Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қуйида биз келтирмоқчи бўлган усуллар маъсиятдан узоқлашишингизга ёрдам беради, деган умиддамиз.
«Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман» (Ғофир сураси, 60-оят).
«Ёки музтар одам дуо қилганда ижобат этадиган...» (Намл сураси, 62-оят).
Қанчадан-қанча мусулмонлар гуноҳларини ташлашда қийинчиликка учрадилар. Лекин улар Роббиларидан энг гўзал ҳолатдаги дуо-саждада муножот ила ёрдам сўраб, Унинг ўзигагина суяниб, нажот топишди. Сиз саждада бўлган он – Аллоҳга энг яқин вақтингиздир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Банданинг Роббисига энг яқин пайти у сажда қилганидадир. Бас, дуони кўпайтиринглар», дедилар».
Эй гуноҳлардан четланишга ҳарислар, саждадаги дуоларда йиғланглар ва сизларда хушхабар бўлур.
«Биз учун жидду жаҳд қилганларни Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз. Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчилар биландир» (Анкабут сураси, 69-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Киши дўстининг динида бўлади. Бирингиз кимни дўст тутаётганига боқсин», дедилар».
«У Кунда золим икки қўлини тишлаб дейди: «Эҳ, қани эди, Расул билан бир йўлни тутган бўлсам!»
«Фурқон» Э воҳ! Қани эди, фалончини дўст тутмаган бўлсам» (дер).
«Фурқон» Батаҳқиқ, менга Зикр келганидан сўнг у мени адаштирди» (Фурқон сураси, 27–29-оятлар).
Тасаввур қилиб кўринг! Ўлим тўсатдан келди. Сиз қайси ҳолатдасиз? Телефонда бекорчи суҳбат қуриб ўтирибсиз. Ёки ухлашдан олдин намоз ўқияпсиз. Қай бирини орзу қиласиз?!
«Ниҳоят, улардан бирига ўлим келган чоғда дейди: «Роббим, мени қайтаргин. «Муъминун» Шоядки, тарк қилган нарсамда солиҳ амал қилсам» (Муъминун сураси, 99-оят).
У нимани орзу қиляпти? Албатта, бу дунёга қайтиб, солиҳ амал қилишни, тавба қилишни, намозларини тўлиқ адо қилишни ва ҳаромларни тарк қилишни...
«Ўзингиз Аллоҳга қайтариладиган Кундан қўрқинг» (Бақара сураси, 281-оят).
Аллоҳнинг ҳузурида турасиз... Ҳар бир зое кетган вақт... Ҳар бир беҳуда ишлар... Ҳар бир ухлаб қолинган намозлар... Шу ҳолатда ким сизга ёрдам беради?!
«Бас, ўша Кунда кўрикдан ўтасизлар, бирорта нарсангиз махфий қолмайдир» (Ҳаққо сураси, 18-оят).
«Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда билингки, албатта, Унга рўбарў келувчисиз» (Бақара сураси, 223-оят).
«Сиздан унга яқинлашувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ. Бу Роббинг ҳузуридаги кескин ҳукмдир» (Марям сураси, 71-оят).
Уламолар бу оят жаҳаннам устидан ўтишга далилдир, дейишади. Оёқларингизни шу васфланган кўприк устига қўясиз... тагингизда жаҳаннам... қоронғу... Одамлар жаҳаннамга қулашяпти... йиғлашяпти... қичқиришяпти... Бу кўприкдан фақат Аллоҳга чин банда бўлганлар, Унинг ибодатида қоим бўлганлар ва Ундангина қўрқиб гуноҳлардан четланганлар собит ўтишади.
«Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам собит сўз ила собитқадам қилур» (Иброҳим сураси, 27-оят).
Бу ерда намозни ва яхшиликларни холис Аллоҳнинг розилиги учун бажарганлар таърифланмоқда. Мазкур кўприкдан ўта олмаганлар надомат қилишади. Лекин уларнинг надоматлари фойда бермас.
«Қиёмат куни учун адолат мезонларини қўюрмиз. Бирор жонга ҳеч қандай зулм қилинмас. Агар (амал) ачитқи донаси оғирлигича бўлса ҳам, келтирамиз. Ҳисобчиликда Ўзимиз кифоя қилурмиз» (Анбиё сураси, 47-оят).
Сиз тарозуга қўйиладиган амалларингизни бир ҳисоб-китоб қилиб кўрдингизми?
«Ва дунё ҳаёти алдов матоҳидан бошқа нарса эмас» (Ҳадид сураси, 20-оят).
Ҳеч нарсага арзимайдиган дунё қандай қилиб ниҳояси йўқ, боқий ҳаётга таъсир қилсин?! Қандай қилиб бизларни жаннатдан тўсадиган гуноҳларни қиламиз?!
«Кимнинг тарозуси енгил келса, бас, ана ўшалар ўзларига зиён қилибдилар. Жаҳаннамда мангу қолувчи бўлибдилар» (Муъминун сураси, 103-оят).
Аллоҳ кузатиб турувчидир... ҳолатимизни... ҳаракатларимизни... қалбимизни... Агар бир гуноҳни қилмоқчи бўлсангиз, «Аллоҳ мени кузатиб турибди», деб ўзингизга ўзингиз айтинг.
«Бугунги Кунда уларнинг оғизларига муҳр урамиз. Нима касб қилганларини Бизга қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берар» (Ёсин сураси, 65-оят).
Субҳаналлоҳ! Тилимиз ўзимизга қарши гувоҳлик берса... Кўзимиз ўзимизга қарши гувоҳлик берса... Қўл-оёғимиз ўзимизга қарши гувоҳлик берса...
«Ниҳоят, унга етиб келишгач, қулоқлари, кўзлари ва терилари қилиб ўтган нарсалари ҳақида уларга қарши гувоҳлик берадилар.
«Фуссилат» Ва териларига: «Нима учун бизга қарши гувоҳлик бердингиз?» дедилар. (Терилари:) «Ҳар бир нарсани нутқ қилдирган Аллоҳ бизни ҳам нутқ қилдирди» (Фуссилат сураси, 20–21-оятлар).
«Ҳолбуки, устингиздан кузатиб турувчилар бордир.
«Инфитор» Ҳурматли ёзиб турувчилардир.
«Инфитор» Нима қилаётганингизни биладиганлардир» (Инфитор сураси, 10–12-оятлар).
Улардан ҳеч бир нарса махфий қолмас. Улар узлуксиз то руҳингиз танангизни тарк қилгунича ҳар бир ҳолатни, феълни ва сўзни ёзиб борадилар.
“Китобингни ўқи, бугунги кунда ўзингга ўзинг ҳисобчиликка кифоя қилурсан”, (дейилур)” (Исро сураси, 14-оят).
Ўлганингиздагина у китоб ёпилади ва маҳшаргоҳда тақдим қилинади. Эй гуноҳларни бемалол қилаётган! Елкангиздаги фаришталар ҳар бир қилаётган гуноҳингизни ёзиб бораётганини ёдда тутинг. Эй намозларини зое қилаётган! Амаллар китобингиз тўлиб бораётганини эсланг.
«У Кунда киши ўз қўли тақдим қилган нарсага назар соладир» (Набаъ сураси, 40-оят).
«Юзлари ўт-олов ичида айлантирилаётган Кунда улар: «Эҳ, қани эди, Аллоҳга итоат қилган бўлсак, Расулига итоат қилган бўлсак», дерлар» (Аҳзоб сураси, 66-оят).
Субҳаналлоҳ! Борар жойимиз қаерда? Дўзахда... Оловда куймоқда... Юзларимиз қаерда? Оловда... Ҳа, бу юзлар ҳаромга назар солгандир... Ҳа, бу жасад Аллоҳга эмас, маъсиятларга яқинлашгандир...
«Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим» (Зориёт сураси, 56-оят).
Сиз билан биз ўйин-кулги учун яратилмаганмиз. Балки холис Аллоҳга ибодат қилиш учун дунёга келганмиз. Сиз шу фикрдамисиз? Ёки бошқа нарса учун яратилганман, деб ўйлайсизми?
«У ўз гуруҳини фақат ловуллаган олов соҳиблари бўлишларига чақиради, холос» (Фотир сураси, 6-оят).
Шайтоннинг шу ҳийлаларини доим ёдда тутинг ва Аллоҳдан унинг ёмонлигидан паноҳ сўранг.
«Агар сенга шайтон томонидан санчиш санчилса, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, У ўта эшитувчидир, ўта билувчидир» (Аъроф сураси, 200-оят).
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таборака ва таолодан ривоят қилиб айтдилар:
“...Эй бандаларим! Мен ҳидоят қилгандан бошқа барчангиз залолатдасиз. Бас, Мендан ҳидоят сўранг, сизни ҳидоят қилурман...”
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Албатта, Аллоҳ таоло қачон бир қавмни яхши кўрса, бало ила синаб кўради».
Албатта, Аллоҳ Унга ерда ҳам, осмонда ҳам ҳеч нарса махфий қолмайдиган Зотдир... Албатта, осмонлару ернинг подшоҳлиги Аллоҳникидир...
«Сабрнинг фазлини билиш. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир. Аллоҳ сабрлиларни яхши кўради. Агар сабр қилсангиз, албатта, у сабр қилувчилар учун хайрлидир» (Наҳл сураси, 126-оят).
Фаришталар жаннат эшигида туриб, сабр қилганларга қарата: «Сабр қилганингиз учун сизларга Салом бўлсин!» (дейди) (Раъд сураси, 24-оят.)
Барчамизга Аллоҳни рози қиладиган амалларни бажаришимизда Унинг Ўзи кўмакдош бўлсин! Омин!
Назокат Касимова