Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бандалари учун нима афзал эканини яхши билиб, бизларга бир кеча ва кундузда беш маҳал намоз ўқимоқни фарз қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога беадад ҳамду санолар бўлсин!
Умматлари учун доимо яхшиликни истаб, бир кеча ва кундузда бир қанча нафл намозлар ўқишни суннат қилган Муҳаммад мустафога чексиз салавоту саломлар бўлсин! Намоз мўминнинг меърожидир! Намоз ўқиётган банда Аллоҳ таолога муножот қилаётган бўлади. Эрталаб уйғонгандан кунимиз намоз ўқиш билан бошланади. Беш вақт фарз намозни адо этишда бир қанча суннат намозлар ўқиш билан бирга яна бир қанча намозлар бордир.
Таҳорат олгач, таҳоратнинг шукри бўлмиш «Шукру вузуъ» намозини ўқиймиз. Қуёш энди чиқа бошлаганда Ишроқ намозини ўқиймиз. Қачон ернинг ҳарорати оёқни қиздирадиган бўлгач, Чошгоҳ намозини ўқиймиз. Эркаклар масжидга борганда «Таҳийяти масжид» намозини ўқишади. Пешиндан олдин, асрдан олдин ўқиладиган тўрт ракъатли суннат намозлар бор. Шом намозини адо қилиб бўлгач ҳам, камида икки ракъат, бўлмаса, олти ракъатгача намоз ўқилади. Бу намоз Аввобин намози дейилади.
Уйқуга ётишдан олдин ҳам тўрт ракъат намоз ўқиб ётилади. Кечанинг учдан бири қолганда уйғониб, Таҳажжуд намози ўқилади. Сўнг витр намози ўқиб Бомдодга қадар бироз ухлаб олинади. Юқоридагилар оддий кунларда ўқиладиган намозлар бўлса, одатдан ташқари кунлар, хусусан, бизнинг байрамларимиз ҳам намоз билан ўтади.
Масалан, ҳафталик байрам бўлмиш жума кунида балоғатга етган ҳар бир узрли бўлмаган эркак киши учун Жума намозини масжидда адо этиш фарзи айндир. Йилда икки марта келадиган энг катта байрамларимиз – икки ийдда ҳам эркаклар масжидда жамоат бўлиб, Ийд намозини адо қилишади.
Тасбиҳлар намози деб аталувчи намозни ҳар куни ўқий олмаган киши ҳафтада бир кун – жума куни ўқиши ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида келган. Бу ҳам байрам кунига тўғри келмоқда.
Бизнинг қайғули кунларимиз ҳам намоз билан ўтади. Қачон бир мусулмон киши вафот этса, унга Жаноза намози ўқимоқлик фарзи кифоядир. Умр бўйи намоз ўқимаган одам бўлса ҳам, ҳеч ким «унга жаноза ўқимай дафн қиламиз» демайди. Дунёга келганда қулоғига азон айтиб кутиб олинган мусулмон кишини бу дунёдан кетаётганида намоз ўқиб, сўнгги манзилга кузатиб қўйилади.
Биз ана шундай – намоз ўқувчи уммат эканимиздан фахрланамиз!
Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф