Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бундан 1441 йил аввал мусулмон оламида оламшумул воқеа бўлиб ўтган – Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага ҳижрат қилганлар.
Ҳижрат ҳақида
Бисмиллаҳир Роҳманир
Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло:
«Куфр келтирганларнинг сени қамаш, ўлдириш ёки чиқариб юбориш учун макр қилганларини эсла. Улар макр қилдилар ва Аллоҳ ҳам «макр» қилди. Аллоҳ «макр» қилгувчиларнинг энг яхшисидир», деган («Анфол» сураси, 30-оят).
Шарҳ: Қуръон ёки ҳадисда Аллоҳ таолога нисбатан «макр» лафзи ишлатилса, уни бандаларга нисбатан қўлланиладиган маънода тушунмаслик керак. Кофирлар ўзларича макр қилишга уринадилар, аммо Аллоҳ таоло уларнинг макрини йўққа чиқаради, макрларининг жазосини беради. Ана шу Аллоҳнинг «макри» бўлади.
Ушбу ояти каримадаги хитоб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган:
«Куфр келтирганларнинг сени қамаш, ўлдириш ёки чиқариб юбориш учун макр қилганларини эсла», деб ёдга солинаётган ҳодиса Маккада бўлиб ўтган.
Бу ҳақда имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтирадилар:
«Қурайш бир кеча Маккада машварат қилди. Кимдир «Эрталаб Муҳаммадни ушлаб, боғлаб қўйинглар», деди. Бошқалари эса «Йўқ, уни ўлдириш керак», дейишди. Баъзилари «Маккадан чиқариб юборинглар», деди.
Аллоҳ таоло Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга буни билдирди. Ҳазрати Али Расулуллоҳнинг тўшакларига кириб, ётди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Маккадан чиқиб, ғоргача етиб олдилар. Мушриклар Али розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деб ўйлаб, кечаси билан пойлаб чиқдилар. Эрталаб ёпирилиб кириб, Алини кўрганларида Аллоҳ уларнинг макрларини ўзларига қайтарди. Улар:
«Оғайнинг қани?» деб сўрадилар. Ҳазрати Али:
«Билмайман», деди.
Улар Расулуллоҳнинг изларидан ахтариб кетдилар. Тоққа етганларида адаштириб юбордилар. Тоғ тепасига чиқиб, ғор ёнидан ўтдилар. Fорнинг оғзида ўргимчак уясини кўриб:
«Агар у бу ерга кирганида, ўргимчак уяси бўлмас эди», деб, ўтиб кетдилар.
Расулуллоҳ ўша жойда уч кун қолдилар».
Аллоҳ таоло яна:
«Агар унга ёрдам бермасангиз, батаҳқиқ, куфр келтирганлар уни икки кишининг бири бўлган ҳолида чиқарганларида Аллоҳ унга нусрат берди. Улар икковлон ғорда турганларида, ҳамроҳига: «Маҳзун бўлма, албатта, Аллоҳ биз билан», деди. Бас, Аллоҳ унинг устидан Ўз сакинатини нозил қилди ва уни сиз кўрмаган лашкарлар билан қўллади. Куфр келтирганларнинг калимасини паст қилди. Аллоҳнинг калимаси эса, ўзи олийдир. Аллоҳ Азийз ва Ҳакиймдир»,деган(«Тавба» сураси, 40-оят).
Шарҳ: Эй мўминман деб юрганлар! Агар сиз бу сафар Пайғамбарга ёрдам бермасангиз, ҳечқиси йўқ. Аллоҳ Ўз Пайғамбарига ёрдам бериши турган гап. Кофирлар Маккада уни ўлдирмоқчи бўлиб, гапни бир жойга қўйганларида ҳам Аллоҳ унга нусрат берган. Кофирларнинг ёмон ниятларини Аллоҳ унга билдирган ва унга чиқиб кетишни амр қилган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ билан бирга ҳижратга чиққанлар. Мушриклар кўп эдилар, Аллоҳ Пайғамбарига ёрдам берган.
«Агар унга ёрдам бермасангиз, батаҳқиқ, куфр келтирганлар уни икки кишининг бири бўлган ҳолида чиқарганларида Аллоҳ унга нусрат берди».
Ўшанда Аллоҳ унга ёрдам бермаса, ҳеч ким ёрдам бера олмас эди. Мушриклар орқаларидан етиб келиб қолган эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шериклари Абу Бакр Сиддиқ у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга ёмонлик етишидан қўрқиб, «Агар мушриклардан бирортаси оёғи остига қараса, бизни кўриб қолади», деб титраб турар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эса хотиржам эдилар.
«...улар икковлон ғорда турганларида, ҳамроҳига: «Маҳзун бўлма, албатта, Аллоҳ биз билан», деди».
Бу Пайғамбаргагина хос бўлган хотиржамликдир. Чунки у Аллоҳнинг доимо ўзи билан бирга эканлигини сезиб туради.
«Бас, Аллоҳ унинг устидан Ўз сакинатини нозил қилди ва уни сиз кўрмаган лашкарлар билан қўллади».
Қуръони Каримда ҳижратга тарғиб қилувчи бир қанча оятлар бор. Ана ўша оятлардан бирини ўрганайлик.
«Ким Аллоҳнинг йўлида ҳижрат қилса, ер юзида кўпгина паноҳгоҳлар ва кенгчилик топадир. Ким уйидан Аллоҳ ва Унинг Расулига ҳижрат қилиб чиқса-ю, сўнгра унга ўлим етса, албатта, унинг ажри Аллоҳ зиммасига тушадир. Ва Аллоҳ Fофур ва Роҳиймдир» («Нисо» сураси, 100-оят).
Ушбу оятда ҳижрат қилишга тарғиб бор. Бу улуғ ишга кишиларни маънавий жиҳатдан тайёрлаш, кўнгилларига келиши мумкин бўлган баъзи хаёлларни кўтариш бор.
Ҳижрат
дину диёнатни деб, ватанни тарк этишдир. Кишилар ўзларича, ватандан узоқда
бўлган киши хавф-хатарда қолади, ризқ-рўзи қийилади, деган фикрда бўладилар.
Демак, улар тинчлик-
омонлик ва ризқ-рўзни яшаш жойига боғлиқ, деб тушунадилар. Бу эса мусулмонликка
ҳеч тўғри келмайдиган нотўғри фикрдир. Ана шу нотўғри фикрни кишилар хаёлидан
кўтариш учун ушбу оятда:
«Ким Аллоҳнинг йўлида ҳижрат қилса, ер юзида кўпгина паноҳгоҳлар ва кенгчилик топадир», дейилмоқда.
Аллоҳ таоло Ўзининг йўлида ҳижрат қилган бандасини ҳеч қачон чорасиз ҳолда ташлаб қўймайди. Унга хавф-хатарлардан асрайдиган паноҳгоҳлар ато қилади ва ризқини кенг қилиб қўяди. Кўпгина кишиларнинг ҳижратдан кейин олий даражаларга, кенг ризқларга эришгани тажрибадан маълум. Одамларни ҳижратдан тўсиб турадиган нарсалардан бири ўлимдан қўрқишдир. Аслида эса аввал ўтган оятларда таъкидланганидек, ўлим жой танламайди. Вақти-соати етганда муҳожир ҳам, муқим ҳам ўлаверади. Аммо у ўлим билан бу ўлимнинг фарқи бор. Муҳожирликда ўлиш бахтига нима етсин!
«Ким уйидан Аллоҳ ва Унинг Расулига ҳижрат қилиб чиқса-ю, сўнгра унга ўлим етса, албатта, унинг ажри Аллоҳ зиммасига тушадир. Ва Аллоҳ Fофур ва Роҳиймдир».
Бундан ортиқ яна нима керак? Соф ният билан йўлга чиқса бўлди. Муҳожирлар сафидан ўрин олади. Мабодо ажали етиб, йўлда ўлиб қолса, муҳожир сифатида ўлади. Шунинг учун фақат Аллоҳнинг йўлида ва Пайғамбарнинг йўлида ҳижратни ният қилиб чиқиш керак.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
«Ишлар ниятга боғлиқдир. Ҳар бир одамга ният қилгани берилади. Кимнинг ҳижратдан нияти Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Расулига бўлади. Кимнинг ҳижратдан нияти дунё учун бўлса, унга эришади ёки аёл учун бўлса, унга уйланади. Нима учун ҳижрат қилса, ўшанга етишади», деганлар.
2735. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Эсимни таниб, ота-онамни билибманки, икковларининг Ислом динини дин тутганларини биламан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизникига куннинг икки тарафи – эртаю кеч келмай қолган бирон бир кун ўтмаган. Мусулмонлар балога учраганларида Абу Бакр Ҳабашистон ерига ҳижрат қилмоқчи бўлиб, чиқди. У Баркул Fимодга етганда йўлида Ибн ад-Дуғунна учради. У Қоро қабиласининг улуғи эди. У:
«Қаёққа бормоқчисан, эй Абу Бакр?» деди.
«Мени қавмим қувиб чиқарди. Ер юзида кезиб юриб, Роббимга ибодат қилмоқчиман», деди у. Ибн ад-Дуғунна:
«Эй Абу Бакр, сен кабилар чиқмаслар ва чиқарилмаслар. Албатта, сен одамлар қилмаган яхшиликларни қиласан. Силаи раҳм қиласан. Заифга ёрдам берасан. Меҳмонга зиёфат берасан. (Ҳақ йўлида) фалокатга учраганларга ёрдам берасан. Мен сенинг кафилингман. Ортингга қайтиб, ўз юртингда Роббингга ибодат қилавер», деди. Бас, у қайтди. Ибн ад-Дуғунна ҳам у билан бирга борди. Ибн ад-Дуғунна кечқурун айланиб, Қурайш ашрофлари билан учрашди ва:
«Албатта, Абу Бакр кабилар чиқмаслар ва чиқарилмаслар. Одамлар қилмаган яхшиликларни қиладиган, силаи раҳм қиладиган, заифга ёрдам берадиган, меҳмонга зиёфат берадиган, (ҳақ йўлида) фалокатга учраганларга ёрдам берадиган бир одамни чиқарасизларми?!» деди. Қурайш Ибн ад-Дуғуннанинг кафиллигини ёлғонга чиқармади. Улар унга:
«Абу Бакрга айт, Роббига ўз уйида ибодат қилсин. У ерда хоҳлаганича намоз ўқиб, қироат қилсин. Бу билан бизга озор ҳам бермасин, уни ошкор ҳам қилмасин. Биз унинг аёлларимиз ва болаларимизни фитнага солишидан хавфсираймиз», дедилар.
Ибн ад-Дуғунна у гапларни Абу Бакрга етказди.
Шунга биноан, Абу Бакр Роббига ўз уйида ибодат қилиб турди. Намозини ошкора қилмади. Уйидан бошқа жойда қироат қилмади.
Кейин Абу Бакрда бир фикр туғилиб қолди. Бас, у ўз ҳовлисининг саҳнига масжид бино қилди. У ўша ерда намоз ўқир, қироат қилар эди. Мушрикларнинг аёллари ва болалари унинг олдида тўпланадиган бўлдилар. Улар унга назар солишар ва ундан ажабланар эдилар. Абу Бакр йиғлоқи одам бўлиб, Қуръон ўқиса, кўзларини тута олмас эди. Бу нарса мушриклардан Қурайш ашрофларини ташвишга солди. Улар Ибн ад-Дуғуннага одам юбордилар. У етиб келди. Улар унга:
«Биз Абу Бакрга кафил бўлишингга унинг Роббига ўз уйида ибодат қилиши шарти ила рози бўлган эдик. У ҳаддидан ошиб, ҳовлиси саҳнига масжид қуриб олди. Намоз ўқишни ва қироат қилишни ошкора қилди. Батаҳқиқ, биз унинг хотинларимиз ва болаларимизни фитнага солишидан қўрқиб қолдик. Сен уни қайтар. Агар Роббига ўз уйидагина ибодат қилишни истаса, қилаверсин. Агар бош тортадиган бўлса, кафиллигингни қайтариб беришини сўра. Албатта, биз сенга берилган аҳдни бузишни ёқтирмадик. Абу Бакрнинг ошкора қилишига иқрор бўлмаймиз», дедилар.
Ибн ад-Дуғунна Абу Бакрнинг олдига бориб:
«Сен учун келишган аҳдимни ўзинг биласан. Ёки ўшанга амал қил, ёки аҳдимни ўзимга қайтар. Албатта, араблар менинг бир одамга аҳд бериб туриб, аҳдим бузилгани ҳақида эшитишларини истамайман», деди.
«Мен сенинг кафиллигингни ўзингга қайтариб бераман ва Аллоҳ азза ва жалланинг кафиллигига рози бўламан», деди Абу Бакр унга.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша кунлари Маккада эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга:
«Менга ҳижрат диёрингиз – икки лава (улар – икки ҳарра (қора тошли майдон)дир) орасидаги хурмозор кўрсатилди» дедилар. Бас, Мадина томонга ҳижрат қилганлар ҳижрат қилди. Ҳабашистонга ҳижрат қилганлардан кўплари Мадинага қайтиб келдилар. Абу Бакр ҳам Мадина томон тайёргарлик кўрди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Сен шошилма. Мен ўзимга ҳам изн берилишининг умидидаман», дедилар. Абу Бакр:
«Ота-онам сизга фидо бўлсин. Шундай умид қилурмисиз?!» деди.
«Ҳа», дедилар у зот.
Бас, Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамроҳ бўлиш учун ўзини тутиб турди. Ўз ҳузуридаги икки уловни тўрт ойгача Самарнинг тўкилган барги ила парвариш қилди».
Шарҳ: «Баркул Fимод» – Яман томонга денгиз бўйлаб юрганда беш кунлик йўлда жойлашган диёр. «Самар» – акас дарахтининг бир тури.
2736. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тушимда Маккадан хурмоли ерга ҳижрат қилганимни кўрдим. Хаёлим Ямома ёки Ҳажарга кетди. Қарасам, у Мадийна (Ясриб) экан», дедилар»,
Иккисини Бухорий ривоят қилган.
2737. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бир куни ҳаво роса қизиган пайтда Абу Бакрнинг уйида ўтирган эдик. Биров Абу Бакрга:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларини ўраган ҳолларида келмоқдалар», деб қолди.
Одатда у зот бизникига бундай вақтда келмас эдилар. Шунда Абу Бакр:
«Ота-онам у зотга фидо бўлсин. Аллоҳга қасамки, у зотни бу соатда муҳим иш олиб келган бўлса керак», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, изн сўрадилар. У зотга изн берилди. У зот кирдилар ва Абу Бакрга:
«Олдингдагиларни ташқарига чиқар», дедилар.
«Отам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули. Булар ўз аҳлингиз, холос», деди.
«Менга чиқиш учун изн берилди», дедилар.
«Ҳамроҳликми? Отам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули», деди Абу Бакр.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳа», дедилар. Абу Бакр:
«Эй Аллоҳнинг Расули, анави икки уловимдан бирини олинг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўз баҳосига», дедилар».
Оиша айтади:
«Икковларини чиройли қилиб жиҳозладик. Бир қўйни қовуриб, мешга жойладик. Опам Асмо белбоғидан йиртиб, мешнинг оғзини боғлади. Шунинг учун у «Зотуннитоқ» – («Белбоғ соҳибаси») деб номланган. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Савр тоғидаги бир ғорга етиб бордилар. Унинг ичида уч кеча беркиниб ётдилар. Икковларининг олдиларида Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ҳам тунни бирга ўтказар эди. У ёш, зийрак ва уқувли эди. Уларнинг олдиларидан тонг қоронғусида чиқиб, тонгни Қурайшнинг ҳузурида, Маккада худди ўша ерда тунагандек отдирар эди. Уларга қарши уюштирилган макр-ҳийлани эшитиши билан фаҳмлаб олар ва зулмат тушиши билан олдиларига келиб, унинг хабарини етказар эди.
Абу Бакрнинг мавлоси Омир ибн Фуҳайра эса уларнинг устида қўй боқар эди. Хуфтон вақтидан бир оз ўтгач, у қўйларни қайтариб олиб кетар эди. Омир ғира-ширада у(қўй)ларни қичқириб, ҳайдагунча икковлари тузуккина таом – офтобда қиздирилган идишдаги қўй сути ила тунашар эдилар. У бу ишни мазкур уч кечанинг ҳар бирида қилар эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Бану Дийлдан бир моҳир кишини ижарага йўл бошловчи қилиб олдилар. У Осс ибн Воил ас-Саҳмийнинг аҳли ила аҳднома учун қўл ботирган эди. У Қурайш кофирлари динида эди. Икковлари унга ишонишди. Уловларини унга бериб, уч кечадан сўнг ғор (оғзи)да учрашишга келишишди. У учинчи кечанинг тонгида уловларни олиб, икковларининг олдиларига келди. Икковлари билан Омир ибн Фуҳайра ҳам юриб кетди. Йўл бошловчи пастқам йўлларни танлади».
Шарҳ: Йўл бошловчининг исми Абдуллоҳ ибн Урайқит эди. Ўша вақтда аҳдлашганда қўлни қонгами ёки бошқа бир рангли нарсагами, ботириб туриб, аҳдлашилар эди. Матндаги «аҳднома учун қўл ботирган эди» деган жумлада ўша маъно кўзда тутилган.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
(Ҳадис ва ҳаёт китобидан)