Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Идрис алайҳиссаломнинг исмлари Қуръони Каримда икки марта зикр қилинган.
Ва Китобда Идрисни эсла. Албатта, у сиддиқ ва набий бўлган эди. Ва уни олий мақомга кўтардик.
Марям сураси, 56–57-оятлар.
Ва Исмоил, Идрис ва Зулкифлни эсла. Уларнинг ҳар бири сабр қилувчилардандир. Ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, улар солиҳлардандир.
Анбиё сураси, 85–86-оятлар.
Идрис алайҳиссалом Мисрда, Мемфис (Менф) шаҳрида туғилганлар. Илк бор Ҳирмис ал-Ҳарамиса деб исмланганлар.
Бошқа ривоятларнинг кўрсатишича, у зот Бабилон (Бобил)да дунёга келганлар ва кейинчалик Мисрга кўчиб ўтганлар.
Идрис алайҳиссалом илк бор Нил дарёсини кўрганларида «Бабилюн» деганлар, яъни «катта, муқаддас дарёингизга ўхшаш дарё».
Айтишларича, у зотнинг даврларида 188 та шаҳар бунёд қилинган, улардан энг кичиги Ар-Руҳа шаҳридир.
Идрис алайҳиссалом донишмандлик ва астрономияни ўрганган илк кишидир. Баъзи ҳикматлар у зотга нисбат берилади, хусусан, қуйидагилар:
*Аллоҳнинг марҳамати учун шукр қилишда Унинг махлуқотларига раҳм қилиш ва саховатли бўлишдан яхшироқ йўл йўқдир.
*Аллоҳга дуо қилганингда ниятингни чин дилдан ва соф қилгин.
*Ҳикмат – бу руҳнинг ҳаётидир.
*Одамлардаги нарсаларга ҳасад қилма, уларнинг бу нарсалар билан роҳатланиши жуда ҳам қисқадир.
*Кишини ҳеч нарса бой қилиб қўя олмайди, қачонки у энг кам эҳтиёжидан кўпроғини талаб қиладиган бўлса.
Доктор Шавқий Абу Халил,
«Қуръон харитаси»,
Ғиёсиддин Юсуф таржимаси.