Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Рамазоннинг охирги ўн кунлигидамиз. Мен учун ҳозир бу ойни қандай ўтказаётганим ҳақида ўйлаб кўришнинг айни пайти.
Дўстларимдан бири: “Рамазонда ўзингни руҳан бошқача ҳис қиласанми?” дея сўради. Умуман олганда, ҳа! Мен ўзимни кўпроқ сокинликда ва хотиржамликда ҳис қиламан. Бунинг сабаблари кўп. Аввало, бу қисман мазкур ойда мен ўз иймонимнинг ҳолатига бошқа ойлардагидан кўра кўпроқ эътибор қаратишимга боғлиқ. Бошқа тарафдан, бу ойда мен ҳаётимнинг бошқа жабҳалари ҳақида ҳам қайта ўйлаб кўраман: мен учун нима муҳим (оила, дўстлар, муҳаббат) ва нима муҳим эмас (мавқе, обрў).
Бу Рамазонда мен ўзимни назорат қила олдим. Айниқса, бирор баҳсга (суҳбатга) қўшилишдан аввал ўйлаб иш қилдим – ҳақиқатдан ҳам шунга эҳтиёж борми ёки йўқми? Ижтимоий тармоқлардан фойдаланганим учун бунинг аҳамияти мен учун катта. Мен кўпроқ Твиттердан фойдаландим. Уйдан туриб ишлаганим учун ҳам мен кўп инсонлар билан кўриша олмайман, телефоним мени ташқи дунё билан алоқада таъминлайди. Экран ортидан туриб бирор нарсага тезгина жавоб қилиш осон. Бир неча марта танқид қилиш, бирор муҳокамага қўшилиш учун ёза бошладим. Бироқ мен ўзимни тўхтатиб, ўзимга савол бердим: “Ҳақиқатдан ҳам мен бирор нарса ёзишимга эҳтиёж борми?” Бу билан мен ўзимнинг анча кучимни сақлаб қолдим. Бу Рамазон менга ўз сўзларим, ҳаракатларим ва уларнинг оқибатларига нисбатан кўпроқ масъулиятни ҳис қилишга ўргатди. Бу мен билан кейинги Рамазонгача қолади, деб умид қиламан.
Шу ҳафта мен “Рамазон чодири” лойиҳасида ташкил қилинган ифторликда қатнашдим ва ўзим таниган-танимаган инсонларга таом улашдим. Лойиҳа Рамазон ойи давомида ҳар оқшом Лондонда турли тадбиркорлар ва бошқа ташкилотлар томонидан тақдим қилинадиган таомлар билан ифторликлар ўтказади. Ташкилий ишларни эса кўнгиллилар қилади. Унга бутун дунё бўйлаб турли ёшдаги мусулмон ва мусулмон бўлмаган кишилар келади. Талаба ҳам, амалдор ҳам, ёш ҳам, қари ҳам бирдек полда ўтириб, бир хил таом ейди. Бу ҳақиқатдан ҳам инсонларнинг тенглигини кўрсатади.
Ҳар йили Рамазондан оладиган сабоқларимдан яна бири – таомларга нисбатан муносабатимнинг ўзгаришидир. Мен таомни шунчаки инсоннинг асосий эҳтиёжларидан бири эмас, балки инсонларни бирлаштира оладиган куч сифатида кўра бошлайман.
Рамазоннинг охири яқинлашган сайин бу муборак ойнинг тугаётганига ишонгим келмайди. Мен ҳеч қачон Аллоҳнинг раҳматидан умидимни узмайман. Ушбу ойнинг менинг зараримга эмас, фойдамга бўлишини, Рамазон ойида муяссар бўлган нарсам бардавом бўлишини сўраб Аллоҳга дуо қиламан.