Мусулмонлар учун энг яхши ибрат: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оқшомни қандай ўтказар эдилар?  (3-қисм)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Мусулмонлар учун энг яхши ибрат: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оқшомни қандай ўтказар эдилар?  (3-қисм)

 Шом намози вақти бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан бирга намозни адо этиш учун масжидга йўл олар эдилар. Мадина аҳли одатда шом намозидан кейиноқ кечки таомга ўтирарди. Шунинг учун ҳам у зот алайҳиссалом намозни чўзмас, намоздан кейинги хутбани ҳам узоқ қилмас эдилар. Барча мусулмонлар, шу жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечки таомни кечиктирмасликка ҳаракат қилардилар, айниқса, рўза тутган бўлсалар.

Набий алайҳиссалом уйга қайтгач, яна икки ракат нафл намоз ўқир, сўнгра кечки таомга ўтирар эдилар. Баъзан саҳобаларидан бирор кимни ҳам таомга таклиф қилардилар. Баъзида уйларида хурмодан бошқа егулик қолмас эди. Мана шу уларнинг кечки таоми бўларди. Лекин кўпинча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида умуман егулик бўлмас, бу ҳолат ҳатто бир неча кунлаб давом этиши ҳам мумкин эди.

Аллоҳ таоло севикли набийсини таом билан ризқлантирган пайтларда дастурхонни ерга тайёрлаб беришарди, у зот ҳеч қачон столда овқатланмаганлар. Овқатдан аввал ҳамиша «Бисмиллаҳ...» дер, олдиларига қўйилган нарсани ер эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат ўнг қўлда, учта бармоқларини (бош, кўрсаткич ва ўрта бармоқларини) ишлатган ҳолда таомланардилар. Ўзлари учун ҳозирланган таомни ҳеч қачон танқид қилмас, ёқса – ер, ёқмаса – емас эдилар.

Агар завжалари билан бирга таомланадиган бўлсалар, улар ҳам еб қорин тўйдиришларига эътибор берар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатларидан бири завжалари еган идишга, уларнинг лаблари теккан жойга лабларини қўйиб овқатланиш эди.

Агар саҳобалари билан таомланадиган бўлсалар, Набий алайҳиссалом улар билан дилдан суҳбат қуриш ёки уларга бирор қизиқ нарса айтиб бериш имконидан унумли фойдаланар эдилар. Кўпинча диндан нимадир ўргатар, йўл-йўриқ кўрсатардилар.

Овқатланиб бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини ялаб тозалаб қўяр, сўнгра берган неъмати учун, гарчи у озгина таом бўлса ҳам, узоқ ҳамд айтар эдилар. Шунингдек, таомдан сўнг у зот ҳамиша оғизларини чайқардилар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтон намозига боришга шошилмас, Билол розияллоҳу анҳу азон айтгунларича кутиб турар эдилар. Азондан сўнг масжидга келгач, у зот одатда саҳобалар йиғилгунча намоз ўқимай турардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг дам олиш ва таомланиш учун ҳақларини ҳурмат қилар ва оқшом пайти аҳли оилалари билан бирга бўлишларига фурсат берар эдилар. Агар азон айтилганда саҳобалар йиғилиб бўлишган бўлса, кечиктирмай намозни бошлардилар.

Намознинг ўзига келсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтонда ўттизинчи жуздан, кичикроқ суралардан ўқишни афзал кўрар, камдан-кам ҳолатларда уни узун ўқир эдилар. Шунингдек, кўпинча қисқагина хутба қилар, саҳобаларининг чарчаганлари ва дам олишга эҳтиёжлари борлигини инобатга олардилар.

Хуфтондан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга қайтиб, икки ракат суннатни ўқир эдилар. Сўнгра аҳли оилалари билан бирга бўлиб, суҳбатлашардилар. Баъзан бу пайтда у зот ҳар қандай пайтда кўришиб хурсанд бўладиган энг яқин дўстларини зиёрат қилар эдилар.

Уйга қайтаркан, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ажойиб Қуръон тиловати овозларини эшитсалар, ўша хонадон олдида тўхтардилар. У зот эшик тагида узоқ вақт туриб тинглашлари мумкин эди. Одатда уй соҳиблари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшик ортида турганларини хаёлларига ҳам келтирмасдилар. Ўзлари ҳам уй эгаларини хижолатга солмаслик учун ҳозирликларини билдирмас эдилар.

Баъзан уйга қайтишда масжидга кириб, ўша ердагилар билан мулоқот қилардилар. Бундай пайтда кўпинча масжидда уйидан айрилган, бошпанасиз, шу ерда тунашга мажбур бўлган саҳобалар бўларди.

Уйга киргач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлашга тайёргарлик кўрар эдилар. Кийимларини алмаштириб, ўринларига ётардилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўринлари жун ёки ўсимлик толалари билан тўлдирилган, ҳайвон терисидан қилинган тўшак эди. Бошлари остидаги ёстиқ ҳам худди шундай эди.

Айтиш лозимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биттагина ёстиқлари ва биттагина ёпинчиқлари бўлган. Уни ҳам ҳамиша завжалари билан бўлишганлар. Бундай камтар ва жўн тўшак у зот алайҳиссаломнинг баданларида чуқур излар қолдирарди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга эътибор бермас, у зотга бу ноқулайлик туғдирмас эди. Набий алайҳиссалом ўринларининг бош тарафида ҳамиша мисвок турар, уйғонишлари биланоқ ундан фойдаланар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнг тарафлари билан, бошларини ўнг қўлларига қўйган ҳолда ухлардилар. Уйқу олдидан ҳамиша Қуръондан бир неча сура ўқиб, Аллоҳдан уйқу пайтида шайтондан паноҳ сўрар эдилар.

Агар у зот ухлаётган пайтларида айланиб ёнбошласалар, ҳамиша Аллоҳга ҳамд айтардилар. Зеро, қалблари уйқуларида ҳам Аллоҳ билан боғланган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ярим тунгача ухлардилар.

Ярим тунда уйқудан уйғониб, мисвоклари билан оғизларини тозалар, сўнгра Оли Имрон сурасининг охирги ўн оятини ўқир эдилар. Шундан сўнг у зот ўринларидан туриб кийинар, таҳорат олиб, таҳажжуд намозига тараддудланардилар. Таҳажжуд намозини гоҳ уйларида, гоҳ масжидда ўқирдилар.

Тунги намозда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳиссиётларига эрк берардилар, чин қалблари билан ибодат қилиб, бу дунёдан бутунлай фориғ бўлар эдилар. Ушбу фурсатларни у зот тўлалигича Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бағишлардилар. Бутун борлиқдан ажралиб чиқиб, ҳар бир ракатда юзлаб оятлар тиловат қилар, узундан-узоқ намоз ўқир эдилар. Бу намоз пайтида оғизларидан чиққан ҳар бир сўзни ҳис қилиб турардилар. Агар гуноҳкорлар учун Аллоҳнинг жазоси тўғрисидаги оятларни ўқисалар, Аллоҳдан жазодан паноҳ сўрар эдилар. Агарда Аллоҳ таолога ҳамд оятлари бўлса, Расулуллоҳ ҳам У Зотга ҳамд айтардилар.

Таҳажжуд пайтида фақатгина тиловатлари эмас, балки рукуъ ва саждалари ҳам давомли бўлар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳажжудлари шу қадар узоқ бўлардики, саҳобалар ҳам кўпинча у зот билан бирга ўқимоқчи бўлиб, чарчаб қолганларидан тўхтатар эдилар.

Набий алайҳиссалом тунда узоқ, ёлғиз ибодат қилар эдилар. Лекин ҳамиша уч ракатли витр намозини бирга ўқиш учун аёлларини уйғотардилар.

Баъзан тун охирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бақиъ қабристонига бориб, оила аъзолари, дўстлари ва саҳобалар ҳақларига узоқ дуо қилар эдилар.

Тонг шафақига яқин у зот уйга қайтиб, дам олар, бомдод намози ва янги кун учун куч йиғардилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оқшомги ва тунги соатлари ҳақида фикрлаб...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, аввало, сиз-у биз каби инсон бўлганлар. Оқшом пайтида ўз аҳли оилалари билан бирга бўлишни ёқтирганлар. Эрта ётишни афзал кўрганлар, чунки худди сиз ва биз каби дам олиш ҳамда уйқуга эҳтиёж сезганлар.

Етарлича дам олиб бўлгач, намозга қайтиб, Аллоҳ билан ёлғиз қолар эдилар. Таҳажжуд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун қийинчилик туғдирмаган, балки тун пайтида Аллоҳ билан мулоқот қилишдан ҳузурланганлар, ибодатда ҳаловат топганлар. Агар у зотнинг кундузги ҳаётлари аҳли оилалари ва мусулмон уммати ғамида кечган бўлса, тунги ҳаётлари тўла ўзлари ва Роббиларига бағишланган эди.

Расули Акрам ўз оилаларига вафотларидан сўнг ҳам содиқ қолганлар. Биз таҳажжуд намозларимизда у дунёга рихлат қилган яқинларимизни эслаб, чин қалбдан дуо қиламизми? Ярим тунда уларнинг қабрларига бориб, ўз ҳурмат ва эҳтиромимизни изҳор қила оламизми? Раҳбар сифатида ўз издошларимизга шу қадар садоқат кўрсата оламизми?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни нима шижоатлантирган?

Тан олиш керакки, орамизда жуда камчилик Набий алайҳиссаломнинг ҳаёт тарзига дош бера олган бўларди. Қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳар бир кунлари, ҳар бир соатлари, ҳар бир дақиқаларини самарали тарзда ўз яқинлари ва жамиятга бахшида қила олганлар? У зотни нима руҳлантирган? Ҳа, шубҳа йўқки, пайғамбар ўлароқ, Набий алайҳиссаломга алоҳида хислатлар ва ўзига хос маънавий куч ато қилинган. Лекин у зотга доимий равишда ҳаётий куч бағишлаган, руҳлантириб турган яна нимадир бормиди? Балки бу у зотнинг муҳаббатларидир?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари намоз ва дуода ҳамиша У Зотни зикр қилиб туришга куч берган. Ҳатто ҳар бир нафаслари Аллоҳнинг исми билан бўлган.

Оилаларига бўлган муҳаббатлари доимо уларга ғамхўрлик қилишга руҳлантирган. Аҳлларининг ёнларида у зот тўла – жисмлари, қалблари ва фикрлари билан ҳозир бўлар эдилар. Оила аъзоларига бўлган меҳрлари уларнинг муаммолари ва эҳтиёжларига эътиборсиз бўлишларига йўл қўймаган.

Саҳобаларига бўлган муҳаббатлари ҳар доим уларга ёрдам қўлини чўзишга, таълим беришга ва керакли пайтда зарур сўзларни айтишга ундаган. У зот яқинларидан ҳеч кимни, ҳатто вафотларидан сўнг ҳам, эътибордан четда қолдирмаганлар.

Мусулмон умматига бўлган муҳаббатлари Аллоҳнинг Каломини ёйишда барқарорлик ва қатъият билан туришларига сабаб бўлган. Аллоҳнинг фазли билан у зот бу ишни тўла уддасидан чиқдилар. Бутун дунё мусулмонлари бугун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатларини ва ғамхўрликларини ҳис қилиб яшайдилар.

Манба: islam-today.ru

Мавзуга оид мақолалар
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ҳазратларининг китоблари асосида Ғиёсиддин тайёрлади ГУНОҲЛАРДАН давоми...

21:00 / 08.02.2017 3742
«Ислом.уз»  таҳририятига келган мактублардан Ташаккурнома Ассалому алайкум Авваламбор, қоидаларни давоми...

07:40 / 17.03.2017 10207
 4. Ейиш ва ичишда тартибга, кетмакетликка риоя қилмаслик. Бу қоидага, одатда, риоя қилинмаганлиги сабабли давоми...

07:25 / 26.12.2016 4033
«Trend» агентлигининг хабар беришича, Грузиянинг Самтацкаро қишлоғида маҳаллий аҳоли мусулмонларга жума давоми...

19:16 / 24.12.2016 2714