Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
“Тажрибаларим чўчқа гўшти, дудланган мойи ҳақиқатда саратон касаллигининг сабабчиси эканлигини исботлади. Дудланган мойда фақат холестерин моддасигина эмас, балки ўсиш гормони ҳам бўлиб, у саратон ҳужайрасини ривожлантиради. Ундаги биноприн моддаси эса саратонни келтириб чиқарувчи хавфли омилдир...
Чўчқа гўштидаги жуда заҳарли омиллардан бири гриппни келтириб чиқарувчи вирусдир. Бу вирус ёзни чўчқанинг ўпкасида ўтказади ва чўчқа гўштидан тайёрланган колбасаларда кўп бўлади. Кимки чўчқа гўштини ёки чўчқа ўпкасидан бир оз аралашган колбасани тановул қилса, ўша машъум вирусни ўз ичига олиб кирган бўлади...”
Хайз Хизиш Ровфиг
Чўчқа гўшти ва саломатлик
Бир неча йиллардан буён мендан чўчқа гўштининг
зарари, аниқроғи, чўчқа нуҳсини деб номланган заҳарли моддалар ҳақида
илмий-оммабоп мақола ёзишимни сўраб келардилар. Бу ишга кўп марта қўл урдиму,
лекин баҳснинг кенглиги ва вақтнинг камлигини ҳисобга олиб, аҳдимдан қайтдим.
Аниқроғи, журъатим етмади. Шунинг учун бу баҳсимда кўплаб мисоллар келтиролмадим
ва хулосаларимни жуда қисқа тарзда баён қилдим. Шундай бўлса-да, бу мўъжаз мақола
кишиларга таомлардаги заҳарли нарсаларни йўқотиш орқали соғлиқни қандай муҳофаза
этиш йўлларини кўрсатиб беради.
Менимча, чўчқа гўштидан сақланмай туриб, соғлиқни ҳеч қачон тиклаб бўлмайди.
Шу ўринда Европа маданиятига (цивилизациясига) асосий таъсир кўрсатган
маданиятлар (цивилизациялар) соҳибларига Мусо пайғамбар ва бошқа пайғамбар алайҳиссаломларни
ва хоссатан, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни эслаб ўтмоқ лозим. Уларнинг
рисолатлари (пайғамбарликлари) табиат қонунларига мувофиқ бўлган.
Яҳудий миллатига мансуб Яхве таълимоти
табиат қонунларига тўғри келади. Инсонга бу қонунлардан четга чиқиш жоиз эмас,
акс ҳолда, шубҳасиз, азобга учрайди.
Чўчқа гўшти ейишнинг хатарли эканлиги иссиқ минтақаларда ўтказилган тажрибаларда очиқ-ойдин кўринади. Бу Африкадаги мусулмон ўлкаларни Ғарбий маданиятга эргашган ўлкалар билан солиштириб кўрилганда очиқ-равшан бўлади. Бир хил иқлимда яшасалар-да, бу ҳолни Ҳимолай тоғларида истиқомат қилувчи қабилаларда ҳам кузатиш мумкин. Мусулмон қабилалар чўчқа гўштини истеъмол қилмайдилар ва саломатликлари ҳам яхши: улар кексайиб қолган пайтларида ҳам кўплаб экспедицияларда ишчи бўлиб ишлайдилар. Лекин водийнинг бошқа тарафида яшовчи, овқатланишда Ислом таълимотларига амал қилмайдиган Ҳанза қабилалари аъзолари маълум касалликлардан азоб чекадилар.
Ислом таълимоти асосида яшаётган кишиларнинг саломатликлари жуда яхши, ғарбий маданият асослари бўйича яшаётганлар бўлса, аксинча, чўчқа гўшти истеъмол қилиш натижасида келиб чиқадиган барча касалликлар билан оғрийдилар. Маълумки, чўчқа гўшти фақат яҳудий динидагина эмас, балки мусулмонларда ҳам батамом ҳаром қилинган. Баъзилар бу тақиқлаш дин уламолари тарафидан чўчқа гўштида бўладиган микроб ‒ «тарихина»дан сақланиш учун киритилган сиҳқий бир васила деб даъво қиладилар. Асл ҳақиқат ҳеч кимнинг хаёлига келмаган улкан бир тажрибада аён бўлади. Унда кўпгина табиб биродарлар иштирок этишган.
Иккинчи жаҳон уруши пайтида, генерал Румел
бошчилигида Шимолий Африкага қилинган ҳарбий юриш даврида, немис аскарлари
ичида “иссиқ
минтақалар яллиғланиши” деб номланган
касаллик кўпайиб кетди. Бу касалга дучор бўлган аскарларнинг болдирларига яра
чиқиб, юролмай қолардилар. Уларни аскарий касалхоналарда узоқ вақт даволашга ва
ҳатто мўътадил минтақаларга юборишга мажбур бўлишарди. Кўрилган чоралар натижа
бермагандан сўнг баъзилар яра чиқишининг сабаби аскарларнинг овқатида бўлса
керак, деган фикрга келишди. Чунки маҳаллий араблар бу касалга мутлақо
чалинмасдилар. Шундай қилиб, аскарларнинг овқати чўчқа гўштидан холи, ерлик
мусулмон аҳолининг овқатига ўхшаш қилинди. Натижада яра чиқиши батамом йўқолди.
Урушдан аввал ҳам чўчқа гўштининг нақадар заҳарли эканини билардим. Лекин бу нарса янги чўчқа гўштидан тайёрланган турли овқатларгагина тааллуқли; тузланган, дудланган ва колбаса қилинганларининг зарари йўқ, деб ўйлардим. Янги чўчқа гўштидан тайёрланган овқатлар, одатда, ошқозон-ичак йўлларининг яллиғланиши, тиф, ўткир экзема, яра чиқиши ва бошқа кўплаб оғир касалликларни келтириб чиқарар эди.
Ўша пайтда қуритилган чўчқа гўшти ёки ёғидан тайёрланган таомлар касалликларга сабаб бўлишини англай олмаган эканман.
Лекин кутилмаган бир тажриба фикримни батамом ўзгартириб юборди. Уруш давомида ва ундан кейинги йилларда ҳам немис халқининг соғлиғи яхши эди. Ўша пайтларда немислар ичида тўйиб овқат ейдигани кам эди, чўчқа гўшти йўқ эди. Ёғ жуда оз тарқатиларди. Қанд эса аҳён-аҳёндагина учрарди. Донлардан тайёрланадиган овқатлар, нон, хамирли нарсалар, шунингдек, сабзи ва кўкларни эса ҳарҳолда топиш мумкин эди.
Ўша пайтларда кўричакнинг яллиғланиши, ўт пуфагининг касалликлари ҳали илмга маълум эмасди. Шунингдек, ревматизм (бод), умуртқа суякларидаги касалликлар деярли батамом йўқолиб кетганди. Юрак клапан(найча)ларининг тўсилиб қолиши, атеросклероз, қон босимининг ортиши каби хасталиклар ҳам камайганди.
1948 йилдан сўнг бу ҳолат бошдан-оёқ, батамом ўзгариб кетди. Иқтисодий ислоҳот ўтказилиб, чўчқа гўшти, хусусан, ёғи кўпайди ва янгитдан кўричак, ўт пуфагининг яллиғланиши, ўт пуфак касалликлари, турли ўсимталарнинг пайдо бўлиши каби оғир касалликлар юзага келди. Даволаш учун ишлатилган кимёвий дорилар натижасида кўплаб бошқа хасталиклар ҳам келиб чиқди. Энг даҳшатлиси, саратон (рак) касаллиги кўпайиб кетди, авваллари соғ-саломат юрган кишилар 60-70 ёшларида ошқозон касалликларига чалиндилар. Аён бўлишича, бу ҳолнинг сабаби қизилўнгач, ошқозон ва ичак йўлларининг саратонга йўлиққанида экан. Тадқиқотлар давомида тинимсиз урчиётган хасталанишнинг бош айбдори заҳарланиш эканлигини аниқладим.
Бу ҳақда инсон учун зарарли моддалар ҳақидаги биринчи мақоламда ёзган эдим. Йиллар ўтгач, тажрибалар давомида бўғинларнинг яллиғланиши, унга тааллуқли касалликлар ва бошқа кўпгина шунга ўхшаш беморликларнинг асосий сабаби чўчқа гўшти тановул қилиш эканлиги маълум бўлди.
Шунингдек, бу гўштни ейиш бошқа кўпгина дардларни ҳам
келтириб чиқариши ойдинлашди. Аёлларнинг таносил аъзоларидан келадиган чиқиндиларнинг
кўпайиши, қулоқнинг, эски жароҳатлар, шунингдек, синган жойларнинг йиринглаши
ва бошқалар шулар жумласидандир. Бундай касалликка чалинган кишилар чўчқа
гўштини истеъмол этишдан батамом ўзларини тиймагунларига қадар дори-дармон
таъсир қилмайди.
Аввал-бошда бу мулоҳазаларимнинг тўғрилигига шубҳа билан қарардим, бирёқлама қараш
ёки бошқа хатолар туфайли келиб чиққан бўлса керак, деб ўйлардим. Шунинг учун ҳам
ҳайвонларда ўтказиладиган тажриба пайтида одатдагидан кўра қаттиқроқ шартлар қўярдим.
Мулоҳазаларимнинг тўғрилигини текшириб кўриш учун ўттизта катта шиша идишга оқ
сичқонларни жойлаштириб, уларга турли овқатлар бериб, тажриба ўтказдим.
Натижаларни 1955 йилда чоп қилинган китобимда ёзганман. Чўчқа гўшти бериб боқилган
сичқонлар бир-бирларини ейишга мойил бўлиб ўсди. Маълум муддат ўтгач, сичқонларнинг
кўпчилиги саратон касалига йўлиқди. Шунингдек, бошқа тери касалликларига ҳам
дучор бўлишди. Оддий овқат еган сичқонлар эса саратонга ҳам, бошқа хатарли
касалликка ҳам дучор бўлмади. Шунингдек, уларда бир-бирини ейишга мойиллик ҳам
кузатилмади.
Айтиб ўтмоқчиманки, бу ҳақда бошқа бир қанча олимлар ҳам
ёзган эдилар. Шунингдек, чўчқа гўштини боксер турига мансуб итларга мутлақо
бериб бўлмаслигини билдим. Акс ҳолда, албатта қўтир ва бошқа тери
касалликларига йўлиқади. Худди шу нарса цирк ҳайвонларига, хусусан, арслон ва қоnлонларга
ҳам тегишли бўлиб, уларга чўчқа гўшти бериш мумкин эмас, йўқса семириб, тез ҳаракатлана
олмай қоладилар, қон босимлари ошиб, бурунлари қонайди ва ниҳоят, ҳалок
бўлишади.
Дарё балиқларини боқувчи бир танишим агар балиқларга майдаланган чўчқа гўшти
берилса, бир неча кунда барчаси қирилиб битишини айтган эди.
1948 йили шифохонамдаги беморларни даволаш жараёнида кишини даҳшатга соладиган маълумотлар тўплашга эришдим. Улар ўткир ва сурункали дардларга чалинган кишилар эди. Инсоннинг заҳарланиши ҳақидаги илмга суяниб, мазкур маълумотларни тартибга солишга муяссар бўлдим.
Чўчқа гўшти инсон учун заҳарлидир ва шу заҳар сабабидан жисмда ўзгаришлар бўлиб, киши турли касалликларга чалинади. Агар тиббий адабиётларда келтирилган натижаларга қарасак, чўчқа гўштидаги кўпгина моддалар инсонни заҳарловчи ва соғлигига путур етказувчи тоифага мансуб бўлиб чиқади. Бу моддаларни чўчқа гўштидаги заҳарлар деб номлашимиз ҳам мумкин.
Маълумки, инсон ёки ҳайвон истеъмол қилган ёғ жисмда асл ҳолида йиғилади. Мисол учун, итга қўчқор ёғи берилса, шу ёғ унинг жисмида тўпланади. Устига-устак, қонда ҳам ёғ нисбати кўпаяди. Бу эса қон босимининг ортишига, юрак томирларининг сиқилишига олиб келади.
Кейинчалик ёғли овқатнинг бу борадаги катта зарарини кашф қилдим. Профессор Ҳавс ўз китобида ёғнинг жисмга зарари ҳақида батафсил сўзлаб, айниқса чарчаш, ҳориш каби бошқа омиллар қўшилса, ўлимга олиб келувчи хатарли касалликлар келиб чиқишини айтган эди. Бу борада чўчқа ёғи энг хатарли эканини таъкидлаб ўтмоқ лозим. Франкфуртлик профессор Фанд қон томирларининг қотиши, қанд касаллиги, қоннинг бузилиши каби касалликларнинг асосий сабабини балғам моддаси ҳосил қилувчи ёғлардан деб билади. Балғам ҳосил қилувчи модда эса чўчқада бўлади.
Чўчқа
гўштидаги зарарли моддалар
Чўчқа гўшти ва бошқа гўштлар орасидаги фарқ ҳақида ўзимга ўзим савол берардим. Бу ҳақдаги илмий ишларни топиш қийин, борлари эса керакли талабга жавоб бермас эди. Шунга қарамасдан, қуйидаги натижаларга эришдим:
1. Чўчқа гўшти жуда ёғли. Ҳатто ёғсиз бўлиб кўринган бўлаклари анчагина ёғни ўз ичига олади. Чунки чўчқа гўштида, бошқа гўштлардан, жумладан, қӯй ва мол гўштидан фарқли ўлароқ, тўқималарида жуда кўп ёғ бор. Бошқа ҳайвонларнинг чарвиси эса алоҳида ажраган ҳолда бўлади. Фақат баъзи қари молларнинг гўштида озгина ёғ бўлиши мумкин. Чўчқа гўштида ёғ нисбати, аввал айтганимиздек, ниҳоятда юқори. Буни бир парча чўчқа гўшти қизиб турган товага ташлаш билан мулоҳаза қилиш мумкин, шунда гӯштдан дарҳол ёғ ажраб чиқади ва уни қовуради. Ёғнинг каллорияси бошқа моддаларнинг каллориясидан бир неча марта ортиқ бўлгани учун жисмда ёғ кўп тўпланади. Бу эса ўз навбатида чўчқа гўшти ейдиган кишиларда ўта семизликни келтириб чиқаради.
2. Ёғда доим холестерин бўлади. Бу модда қонда кўпайса, уни бузади, бу эса ўз навбатида қон босимининг ошишига ва қон томирларининг торайишига олиб келади. Бунга бошқа омиллар қўшилса, юрак клапанларининг тўсилишига ва юрак қон томирларининг торайишига сабаб бўлади. Мазкур омиллардан бири никотин моддасидир. Профессор Pyфуннинг таъкидлашича, холестерин моддаси саратонга чалинган тўқималарда кўп учрайди.
3. Бирлаштирувчи тўқималардаги фосфорли моддалар
кўпгина дардларга сабаб бўлади ва ҳар хил касалликларни келтириб чиқаради. Чўчқа
гўштида
мазкур моддалар тўқималарда ёпишқоқликни кучайтиради ва улардаги ёғ билан
бирлашиб, хатарга айланади. Шунинг учун ҳам чўчқа гўштини мунтазам истеъмол қилувчиларда
бирлаштирувчи тўқималар шишиб кетади, натижада улар худди ўпкадек, сувни симира
бошлайди. Ёпишқоқ моддалар пайларда, бўғинларда, кемирчак ва бошқа жойларда йиғилиб
қолади ҳамда ревматизм (бод), бўғин касалликлари, яллиғланиш, умуртқа поғонаси
хасталиклари ва бошқа дардларга сабаб бўлади. Чунки инсоннинг бирлаштирувчи тўқималари
қаттиқ моддалардан иборат бўлиб, чўчқа гўшти истеъмол қилиши туфайли у юмшайди
ва қаршилик кўрсатиш қудратини йўқотади. Шу ўринда профессор Пьер ўтказган
илмий текширишларга ишора қилиб ўтиш жуда ўринли деб ўйлайман. У тажриба
ўтказилаётган ҳайвонларга фосфордан укол қилганида, уларнинг жисми фосфор тўқималарини
ўзида тўплаган, натижада кемирчакларда фосфор камайган ва уларнинг мустаҳкамлиги
зиёда бўлган. Шундан кўринадики, фосфор йиғиндиси фақат асосда марказлашади,
яъни жисмда тўпланади. Маълумки, кемирчакнинг қаршилик кўрсатиш қуввати фосфор
камайганда кўпаяди. Чўчқа гўштида бўлса фосфор нисбати жуда ҳам кўп.
Гўштларнинг сасишини қиёслаш учун ўтказилган тажрибалар чўчқа гўштида фосфор кўплигини равшан кўрсатади. Гўштнинг ачиш (сасиш) даврида фосфор ажраб, бузуқ водород чиқади, бу эса ниҳоятда ёмон ҳидли газдир. Чўчқа, мол ва қўй гўштлари билан тажриба ўтказилганда қўй гўштида фосфор жуда оз эканлиги аниқланди. Чўчқа гўшти солинган идишлар маҳкам беркитилган бўлишига қарамай, чиқаётган ҳиднинг сассиқлиги ниҳоятда кучли бўлганидан, уларни тажриба хоналаридан олиб чиқиб ташлашга тўғри келди. Мол гўшти аввал-бошда бир оз ачиди, лекин ундан чўчқа гўштидан чиққан ҳид чиқмади. Қўй гўшти бўлса уч ҳафта давомида салгина айниди, холос.
Германиянинг Геденбург шаҳрида ишловчи профессор Литри тўқималарнинг сиртдан янгиланиш жараёнини ҳайвонларда тажриба қилиб кўрган. У ўз тажрибасида тўқималар, аъзолар ва безлардан намуналар ишлатган. Бу тажрибалар ҳужайралар жисмга сингганидан сўнг, кўпинча биологик жиҳатдан ўзи қаерга оид бўлса, ўша ерга интилишини кўрсатди.
Бу нарсани мен ўз шифохонамдаги кашфиётларим билан тасдиқлаш имкониятига эгаман. Чўчқанинг елка қисми ёғини истеъмол қилган касалларнинг елкасида ёғ тўпламлари ҳосил бўлади. Чўчқанинг қорнидаги ёғни кўп еганларнинг эса қорин қисмида ёғ тўпланади. Чўчқанинг сонидан кўп истеъмол қилганларнинг сонлари бузилиб, хунук бўлиб кетади, бу айниқса аёлларда яққол сезилади.
Чўчқа гўштининг бундан бошқа хатарлари ҳам кўп бўлиб, улардан баъзиларини айтиб ўтмоғимиз лозим. Чўчқа гўштида ўсиш гормони бўлиб, у шамоллашлар ва тўқималар шишишининг асосий омилидир. Гоҳида у инсон жағи ва қўл-оёқларининг шишиб кетишига, шунингдек, ортиқча семизлик ва зиёда ўсиш, хоссатан, саратон касаллигига дучор бўлган аъзоларнинг катталашувига сабаб бўлади.
Шундай қилиб, молиявий ислоҳотдан сўнг бевосита саратон касаллигига дучор бўлганлар олтмиш-етмиш ёшларда бўлиб, улар ҳар куни дудланган чўчқа мойини нонга суркаб еганлар. Ҳайвонларда олиб борган тажрибаларим чўчқанинг дудланган мойи ҳақиқатда саратон касаллигининг сабабчиси эканлигини исботлади. Бу мойда фақат холестерин моддасигина эмас, балки ўсиш гормони ҳам бўлиб, у саратон ҳужайрасини ривожлантиради. Ундаги биноприн моддаси эса саратонни келтириб чиқарувчи хавфли омилдир. Чўчқа гўшти гестиямин моддасидан келиб чиқувчи қўтир касаллигининг ҳам сабабчисидир, шунингдек, кўричак ва вена (шоҳ томир)нинг яллиғланиши, сафро касаллиги, терининг йиринглаши, экзема ва бошқа касалликларни ҳам пайдо қилади.
Молиявий ислоҳотдан сўнг бир неча марта сурункали қичима дардига чалинган беморларни даволадим. Касал болалар одатдаги муолажа билан тезда шифо топдилар. Аммо катта ёшдаги кишиларда эса чўчқа гўшти еганлари ҳамоноқ касаллик қайталанаверарди. Ҳақиқатда, шифо фақат бемор ўзини чўчқа гўштидан тийгандагина, шу жумладан, колбасанинг барча турларидан, ҳатто чўчқа гўштисиз, унинг мойидан бир оз қўшилганларидан ҳам мутлақо истеъмол қилмай қўйгандагина кўнгилдагидек бўлди.
Тажрибалар яна шуни кўрсатдики, гистиямин моддаси қоринда жароҳат пайдо қилади, қичимага, яллиғланишларга, аллергия, нафаснинг сиқилиши, бурун яллиғланиши, юрак уриши маромининг бузилиши, ҳатто унинг йўлларининг тўсилишига ҳам сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам мазкур хасталикларга йўлиққанлар учун чўчқа гўшти ман қилинади.
Чўчқа гўштининг бошқа зарарлари ҳам кўп, улар чўчқа қонининг
қотиши туфайли келиб чиқади. Мазкур ҳолатларга оид илмий текширишлар ҳали
охирига етгани йўқ. Бу омиллар: ўсимталар, ҳужайралардаги бесаранжомлик, турли
шаклдаги микроблар, қизил қон пуфакчаларининг кўплаб жамланиб қолиши ва бошқалардир.
Ҳозиргача бу моддаларнинг бир-бири билан алоқаси ва уларнинг вазифаси маълум
бўлгани йўқ. Совет олими Сперинскийнинг текширишича, улар ё саратонни келтириб
чиқарувчи, ё шу касаллик билан пайдо бўлувчи аломатлардир.
Нима бўлишидан қатъи назар, чўчқа қонида микроблар туғдирувчи модда
заррачаларининг мажмуалари кўпдир. Улар янги назарияларга кўра ҳужайралардаги
модда заррачалари бўлиб, касал ҳужайралардан ёки ўлаётган модда заррачаларидан
ўтган бўлади.
Чўчқа гўштидаги жуда заҳарли омиллардан бири гриппни келтириб чиқарувчи вирусдир. Лондон шаҳридаги вирусларни текшириш институтининг профессори Шуб жанобларининг тасдиқлашларича, бу вирус ёзни чўчқанинг ўпкасида ўтказади ва чўчқа гўштидан тайёрланган колбасаларда кўп бўлади. Кимки чўчқа гўштини ёки чўчқа ўпкасидан бир оз аралашган колбасани тановул қилса, ўша машъум вирусни ўз ичига олиб кирган бўлади. Профессор Литри бу вирусни яхшилаб ўрганган. Унинг айтишича, вирус инсон жисмида чўчқа жисмидагига ўхшаш жойни қидиради ва оқибатда унинг ўпкасига бориб жойлашади. Қиш охирлаб, жисм заифлашиб, витаминлар озайган пайтни пойлаб туриб, кўпайишни бошлайди ва шу вақтда грипп эпидемияси тарқайди. Бу эпидемиянинг тарқалишига касаллик юқишидан кўра кўпроқ, чўчқа гўштини тановул қилиш оқибатида жисмда ўрнашиб қолган вирус сабаб бўлади.
Шайх Муҳаммад Содиқ МУҲАММАД ЮСУФ раҳимаҳуллоҳ таржима қилган.
“Шарқ юлдузи” журналининг 1991 йил 3-сонидан олинди.