Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Муслима синглим, шуни яхшилаб уқиб олинг: Ислом шариати инсон ҳуқуқлари ва ҳурмати муҳофазасига жуда қаттиқ эътибор қилади. Инсон кимлиги, ёши ва бошқа барча омилларидан қатъи назар, мукаррам ҳисобланади. Динимизда инсоннинг жони ҳимояси у ҳали ҳомилалик чоғидан жорий этиб қўйилган. Хусусан, уни ҳали дунёга келмай туриб, турли сабабларга кўра олиб ташлаш масаласида ҳам жиддий тақиқлар мавжуд.
Исломда болани олдиришнинг аслий ҳукми Қуръон ва суннатга биноан қатъий ҳаром ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади:
“Очликдан қўрқиб болаларингизни ўлдирманг”[1]
Бу мўмин-мусулмон бандалар учун қатъий амр бўлиб, хоҳ ҳомилалик чоғида бўлсин, хоҳ жоҳилият замонида учраб турган қизларни тириклайин кўмиб юбориш одати бўлсин, барчасини ўз ичига олган.
Болани сабабсиз олдириб ташлаш гуноҳи кабиралардан ҳисобланиши ҳадиси шарифларда ҳам ворид бўлган.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Эй Аллоҳнинг Расули, қайси гуноҳ улканроқ?» дедим. «Сени Аллоҳ яратган бўла туриб, (бирон нарсани)У Зотга шерик қилишинг», дедилар. Сўнгра: «Яна қайси?» дедим. «Нонингга шерик бўлишидан қўрқиб, болангни ўлдиришинг», дедилар. [2]
Абортнинг Аллоҳ таолога ширк келтириш билан тенглаштирилганининг ўзиёқ, гуноҳи нақадар катта эканининг белгисидир.
Ҳомиланинг алоҳида инсон сифатида яшаш ва дунёга келиш ҳуқуқи бор. Бу нарса Имом Муслим ривоят қилган Ғомидия аёл ҳадисида ҳам ўз ифодасини топган. Унда зино қилиб, ҳомиладор бўлиб қолган бир аёл ҳақида ҳикоя қилинади. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, гуноҳига иқрор бўлади ва: “Мени бу гуноҳдан покланг”, яъни, гуноҳимга яраша шариат белгилаган жазони беринг, деб сўрайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Бор, боланг туғилгунича (кут)”, деб қайтариб юборадилар. Орадан вақт ўтиб, у қўлида чақалоқ билан яна келади. Бу сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бор, уни сутдан ажрагунича эмиз”, деб қайтарадилар. Бир куни аёл қўлида бир бўлак нон ушлаб олган боласини етаклаб яна келади ва: «Энди жазони тайинласангиз», деб илтимос қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болани мусулмонлардан бирига бериб, аёлни ражм қилишга буюрадилар.
Ушбу ҳадис ҳомила ҳаёти ҳимоясининг ёрқин далили бўлиб, гуноҳи сабаб ўлимга маҳкум қилинган онага боласини дунёга келтириб, сутдан ажратгунича муҳлат берилган. Чунки агар аёл ўлдирилса, шубҳасиз, ҳомила ҳам нобуд бўлар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тутган йўл эса ҳомиланинг ҳам инсон сифатида яшаш ҳуқуқига эга эканлиги, уни бирор сабаблар туфайли нобуд қилиш асло мумкин эмаслигини билдиради.
Муслима синглим, биласиз, динимиз енгиллик устига бино қилинган. Унда бандага машаққат бўладиган ҳеч бир амал ёки буйруқ йўқ, хусусан, ҳомиладорлик, фарзанд кўриш масалаларида. Аёлнинг ёш болалари бўлса, соғлигига тўғри келмаса ёки шу каби ноқулайликлари бўлганда, унинг фарзанддан сақланиб туриши мубоҳ ҳисобланади. Аёл саломатлигига салбий таъсири бўлмаган воситалар, дориларни ишлатишга шариат изн берган. Иммом Ғаззолий “Иҳёу улумид-дин” асарида: “Боладан сақланиш уни тушириш ёки тириклайин кўмиб юбориш каби иш эмас. У йўқ нарсадан сақланишдир. Ижҳоз, яъни ҳомилани йўқотиш эса жиноят ҳисобланиб, унинг даражалари бор.
Агар нутфа бачадонга тушиб, ривожланиш жараёнида бўлса, уни йўқотиш жиноят ҳисобланади. Музға ва алақага айланиб, эмбрион ҳолатига кирганда тушириш биринчисига қараганда ёмонроқдир. Уни бир юз йигирма кунлик бўлиб, руҳ пуфланганда йўқ қилиш гуноҳи кабиралардандир”.[3]
Нега айнан бир юз йигирма кун танланган? Бу эмбрионнинг дастлабки ривожланиш босқичи бўлиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айнан шу муддат охирида ҳомилага бир фариштани вакил қилиб юбориб, умри, амали, ризқи ва бахтли ёки бахтсиз эканлиги ҳақида пешонасига ёздириши айтиб ўтилган.
Ҳомилани руҳ киритилишидан олдин олиб ташлашнинг ҳукми
Бу борада фуқаҳоларнинг фикр ва қарашларида тафовутлар мавжуд. Аммо унга руҳ пуфлангандан кейин заруратсиз олиб ташлаш борасида, унинг ҳаром эканига иттифоқ қилганлар.
Ҳомилани тўрт ойликкача бўлган муддат ичида йўқ қилиш борасида ҳанафий уламолар уч хил қарашни илгари суришган:
1. Агар ҳомиланинг аъзоларидан бирортаси билинмаган бўлса, уни олиш мубоҳ ҳисобланади. Ҳанафий фақиҳлардан бўлган Ибн Обидин: “Ҳомилани тўрт ойлик бўлмай туриб тушириш мубоҳ”[4], дейди.
Ҳасфакий раҳматуллоҳи алайҳ: «Бу муддат ичида, зарурат бўлганда, эрнинг изнисиз ҳам тушириш мумкин», деган.[5]
“Фатҳул Қодийр” асарида “Ҳомиладор бўлгач, уни тушириш мумкинми?” деган саволга: “Ҳа, модомики унинг аъзолари шаклланмаган бўлса, бир юз йигирма кунгача муддатда жоиз”, дейилади.
Мазкур фикрларга биноан, ҳанафий мазҳабида тўрт ойликкача бўлган ҳомилани олдириш мумкин. Ундан кейин эса мумкин эмас.
2. Болани шаръий ва тиббий кўрсатма бўлганда, зарурат юзасидангина тушириш мумкин. Бу ҳанафийларнинг кучли фикри бўлиб, Ибн Обидин ўз асарида айтиб ўтган.
Ибн Ваҳбон: “Қатъий узр топилгандагина болани тушириш жоиз”, дейди.
3. Ҳомилани тушириш мутлақ макруҳ. Бу Али ибн Мусонинг фикри бўлиб, Ибн Обидин ундан нақл қилиб айтади: “Ҳомилага руҳ киритилишидан олдин ҳам уни тушириш макруҳ. Чунки уруғ она қорнига ўтиб жойлашишининг ўзиёқ унда ҳаёт белгилари бошланганини билдиради.”
Моликий ва баъзи шофеъий уламолар ҳомилани туширишни ҳаром деганлар.
Ҳанафий, ҳанбалий ва баъзи шофеъийлар: «Узрли сабаб топилса, ҳеч нарсага қарамай ҳомилани тушириш мутлоқ жоиз», деганлар. Чунки аъзолари шаклланмаган эмбрион одам ҳисобланмайди.
Абу Ҳанифанинг фикрига кўра, қатъий узр бор бўлса, ҳомилани тушириш мубоҳ. Шариатимиздаги “Заруратлар сақланиладиган нарсаларни мубоҳ этади”, деган қоидага кўра, бу жоиз саналади. Чунки узр онанинг саломатлиги сабаб вужудга келган ва ҳомилани олиш зарурати мавжуд. унинг бачадонда қолиши она учун зарар бўлса, онанинг саломатлиги ва ҳаётини сақлаш мақсадида ҳали руҳ кирмаган болани тушириш жоиз.
4. Баъзи ҳанафий ва моликий уламоларнинг фикрига кўра, макруҳ. Улар ҳам: «Уруғнинг бачадонга тушиб, аралашиши ҳаётнинг илк нишонаси, унинг ҳукми тирикнинг ҳукми каби», дейдилар.
Аборт учун сабаб бўладиган шаръий узрлар
Болани олдириш ёки тушириш борасидаги асл ҳукм – ҳаромлигидир. Аммо зарурат юзасидан, унга руҳ киритилишидан олдин тушириш жоиз.
Она ҳаёти учун ҳомиланинг аниқ зарари бўлса, ҳолат инобатга олиниб, болани тушириш ҳақидаги ҳукм, яхни қайтариқ истисно тариқасида бекор бўлади. Эслатиб ўтамиз, бу ҳукм ҳомилага руҳ киритилишидан олдинги муддатга тегишли.
Ҳомилани туширишга кўрсатма бўладиган шаръий узрлар қуйидагилар:
– Мутахассис ва ишончли шифокорларнинг ҳомиладорлик давом этиши она ҳаёти учун муқаррар хавфли экани тўғрисидаги хулосаси. Бу ҳолатда онанинг саломатлиги шаръий узр ҳисобланади. Ҳомила ва онанинг ҳаёти солиштирилганда, она асл бўлгани сабабли унинг соғлиги ҳомиладан муҳим.
– Ҳомиладаги даволаб бўлмайдиган ногиронликнинг аниқланиши. Уни бола дунёга келганидан сўнг ҳам даволаб бўлмаслиги аниқ бўлса. Маккаи Мукаррамадаги Исломий фиқҳ уюшмаси тўрт ойликдан кичик бўлган ҳомилада ногиронлик аниқланса, уни олиб ташлашга фатво берган. Бунинг учун бир нечта шарт ва меъёрлар тайин этилган:
а) Ишончли ва ўз касбида мутахассис бўлган шифокорларнинг хулосаси;
б) Бола туғилганидан кейин ҳам уни даволаб бўлмаслиги аниқ бўлиши;
д) Ота-онанинг розилиги.
Мазкур фатвода: “Аборт бир юз йигирма кундан олдин, шифокорлар консулиуми қарори ва замонавий тиббий текширув аппаратлари кўрсатмаларига биноан, даволашнинг бутунлай имкони йўқ, деган хулосага кўра амалга оширилади. Шундай ҳолатларда бола дунёга келиб, жисмоний камчиликдан тузала олмай, ўзи ва аҳлига машаққат пайдо қилиши аниқ бўлганда, ота-онанинг талабига кўра ҳомиладорлик тўхтатилади”.
Демак, бугунги кунда аборт учун сабаб қилиб кўрсатилаётган – боладан халос бўлиш, қўлидаги боласининг ёш экани, таъминот ва парваришдан ожиз бўлиш, ишлаш кераклиги мутлақо аборт учун сабаб бўла олмайди.
Тўрт ойликдан катта муддатли ҳомилани олиш ҳукми
Ҳомила бир юз йигирма кунлик бўлганида, унга руҳ киритилиб, одам сифатида қадри бўлади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда айтиб ўтилди. Бу муддатга етган болани олиш ёки тушириш фуқаҳолар иттифоқига кўра ҳаром.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳадисини далил қилиб, ҳанафий ва шофеъий уламолар эмбрионга тўрт ойлик бўлганида руҳ киритилади, деган хулосага келганлар. Ушбу муддатдан сўнг эса уни тушириш мумкин эмас. Бу борада мазҳаб уламоларининг фикрлари қуйидагича:
Ҳанафий уламолар баъзи жиддий зарурат бўлиши мумкин бўлган шароитларни ҳисобга олиб, бу ишни жоиз эмас, деганлар. Моликий, ҳанбалий ва шофеъийлар руҳ киритилгандан кейин уни тушириш ижмоъан ҳаром, дейишган.
Фуқаҳолар фикрига кўра, ҳомилада инсоний аъзолар шакллангач, у Қуръонда зикр этилган “нафс”га айланади ва уни ўлдириш ҳаром бўлади.
Аммо аёлнинг ҳаётига жиддий хавф бўлиб, тиббий хулосалар ва шаръий узрлар тақозосига кўра ҳомилани олишга мажбур бўлинган ҳолатларда “катта зарарни енгил зарар ҳисобига даф этиш” қоидасига кўра иш кўрилади.
“Ал-Азҳар” университети фатво ҳайъати “Тўрт ойлик ҳомилани олиш ҳаром. Аммо ўта жиддий зарурат бўлса, жоиз ҳисобланадиган ўринлари ҳам бор” деган фатвони айтишган.
“Фатавои Ҳиндия”да: “Агар руҳ киритилгандан сўнг онанинг ҳаётига жиддий хавф аниқланиб, ҳомилани олишга мажбур бўлинса, олинади. Уни бутун ҳолда тушириш афзал, мободо она жисмидаги баъзи тўсиқлар сабаб бунинг имкони бўлмаса, қаралади: ҳомила тирик бўлса, уни бўлакларга бўлинмайди. Аввал уни жонсизлантирадиган йўли қилинади. Нобуд бўлган бўлса, ҳечқиси йўқ. Чунки тирик жонни қиймалаш, бир жонни сақлаш учун иккинчисини ўлдириш инсон ҳаёти эҳтиромига зид ҳисобланади”, дейилган.
Агар зарурат абортни тақозо этиб, она ҳаётини ўлимдан сақлаш уни туширишга боғлиқ бўлса, мутахассис шифокорлар жамоасининг бу борадаги фикрларига эътибор қилинади. Ҳомила аниқ ўлимга олиб бориладиган бўлса, заруратни ҳисобга олган ҳолда, ҳатто жон пуфлангандан сўнг ҳам уни туширишга рухсат берилади. Бу “Заруратлар сақланиладиган нарсаларни мубоҳ этади”, қоидасига биноан амалга оширилади.
Ҳомила ва онанинг ҳаёти таққосланганда, онанинг тирик қолиши афзалроқдир. Ақлан олиб қаралганда ҳам онанинг ўлими билан бачадондаги ҳомиланинг ҳам ҳаёти тугайди. Шундай экан, онани сақлаб қолиш авлодир.
Онанинг тирик қолиши ҳомиладан кўра муҳим, чунки у асл ҳисобланади. Бу борада фиқҳнинг “Иккита мафсада кесишиб қолса, енгилини қилиш орқали зарари каттасидан сақланилади” деган қоидасига амал қилинади.
Абортнинг каффороти
Муслима синглим, Ислом енгиллик ва оғир вазиятларда ҳам банданинг манфаати учун имкон топадиган диндир. Хусусан, гуноҳ иш содир бўлганида уни ювиш, гуноҳга яраша жазони шу дунёнинг ўзида ўтаб, охиратда музтарлик, халойиқ олдида шарманда бўлмаслик чораларини ҳам кўрган. Бу – бирор гуноҳ эвазига шариатда белгиланган тўлов – каффорот беришдир.
“Каффорот” сўзи луғатда, “яширмоқ”, “ювмоқ”, “силлиқламоқ” деган маъноларни билдириб, истилоҳда маълум миқдор эвазига гуноҳни ювиш, бошқалар кўзидан яширишни англатади.
Ҳомилани муддатдан олдин тирик ёки ўлик ҳолда туширишга сабаб бўлиш, атайлаб зарар бериш каби ҳолатларда бу ишни қилувчилар учун жарима ва каффорот вожиб бўлади.
Шаръий ва тиббий кўрсатма бўлмаган ҳолда аёлнинг ўзи ёки шифокор билан амалга оширган бўлса, иккаласига ҳам каффорот вожиб бўлади.
Аёл ҳомиладор бўлгани ҳолда, бепарволик қилиб, ҳомила тушишига сабаб бўладиган ишларни билиб туриб амалга оширса, у айбдор ҳисобланади. Тепадан сакраб тушиш, оғир нарсаларни кўтариш ва шу каби омиллар билан бир юз йигирма кунликдан кичик болани тушишига сабаб бўлса, қаттиқ тавба ва истиғфор айтиши лозим бўлади.
Тўрт ойликдан кичик ҳомиланинг нобуд бўлишига сабаб бўлган одам, у хоҳ шифокор бўлсин, хоҳ аёлга зарба берган, атайлаб йиқитган, қаттиқ жисм билан урган бўлсин, айбдор ҳисобланади ва каффорот вожиб бўлади. [6]
Ҳомила тўрт ойликдан катта бўлгандан кейин туширса ёки олдириб ташласа, аёлга ҳам, бу ишни амалга оширган кишига ҳам қул озод қилиш, бунга имкони бўлмаган тақдирда икки ой кетма-кет рўза тутиш вожиб бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Икки аёл урушиб қолиб, бири иккинчисига тош отди. Тош зарбасидан у аёлнинг ҳомиласи тушди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тош отган аёлга ҳомиланинг хун ҳақи деб, бир эркак ёки аёл қул тўлашга ҳукм қилдилар.»[7]
Бундан келиб чиқиб, фуқаҳолар онасининг қорнидан болани ўлик ёки тирик тушишига сабаб бўлган киши учун хун тўлаш вожиб эканига иттифоқ қилганлар.
Агар она саломатлиги учун бирор дори истеъмол қилса ва у қорнидаги ҳомилага салбий таъсир қилиб, нобут бўлса, унга ҳеч нима вожиб бўлмайди. Чунки бу ишда зарурат тақозоси мавжуд.
Шурбайний раҳматуллоҳи алайҳ: “Агар аёл саломатлиги учун дори ичса ва у сабабли ҳомила нобуд бўлса, аёлга ҳеч қандай каффорот вожиб эмас”, деган.
Демак, она ҳаёти учун ҳомиланинг аниқ зарари бўлса, ҳолат инобатга олиниб, болани тушириш ҳақидаги ҳукм истисно тариқасида бекор қилинади. Бу ҳукм ҳомилага руҳ киритилишидан олдинги муддатга тегишли.
Нажмиддинова Зебуннисо
[1] “An’om” сураси -151 oyat
[2] "Sahihul Buxoriy" 6001-hadis
[3] Imom G’azzoliy “Ihyou ulumid-din” 2/51
[4] “Durrul muxtor” 3/192
[5] Ibn Obidin “Hoshiya” 2/411
[6] “Fatovo al-lajnatid doima” 21/434 b
[7] "Sahihul Buxoriy" 1547-hadis