Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳамма аёл ҳам кўзни қамаштирадиган таббасум билан мақтана олмайди. Йиллар ўтиши билан тишлардаги эмал хиралашади, сарғаяди, милклар эса юмшаб боради. Нотўғри парвариш ва ҳатто нотўғри таомланиш оқибатида кариес ҳамда стоматит каби оғиз бўшлиғи касалликлари ривожланиб боради. Баъзан оғиздан нохуш ҳид келганидан оғизни беркитиб гаплашишга тўғри келади. Бу эса уялиш ва безовталик каби ўта ёқимсиз ҳисларга сабаб бўлади.
Бироқ вазиятни ўзгартириш ўзимизнинг қўлимизда!
Оғиздан келадиган ҳид аксарият ҳолларда оғиз бўшлиғида овқатлангандан сўнг қолиб кетадиган қолдиқларнинг натижаси ҳисобланади. Аммо бу ягона сабаб эмас. Оғиздан нохуш ҳид келганда оғиз бўшлиғи диққат билан текшириб кўрилади: кариес оқибатида юзага келган пломбаланмаган тешиклар йўқми, тош тўпланиб қолмаганми, шиллиқ қатламда яллиғланиш йўқми, аниқланади. Агар аниқ аломатлар бўлмаса, оғиздан келадиган ҳиднинг сабабларини шифокор билан маслаҳатлашиш лозим, чунки баъзан бунга жиддий касалликлар ҳам сабаб бўлади.
Оғиздан келадиган хидни бартараф қилиш учун оғиз бўшлиғи махсус воситалар билан бир кунда 3-5 марта чайилади. Кариес ва милк касалликлари ривожланишининг олдини олиш учун бир нечта қоидаларга риоя қилиш талаб этилади.
Биринчи қоида – гигиена. Эрталаб ва оқшомда, албатта, тишларни ювиш лозим. Имкон бўлса, ҳар бир таомланишдан сўнг оғизни шифобахш ўтлар асосидаги бальзам билан чайиш керак. Агар тишингиз орасидаги овқат қолдиқларини чиқариш қийин бўлса, зинҳор вилка ёки игнадан бу мақсадда фойдаланманг. Металл предметлар эмалга жиддий зарар етказади. Унинг ўрнига бамбук тиш ковлагичлар ёки тиш ипидан фойдаланинг. Жуда бўлмаганда овқатдан кейин шакарсиз сақичларни чайнаш мумкин. Бироқ бу одатга берилмаган маъқул, чунки узоқ вақт сақич чайнаш ошқозон касалликларига олиб келади.
Иккинчи қоида – таомланиш. Барчага маълумки, таркибида шакар сақлайдиган маҳсулотлар тишлар ҳолатига салбий таъсир қилади ва кариес ривожланишига сабаб бўлади. Ширинликлар ва десертлар истеъмолига муккангиздан кетманг. Тишдаги караш (налёт)ларни камайтириш учун шифокорлар қаттиқ хом маҳсулотлардан (сабзи, олма каби) ейишни тавсия қилишади. Кальцийга бой маҳсулотлар рационингизда бўлишига эътибор қилинг. Зеро, айнан шу маҳсулотлар тишларингиз учун «қурилиш материали» бўлиб ҳисобланади. Уларга творог, пишлоқ, ёнғоқ ва яшил сабзавотлар киради.
Шунингдек, ейилаётган таомнинг ҳароратига ҳам эътибор бериш керак. Қайноқ чой ёки қаҳвадан сўнг зинҳор совуқ музқаймоқ ейиш мақсадга мувофиқ эмас. Умуман олганда, таомни илиқ, ўртача ҳароратда ейиш тавсия қилинади. Тишга таъсир қилаётган ҳароратнинг кескин ўзгариши эмалда ёриқлар ҳосил қилади, тишларнинг сарғайишига олиб келади. Бу ёриқлар орқали барча кислоталар тишнинг ичига ҳам ўтиб боради, натижада тиш бутунлай зарарланади.
Учинчи қоида – милклар парвариши. Милклар ҳам доимий парваришга муҳтождир. Тишингизни тозалаган пайтда шёткани милклар устидан ҳам олиб ўтишни унутманг. Бу нафақат тозалайди, балки уларни енгилгина уқалаб, қон айланишини яхшилайди. Милкларга етарлича эътибор қаратмаслик оқибатида улар қонайдиган бўлиб қолади, натижада оғиздан нохуш ҳид тарала бошлайди. Чекиш ва витаминлар етишмовчилиги ҳам милк касалликларига олиб келади.
Тўртинчи қоида – авайлаш. Баъзан инсонларнинг иш фаолияти давомида тишлари доимий шикастланиб боради. Масалан, баъзи чеварлар ипни тишлари билан узишни одат қиладилар. Тишларингизни фақат уларнинг асл вазифаси – таомни чайнаш учунгина ишлатишга ҳаракат қилинг. Уларга ортиқча куч бериш эмалнинг зарарланишига олиб келади.
Бешинчи қоида – стоматолог кўриги. Камида икки йилда бир марта стоматолог кўригидан ўтиш тавсия қилинади. Махсус қуроллар ва ойналар ёрдамида у сиз кўришга қийналадиган жойларда ҳам тишу милкларингизнинг асл ҳолатини баҳолай олади. Тиш оғриғи кўп ҳолларда бош оғриғи, асаб тизими зўриқиши, ошқозон касалликлари, уйқусизлик ва иштаҳасизликни келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун, яхшиси, барча муаммоларнинг олдини олган афзал.
Ушбу оддий қоидаларга риоя қилар экансиз, табассумингиз ҳамиша ёрқин ва бетакрор бўлади!
Зарнигор