Халқаро конференцияда Одинахон Муҳаммад Юсуф нутқ сўзлади
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Хабар берганимиздек, 12 октябр куни Россия Федерациясининг Москва шаҳрида Халқаро “Ислом: психологик барқарорлик, шахсий ва жамоавий фаровонликнинг асоси” Иккинчи Умумроссия илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондан вакил сифатида Одинахон Муҳаммад Юсуф иштирок этди ва нутқ сўзлади. Қуйида ушбу нутқ билан тўлиқ ҳолда танишасиз.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мўмин бандаларига умид бахш қилган ва уларни тушкунликдан қайтарган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Башариятнинг улуғ мураббийси бўлмиш Расули Акрамга салоту саломлар ёғилсин! Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Азизлар! Навбатдаги учрашувимизда сиз билан кўришиб турганимдан мамнунман. Бу галги анжуман таклифномасига кўз югуртирар эканман, унинг сарлавҳасини ўқиб ўйга толдим: “Ислом – онгли танловми ёки урфга эргашишми?” Аслида ҳар бир инсон соф фитратда, яъни Исломда дунёга келади. Аммо тарбиячилари у учун динини ихтиёр этадилар. Минг афсус билан айтамизки, мулоҳазаларимиз ҳозирги кунда ўзини мусулмон санаганлар Исломга кўр-кўрона эргашаётганларини кўрсатяпти. Аксинча, ўзини Ислом динидан четда ҳисоблаганлар кўп масалаларда бу динга нисбатан онг ила ёндошмоқдалар. Ислом дини ҳақида яхши фикрга эга бўлган ёки ушбу динни кейинчалик қабул қилганлар билан ҳамсуҳбат бўлсангиз, уларнинг бундай муносабати сабаби динимизга онг ила назар солганлари ва шу билан ҳақиқатни топганлари эканини билиб оласиз. Хўш, мусулмонлар-чи? Ҳар муаммонинг ечими бўлмиш ўз динларини қўйиб, қўйингки, саодат маёғи бўлмиш бу имкониятни кўрмай, ўзга қавмлардан, уларнинг урфларидан нажот излашларини нима деса бўлади? Ўз динларига кўр-кўрона амал қилиб ёки амал қилмаганлари етмагандай, ёт иймон ва одатларига кириб қолаётганлари янада аламли. Ҳар саволга жавоб бўлмиш Ислом руҳшуносликда ҳам ҳар нарсага ечимдир. Руҳшуносликнинг асоси Қуръондир. Аллоҳ таолонинг муқаддас китобидаги илоҳий хитоби руҳшуносликдаги энг олий услубдир. Инсонлар, айниқса, мусулмонлар биргина оятга яхшилаб эътибор берсалар, уни ўзларида яхши ўзлаштирсалар ва унга амал қилсалар эди, ҳозиргидек дунёни тушкунлик қамраб, умидсизликлар урчимасди. Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 139-оятида марҳамат қилади: “Бўшашманглар! Маҳзун бўлманглар! Агар мўмин бўлсаларингиз, сизлар устунсизлар”. Бундан-да яхшироқ тасалли, умид бағишлаш борми?! Бундан-да каттароқ саодат ва башорат борми?! Мен хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин, ҳар гал мусибат келганида мана шу оятни эсга оламан дарров. Мўмин ҳеч қачон бўшашмаслиги лозим. Мўмин маҳзун бўлмаслиги керак. Бу муҳим қоидадир. Чунки Аллоҳ бандаларини бундан қайтаради. Негаки бўшашганда ишлар ортга кетади. Маҳзунлик эса мағлубиятга олиб боради. Ким нима деса – десин, биз устунмиз! Доимо устунмиз. Мўмин бўлсак – бўлди. Бу ўткинчи дунёда бирор нарсага эришамизми-йўқми, барибир устунмиз. Муҳими иймондан айрилмасак бўлгани! Аллоҳ таолонинг шундай катта ваъдаси турганида бизга яна нима керак? Мусулмонлар мана шу оятга амал қилиб келганларида ютуққа эришганлар. Ҳатто мўғул каби, салбчилар каби қудратларни енга олганлар. Аллоҳ таоло бандаларини доимо яхшилик, эзгулик умидида бўлишга, машаққатларда эса сабр ва қаноат қилишга ундайди. Бунинг мукофоти олдинда эканига очиқ ваъда беради. Оламлар Роббиси томонидан банда қалбида ёқилган мана шу умид учқуни мусулмон кишига барча қийинчилик ва машаққатларни енгишда катта куч беради. Мана шу исломий руҳшуносликнинг асосидир. Биргина шу нарса мўмин инсон руҳиятига таъсир қилиб, унинг бу дунё ҳаётидаги барча ҳаракатлари йўналишини белгилаб беради. Аллоҳ таоло яна: “(Менинг номимдан) айт: «Эй ўз жонларига жавр қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир” (Зумар сураси, 53-оят).
Ушбу ояти карима Қуръондаги энг умидбахш оят ҳисобланади. Бу оятдан чиқариладиган қоида: “Мўмин ҳеч қачон ноумид бўлмайди”. Демак, биз мусулмонларга умидсизлик, тушкунлик деган нарсалар мутлоқ тўғри келмайди. Холиқимиз бўлмиш Аллоҳ таоло шундай деб турганидан кейин, раҳматини кўрсатиб турганидан сўнг яна қандай умидсизликка ўрин қолиши мумкин?! Мана шу қоида исломий психологиянинг асосидир. Шариатимиздаги иккинчи масдар бўлмиш суннати набавияга назар солсак, қуйидаги башоратни топамиз. Имом Бухорий ва имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, Аллоҳ мўмин банда учун нимани қазо қилса, ўша унинг учун яхши бўлади. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади, унга яхши бўлади. Агар унга хафачилик етса, сабр қилади, унга яхши бўлади. Бу фақат мўминлардагина бўлади», деганлар. Демак, инсон мўмин экан, унга фақат яхшилик бўлади. Унга дунёвий ўлчовдаги яхшилик етса-ю етмаса, хайр бор. Мудом мусулмон экан, ўзига етган ҳар маҳрумликда, ҳар қандай озорда ажр бордир. Ҳадислардан бирида ҳатто тикан кирганида ҳам мўминга хайр бўлиши, бу унинг гуноҳлари учун каффорот бўлиши айтилган. Шундай экан, мусулмон киши ўзини энг устун, энг саодатманд ва энг омадли ҳисобламоғи, ҳеч қачон умидсизликка йўл қўймаслиги, заифлик қилмаслиги ва тушкунликка тушмаслиги лозимдир. Мана шу руҳий ҳолат мусулмонни яхшилик сари ҳаракатлантирувчи, ғайрат қилдирувчи омил ҳисобланади. Мана шу исломий психологиянинг суннатдаги асл мазмуни саналади. Инсонларга башорат, яхшилик ва умид бахш этувчи Қуръон ҳамда суннатда белгилаб берилган исломий психологиянинг умумий асослари ҳақида гапира туриб, мисол тариқасида ўз фаолиятимга боғлиқ биргина мисолни ҳам келтирмоқчиман. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ кўп ишлар қаторида юртимиздаги исломий сайтларга ҳам асос солган эдилар. Мана шу сайтлардан бири муслималаримизга хос бўлиб, унда диний масалалар, руҳшунос, мураббий, шифокор ва адвокат хизматлари мавжуд. Кунда юртимиздаги аёл-қизларимиздан келган турли саволларга ҳар бир мутахассис ўз соҳаси бўйича имкон қадар жавоб бериб келади. Эндиликда жонли мулоқотларни кўпайтириш, энг долзарб масалаларни кенгроқ ёритиш ҳаракатида турибмиз. Мулоҳаза шуки, бу хизматлар ичида диний масалалар ва руҳшунос бўлимига мурожаат нисбатан кўпроқ. Руҳшунос жавобларни диний асосда беради. Диний масалалар бўлими ҳам ўз ўрнида жавоб беришда руҳий услубларни қўллайди. Яъни, бу иккиси орасида боғлиқлик бор. Умумий ҳолатдан хулоса шуки, кўпчилик оддий нарсалар ҳақида, ечими маълум бўлган муаммолар ҳақида ҳам савол беради. Баъзилар жавобини била туриб насиҳат, тасалли сўрайди. Буларнинг ҳаммаси руҳий қўлловга эҳтиёж борлигига далолатдир. Бугунда кенг тарқалган муаммолардан бири оила можаролари ҳисобланади. Бу ҳақда узоқ фикр юритиб, ечимини ояти каримадаги биргина сўзда топдим. У сўз Рум сурасининг қуйидаги оятидадир: “У сизларни бир жондан яратган ва сокинлик топиши учун ундан жуфтини яратган Зотдир”. Оилалардаги муаммоларнинг боши айнан мана шу “сокинлик” йўқлигида деб биламан. “Сокинлик” сўзининг маъноси кўп ва кенг бўлиб, у асосан хотиржамликни англатади. Хотиржамлик нима дегани? У тинчлик, осойишталик, унс-улфат, бахт-саодатдир. Демак, инсоннинг жуфт қилинишидан мақсад ҳар бири ўз жуфтидан мана шу маънони топиши учун экан. Хўп, хотиржамлик нималарда намоён бўлади? Эркак учун аёлининг очиқ чеҳра билан туриши, ташқаридан чарчаб келганида унга ором учун имконият яратиши, эҳтиёжи бор бўлган нарсаларда хизмат қилиши, қалбига сурур киритиши, дунё ғамларини унуттиришидир. Аёл учун хотиржамлик ўзини ҳимояланган, таъминланган, эътибор ва риоятда сезмоқлиги, ҳар қачон истаганида бошини қўйиш учун елка борлигини ҳис қилмоқлигидир. Энди айтинг-чи, бу сокинлик қай даражада ўрнига қўйилмоқда? Аллоҳ таоло айтган бу мўъжиза туриб, одамлар ечим қидириб қаёққа чопмоқдалар? Эркаклар сокинлик топиш учун сокинлик бериш ўрнига аёлларга ажрашиш ёки устига уйланиш ила таҳдид қилмоқдалар. Аёлларига нисбатан турли ноҳақликларни қилишни ечим деб билмоқдалар. Аёлларимиз эса эрга сокинлик бериш деганда кўпроқ уларнинг нафсини қондириш йўлини тутмоқдалар. Уларни қўлга олиш мақсадида бозорма-бозор, гўзаллик салонидан фитнес томон югурадилар. Ва таъкидлаш ҳам керакки, бу эр-хотин ўртасидаги сокинлик деганда бугунги кунда кўзга ташланиб турган ҳуқуқ талашишлар ҳам тушунилмайди. Аслида ҳаммасининг жавоби шу биттагина сўздадир. Бошқа муаммоларни ҳам шунга қиёс қилиш мумкин. Аввало Аллоҳ таолонинг Ўзи бандаларининг руҳий эҳтиёжлари чорасини кўриб қўйган. Қолаверса, бу борадаги буюк мутахассис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Бизга қолган асосий вазифа буларни таблиғ қилиш, яъни етказишдир. Биздан талаб қилинган иш Қуръони каримни олиб, ундаги “сокинлик” маъносини яхши фаҳмлашдир. Онгли равишда уни ҳаётимизга татбиқ қилишдир. Қолаверса, умумий тарзда Қуръон ва суннатда келган, инсоният учун мўлжалланган исломий психология ғояларини ўрганиб, ўзлаштириб, унга ихлос билан амал қилишдир. Одинахон Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Оёқ таги ва товоннинг ёрилиши оёқнинг таг қисми ва унга яқин бўлган товон атрофларида, терининг қаттиқ давоми...

06:44 / 12.12.2016 11375
Муҳтарама опасингиллар, камина бугун сизларга муслима аёлни жаннатга элтувчи бир амал ҳақида дилдан мактуб давоми...

21:00 / 29.11.2019 4864
Йиғла энди, Ўзбек халқи, Посбонингни йўқотдинг. Посбон эмас, мард ўғлон Қалқонингни йўқотдинг.   Ахир ул давоми...

10:39 / 05.02.2017 6426
Масаллиқ Ун 250 г, сув 150 г, туз таъбга кўра қийма учун гўшт250 г, пиёз200 г, думба40 г, туз, зира, давоми...

13:10 / 29.11.2016 3209