таржима
Кўпчилик ота-оналар қизлар тарбияси билан шуғулланишдек улкан масъулиятнинг, олий вазифанинг аҳамиятини тўлиқ англаб етмайдилар. Зеро, агар бу вазифани гўзал тарзда адо этсалар, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан савоб ва ажр олиш билан билан бир қаторда мусулмон жамиятининг ахлоқи ҳамда қадриятларини муҳофаза қилган бўлардилар.
Анас ибн Моликдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким икки қизни балоғатга етгунча боқиб катта қилса, мен билан бирга жаннатга мана бундай бўлиб киради», дедилар ва бош ҳамда ундан кейинги бармоқларини бирлаштириб кўрсатдилар.
Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кишининг иккита қизи бўлса, у иккисининг суҳбатини яхши қилса ёки иккисига яхши соҳиб бўлса, икковлари уни, албатта, жаннатга киритади», дедилар.
Шундай экан, бу улкан ажрлар ота-оналарнинг қизлар тарбиясига катта эътибор ва алоҳида эҳтимом билан ёндашишга ундайди, хоссатан, тарбияда нуқсонга йўл қўйсак, бу инсон ва жамият учун қанчалар салбий оқибатларга олиб келишини идрок этсак, масаланинг моҳиятини англагандек бўламиз.
Баъзи кишилар ўғил болалар ва қизларнинг тарбиясига бир хилда тенг ёндашиб, бу ишга енгил қарайдилар, унинг аҳамиятини паст баҳолайдилар. Ҳаттоки осонроқ, алоҳида жидду-жаҳд қилиш шарт эмас, деб ҳисоблайдилар. Баъзилар эса қизлар билан муомала қилишда қаттиққўллик, қўполлик ва босим ўтказиш усулини афзал биладилар, гоҳида иш уларни уриш, баъзи нарсалардан маҳрум қилиш каби турли руҳий ва жисмоний зўравонликлар кўрсатиш даражасига ҳам етади. Афсуски, баъзида бу салбий ҳолатлар авлоддан авлодга мерос бўлиб қолади.
Қизлар тарбиясида қуйидаги нуқталарга эътибор қилишимиз лозим:
«Саҳиҳи Бухорий»даги ривоятда Умму Холид бинти Холид ибн Саъид болалигида бўлиб ўтган, шахсиятига таъсир қилган қуйидаги воқеани ҳикоя қилади: “Мен отам билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. Эгнимда сариқ кўйлагим бор эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ованраҳу, санраҳу», дедилар. Ровий айтади: “У ҳабаший тилида: «Вой, бунинг чиройлилигини, вой, бунинг гўзаллигини...», деган маънодадир”. Қизча айтади: “Мен бориб у кишининг нубувват муҳрларини ўйнай бошладим. Отам мени уришиб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қизчани ўз ҳолига қўй», дедилар. Сўнгра у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кийимингни кийиб эскиртиргин, сўнгра бошқа кийимингни кийиб эскиртиргин, сўнгра бошқасини кийиб эскиртиргин», деб дуои хайр қилдилар».
Зотан, қиз бола жуда кичиклигидан бошлаб гўзалликка мойил, мақтовни яхши кўрадиган, мақтов эшитса, хурсанд бўладиган қилиб яратилган. Чиройли сўзлардан у таъсирланади, юмшоқ, итоаткор, насиҳатни қабул қиладиган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам унинг кийимларининг чиройли эканини эътироф этдилар, унга ўзи тушунадиган тилда хитоб қилдилар (ота-онаси қизалоқни ҳижратда, Ҳабашистонда катта қилган эдилар), кураклари устида ўйнашига қўйиб бердилар, унинг эркалигига қаршилик қилмадилар. Сўнгра унга узоқ умр сўраб дуо қилдилар, келажакда отасининг паноҳида ва ҳифзида бўлиши, ғам чекмаслиги, истаган кийимини эскиртириб кийиши ва отаси унинг учун барча нарсага масъул бўлишининг хабарини бердилар.
Баъзилар бу фикрлардан таажжубга тушишлари мумкин. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганар эканман, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари билан муносабатлари бу қарашларни таъкидлаганини топдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларининг шаънларини кўкларга кўтарар эдилар, уларга нисбатан муҳаббатлари, меҳрибончиликлари мўл-кўл эди. Бу Ойша онамиз розияллоҳу анҳодан қилинган қуйидаги ривоятдан ҳам ойдинлашади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга одат, сийрат ва суратда Фотимадан кўра ўхшашини кўрмаганман. Фотима Расулуллоҳ ҳузурларига кирса, Набий алайҳиссалом уни туриб қаршилар, қўлидан тутиб ўпиб қўяр ва ўз жойларига ўтқизар эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига кирсалар, у ҳам у зотни туриб қаршилар, қўлларидан тутиб ўпиб қўяр ва ўзининг жойига ўтқизар эди» (Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларини мамнун кутиб олмоқдалар, уни ўзларига яқинлаштирмоқдалар, уни қаршилаш учун ўринларидан турмоқдалар ва ўз жойларига ўтқизмоқдалар. Ўз ўрнида Фотима онамиз ҳам олий даражадаги хулқлари, комил тарбиялари самарасидан меҳрга меҳр, муҳаббатга муҳаббат билан жавоб бермоқдалар.
Отанинг бу каби тасарруфи қизини атрофида ўралашиб юрган, уни йўлдан оздиришга ҳаракат қиладиган ҳар турли шайтонларнинг хатаридан омон сақлайди.
Эй оталар! Сизларнинг қизларингиз олдидаги жавобгарлигингиз улкандир. Улар сизнинг қўлларингиздаги омонатлардир. Қанчадан-қанча солиҳалар буюк авлодларни тарбия қилган бўлсалар, бу уларнинг ота-оналари берган гўзал тарбиянинг натижасидир. Уммат бузадиган авлодни катта қилган қизлар эса фақат моддий таъминотни ўйлайдиган ота-оналарнинг тарбиялари натижасидир.