Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
“Аллоҳ кимни хоҳласа, адаштирар ва кимни хоҳласа, тўғри йўлда барқарор қилиб қўядир” (Анъом сураси, 39-оят).
Бу кичкинагина ояти каримада чуқурдан-чуқур, қанчалар кўп ҳикматлар ва маънолар бор.
Дарҳақиқат, гўзал табиатли инсонлар оила қуриб, “Лайли ва Мажнун” бўлиб, маълум бир вақт ўтгач, нима учун бир-бирига бегона бўла бошлар экан-а? Нега адашиб, бирин-кетин хатоларга йўл қўйишаркин?
Яқинда бир танишим ўз дугонаси билан суҳбатлашиб кўришимни илтимос қилди. Узоқдан қараб турар эканман, жуда озғин, ранги сўлғин аёл кўринди. Унинг кўзларидан бутун дунё ташвиши шу нозиккина жувоннинг бошига тушгандек эди. Аёл иккита боласи билан куну тун овора, яна учинчисига ҳомиладор ҳам экан. Анча гаплашиб, “дардлашганимиздан” кейин маълум бўлдики, турмуш ўртоғи бошқа аёллар билан интернет тармоқлари орқали гаплашар, оиласига рўзғорни гоҳида қилиб берар, гоҳида қуруқ нон еб ўтиришар, уларнинг соғлигига ва кийим-кечакларига ҳам беъэтибор экан. Тишлари бирин-кетин тўкила бошлабди. Аёл эрига тиш дўхтирига бориши кераклигини айтса, турмуш ўртоғи ҳали пул ажратмаганини айтибди.
Бу жувоннинг болалари ҳали жуда кичик бўлгани учун ҳеч қаерда ишлай олмас, на бирон дугонаси, на қариндош-уруғи билан ҳам кўриша олмас экан. Кун бўйи болалари билан уйида ғам-ташвишнинг ичида ўралашиб, қуёш чиққанига ҳам, кун ўтганига ҳам ва кун ботганига ҳам эътибор қилмайдиган ҳолда, кучли стресс ҳолатида экан. Оқибатда эса бу аёл ўз тинчини йўқотган, турмуш ўртоғининг телефонини куну тун титган, уй-жойига, ўзига қарашга на қуввати ва на хоҳиши бор.
Кўпчилик бундай воқеаларни ўқир экан, албатта, кўз олдига ўз турмуши келади. Чунки юқоридаги баъзи ҳолатлар оилали ҳар бир аёлнинг ҳаётида кузатилади. Нима учун эркаклар покиза аёллари бор бўла туриб, бегона қиз-жувонларга ўралашиб, ўз оиласига эса буткул эътиборсиз бўлиб қоладилар? Албатта, қарс икки қўлдан чиқади. Бундай ҳолатларда бир тарафнинг ёнини олиб, иккинчи тарафни қоралаб бўлмайди.
Бизнинг ўзбек аёлларимиз каби ўта сабрли аёллар бормикин дунёда? Келинг, яхшиси, юқоридаги жувон мисолида биз аёлларнинг қилаётган бир қанча хатоларини кўриб чиқайлик.
1) Аёл киши ҳеч қачон эрининг телефонини титмаслиги керак. Сабаби бу иш оқибатида жиззакилик кучаяди, турмуш ўртоғига нафрати қўзғалади ва энг ёмони шуки, ўзига бўлган ишончи йўқола бориб, бошқа аёллар мендан устун, деган фикр онг остига ёзилиб қолади, бундай аёллар борган сари ўз латофатини, Яратган ато этган индивидуал гўзалликнинг қадрини унута бошлайдилар. Эшикдан кириб келган турмуш ўртоғига табассум қилиб, соғиниб кутиб ололмайди, агар шундай қилса ҳам, самимий чиқмайди. Бу ҳолатдан сўнг эркак киши ўз аёлига, албатта, қўрслик қила бошлайди, меҳр бергиси келмайди.
2) Аёл кишининг бирон жойи оғриса, тиши безовта қилса, нима учун мутахассис врачга бормайди? Ҳар бир инсоннинг ризқини берувчи Аллоҳ бор-ку. Аммо, ҳеч бўлмаса, врачга боришни, ўз соғлигига эътибор қилишни режалаштириш бандасининг зиммасида эмасми? Ҳар ким ўзи учун ҳаракатни қилмайдими? Хўш, режалаштирганимиздан кейин турмуш ўртоғимиздан харажат учун пулни қандай қилиб сўрашимиз керак? Психолог олимларнинг фикрларига қараганда, эркак киши пулни меҳнат қилиб, қийналиб топгани учун аёл киши тўғридан-тўғри “Пул беринг”, деса, эркак кишининг онг ости “Жонингизни беринг!” дея қабул қилар экан. Демак, пул сўрашнинг ҳам ўз йўл-йўриғи бор. Яъни, эркак кишининг қорни тўқ (у суйган таом билан сийлаб, хотиржам қилиб), хуш кайфиятда бўлганида (бу вақт қачон эканини ҳар бир аёл яхши тушунади), табассум ила “Фалон иш учун фалон пул сарфланар экан”, деса, мақсадга мувофиқ бўлади.
3) Биз аёллар кўпинча бир хилда қиладиган яна бир хато ишимиз бор. Келинг, ҳаммамиз янги келинчаклик вақтимизни эслайлик. Ўша дамларда турмуш ўртоғимизга чиройли кўриниш учун нима ишлар қилардик?! Зеб-зийнатлар тақиб, атир-упа дегандек, юрагимизда ҳаяжон ила, муносабатларимизни ўйлаб ҳаракат қилмасмидик? Ҳозир-чи?! Бир фарзандни дунёга келтириб, дарров ўзимизни “ташлаб юборамиз”. Кўчага эса, айниқса, тўйларга тақинчоқларимиз бисёр, атир-упаларни керагидан ортиқ сепиб, кейин борамиз. Сўнгра ҳайрон бўлиб: “Нега менга фалон ҳайдовчи машинасига ўтирсам, ғалати кўз-қараш қилди, суюқландими?” деймиз. Ваҳоланки, чиройли ҳолатимизни турмуш ўртоғимизга кўрсатиш ўрнига кўчадаги бегоналарга намоён этамиз. Худди шундай малоҳатли аёлларни турмуш ўртоғимиз кўчада кўриб қолиб, “Нега менинг аёлим шундай эмас экан-а?” деб ўйлайди. Эҳтимол, бундай деб ўйламас ҳам. Чунки уйдаги аёли бундай гўзал бўла олиши мумкинлигига ақли ҳам етмас. Турмуш ўртоғимиз учун зийнатланиш вақти етмадимикин?..
4) Ҳар доим турмуш ўртоғимиздан хафа бўлиб, хомуш юрамиз. Худди бутун дунёда ягона қурбон бўлган инсон бошқа йўқдек. Ваҳоланки, кечаги ташвишни бугунга кўтариб олиб ўтсак, бу муаммонинг чеки бўлмайди. Ўзингиз тасаввур қилинг. Бир жойга дугоналар билан йиғилдингиз. Ҳамма хушчақчақ, фақат бир аёл бир четда хомуш ўтирибди. “Ҳолинг нима?” деб сўралса ҳам, дўқ қилиб гапиради. Қолган аёллар ҳаётидан завқ-шавқ олиб, кулгили воқеаларни, болаларининг ютуқларини гапириб, хурсандчилик улашишяпти. Сиз кимнинг олдига бориб ўтирасиз? Кимнинг гапини эшитгингиз келади? Албатта, хушчақчақ аёлларни танлайсиз. Турмуш ўртоғимиз ҳам худди шундай инсон. Кечаги воқеаларни унутган ҳолда, бугунги кунимизни бошқатдан, ижобий (позитив) ҳис-ҳаяжонлар билан бошлашимиз керак. Айнан шу иш эр-хотин ўртасида янги, гўзал муносабатларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади.
Мулоҳазаларимиз якунида шуни айтиш жоизки, “Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир!” Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадисни Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ “Амаллар ниятга боғлиқдир” деган китобларида жуда мақомига етказиб, кенг даражада, юксак маҳорат ва чуқур илм билан шарҳлаб берганлар. Хусусан, ана шу китобдан бир парча келтирайлик: “Шариатимиз кишиларни оила қуришга амр қилган. Никоҳланиш – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари. Шунинг учун оила қуришни ният қилдим, деган одамнинг оилавий ҳаёти ибодат бўлади. “Уйланиб, шаҳватимни қондирай”, деган ниятни қилган киши ўша ниятига эришади, лекин ажру савобнинг яқинига ҳам йўламайди” (25–26-бетлар).
Шундай экан, бировдан хафа бўлиш ўрнига ниятимизни тўғри қилсак, марра бизники эмасми?
Мадина Джураева