ТАҲОРАТ БОБИ. IV фиқҳ дарси 2-қисм
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ТАҲОРАТНИНГ МУСТАҲАБЛАРИ

 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган зикр-дуоларни ўқиш. Таҳорат асносида қуйидаги дуо ўқилади:

«Аллоҳуммағфирлий занбий, ва вассиъ лий фий даарий, ва барик лий фийма розақтаний».

Маъноси: «Аллоҳим! Гуноҳимни мағфират қил, ҳовлимни мен учун кенг қил, менга ризқ қилган нарсангда барака бер».

Таҳорат қилиб бўлгандан кейин эса қуйидаги дуо ўқилади:

«Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу. Ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳу. Аллоҳуммаж-алний минат таввабийна важ-алний минал мутатоҳҳирийн».

Маъноси: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У яккадир, шериги йўқ. Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир. Аллоҳим, мени кўплаб тавба қилувчилардан ва покланувчилардан қилгин».

  1. Ҳалқумни қолдириб, бўйинга масҳ тортиш, чунки ҳалқумга масҳ тортиш бидъатдир.
  2. Узрсиз таҳоратда бировнинг кўмагидан фойдаланмаслик.
  3. Зарурат бўлмаса, беҳуда гапларни гапирмаслик.
  4. Қўлига кенг бўлган узукни қимирлатиш, аммо узук ёпишиб турган бўлса, уни қимирлатиш лозимдир.

 Таҳоратнинг макруҳлари:

  1. Сувни исроф қилиш. Етарлигидан ортиқ сув ишлатиш исроф бўлади. Аъзоларни уч мартадан кўп ювиш ҳам исрофга киради.
  2. Сувни ўта кам ишлатиш. Етарли миқдордан кам сув ишлатиш макруҳдир.
  3. Юз ёки бошқа таҳорат аъзоларига сувни сепиш.
  4. Аёл киши таҳорат ёки ғусл қилганидан ортган сувда таҳорат қилиш.

 Таҳоратни бузувчилар

Таҳоратни кетказадиган нарсалар қуйидигилар:

  1. Икки йўлнинг биридан чиққан нарса, одатда бу икки йўлдан пешоб, ахлат, ел, мазий, вадий ва маний чиқади.
  2. Қон ёки йиринг чиқиб, баданнинг пок ерига оқса. Агар олма тишлагандан кейин унда тишидан чиққан қон изини кўрса, таҳорати бузилмайди. Шунингдек, таҳорат олгандан кейин жароҳат ўрнида қон томчисини кўрса, то қон жойидан оқмагунича таҳорати синмайди. Агар оғиздан қон қусса ва унинг миқдори тупукка тенг ёки ундан кўп бўлса, таҳорат бузилади. Қоннинг ғолиблиги аломати тупукнинг қизғиш рангда бўлишидир.
  3. Оғизни тўлдириб қайт қилиш.
  4. Мақъади (думбаси)ни босмай ухласа. Мисол учун ёнбошлаб, чалқанча тушиб ёки мақъадини ерга босмаган ҳолда бир нарсага суяниб ўтириб ухласа, таҳорати кетади. Суннат кўринишида, рукуъ қилган ҳолатда, ўтирган ёки сажда қилган ҳолатда ухласа, таҳорати бузилмайди, бунда намозда бўлиш ёки бўлмасликнинг фарқи йўқ.
  5. Ҳушидан кетиш.
  6. Жинни бўлиб қолиш ёки маст бўлишлик.
  7. Балоғатга етган кишининг тўла-тўкис намозда қаҳқаҳали кулиши.

Тўла-тўкис намоз деганда рукуъ ва саждаси бор намоз назарда тутилади. Ёш бола қаҳқаҳа отиб кулса, таҳорати бузилмайди. Шунингдек, балоғатга етган киши намоз ташқарисида ёки жаноза намозида қаҳқаҳа отиб кулса ҳам, таҳорати синмайди.

  1. Кийимсиз ҳолатда уят жойларнинг бир-бирига тегиши.

 Таҳоратни кетказмайдиган нарсалар: қон чиқса-ю, жойидан оқмаса, оғизни тўлдирмай қайт қилинса, аёлни ёки закарини ушласа, яхшилаб ўтириб олиб ухласа.

 ТАҲОРАТИ БУЗИЛГАН КИШИНИНГ ҲУКМИ ҚАНДАЙ? УНГА ТАҲОРАТ ҚИЛИШ ҚАЧОН ВОЖИБ БЎЛАДИ?

 Таҳорати бузилган кишига қуйидаги ишларни қилиш ҳаром бўлади:

  1. Намоз ўқиш, бунда намознинг фарз ёки нафллигининг фарқи йўқ.
  2. Жаноза намози ўқиш.
  3. Тиловат саждаси қилиш.
  4. Ғилофсиз Қуръонни ушлаш. Шунингдек, қоғозга ёзилган ёки деворга осилган оятларни ҳам ушласа бўлмайди.
  5. Каъбада тавоф қилиш.

*Бетаҳорат киши юқоридаги ишларни қилишидан олдин таҳорат олиши вожибдир.

 Таҳорат қилиш қачон мустаҳаб бўлади?

 Қуйидаги ҳолатларда таҳорат қилиш мустаҳаб бўлади:

*Ҳар намоз вақтида янгидан таҳорат қилиш

*Азон ва иқомат айтиш учун

*Хутба қилиш учун

*Ғазабланганда

*Туя гўштини истеъмол қилгандан сўнг

*Жанобадан ғусл қилишдан олдин

*Закари (жинсий аъзоси)ни ёки аёлни ушлагандан кейин

*Қуръон китобини ушламасдан тиловат қилганда

*Ухлашдан олдин ва уйқудан турганда

*Бирор ибодатни адо қилгандан кейин бошқасига янгидан таҳорат олиш

*Жунуб киши ейиш-ичиш ёки ухлашидан олдин таҳорат қилиши

*Ғийбат, чақимчилик, ёлғон каби гуноҳ ишларни қилиб қўйса, таҳорат қилиш мустаҳаб бўлади.

*Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни (қабрларини) зиёрат қилиш учун

*Арафада турганда ҳамда Сафо-Марва ўртасида саъй қилганда

*Маййит ювилиб, елкага кўтарилганда

ДАРСЛИККА ОИД САВОЛЛАР

 Қуйидаги саволларга жавоб беринг:

  1. Таҳоратнинг рукнларини зикр қилинг. Ушбу рукнларни жамлаган ояти карима қайси?
  2. Агар соқол юзнинг бирор қисмини тўсган бўлса, таҳорат қандай қилинади?
  3. Таҳоратнинг суннатларидан бештасини зикр қилинг, сўнгра таҳоратни бузадиган нарсаларни санаб беринг.
  4. Таҳоратда “вало” сўзининг маъноси нима? Таҳоратни қилиб бўлгандан кейин қайси дуо ўқилади?
  5. Бетаҳорат кишига қандай ишларни қилиш ҳаром бўлади?

 Қавс ичидаги жавоблардан тўғрисини танланг:

Таҳоратда ...................... суннатдир

(таҳорат рукнларини уч мартадан такрорлаш, кичик бетаҳоратликни кетказишни ният қилиш, бошга масҳ тортиш)

 *Оғиз-бурун чайишга сув ............... қўл билан олинади

(ўнг қўл, чап қўл, бу масалада тафсилот бор)

*Ҳалқумга масҳ тортиш ...................

(суннат, бидъат, мустаҳаб)

*Қуръон тиловат қилиш учун таҳорат қилиш .............

(мустаҳаб, вожиб, бетаҳорат бўлмаган кишига мустаҳаб)

*Ейиш-ичиш ва ухлашдан олдин таҳорат қилиш ....................

(мустаҳаб, вожиб, жунуб киши учун мустаҳаб)

Қуйидаги ибораларнинг тўғри ёки нотўғрилигини аниқланг, хато жумлаларни тўғриланг:

*Терида унга сув етишини тўсадиган хамир, мум (шам)га ўхшаш нарсалар ёпишган бўлса, таҳорат дуруст бўлмайди  (            )

*Таҳорат қилаётганда узукни қимирлатиш мустаҳабдир, бунда узукнинг тор ёки кенглигининг фарқи йўқ    (           )

*Ёрилган оёқ сув тегишидан зарарланадиган бўлса, унга масҳ тортиш жоиз бўлади  (            )

*Таҳорат олгандан кейин тирноғини олса ёки мўйловини қирқса, қайтадан таҳорат қилади  (            )

*Рўзадор бўлмаган ҳолатда, оғиз-бурун чайишда муболаға қилиш мустаҳабдир  (             )

*Таҳорат олаётганда заруратсиз беҳуда гапларни гапириш макруҳдир  (       )

*Қон чиқса, таҳорат кетади, ҳаттоки у оз миқдорда бўлиб, оқмаса ҳам  (            )

*Рукуъ ҳолатида ёки яхшилаб ўтириб олиб ухласа, таҳорат бузилмайди  (     )

  [embed]https://www.youtube.com/watch?v=IDfxNClhu0g&feature=youtu.be[/embed]

Мавзуга оид мақолалар
httpsyoutu.beeaxcxXVOsMY

15:27 / 02.10.2018 3355
31. .31. Умму Атийя розияллоҳу анҳо айтади.Маййитга уч кундан ортиқ аза тутишдан давоми...

23:00 / 18.02.2023 2153
Ипак ва тилла ҳақида келган ҳадислар26. . ,.26. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

00:12 / 20.12.2022 2074
Таҳорат ва ғусл тоҳир мутоҳҳирасли пок ва покловчи сувда қилинади. Агар бундай сифатга эга сув топилмаса давоми...

11:38 / 10.09.2018 3844