Қиш мўминнинг баҳори ва муслимнинг ғаниматидир!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қиш ойлари ўзининг салқинлиги, кечалари узоқ давом этиши, кундузлари қисқалиги билан ибодатга кўнгил қўйган ихлосли мўмин-мусулмонлар учун ғанимат ҳисобланади. Мўмин-мусулмон қишнинг тунларида уйқудан қониб туриб, саҳарларда ибодат қилади. Таҳажжуд намозларини ўқишга одатланади. Қазо намозларини ўқиб олишга ҳаракат қилади. Саҳарликларга туриб, рўза тута бошлайди. Чунки қишнинг кундузлари қисқа бўлгани боис рўза тутиш осонлашади. Ёзнинг қайноқ кунларида Рамазон рўзасини тута олмаган бўлса, уни кейинги Рамазонгача қиш кунларида тутиб бергани маъқул. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам марҳамат қилганлар:

الغنيمة الباردة الصوم فى الشتاء

“Қиш кунидаги рўза қийинчиликсиз топиладиган роҳатли ғаниматдир” (Термизий, 3/797; Байҳақий, 2/8717; Ибн Хузайма, 3/2145; Аҳмад, 4/18979; Ибн Абу Шайба, 3/9834; Табароний, "ал-Мўъжам ас-сағир", 1/716).

Имом ал-Муновий раҳматуллоҳи алайҳ ҳадисда тилга олинган "борида" сўзини луғатда "салқин" маъноси бўлса-да, араблар уни қийинчиликсиз топиладиган нарсаларга, осон битадиган ишларга нисбатан айтишларини зикр қилган. 

Қишнинг ғаниматлик сабабини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай изоҳлаганлар:

أَمَّا نَهَارُهُ فَقَصِيرٌ، وَأَمَّا لَيْلُهُ فَطَوِيل

"Қишнинг кундузлари қисқа, кечалари эса узундир" (Байҳақий, "Шуаб ал-имон", 5/3656).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳам қишда рўза тутишни ғанимат деб билган:

قَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ : أَلاَ أَدُلُّكُمْ عَلَى الْغَنِيمَةِ الْبَارِدَةِ قَالَ قُلْنَا : وَمَا ذَلِكَ يَا أَبَا هُرَيْرَةَ؟ قَالَ : الصَّوْمُ فِى الشِّتَاءِ.

"Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: "Сизларни осон ғаниматга далолат қилайми?" деди. Биз: "Бу қандай ғанимат?" дедик. У эса: "Қишда рўза тутиш" деб жавоб қилди" (Байҳақий, 2/8718). 

Ғаниматнинг қандайлиги борасида Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳудан сўралганда, у бундай жавоб берган:

قال : فما الغنيمة ؟ قال : الرغبة في التقوى والزهادة في الدنيا هي الغنيمة الباردة

"Ғанимат нима?" деб сўради. У: "Тақвога рағбат, дунёда зоҳидлик – у осон топиладиган ғаниматдир", деди" (Табароний, 3/2688).

Тақводор ва ибодатга бўйсунганлар қиш кунларини ғанимат билиб келганлар. Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: الشِّتَاءُ غَنِيمَةُ العَابِد – "Қиш обиднинг ғаниматидир!" деган (Ибн Абу Шайба, 3/9835).

Тобеъинларнинг улуғларидан Убайд ибн Умайр раҳматуллоҳи алайҳ эса қиш келганида шогирд ва мухлисларига бундай дер экан:

عَنْ عُبَيْدِ بْنِ عُمَيْرٍ، قَالَ: كَانَ يَقُولُ إذَا جَاءَ الشِّتَاءُ: يَا أَهْلَ الْقُرْآنِ طَالَ اللَّيْلُ لِصَلاَتِكُمْ، وَقَصُرَ النَّهَارُ لِصِيَامِكُمْ فَاغْتَنِمُوا

"Эй Қуръон аҳли! Намозларингиз учун кечалари узун бўляпти, рўзаларингиз учун кундузлари қисқа бўлмоқда. Шунинг учун бу кунларни ғанимат билингиз!" (Ибн Абу Шайба, 3/9836).

Ҳа, Қуръон аҳлига мурожаат қилинишидан, Аллоҳнинг Қуръонини ёдлаётган қорилар қиш кунларида, айниқса, ғайрат кўрсатмоқлари кераклиги англашилади. Тўйиб ухлаб олгандан кейин, тунлари, Аллоҳнинг раҳмати жўш урадиган айни саҳар вақтлари Қуръонни такрор-такрор хатм қилишни ғанимат билишлари лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қиш кунлари бомдод ва пешинни эртароқ бошлар ва қироатни узун қилиб саҳобаларни Қуръон оятларидан баҳраманд қилар эдилар. Қиш тунлари узун бўлгани боис кечалари туриб, қазо намозларини ўқишга ҳаракат қилган маъқул. Мўмин-мусулмонларнинг адо қилмасдан ўтказиб юборилган қазолари ўқилмаса, уларнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Қазодан ва қарздан ўқиб ёки тутиб ёхуд бериб қутилиш мумкин, холос.

Рамазон рўзасини тута олмаса, кейинги Рамазон келгунча қазосини тутиб бериши керак. Ҳанбалий мазҳабида агар кейинги Рамазонгача қазосини тута олмаса, унинг қазоси билан бирга қўшимча равишда моддий каффорат ҳам тўлаб берилади. Ҳанафий мазҳабига кўра, унга қазодан бошқа нарсалар (каффорат ва фидя) лозим эмас. Каффорат Рамазон рўзасини фақат қасддан бузганга лозим, фидя эса қари чол-кампирлар учун берилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиш кунларини айнан рўза учун ғанимат эканлигини айтганлар. Демак, бу кунларни фақат дунёвий ишлар билан ўтказиб юбормаслик лозим. Айниқса, нафл рўзаларни ғанимат билиш керак.

Тобеъинлардан Ато раҳматуллоҳи алайҳдан: “Арафа куни рўза тутасизми?” деб сўрашганда, "Ёзда бўлса, рўза тутмайман. Арафа қишда келса, албатта рўза тутаман!" деб жавоб берган экан (Абдурраззоқ, 4/7822).

Қиш кунларида ташқарида таҳорат қилинадиган бўлса, унга алоҳида эътиборли бўлиб, фарзу суннат ва мустаҳабларини мукаммал қилишга ҳаракат қилмоқ керак. Чунки бунинг ҳам алоҳида савоби бор. Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васаллам олти хислатни хайрли деб, улар орасида ушбу: حسن الوضوء في أيام الشتاء – "Қиш кунларида таҳоратни гўзал қилиш"ни санаганлар (Байҳақий, "Шуаб ал-имон", 3/2755).

Ҳадиси шарифларда, айниқса қиш кунлари инсонларнинг қалблари юмшаши зикр қилинган:

قلوب ابن آدم تلين في الشتاء، وذلك لأن الله تعالى خلق آدم من طين، والطين يلين في الشتاء

"Одам болаларининг қалблари қишда юмшайди. Шундай, чунки Аллоҳ таоло Одамни тупроқдан яратган. Тупроқ эса қишда юмшайди" (Суютий, "ал-Жомеъ ас-сағир", 3/6149; ал-Муттақий, "Канз ал-уммол", 19/35211).

Демак, қалблар юмшаган кунларда мўминлар бир-бирларига мулойим бўлишлари, меҳр-шафқат кўрсатишлари, гина-кудуратларни йўқотишлари керак бўларкан. Қиш кунларида қазо ва нафл рўзаларини тутаётганларга ифторлик берилса, ифтор берувчининг савоблари кўпайишига сабаб бўлади. Қиш кечаларида қазо ва нафл намозларни ўқиётган ихлосли мўмин-мусулмонларга хайр-эҳсонлар бериб, уларнинг кўнгилларини овлаш ҳам хайрли амаллардандир. 

Қиш кунларининг кечалари узун бўлгани боис унинг совуғи ва машаққатлари ибодатга кўнгил қўйган мўминларга баҳор янглиғ ёқимли бўлгусидир:

الشتاء ربيع المؤمن : قصر نهاره فصام ، وطال ليله فقام

"Қиш мўминнинг баҳоридир. Кундузлари қисқалиги учун рўза тутади, кечалари узун бўлгани учун туриб намоз ўқийди" (Аҳмад, 3/11734; Абу Яъло, 2/1386; Байҳақий, "Шуаб ал-имон", 3/3940).

Демак, қиш кунларини мўмин-мусулмонлар ғанимат билиб, баҳор янглиғ хушнудлик ила ибодатлар ва хайрли амаллар ила ўтказсалар, қиш қандай ҳам соз ўтарди!

Ҳамидуллоҳ Беруний

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
ТУҒАДИГАН КИМ ТУҒАДИГАН КИМ Иккинчи мактуб ОИЛА фарзандлардан бошланади. Александр ГЕРЦЕН Ассалому давоми...

09:28 / 24.03.2017 3733
  «Закот» сўзи луғатда «поклик» ва «ўсиш» деган маъноларни билдиради. Закот берган кишининг моли давоми...

13:45 / 04.06.2017 4385
Одам Ато ва Момо Ҳаво яратилган вақтлардан бошлаб қанчадан қанча оилалар вужудга келган. Аммо қайси оила давоми...

22:52 / 02.02.2017 6531
Тўртинчи ҳикояquotҲар куни мактабда тушлик қилиши учун ўғлимга пул бераман. Баъзи кунлари пул бераётиб Агар давоми...

22:33 / 08.08.2023 2450