Охират учун заҳира ойи
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бизни Рамазонга соғ-саломат етказган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин! Ўзи барчамизни ушбу муборак ойнинг фазлидан баҳраманд айласин! Бу шундай барокатли ойки, унда Қуръон нозил қилингандир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик. Албатта, Биз огоҳлантиргувчи бўлдик». (Духон сураси, 3-оят) Ояти каримадаги муборак кечадан мурод Рамазон ойининг «Лайлатул қадр» кечасидир. Бу эса фазл устига фазлдир. Кўриниб турибдики, бу муборак ой охиратга заҳира тўплаш учун ниҳоятда кенг имкониятли ойдир. Аввало, бу ойда бир ой рўза тутмоқни Аллоҳ таоло фарз қилгандир. Фарз ибодатнинг фазли, савоби эса ниҳоятда улуғдир. Шубҳасиз, унга ҳеч бир амал тенг кела олмайди. Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, Райён деб номланур. Қиёмат куни рўзадорлар ундан кирурлар, улардан бошқа бирортаси кирмас. «Рўзадор қаерда?»– дейилади. Улар ундан кирурлар. Қачон уларнинг охиргиси кирса, у бекитилур. Ундан бошқа ҳеч ким кирмас», – дедилар». Насаий ривояти. Қуръони Карим нозил бўлган ушбу ойда унинг хатмига дунё миқиёсида жуда аҳамият берилади. Таровеҳ намозларида Қуръони Карим хатм қилинади. Одатда ойида бир марта хатм қилувчи кишилар ҳам Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиб ойида икки ёки ундан кўпроқ хатм қилишга ҳаракат қиладилар. Оиша розияллоҳу анҳо Фотима розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар, Пайғамбар алайҳиссалом: «Дарҳақиқат, Жаброил ҳар йили мендан Қуръонни бир бор имтиҳон қилар эди, бу йил эса икки бор имтиҳон қилди, бундан билурманки, ажалим яқиндур»,— дедилар». Рамазон ойида қилинадиган эзгу амаллардан яна бири хайру-эҳсонни ҳар доимгидан кўра кўпроқ қилишликдир. Зеро, бу ойда ёмон шайтонлар занжирбанд қилиниб, эзгу амаллар қилишга кишининг иштиёқи янада ортади. Қилинган эзгу амаллар учун Аллоҳ таолонинг мукофоти ҳам ҳар қачонкидан кўра зиёда бўлади. Доимо саҳий бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу ойда янада саҳий бўлганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Пайғамбар алайҳиссалом энг саховатли одам эдилар. Рамазон ойида эса янада саховатлари ортар эди, чунки Жаброил алайҳиссалом Рамазон ойининг ҳар кечасида у Зот билан учрашиб, Қуръонни имтиҳон қилар эдилар. Жаноб Расулуллоҳ Ҳазрат Жаброил билан учрашган кунлари ёмғир келтирувчи шамолдан ҳам саховатлироқ бўлиб кетар эдилар». Рамазон ойида амалга ошириладиган охират учун заҳира бўлувчи эзгу амаллардан яна бири эътикоф ўтиришдир. Эътикоф суннати муаккада амалдир. У, рўзадорнинг жамоат масжидида эътикоф нияти ила қолишидир. Унинг ози бир кундир. Ким эътикофни бузса, қазосини бажаради. Эътикоф ўтирган одам масжиддан инсон ҳожатларидан бошқа нарса учун чиқмайди. Жумъага заволдан кейин боради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: «Ҳар йили Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръон бир марта имтиҳон қилинар эди, вафот қилган йиллари эса у Зот икки марта имтиҳон қилиндилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар йили ўн кун эътикофда ўтирар эдилар, вафот этадиган йиллари эса йигирма кун эътикофда ўтирдилар». Рамазон ойининг сўнги ўн кунлигида минг кечадан афзал бўлган «Лайлатул қадр» кечаси бордир. Ушбу кеча ҳақида Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло алоҳида бир сура нозил қилиб марҳамат қилади:«Албатта, Биз у(Қуръон)ни Лайлатул Қадрда туширдик. Лайлатул Қадр қандоқ нарса эканини сенга нима билдирди? Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир. У то тонг отгунча салом бўлиб турадир».(Қадр, 1-5) Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга Лайлатул қадр ҳақида хабар бериш учун чиқдилар. Бас, мусулмонлардан икки киши низолашиб қолди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизларга хабар бергани чиққан эдим. Бас, фалончи ва фистончи низолашиб қолишди. Бас, уни тўққизинчи, еттинчи ва бешинчида изланглар». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. Аллоҳим Рамазон ойини барчамизга дунё ва охиратимиз учун манфаатли айласин! Унда кўплаб хайрли амаллар қилмоғимизни насиб айласин ва қилган амалларимизни даргоҳига Ўзига маъқул келадиган даражада қабул айласин! Қиёматда жаннатнинг «Райён» номли эшигидан кириб, Ўзининг жамолини бепарда кўрмоғимизни насиб айласин! Омин!
Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф тайёрлади.
Мавзуга оид мақолалар
Оила инсон камолотининг бош бўғини, давлат тизимининг энг муҳим институти, жамиятимиз ўзаги, негизидир. Ҳар давоми...

10:28 / 24.01.2017 7366
Агар Қуръони Карим оятларини чуқур мушоҳада қилсак, ҳақиқий тақво инсонлар ўртасида чиройли ва мустаҳкам давоми...

18:39 / 27.11.2016 3748
   Мавлид ойини қандай ўтказамиз Ҳар йили рабиул аввал ойи келганда бутун дунёдаги кўп сонли мусулмонлар давоми...

07:12 / 25.02.2017 6332
Ёшлик инсон ҳаётининг энг мураккаб ва зиддиятли даври бўлса керак. Бир тарафдан, инсон ўз ҳаётининг бу давоми...

21:44 / 06.04.2019 9166