Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Нурнинг иши кашф қилишдир. Басийратнинг иши ҳукм қилишдир. Қалбнинг иши олға юриш ёки ортга чекинишдир.
Бу ҳикмат ҳам аввалги ҳикматни тўлдириб келади.
Басийрат деганда қалб кўзи тушунилади. Уни кенгроқ тушуниш учун мисол келтирамиз. Илмли ва илмсиз инсонни олайлик. Ўқимишли одам узоқни кўра билади, чунки унинг қалб кўзи очиқ. Илмсиз одам эса унинг акси. Нур келганда, ворид келганда уни қандай ушлаб қолиб, ундан қандай фойдаланишимиз керак? Нима қилсак биз ғафлатда қолмаймиз? Нур қалбан эҳсос қилинадиган нарсадир. Хонанинг чироғини ёқмасак, қоронғида ҳеч нарса кўрмаймиз, чироқни ёқсаккина кўрамиз. Бу ўхшатишдан мақсад шуки, Аллоҳ таоло томонидан берилган нур аввал кашф қилиниши керак. Баъзи одамлар нурни кўради, аммо илғаб ололмайди. Бундай одамнинг кўзи кўр ҳисобланади. Баъзи одамларнинг кўзи ожиз бўлади, лекин нурни кўради. Кўзи кўзмаса ҳам қалб кўзи очиқ бўлади. Қуръон мусобақаларида қалб кўзи очиқ, лекин кўзи кўрмайдиганлар тиловат қилганда кўпчилик уларга тасанно айтиб, «Кўзи очиқ бўла туриб Қуръон ўқимаёганлар қанча!» деганини эслайлик. Одам чиройли нарсани кўрганда «Чиройли экан» деб ўтиб кетиши ёки уни умуман кўрмаслиги ҳам мумкин. Шу сабаб кўпчилик уни кашф қила олмайди ёки нотўғри кашф қилади.
Басийрат ақлни ишлатиш билан бўлади. Бу шундай хусусиятки, унинг ёрдамида инсон кўрган ҳолатларини таҳлил қила олиши, унга кўра қарор қабул қила олиши, бирор нарса ҳақда ҳукм бериши мумкин. Бу ноёб хусусиятдир. Хизр алайҳиссалом билан Мусо алайҳиссалом ораларида бўлиб ўтган воқеани мисол қилишимиз мумкин. Бу икки улуғ зот бир воқеани икки хил кўз билан кўриб, икки хил хулоса қилишган. Ўша уч хил машҳур воқеани Аллоҳ берган илми ладуний орқали Хизр алайҳиссалом бошқача, Мусо алайҳиссалом яна бошқача тушунишган. Илмли одам бир ҳодисани кўпчиликдан бошқача таҳлил қилиб беради. Мана шу амалиётни басийрат деймиз. Бошқача қилиб айтсак, уни фаросат десак ҳам бўлади. Баъзи одамлар ҳамма нарсага зеҳн ташлай олмайди. Фаросатли одам эса ҳамма нарсага зеҳн ташлай олади, зиммасидаги ишларни бошқача қилади, чиройли гапиради. Бу мақомга Аллоҳга етишиш, У Зот берадиган илми ладуний воситасида эришилади. Буларнинг барчасига эса Аллоҳни кўп зикр қилиш ила етишилади.
Қалбнинг ҳолати ўзгариб туради. Қалб ўзгариб турар экан, уни мустаҳкам қилиб, ҳақда бардавом қилиш учун риёзат ва зикр керак бўлади.
Аллоҳ таоло банданинг кўксини ҳидоятга очиб, кенг қилиб қўйганидан кейин, у Аллоҳдан келган нур устида турган бўлади. Зикрдан бебаҳра қалб қасоватлидир. Қалби зикрдан ғафлатда қолган одамга эргашиб ҳам бўлмайди. Чунки ким Аллоҳнинг зикридан юз ўгирган бўлса, у кўрдир. Бундай одам Қиёматда ҳам кўр бўлиб тирилади ва «Мен нега кўр бўлиб тирилдим?» дейди. Шунда унга «Биз сенга воридларни, нурларни юборган эдик, лекин сен кўр бўлдинг», дейилар экан. Инсон камолотга зикрнинг мадади билан етишади. Зикр дастлаб тилда давомий бўлавергач, секин-аста жисмга айланади. Мияга, қалбга, қўл-оёқларнинг учигача етиб боргач, тил айтмаса ҳам вужудимиз Аллоҳ дейишга ўтади.
Барча ҳикматларимизнинг замирида зикр ётади.
Юқорида айтилган даражаларга зикрда бардавом бўлсаккина эриша оламиз. Бу даражага етишишимиз учун мужоҳадамиз, фикрлашимизнинг ўзи кифоя қилмайди. Бунинг учун айнан давомий зикр керак. Шунинг учун зикрни ҳаётимизда ҳамма нарсадан устун қилиб қўйишимиз керак. Тасаввуф каби зикр ҳам алоҳида ажралиб чиқиладиган иш эмас. У ҳаётимиз билан узвий боғлиқ нарса бўлиб, унинг ҳар бир жабҳасини қамраб олиши керак. Зикр қилаётган кундалик ишларимизга халал бермайди, аксинча, ишларимизга барака беради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Жаброил алайҳиссалом динингизни ўргатгани келди» деганларида динни уч қисмга – Ислом, иймон ва эҳсонга ажратдилар. Динимизни Исломсиз, иймонсиз тасаввур қила олмаганимиздек, эҳсонсиз ҳам тасаввур қила қилолмаймиз. Эҳсон нима? Эҳсон – Аллоҳ таолони ҳис қилишдир. Эҳсонни ҳамма ишни қилиб бўлгандан кейин қилинадиган, нафл нарса деб ўйлаш керак эмас. Зикр нафл ибодат эмас, балки заруратдир. Фараз қилинг, бир одам нотўғри овқатланади. Унинг ҳаёт тарзи, овқатланиши нотўғри. Бундай овқатланиш, зарарли овқатларни еб юриш оқибатида жисм касал бўлганидек, руҳимизга ҳам керакли, фойдали озуқани бермасак, руҳий ҳаёт тарзимизни ислоҳ қилмасак, уни ҳам касал қиламиз. Зикр биз учун қандайдир мажбуриятга, вазифага айланиб қолмаслиги керак. Аксинча, биз уни зарурий иш деб эмас, балки роҳатланиб қиладиган севимли машғулотга айлантиришимиз керак. Эҳтимол, шунинг учун биз зикрдан қувват оладиган даражага чиқа олмаётгандирмиз?
Одинахон Муҳаммад Содиқ