Энг яхши бека
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рамазоннинг ярми ўтди. Ижтимоий тармоқ, чатлар ва турли гуруҳларда баъзи оналар ўз фарзандлари билан бирга қилган машғулотларининг расмларини қўймоқдалар. Бошқа дугоналарингизнинг профилларида эса тайёрланиши соатлаб вақт оладиган ифторлик дастурхонлари суратларини кўрасиз. Хаёлингизга яна тунларни бедор ўтказиб, хатми Қуръонлар қилиб, бу ойнинг фурсатидан унумли фойдаланиб қолаётган муслима опа-сингилларингиз келади. Сиз эса бу ерда... чарчаган... кучингиз қолмаган...

Эслаб кўринг, Рамазон яқинлашганда ҳам унинг кириб келишига қалбингизда қаттиқ қувонч ҳиссини туймадингиз. Жилмайиб «Рамазон муборак!» деганингиз билан қалбингизда нимадир бор эди. Сиз тайёр эмаслигингиздан қўрқардингиз. Мана, Рамазоннинг ярми ҳам ўтди. Сиз ўзингизни нуқсонлидек ҳис қиляпсиз. Гўёки етарлича ҳаракат қилмаётгандек. Гўёки Рамазон ойи сиз ният қилган тақво даражасига эришолмай ўтиб кетиб қолаётгандек.

Сиз ёлғиз эмассиз! Ҳали вақтимиз бор, иншааллоҳ!

Сиз ёлғиз эмассиз

Ҳамма аёл ҳар хил, ҳамма оила турлича. Модомики, сиз ўзингизни чарчаган, эзилган ҳис қилаётган экансиз, бунинг сабабини аниқлаш муҳим. Оналикнинг шундай машаққатлари бор – киши чарчайди, тушкунликка тушади, асаблари зўриқади. Баъзан давом эттиришга кучимиз йўқдай ҳис қиламиз ўзимизни. Баъзида доимий равишда кимнингдир эҳтиёжи бўлиш ҳам чарчатади. Баъзан 15 соат (майли, муболаға бўлмасин, ҳеч қурса 7-8 соат) тўхтовсиз ухлаб олсам эди, деб орзу қиламиз. Мана шу бекалик ва оналик – қилаётган ишингизни (овқатланаётганингизда, ҳаммомдалигингизда, ухлаётганингизда ва ҳоказо) узил-кесил тўхтатиб, «Лаббай!» деб жавоб беришга ҳамиша тайёр бўлиш ва узлуксиз кимнингдир эҳтиёжи-ю хоҳишини бажариш, албатта, бизни ўзгартиради. У биздаги ҳамма нарсага – соғлигимиз, фикрлашимиз ва руҳиятимизга таъсир қилмай қолмайди. Биз ҳамма қилаётган ишимизнинг мукаммал бўлишини истаймиз, оиламиз ҳақида қайғурамиз ва унинг фаровонлиги йўлида ўзимиздаги ҳамма нарсани сарфлаймиз.

Айб сизда эмас

Камуйқулик ва ўзимизни тиклаб олишга вақт йўқлигидан ўзимизни тушкун ҳис қилишимиз табиий ҳолат. Доимий камуйқулик ҳолатининг ўзи бир қанча жисмоний ва руҳий муаммоларга омил бўлиши мумкин. Бу когнитив тизимни, ҳиссий барқарорликни бузади, натижада юрак касалликлари, диабет ва бошқа хасталикларнинг юқори хавф гуруҳига киритиб қўйиши ҳам мумкин. Рамазон пайтида эса бу ҳолат янада чигаллашиши кузатилади.

Энг ёмони, биз бу ҳолатимизга шу қадар ўрганиб қоламизки, уни сезмайдиган бўлиб қоламиз. Бироқ бизнинг хабаримиз борми-йўқми, стресс организмимизга таъсирини кўрсатмай қолмайди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, сурункали тарзда давом этган стресс иммун тизимига босим ўтказгани учун ҳам 90% касалликларнинг сабабчиси бўлиши мумкин.

Ҳа, бу гаплар муболағали туюлар. Бироқ буларнинг барчасини фақат бир киши тузатиши мумкин. Сиз!

Аллоҳ розилиги йўлида

Оналик ва бекаликнинг кундалик масъулиятлари ҳамда вазифалари орасида бизни энг кўп ўйлантирган, энг кўп кўнглимиз тўлмаган жиҳат – иймонимизга етарлича эътибор қарата олмаётганимиз, динимизга ўзимиз истаганча амал қилолмаётганимиз бўлса керак. Рамазонда рўза тутиш Аллоҳ таолонинг маърифатини ҳосил қилиш, турли маърифатлардан сақланиш томон бир восита сифатида фарз қилинган. Ўзимиз шундай тушкун ҳолда эканмиз, Рамазондан қандай қилиб унумли фойдаланишимиз мумкин? Бу борада энг муҳим бўлган, кўпчилигимиз билсак-да, гоҳо унутиб қўядиган нарсани сизларга эслатмоқчиман: ниятимизни тўғри қилсак, ҳар бир ҳаракатимиз – болажонларимизни таомлантиришимиз, кийинтиришмиз, уларга очиқ чеҳра билан қарашимиз ва ҳаттоки мизғиб олишимиз ҳам ибодатга айланади. Жумладан, ўзимиз ҳақимизда қайғуришимиз ҳам ибодат томон бир қадамдир.

Рамазон – дардимизга даво

Рамазонда ўзимизни ўтга-чўғга уриб, синиб қолишимизгача етиб бормаслигимиз керак. Бу ойда мукаммалликка эришаман, деб саломатлигимиз ва фаровонлигимизни йўқотмаслигимиз зарур. Ушбу муборак ой барчамиз муҳтож бўлган даводир. Тўғри фойдалансак, Рамазон бизга ҳаётимизнинг барча жабҳаларини изга туширишга ёрдам бериши мумкин.

Ўзингиз ҳақингизда қайғуришни бошланг. Уйқу келганда мизғиб олиш сизни «ёмон она» қилиб қўймайди. Рамазонда беҳоллик ва уйқусизликдан фарзандларингиз ҳамда оила аъзоларингизга ёмон муносабатда бўлишдан Аллоҳдан қўрқинг.

Ифтор пайтидан саҳар пайтигача жисмингизни нима билан озиқлантираётганингизга эътибор беринг. Танловни соғлом таомларга беринг ва зарарли маҳсулотлардан воз кечинг. Аллоҳ таоло сизга неъмат қилиб берган соғлом жисмингизни эҳтиёт қилинг.

Майли, айрим нарсалар оддийгина бўлсин. Дабдабали ифтор дастурхони билан ижтимоий тармоқлардаги гуруҳдошларингизга мақтанишингиз шарт эмас. Шунчаки барра мева ва сабзавотлардан ювиб, тез тайёр бўладиган оддий ва соғлом егулик тайёрласангиз ҳам кифоя қилади (бу борада интернет сизга тайёр дастёр).

6 ёшдан катта фарзандларингиз бўлса, уларга қиладиган ишларини жадвал қилиб беринг. Унга оддий кундалик уй ишларини ҳам киритинг. Сиз кичкинтойим деб юрган фарзандингизнинг қўлидан келадиган ишлар сизни ҳайрон қолдириши мумкин. Унга жадвал ёки график шаклида кундалик юмушларини чизиб берсангиз, уларни сизнинг эслатмангизсиз, осонроқ қила бошлаганини кўрасиз. Тез орада уйни фақатгина сиз йиғиштириб юрмайдиган бўласиз. Бундан ташқари, хўжайинингиз ва бошқа оила аъзоларингиздан ҳам ёрдам сўрашдан тортинманг.

Руҳий фаровонлик – ўзимиз ҳақимизда қайғуришнинг энг муҳим қисмидир. Намозлардан ташқари кунига камида ярим соат вақтингизни, албатта, мана шу мақсад учун сарфланг. Қуръон тиловат қилиш, тафсирини ўқиш, маъноларини тадаббур қилган ҳолда тинглаш каби машғулотлар руҳга энг яхши озуқадир. Бунинг учун тинч, ҳеч ким безовта қилмайдиган пайт ва жойни танланг.

Аллоҳ таоло бизни оналик ва бекалик мақомида турғизиб қўйган экан, уни гўзал тарзда адо этиш, албатта, бурчимиздир. Шу билан бирга бу масъулиятимизни яхшилаб бажариш учун ўзимиз ҳақимизда қайғуришни ҳам унутмаслигимиз лозим. Аллоҳ таоло барчамизга тавфиқ берсин!

Амал

Манба
Мавзуга оид мақолалар
 Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан юртимизда бўлиб ўтаётган Қуръон қироати давоми...

01:19 / 04.02.2018 2876
quotМен 50 йил умр кўрдим, дунёдаги жуда кўп мамлакатларни кезиб чиққанман, жуда кўп яхшиёмонларни кўрганман. давоми...

11:07 / 03.12.2022 3259
Аёл мўътабар зот китоби муаллифи Хадичаи Кубро аёлқизлар ўрта махсус Ислом билим юрти катта давоми...

12:49 / 11.12.2018 5247
Бу бўлим сайтимизда янги бўлиб, ундан сиз фарзанд тарбиясига оид саволларга жавоб олишингиз мумкин. давоми...

14:19 / 27.11.2016 3277