«Жаннат зийнати»
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм!

Муқаддима

Бандалари ичидан баъзиларини фақиҳ қилиб қўйган Аллоҳу субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин!

Умматларига шариат аҳкомларини батафсил баён қилиб берган Расули акрамга, у зотнинг аҳли байтларига ва саҳобаларига салоту саломлар бўлсин!

Фиқҳ илмида беминнат хизмат қилиб кетган фақиҳ уламоларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!

Аллоҳ таоло фиқҳ илмининг аҳамияти ҳақида Ўзининг Китобида шундай дейди:

«Мўминлар ёппасига қўзғалишлари лозим эмас. Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди,динни чуқур англаб, қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирар эдиларки, шояд улар ҳазир бўлсалар» (Тавба 122-оят).

Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фиқҳни алоҳида мадҳ қилганлар. Мисол учун, қуйидаги ҳадисни олишимиз мумкин:

عَنْ مُعَاوِيَةَ ، عنِ النَّبِيِّ  قَالَ: «مَنْ يُرِدِ اللهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِيالدِّينِ». رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.  

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», дедилар».

Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Фиқҳ илмининг аҳамияти ҳеч кимга сир эмас. Биз мусулмонлар фиқҳ орқали ҳаётимиздаги ҳар бир ҳолатга оид шаръий аҳкомларни, зарур масалаларни билиб оламиз. Ибодатларимиз, муомалотларимиз ва бошқа амалларнинг аҳкомларини бизга айнан фиқҳ ўргатади.

Шунингдек, аёлларнинг ҳам ибодат ва муомалотда ўзларига хос масалалар борлиги ҳам барчага маълум. Айниқса ҳозирги кунда аёллар фиқҳи баён этилган асарларга эҳтиёж жуда катта.

Ушбу эҳтиёжни баҳоли қудрат қондиришга камтарона уриниш ўлароқ, Аллоҳ таолонинг изни ила машҳур ҳинд олими, уммат ҳакими Ашраф Алий Таҳонавий ҳазратларининг «Беҳишти зевар», яъни «Жаннатнинг зийнати» асари таржимасини тақдим этмоққа қўл урдик. Ушбу асар урду тилида ёзилган бўлиб, ҳанафий фиқҳига оид фатволарга асослангандир. Икки мингдан ортиқ масалани ўз ичига олган ушбу асар бошдан-оёқ муслималарга хос бўлиб, унга қуйидаги мавзуларга оид масалалар киритилган:

• Исломий ақидалар баёни

• Деярли барча бобларга оид фиқҳий масалалар

• Исломий ахлоқ ва одоблар

• Муслима аёлга ўрнак бўлмиш покизаоналаримиз ва солиҳалар шахсияти баёни

• Сиҳҳатга оид тавсиялар, муолажа ва даволаниш усуллари

• Уй юмушлари, ҳунармандчилик ва бошқалар.

Китобни сиз азиз ўқувчиларга таништириш мақсадида замондош уламоларимизнинг у ҳақдаги эътирофларидан бир нечасини келтириб ўтсак:

Машҳур аллома, шайх Абулҳасан Алий Ҳасаний Надавий роҳимаҳуллоҳ мазкур китоб ҳақида шундай деган эдилар: «Шайх Ашраф Алий Таҳонавийнинг исми шарифлари одоб ва эҳтиромга бириккан ҳолда ёшлигимдан қулоғимга ўрнашиб қолган. Бунинг сабаби «Беҳишти зевар»китобининг менга мисли кўрилмаган даражада мақбул бўлгани ҳамда ундаги қайноқ жавоблардир. Бу зотнинг мазкур китоби жоҳилий бидъат ва тақлидлардан, бузуқ ақийдалардан узоқ бўлган оилалар учун итоат этилган муфтий ва диний назоратчи ўрнида бўлган. Таҳонавийнинг асарлари орасида илк бор шу китобни таниганман».

Надавий ҳазратлари яна шундай дейдилар: «Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ таълиф қилган «Беҳишти зевар» китоби аслида қизлар таълими учун бўлим, унга эҳтиёж кучли бўлган фиқҳий масалалар ҳам қўшилган. Бугунги кунда диний китоблар орасида бу китобчалик машҳур бўлган ва донг таратган асар бўлмаса керак. У бир неча бор қайта нашр қилинган бўлиб, жами неча ададда чоп қилинганини санаш мушкулдир».

Шайх, муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ ҳам бу китоб ҳақида кўп яхши сўзлар айтганлар: «Беҳишти зевар» китобидаги хислат бошқа китобда бўлмаса керак. У аслида аёллар учун таълиф қилинган бўлса-да, катта уламо ва фуқаҳолар учун ҳам манфаатли бир манба бўлиб қолган».

Доктор Насим Ахтарнинг сўзларидан: «Шайх Таҳонавий мазкур китобда Қуръони Карим ва Суннатдаги маъноларни тўплаб, уларни мухтасар суратда тақдим қилган бўлиб, унда муслима аёлнинг кундалик ҳаётига хос аксар масалаларни келтирган. Бу асар мўъжаз қомус – энциклопедияўрнида бўлиб, урду тилида бу мавзуда бирорта китоб бўлмаган вақтда катта шуҳрат қозонган эди».

«Беҳишти зевар»китоби

Одинахон Муҳаммад Содиқ

Мавзуга оид мақолалар
Оиламизда Мавлид Алҳамдулиллаҳ, Мавлид маросимини қариндошларимиз даврасида нишонлаш одатимизга кирган. давоми...

10:13 / 14.12.2017 3754
Бақлажонлар узунасига иккига бўлинади. Ўткир пичоқ ёрдамида мағзи ва пўсти олиб ташланади. Зайтун давоми...

18:16 / 20.11.2016 2549
embedhttpswww.youtube.comwatchvBF4MuWp5p4embed Баклава хамирини тайёрлаш усули Масаллиқлар 3 стакан ун 1 дона тухум 1. 0.5 ош давоми...

20:52 / 18.03.2017 32490
Савол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг отабоболаридан дастлабки бештасининг исмларини давоми...

12:23 / 21.11.2017 2609