Бу – Роббим раҳматидандир. Агар Роббимнинг ваъдаси келса...
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

–Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

«У: «Бу – Роббим раҳматидандир. Агар Роббимнинг ваъдаси келса, буни ер баробар қилур. Роббимнинг ваъдаси ҳақдир», деди».

(Каҳф сураси, 98-оят)

Бу ҳақиқий мўминнинг гапи эди. Ҳақиқий мўмин етти иқлимнинг подшоҳи бўлиб, тарихда ҳеч кимнинг қўлидан келмаган ишни қилганида ҳам:


«Бу – Роббимнинг раҳматидандир», дейди.

Ҳеч қачон, мен қилдим, мендан бошқа одам қила олмас эди, демайди. Шу билан бирга, ўзи қилган ишнинг бебаҳолиги, Аллоҳ таоло хоҳласа, уни бир зумда барбод этиши мумкинлигини доимо тан олиб юради.

Шу жойда Зулқарнайн қиссаси тугайди. Қиссанинг сўнгида йўллари Садди Зулқарнайн билан тўсилган Яъжуж ва Маъжужлар ҳақида турли гаплар жуда ҳам кўп. Баъзилар: улар мўғул-татарлар, дейдилар. Аввал бир неча бор такрорлаганимиздек, бу гапларнинг ҳаммаси уламоларнинг ижтиҳодларидир. Яъжуж ва Маъжуж ҳақида «Анбиё» сурасида ҳам: «То Яъжуж ва Маъжуж очилиб, улар ҳар бир тепаликдан шошиб тушганида», деган ояти карима бор.

Шунингдек, имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу Суфёни Саврий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳаралари уммул мўминин Зайнаб бинти Жаҳш онамиз қуйидагиларни айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқуларидан юзлари қизарган ҳолларида: «Арабларнинг ҳолига яқинлашган ёмонликдан вой бўлсин, бугун Яъжуж ва Маъжуж радми – саддидан мана шунча очилди», деб турдилар, бош ва кўрсаткич бармоқларини халқа қилиб кўрсатдилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, ичимизда аҳли солиҳлар бўла туриб ҳалок бўламизми?» – дедим. У киши: «Ҳа, агар ёмонлик кўпайса», дедилар».

Шунингдек, имом Муслим, имом Термизий, имом Ибн Можа, имом Аҳмад ва имом Абу Довуднинг ривоятларида ҳам Яъжуж ва Маъжуж ҳақида хабарлар келган.

Ақоид илми уламоларимиз Яъжуж ва Маъжуж ҳақидаги ояти карима ва ҳадиси шарифларни мукаммал ўрганишиб, қуйидаги хулосани айтадилар:

«Яъжуж ва Маъжуж жуда ҳам кўп сонли бир қавм бўлиб, уларнинг чиқишлари қиёматнинг аломатларидан бир аломатдир. Улар ер юзини фасодга ва харобга тўлғазадилар. Уларнинг қачон чиқишини эса Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди».

Ушбу гаплардан бошқаси ўринсиздир.

Зулқарнайн қиссасидан уламоларимиз кўплаб ҳикмат ва ибратларни чиқарганлар.

Биз эса ушбу қиссада инсон бу дунёда Каҳф эгаларига ўхшаб сиёсий истибдодга, иймон учун қийин-қистов ва қувғин фитнасига, икки боғ эгасига ўхшаб молу дунё, зебу зийнат фитнасига, Мусо алайҳиссаломга ўхшаб илму маърифат фитнасига учраши мумкин бўлганидек, ҳукм ва ҳукмронлик, турли моддий ва маънавий устунлик имкониятлари фитнасига ҳам учраши мумкинлиги кўрсатилганига ишора қилмоқчимиз. Ана шундай синов даврида мўмин банда Зулқарнайндан ўрнак олиши лозимлиги Қуръон таълимотидир. Аллоҳ таоло Зулқарнайнга мағрибу машриқ ва яна бошқа тарафларнинг салтанатини берса ҳам, ҳовлиқиб кетмади. Ўша ердаги қавмлар устидан хоҳлаган ҳукмини чиқариш ихтиёрини берса ҳам, яхшиларга яхшилик қилишга, ёмонларни азоблашга қарор берди. Хоҳлаганини азоблаб, хоҳлаганини мукофотламади. Ўзининг ишларини Аллоҳнинг лутфи-марҳамати ила бўлмоқда деб, тўғри тушунди. Юртидаги кишиларни турли ёмонликлардан ҳимоя этишга ҳаракат қилди.

Мавзуга оид мақолалар
Бошни фидо айла ато қошиға Жисмни садқа қил ано бошиға... Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ давоми...

10:55 / 08.02.2017 4416
.Ўғлим иккинчи синфда ўқир эди. Бир куни мактабдан бошқачароқ бўлиб келди. Сўрасам, қаламини йўқотиб қўйибди. давоми...

21:30 / 04.05.2023 1561
ЗАКОТ БЕРИШДА ХАТО ҚИЛСА, НИМА БЎЛАДИ Айтайлик, бир киши закотни беришдан олдин яхшилаб суриштирган бўлса, давоми...

14:19 / 07.10.2016 4401
ИСЛОМДА КИЙИНИШ МАДАНИЯТИ Либос бу  Аллоҳнинг Ўз бандаларига ато этган тенгсиз неъматларидан бири десак, давоми...

19:30 / 18.03.2017 7521