Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Опамнинг қайноталари – Абдумусо қуда бувамиз 2015 йили аёллари билан бирга умра ибодатини адо этиб келишди. Одатга кўра биз оиламиз билан уларни зиёрат қилгани бордик. Анча суҳбатлашиб ўтирдик. Ҳожи бува умра таассуротларини шу қадар завқ билан ҳикоя қилиб берар эдиларки, ҳар бир воқеа-ҳодиса худди унга ўзим гувоҳ бўлгандек кўз олдимда намоён бўлар, Аллоҳ ана шу муборак заминга менинг ҳам қадамларимни етказиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаларини зиёрат қилиш менга ҳам насиб этиши ҳақидаги хоҳиш-истагим, орзуим янада кучайиб борарди.
Қуда бувамизнинг ана шу ҳикояларидан бирини сиз азизлар билан баҳам кўргим келди.
«Умрага шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг
куёвлари Абдулбосит қори билан бир гуруҳда борган эканмиз. Мен илмли, одобли,
камтар, камсуқум бу йигит билан бир неча марта суҳбатда бўлдим, баъзи
саволларимга чиройли жавоблар олдим. Кейин билсам, у киши зиёратга
оналари билан бирга борган эканлар. Уларнинг оиласини яқиндан билган
биродарларимдан Абдулбоситнинг оналари ниҳоятда илмли экани, бизнинг диёрларда
фиқҳ илми бобида бу аёлга тенглашадигани йўқлиги, ҳатто бошқа давлатлардан ҳам
у кишига масала сўраб мурожаат қилишлари ҳақида эшитиб, жуда ҳавасим келди. Қалбимнинг
туб-тубида у кишини бир марта бўлса ҳам кўриш нияти пайдо бўлди. Орадан бир
неча кун ўтиб, бу олима аёлни кўриш, бир оғиз суҳбатлашиш ҳам насиб этди.
Биз билан бирга саксон ёшдан ўтган бир ҳожи она ҳам умра зиёратига борган эди.
Маккаи Мукаррамага боргандан сўнг ўша онахоннинг мазаси бўлмай қолди. Мен
ходимлар билан гаплашиб, ибодатларни адо этиши учун у кишига аравача олиб
бердим. Орадан уч-тўрт кун ўтиб, қуда холангиз билан ҳожи онадан хабар олиш
учун бордик. У киши тушкун ҳолатда ўтирар, кайфияти йўқ эди.
Маълумки, бошқа ибодатлар каби умра ибодатининг ҳам ҳар бир рукни тартиб бўйича, ўз ўрнида, буюрилган жойда амалга оширилиши шарт. Ҳожи она ўша аравачада Каъбани тавоф қилибдилар, замзам сувидан ичибдилар, икки ракъат намоз ўқибдилар, саъй қилибдилар. Бироқ хоналарига келганларидан кейин соч қисқартириш амалини бажармаганлари ёдларига тушибди. Шунинг учун онахон куйиниб, энди нима қилишни, бу ҳолатнинг ечимини кимдан сўрашни билмай ўтирган эканлар. Мен хатога йўл қўйилганини, бунинг қандайдир каффорати борлигини билардим. Лекин онахонга ачинганимдан, унинг кўнглини кўтара бошладим: «Сиз шу ёшда умра қилиш учун келганингизнинг ўзи катта гап. Яна касал ҳолингизда рукнларни бажардингиз. Бу хатоингиз узрли. Худо хоҳласа, умрангиз қабул бўлди, онахон…»
Мен шу гапларни айтдим-у, тилимни тишладим. «Фатво беришга менинг нима ҳаққим бор? Ахир бу ерда мендан бир неча баробар илмли кишилар бор-ку!» дедим-да, Абдулбосит қорига бориб, бўлган воқеани айтиб бердим. Абдулбосит менинг гапларимни диққат билан эшитди-да, сўнг: «Бу нарсани онамдан сўрашимиз керак экан. Яна бирор нарсада хатога йўл қўйиб қўймайлик», деди.
Абдулбосит бу гапи билан менинг бошимга бир ургандек бўлди. Катта бир масжиднинг имоми, шайх ҳазратларидек олимнинг куёви, Фотима отиндек олиманинг ўғли бўла туриб, ўзи бирорта сўз айтмади. Аслида у киши бу масаланинг ечимини билган, билмаслиги мумкин ҳам эмас эди. Лекин у менга шариат илми шу қадар нозик, жиддий нарса эканини, бу борада дуч келган одам ўзича бирор фикр билдириши, фатво бериши жоиз эмаслигини билдириб қўйиш учун шундай қилган эди. Мен учун бу воқеа катта сабоқ бўлди. Ўзим учун жиддий бир хулоса чиқариб олдим: бундан кейин аниқ билмаган нарсам ҳақида ҳеч кимга ҳеч нарса айтмайман. Бу ишни аҳли илмларга, олимларга қўйиб бераман!
«Абдулбосит қорининг оналари – олима аёлни кўриш ҳам насиб этди, деган эдингиз, буни айтмадингиз-ку?» деяётгандирсиз? Айнан ҳамсафаримиз – мазкура ҳожи она сабабли у киши билан учрашдим. Мен ҳожи она йўл қўйган хатога ечим топиш учун Абдулбосит қорининг тавсияси билан у кишини Фотима отиннинг олдига олиб бордим. Бўлган воқеани айтиб бериб, ўзим чиқиб кетдим. У киши масаланинг ечимини жуда чиройли қилиб тушунтирибдилар, каффорат адо этиш кераклигини айтибдилар…»
Қуда бувамизнинг умра сафари ҳақидаги ушбу хотираларидан мен ҳам бир умрга татигулик муҳим сабоқ олдим. Ёшгина қори йигитнинг аввало илмий омонатга ва одобга риоя қилгани, волидаи муҳтарамасини устоз билиб, у кишига эҳтиром кўрсатгани мен учун ҳам унутилмас, гўзал эслатма бўлди. Шайх ҳазратларининг «Бугунги кундаги кўпгина муаммоларимизнинг сабаби уламоларга беҳурматлик, беписандликдан, оддий одобни билмасликдандир», деган сўзлари нақадар ҳақ эканини ана шунда янада ҳис қилдим. У кишининг куёв фарзандлари бу ўгитга қанчалик риоя қилганлари ҳақидаги ҳикояни эшитиб эса ўқиганига, билганига, эшитганига амал қилувчи кишилар ҳеч қачон кам бўлмаслигига, Аллоҳ таоло бундай кишиларнинг мартабасини улуғ қилиб қўйишига амин бўлиб, бу оилага ҳурмат-эҳтиромим янада ортиб кетди.
Аллоҳ таоло барчамизга инсоф-тавфиқ ато этиб, Ўзининг ҳақ йўлидан адаштирмасин!
Барно Саидраҳмон,
«Ҳилол-Нашр» нашриёти муҳаррири, muslimmaat.uz сайти муҳаррири
“Омина” журналидан