Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам эрталаб бомдоддан сўнг аҳли оилалари билан бироз вақтларини ўтказгач, масжидга қайтиб, бир муддат намоз ўқир эдилар. Сўнгра ўтирардилар. Шу заҳоти у зотни саҳобалар ўраб олишарди. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан шахсий учрашувлар учун энг қулай фурсат эди.
Ушбу лаҳзаларда Расулуллоҳ саҳобаларининг ҳар бирини эшитишга, уларнинг муаммоларини ҳал қилишга ва уларга бирор нима ўргатишга ҳаракат қилар эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча саҳобалари бундан хабардор бўлиб, у зотни айнан эрталабки соатларда зиёрат қилишарди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу вақтни фақатгина диний фаолиятга ажратмас эдилар. У зот, шунингдек, узоқ ва яқин вилоятлардан вакиллар қабул қилардилар. Бир сўз билан айтганда, давлатнинг ижтимоий ва сиёсий ишлари билан шуғулланардилар.
Расулуллоҳ зиёратчиларни самимийлик ва хушмуомалалик билан қабул қилар, барчаларига тенг вақт ажратар, уларнинг янгиликлари билан ғоятда қизиқар ҳамда ҳамиша ўз ёрдамларини таклиф қилар эдилар.
Қадимги императорлар ва ҳукмдорлардан фарқли равишда бу мажлисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳеч қачон алоҳида махсус жойлари бўлмаган, ўзлари ҳам алоҳида кийим билан ажралиб турмаганлар. Тарихда ва ҳозирда бошқа давлат вакилларини қабул қилиш учун махсус саройлар ва заллардан фойдаланиш одати бор. Ҳукмдорларнинг ўзлари эса одатда қимматбаҳо кийимлар кийиб, олий ўринларда, тахтларда савлат тўкиб ўтиришган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ўз саҳобалари орасида ҳеч нарса билан ажралиб турмас эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутбалари учун махсус жой – минбар эса кейинроқ, саҳобаларнинг қистови билан пайдо бўлган.
Баъзан бу мажлисларга кимдир бирор таом келтирар эди. Бундай ҳолатларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам емакни ҳозир бўлганларнинг барчаси билан тенг тақсимлар эдилар. Ҳатто овқат ўта оз бўлган тақдирда ҳам у барчага етарди, бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофдагиларга баракалари эди.
Қуёш кўтарилиши ва чошгоҳ орасидаги соатларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи қариндошлари ва саҳобаларини кўргани борардилар. Кўпинча қизлари Фотима розияллоҳу анҳонинг уйларига борар, набиралари билан ўйнаб, вақтларини чоғ ўтказар эдилар. Баъзан эса беморларни ёки яқинларидан айрилган саҳобаларни зиёрат қилардилар.
Бундан ташқари, бу пайтда баъзан Мадина бозорига борар, йўлда учраган кишилар билан табассум ила саломлашар эдилар. Шунингдек, кўпинча болалар билан суҳбатлашиш учун ҳам йўлларда тўхтардилар. Ҳамиша уларни тинглар, оилалари билан қизиқар, керак бўлганда ёрдамларини аямас эдилар. Гоҳида ёлғиз, гоҳида саҳобалари билан бирга юрардилар.
Чошгоҳ пайтигача Расулуллоҳ ўз уйларига қайтиб келар эдилар. Уйга киришлари билан аввало мисвокларини қўлга олардилар. Кейин аҳллари билан саломлашиб, зуҳо намозини адо этар эдилар. Шундан сўнг агар уйда егулик бўлса ва эрталаб рўзага ният қилмаган бўлсалар, тушлик қилар эдилар.
Бу пайтда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни баъзан Мадина аёллари зиёрат қилишар эди. Улар эркаклар тўла масжидда бера олмаган эътиқод ва ибодат тўғрисидаги саволларини берардилар.
Шунингдек, бу вақтни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оилалари ва уй ишларига сарфлардилар. Маълумки, у зоталайҳиссалом ўз либослари ва оёқ кийимларини ўзлари ямар, шунингдек, чорвага ҳам ўзлари қарар эдилар.
Пешин намози вақти яқинлашганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар бироз мизғишга ётган бўлсалар, уйғонар, таҳорат олиб, тўрт ракат суннатни уйда ўқир эдилар. У зот масжидга чиққач, Билол иқомат айтишни бошларди.
Намоздан сўнг ҳозир бўлганларга хутба қилар, кейин уйга қайтиб, яна икки ракат суннат намозини ўқир эдилар. Шундан сўнг зарур ишлари бўлса, шаҳарга борар, бўлмаса,аср намозигача масжидда қолардилар.
Аср намозидан кейин уйга қайтиб, аҳли оилаларига таълим берар эдилар. Набавий уй аҳли илоҳий ваҳийни идрок қилган ҳолда таълим оларди.
Расулуллоҳнинг одатий кунларини таҳлил қилиб...
Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кун тартибларини ўзимизники билан солиштириб бўлмайди. Бироқ бир қанча умумий жиҳатларни топиш мумкин. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кун тартибларида, айтиш мумкинки, «қабул соатлари» бўлган. Бу барча одамларга маълум бўлган. Мазкур вақтда барча хоҳловчилар у зотни масжиддан топишлари, саволларини беришлари мумкин бўлган. Агар сиз раҳбар бўлсангиз, шуни англашингиз керакки, қўл остингиздагилар сизга бемалол мурожаат қиладиган маълум соатларингиз бўлсин. Бу ишингиз муваффақияти учун жуда муҳим.
Кейинги нуқта – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дам олишга вақт топганлар! Тарихдаги энг нуфузли, мақсади инсониятни қутқариш бўлган, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб бир миллиарддан зиёд мухлисларга (издошларга) эга инсон кун давомида бироз мизғиб олишга вақт ажратган. 25-30 дақиқа дам олиб олиш учун вақтим оз, муҳим ишларим кўп, деб нолимаса ҳам бўлади.
Айни пайтда Расули акрам кун давомида жуда кўп намоз ўқиганлар. Бирор соатлари бўлмаганки, унда намоз ўқимаган бўлсалар. Гўёки бу дунё ишларидан намозга шўнғиб, «қувватланиб» олганлар.
У зот одамлар билан мулоқотда бўлганлар, зиёратчиларни қабул этганлар, бозорга борганлар, беморларни зиёрат қилганлар, ночор ҳолга тушган кишилар билан суҳбат қурганлар. Бир сўз билан айтганда, жамият билан ҳамнафас яшаганлар. Раҳбарликнинг ажойиб намунаси!
Ҳар гал уйга қайтганларида Набий алайҳиссалом аҳллари билан вақтларини ўтказганлар. Оила аъзолари орасида ҳеч ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кам вақт ажратишларидан шикоят қила олмаган. Энди эса ўйлаб кўринг, оила аъзоларингиз сизга бу борада шикоят қилмайдими? Жуда кўп ишлаганингиздан яқинларингизга вақт топа олмаётганингиз ҳақида эслатишмайдими?!
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан сўрашди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда уйда нима билан машғул бўладилар?» Оиша онамиз: «У зот аҳли оилаларига керакли барча ишларни қилар эдилар, намоз пайти бўлса, намозга чиқар эдилар», деб жавоб бердилар.
Зарнигор таржимасиДавоми бор...
Islam-today.ru