Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Муслима синглим! Сиз дунёдаги энг гўзал, ҳаммага баробар севимли, ҳатто бегоналар ҳам ўзгача илтифот, муҳаббат билан қарайдиган, бу қарашларда фақат ва фақат одамийлик, меҳр ҳамда дуо мужассам бўлган аёллар тоифаси ҳақида эшитганмисиз?
Уларнинг юзлари тиниқ ва силлиқ эмас, доғ босган, бироз шишган.
Уларнинг қоматлари ниҳолдек эмас, анча тўлишган.
Уларнинг юриши ва ҳаракатлари назокатли эмас. Қадамларини оғир ва секин босадилар. Аммо шу ҳолатда ҳам ҳаммадан гўзал, ҳаммадан латиф, ҳаммадан севимли...
Ҳа, топдингиз, у – жонини гаровга қўйиб, Аллоҳ берган бир азиз неъматни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан бирини жисмида кўтариб юрган ҳомиладор аёл.
У – фарзандини дунёга келтириб, энг яхши сифатлар билан тарбия этишни ният қилиб юрган аёл.
У – бир қўли билан бешикни, бир қўли билан дунёни тебратувчи аёл.
Биз бугун минг машаққат билан фарзанд дунёга келтирган оналар ҳақида гаплашмоқчи эмасмиз. Биз бугун ана шу оналик шарафига номуносиб, она деган номга хиёнат қилган аёллар ҳақида сўзлашамиз.
Суҳбатимизни аборт қилдиришнинг шаръий ҳукми, зарурат бўлганда амалга ошириш учун қабул қилинган меъёрларни баён қилишдан олдин аввало унинг инсон танасига зарари қанчалар улкан экани ҳақида айтишдан бошласак.
Бугунги кунга келиб, аёлларимиз орасида кенг тарқалган иллатлардан, жамиятнинг оғриқли нуқталаридан бири – бу бола олдириш, яъни аборт қилдириш масаласи ҳисобланади. Эътибор қилинг-а, “бола олдириш” жумласи “бола ўлдириш”га жуда яқин, ҳатто талаффуздаги жузъий фарқни айтмаса, бир хил эшитилади. Ҳали яхши ривожланмаган, аммо ёруғ оламга интилаётган митти борлиқни йўқотишга ҳаракат қилаётганларни ким деб аташ мумкин? Ҳа, улар ўз боласини ўлдирувчи аёллардир. Улар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг “Очликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг”[1], деган амрига хилоф иш қилувчи, уммати Муҳаммадиянинг кўпайишига ҳисса қўшмайдиган аёллардир. Сизлар балки бу иш қадим жоҳилият замонида бўлган, ҳозир ҳеч ким бундай қилмайди-ку, дерсиз? Йўқ, бу разил иш бугунги Ислом дини тараққий этган даврда ҳам авж олган, ҳар куни содир бўлиб турибди, десак, муболаға бўлмас.
Тиббиёт ходимлари айтганидек, аборт – бу бола ўлдириш. Аборт ҳар бир даврда, ҳар доим ҳам қораланган жирканч ишдир. Мозийга назар ташласак, ҳомилани сунъий олдириш, яъни аборт қотилликка тенглаштирилган. Гиппократ касамёдидаги "...Мен ҳеч қандай аёлга нисбатан ҳомила туширувчи ва унга салбий таъсир этувчи иш қилмайман", деган сатрларнинг борлигиниинг ўзиёқ бу ишнинг нақадар ёмон ва хато иш эканини билдиради.
Аборт Исломда ҳам, насронийликда ҳам, буддизмда ҳам кескин қораланади. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, 1524 йилда Англияда, 1533 йилда Олмонияда, 1562 йилда Францияда ва XVII асрнинг иккинчи ярмида Россияда ҳомилани сунъий равишда туширган аёллар шафқатсиз ўлимга ҳукм қилинарди.
Аборт пайдо бўлиш тарзига қараб, икки турга бўлинади: ўз ҳолича вужудга келадиган (бола ташлаш) ва сунъий равишда амалга ошириладиган аборт. Қуйида ўта хатарли бўлган ва тушунмовчиликлар боис кенг тарқалаётган сунъий аборт ҳақида фикр юритиш ниятидамиз.
Аборт вужуднинг биологик шикастланиши ҳисобланиб, одатда аёл организмининг нейроэндокрин бошқарув тизими ҳамда бош миядаги гипоталамо-гипофиз ва бошқа ички секреция безлари фаолиятининг бузилишига олиб келиши билан хатарлидир. Айниқса, ҳали тўлиқ расида бўлиб улгурмаган қизларнинг жинсий ҳаётни барвақт бошлашлари ва ҳомиладор бўлиб қолиб, уни сунъий йўл билан олдиришлари кейинчалик катта нохушликларни вужудга келтиради.
Замонавий табобат болани сунъий олдириш оғир асоратларга олиб келишини кўзда тутган ҳолда, уни қуйидаги тиббий кўрсатмалар асосида, ҳар жиҳатдан мукаммал текширишлар ўтказилгандан сўнггина амалга оширади:
1. Туғиш ҳомиладор аёл соғлигига ўта ёмон таъсир кўрсатса.
2. Аёлнинг бошқа бирор касаллиги туфайли оғир асоратлар юз бериш хавфи бўлса.
3. Ота-оналарнинг руҳий ва ирсий касалликлари болада акс этиши аниқланган бўлса.
4. Шифокор томонидан туғма нуқсонли ҳомила мавжудлиги аниқланган бўлса.
5. Қиз тўлиқ физиологик етилмаган бўлса, яъни ҳали ўта ёш бўлса.
6. Туғиш қобилияти сўнаётган ёшдагиларда (45 ёш ва бундан катта) бирор хавф бўлса.
Инсон ўз боласини қачон ўлдиради? Албатта, у туғилиб, ўзининг ширинлиги, ажойиб хатти-ҳаракатлари билан меҳр қозонганда эмас, ҳали эндигина Робби унга берган ҳаёт неъматини татиш учун ёруғ дунёга интилаётган, туғилгач, манфаатли, комил бир шахс бўлиши кутилаётган ҳомила чоғида ўлдиради. Дўхтирга бориб, ваҳшийларча ҳомиланинг миттигина қўл-оёқчалари, бошчаларини уздираётган, буни атрофдагилар билан бемалол гаплашиб туриб амалга ошираётган жонзотни она дейиш у ёқда турсин, одам қаторига қўшиб бўладими? Наҳотки жисмида фарзанд ўстириш салоҳияти берилган аёл ризқ ҳам Аллоҳ таолодан эканини, бир кун нон ейдиган, чиройли кийимлар киядиган ёшга етган болани у ўйламаган тарафдан ризқлантириб, ҳамма нарсасини етказишини тафаккур қила олмаса? Наҳотки у “Уни боқишга қурбимиз етмайди, болам ҳали ёш, ёшлигимда ишлаб олишим керак”, деган саёз баҳоналар билан Аллоҳга осий бўлса? Улар наҳотки Қодир Зотнинг ҳақ азобидан эмас, боланинг таъминот масаласидан қўрқиб, бу разолатни амалга оширса!?
Аллоҳ таоло гуноҳ деб белгилаган нарсаларнинг моҳияти доимо инсон манфаатига олиб боради. Гуноҳи каттароқ ишларнинг жамиятга, саломатликка зарари ҳам кўп бўлади. Шу ишлардан бири – болани ҳали дунё юзини кўрмай туриб ҳалок қилишдир. Аёллар ўзлари тўқиб олган арзимаган баҳоналар билан, аслида ўз тинчини ўйлаб олдириб ташлаётган болалар сабаб улар бу дунёда тузатилмас дардга, охиратда азобга йўлиқишларини наҳотки ўйлаб кўрмасалар? Келинг, яхшиси, бу нарсанинг диний эмас, тиббий томондан зарарларини ўрганайлик.
“Аборт” инглизчадан олиниб, “йўқ қилиш” деган маънони англатувчи сўздир. Бу нафақат болани, балки аёлнинг ўз соғлигини ҳам ортга қайтариб бўлмайдиган қилиб йўқотишидир. Тиббиёт ҳар доим абортга қарши бўлган, чунки аборт бола ўлдиришдир. Исталмаган ҳомиладорлик абортга сабаб бўла олмайди.
Абортнинг икки хил кўриниши бор: официал ва криминал. Официал – ҳужжатли, яъни онанинг ҳаётига хавф туғдириши аниқ бўлганда бу ишни қонуний ҳужжатлар асосида, хавфсизлик қоидаларига амал қилиб бажарилади. Криминал, яъни жиноий аборт яширинча, кўпинча стерил бўлмаган шароитда амалга оширилади. Криминал аборт қонун томонидан таъқиқланиб, аборт қилувчи ва қилдирувчилар жавобгарликка тортилади.
Муслима синглим, мана шу нуқтага эътиборингизни қаратинг: онанинг ҳаётига хавф туғилганда болани олиб ташлашга баъзи истисноларга кўра шариатнинг ўзи ҳам рухсат беради. Бу нарса мажбурият сабабли амалга оширилса, гуноҳ саналмаслиги ҳам аниқ. Аммо хоҳ никоҳ билан, хоҳ никоҳсиз бунёд бўлган ҳомилани зулман йўқ қилиш гуноҳи азим, жиноят экан. Хўп, ҳурматли опамиз ёки синглимиз Аллоҳнинг буйруғини, Расулининг қайтариғини бир четга суриб қўйиб, Аллоҳ таолонинг Раззоқ сифатини тан олмасдан бу ишни амалга оширибди, аммо унинг оқибати қандоқ бўлишини ўйлаб кўрмадими? Агар унинг охиратдаги жазосидан қўрқишмаса, лоақал бу дунёдаги азобидан, жисмларига етадиган заҳматидан ўзларини сақласалар бўлар эди.
Хўш, аборт орқали инсон нималарга йўлиқади?
“Абортдан кейин она организми шок ҳолатга тушиб қолади. Чунки аёл организмининг бутун тўқималари қон-томир, овқат ҳазм қилиш, асаб ва эндокрин тизимлари ҳомила ривожланишига қаратилган бўлади. Жисмда бола орқали катта йўқотиш рўй беради. Гормонал, иммун, юрак, жигар функциялари бузилади, айланиб юрган қон ҳажми кескин, бирданига камаяди. Артериал қон босими назорати бетартиб бўлади, аёлнинг ўзи инжиқ, жаҳлдор бўлиб қолади. Уйқусиз, тез чарчайдиган, ҳар қандай инфекция организмга тез ва осон тушиб, аёл касалликка берилувчан бўлиб қолади”.
Энди ўйлаб кўринг, бундай хотин кимга керак, қайси қайнона кунда касал келинга кўзи учиб турибди? Қоматини сақлаш, ёшлик даврини таглик ювиб, уйқусиз ўтказмасликни орзу қилган аёл оиласидагиларнинг кўзига шумшук кўриниб, умри даволаниш билан ўтади. Ҳаммадан ёмони – дард тортавериб, ичи дорихонага айлангач, юзига тез ажин тушиб, суяклари мўртлашгани сабаб қадди эрта дол бўлади.
“Бачадон найлари яллиғланиши, хирургик тозалашдан кейин бўладиган жароҳат туфайли “бачадон ташқари ҳомиладорлиги” рўй беради. Бу эса фақат операция қилиб, кўпинча бачадонни олиб ташлаш билан якунланади”.
Бунисига нима дейсиз? Бир болани боқишдан қочиб, бир умр бефарзанд бўлиб қолишнинг ўзиёқ Аллоҳнинг катта жазосидир.
“Ҳомила бачадондан ажратиб олинганда ўша соҳа ва унинг атрофида чандиқ пайдо бўлади. Бу чандиқлар бачадонга хос тўқимага эга эмаслиги туфайли кейинги ҳомиладорликда уруғланган тухум ҳужайра бу ерга тўғри келиб қолса, ҳомиладорлик ўз-ўзидан тўхтайди. Бир неча марта аборт қилингандан кейин бачадонда чандиқсиз соғлом жойнинг ўзи қолмайди. Бундай бачадонда пайдо бўлган ҳомила ҳам озиқланиши, кислородга тўйинмаслиги оқибатида ногирон ёки ўлик туғилиши эҳтимоли жуда юқори бўлади”.
Қаранг-а, Аллоҳ таоло неъмат қилиб берган боладан “боқа олмаслик” ёки бошқа арзимаган сабаблар билан воз кечган аёллар “ўзларини тайёр” деб билиб, болали бўлганларида у ақлан ёки жисмонан нуқсонли бўлиб туғилса, не кўйга тушадилар? Тайёр инсон бўлиб дунёга келган гўдакни ўлдирадиларми? Агар Аллоҳ улардан фарзанд туғилишини истаса, ўша иш, албатта, содир бўлади. Шундай экан, аёл соғлом фарзандни дунёга келтириб, бироз меҳнатдан сўнг яна аввалгидек тинч ҳаёт кечиргани яхшими ёки бир умр гуноҳининг жавоби ўлароқ, дунёга келган ногирон болани боқиб ўтгани афзалми?
“Булардан ташқари, аборт қилдирганда она организми ўзида рўй берган катта йўқотиш ўрнини тўлдириши учун кўп вақт керак бўлади. Чунки ҳомиладорлик юз берганда организмда ишлаб чиқариладиган гормонлар, ферментлар, қон ҳажми деярли икки баравар кўпаяди. Ҳомиладорлик тўсатдан тўхтатилганда эса бу моддалар ҳаддан ташқари кўплик қилади. Бу эса ўз навбатида баъзи орган ва тўқималарда қайта тиклаб бўлмас ўзгаришларга олиб келади. Аёлда ёшига мос бўлмаган ланжлик рўй беради, ҳаёт сифати бузилади”.
Ўйлаб кўринг-чи, бу ҳолатдан ким зарар кўради? Фақат аёлнинг ўзи! Бу билан динимизга футур етиб қоладими? Асло! Бу нарса ана шу сабаблар учун ҳам Аллоҳ томонидан таъқиқлангандир. Аллоҳ бандаларига қийинчилик бўлишини истамайди. У Зот бизга доимо энг яхши нарсаларни раво кўради.
Мен бир аёлни яқиндан биламан, кўп бора ҳомиласини олдирган. Натижада ички аъзолари шикастланиб, дардманд бўлиб қолди. Шифокорга мурожаат қилганида қандай даво чорасини маслаҳат берганини эшитиб, беихтиёр «Субҳаналлоҳ!» деб юбордим: у аёл фарзандли бўлиши керак экан! Туғилган болажон онасидаги дардни даволаб дунёга келар экан. Буни қаранг-а, бола боқиш гўзаллик, тинчлигига зарар етишидан қўрққан аёл жинояти, гуноҳининг орқасидан орттирган касаллигига яна бола орқали даво топаркан! Орада топгани охират юкининг оғирлашгани бўлади, холос.
Мен тақдирга бўйсунмаганларга ҳайрон қоламан, улар ўзларича нималар қилмоқчи бўладилар?! Пешонасига дунёга келиши ёзилган боладан қўрқиб, нима ишлар қилишмайди-я! Агар Роббимиз унга уч дона болани тақдир қилган бўлса, ҳар қанча сақланиб, аборт қилдирса ҳам, у барибир ҳар қандай йўл ва сабаб билан дунёга келади-ку ахир! Ўлдирилган бола сабаб қиёматда онанинг аҳволи оғирлашади, фарзанди унинг ёқасидан тутади. Яна бир нарса: агар бола тўла ривожланмай, ногирон ҳолда туғиладиган бўлса, Аллоҳнинг Ўзи уни табиий равишда туширар экан. «Унда шунча ногиронлар қаердан келган?» дерсиз? Жавоби оддий: улар ота ёки онасининг гуноҳи, ношаръий ҳаёт кечириши оқибатида дунёга келганлар. Сиз тинч-тотув, шариатга амал қилиб, пок-ҳалол яшаб турган хонадонда шундай бола туғилганини кўрганмисиз?
“Хулоса шуки, аборт, бир томондан, бола ўлдириш бўлса, иккинчи томондан, аёл умрининг қисқаришидир. Бир марта ҳомиладор бўлиб, аборт қилдирган аёл кейинги абортга ҳеч иккиланмасдан бора олади. Бундай аёллар ОНА бўлишга мутлақо нолойиқдир!”
Бу сатрларни ўқиган муслималар ҳеч қачон нопок йўлда юрмаслигига ишонаман. Аммо ўқиб туриб ҳам, кўзи очилмаган, боқишдаги қийинчиликдан қўрқиб ёки бошқа турли сабаблар билан болаларини ўлдиришга ҳаракат қилувчиларга шундай мурожаат қиламан: ўйлаб кўрайлик, икки бегона инсондан бошқа бир инсонни бунёд этган Каромат Соҳиби наҳотки унинг ризқига ожиз бўлса, наҳотки биз шундай ўйлаш даражасига тушиб қолган бефаҳм бўлсак? Наҳотки, юраги остида нафас олиб, қонидан озиқланиб, жонидан жон олиб, ёруғ дунёга интилаётган зурриёдини ўлдириш эвазига қадди-қоматини сақлаган аёл чиройли ҳисобланса? Аллоҳнинг митти бандаси, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир жажжи умматини жисмида кўтариб юрган жувондан-да гўзалроқ аёл борми дунёда?! Наҳотки, нозик қалб эгаси бўлган нозик хилқат шу оддийгина ҳақиқатни тушунмаса?!
Нажмиддинова Зебуннисо
[1] Aъроф сураси, 151-оят.