Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳнинг карамли юзини жаннатда кўришни орзу қиламиз. Бунга қандай эришиш мумкин?
Аллоҳга қасамки, банда ўлганидан кейин эришадиган энг улуғ мартаба Робби азза ва жаллани кўришдир. Шу неъматнинг ўзи доимо ва абадий шукр қилишга кифоядир. Ё Аллоҳ, бу қандай ҳам яхши ҳолат ва қандай ҳам гўзал дамлардир! Аллоҳ барчамизни Ўз жамолини кўриш неъмати билан ризқлантиришини сўраб қоламиз.
Энди бундай улуғ неъматга эришиш йўллари билан танишиб чиқайлик:
«Йўқ!!! Албатта, улар ўша кунда ўз Роббиларини кўришдан тўсилурлар» (Мутоффифун сураси, 15-оят).
Кофирлар Аллоҳни кўришдан тўсилгандирлар. Имом Моликдан бу оят ҳақида сўралганда: “Аллоҳ таоло душманларидан тўсилади, Уни кўра олишмайди. Валийларига эса тажалли қилади, Уни кўриш бахтига муяссар бўлишади”, деганлар.
Аллоҳ таоло айтади: «Гўзал амал қилганлари учун гўзал савоб ва зиёдалик бордир» (Юнус сураси, 26-оят).
Кимки гўзал амал қилса, у учун гўзал савоб бордир, бу жаннатдир. Ундаги зиёдалик эса – Аллоҳни кўриш.
Жарийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Кечаси ойга назар солдилар-да: «Албатта, сизлар Роббингизни мана шу ойни кўргандек кўрурсизлар. Уни кўришда қийинчиликка учрамассиз. Бас, агар қуёш чиқиши ва ботишидан олдин намоз ўқишдан қолмасликка қодир бўлсангиз, шуни қилинг, дедилар ва: «Қуёш чиқиши ва ботишидан олдин Роббингга ҳамд ила тасбеҳ айт», деган оятни ўқидилар».
Тўртовлари ривоят қилганлар.
“Бу ердаги латиф сир, – дейишади уламолар, – кимки бомдод ва аср намозларини ўз вақтида хушуъ билан ўқиб юрса, Аллоҳни кўради. Улар жаннатда Роббиларини эрта-ю кеч кўриш билан ризқлантириладилар”.
«Уларга у ерда эрта-ю кеч ризқлари келиб турар» (Марям сураси, 62-оят).
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч (тоифага) Аллоҳ азза ва жалла қиёмат куни гапирмайди, назар солмайди ва покламайди. Уларга аламли азоб бўлур. (Улар) берганини миннат қилувчи, изорини (фахр ила) судраб юрувчи, ёлғон қасам ила савдо молини ўтказувчилар(дир)», дедилар».
Насаий, Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳнинг дийдорини яхши кўрса, Аллоҳ ҳам унинг дийдорини яхши кўради. Ким Аллоҳнинг дийдорини ёқтирмаса, Аллоҳ ҳам унинг дийдорини ёқтирмайди», дедилар».