Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг илк оятида: "Яратган Роббинг номи билан ўқи!" дея амр қилиб, инсонни илм олишга буюрди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: "Илм олиш ҳар бир мусулмон учун фарздир", дея бизни илмга тарғиб қилди. Бугун сизга таништирмоқчи бўлган муслима ҳам ушбу буйруқни бажаришга бел боғлаган, Набавий тарғибга “лаббай” дея илмга ошно қалблар орасидан жой олган ҳамюртимиз Мавжуда опа Шамсуддинова бўлади. Оилали, тўрт фарзанднинг онаси.
Мавжуда опа 1978 йили Андижон шаҳрида туғилган. Илмга қизиқиши болалигида, бобосининг қироатларини тинглаб юрган пайтларидаёқ бошланган. Илк устози бобоси бўлган. 8 ёшидан 36 ёшига қадар юртимиздаги бир нечта устозлардан илм олади. Кейин оиласи билан Москва шаҳрига кўчиб кетадилар. У ерда Москва Ислом Институтига ўқишга кириб, аъло баҳоларга тугатди. Олийгоҳда тожик, қозоқ, қирғиз, чечен, авар, татар, араб, рус каби турли миллат вакилалари билан бир қаторда Қуръон, тафсир, сийрат, ҳадис, усуллид-дийн, фиқҳ ва бошқа шаръий илмлардан таълим олди. Машҳур уламоларнинг илмий мажлисларида иштирок этди, ижозалар олди.
Мавжуда опанинг шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳга ихлос ва муҳаббатлари ўзгача эди. Опа институт дарсларида ҳам у зотнинг китобларидан, айниқса «Тафсири Ҳилол»идан кўп фойдаланар эди. 3-курсда таҳсил олаётган кезлари. Устоза Одинахон Муҳаммад Содиқ Москва Ислом институтига келдилар. Мана шу ташриф чоғида устоза “Тафсири Ҳилол”нинг рус тилида ҳам чоп этилганини маълум қилиб, китобдан нусхалар ҳадя этди. “Ўшанда институтдаги барча устозу талабаларнинг эътибори шу китобга қаратилди. Барчалари “Тафсири Хилал”ни ўқишга киришиб, китобдаги илм-маърифатдан ҳайратланардилар. Мен эса “Тафсири Ҳилол”ни салкам 10 йилдан бери ўқиб келаётганим учун Аллоҳимга ҳамдлар айтардим”, дейди Мавжуда опа.
“Диплом иши учун мавзу излаш жараёнида “Тафсири Ҳилол” китоби бўйича изланиш қилишни истадим. Деканимиз Гульфия Юнусовнанинг ҳузурига бир неча тафсирлар олиб келиб, ўқиб кўришларини сўрадим. Бир неча кун ўтгач, деканимиз мени ўз хонасига чақириб: “Мен сиздан “Тафсири Ҳилол” ҳақида илмий иш олиб боришингизни илтимос қиламан, сиз бунга нима дейсиз?” дедилар. Бу таклифни хурсандчилик билан қабул қилиб, диплом ишига киришдим”.
Мавжуда опанинг тадқиқот мавзуси “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қаламига мансуб “Тафсири Ҳилол”нинг ўзига хос хусусиятлари” бўлиб, бу илмий иш устидаги тинимсиз изланишлар олиб борди. Дастлаб Қуръони Каримнинг турли таржималари ва тафсирларини кўриб чиқишга жидду жаҳд қилди. Сўнгра Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф тафсирининг маъноларини таржима қилишдаги ва Қуръони Каримнинг 30-жузини шарҳлашдаги ўзига хос хусусиятларни аниқлашга ҳаракат қилди. “Тафсири Хилал”ни амалий аҳамият нуқтаи назаридан ўрганишга уринди. Тадқиқот жараёнида рус тилидаги энг машҳур Қуръон тафсирлари ва таржималарини мутолаа қилиб, “Тафсири Хилал” билан таққослади.
Айни пайтда Мавжуда опа Мисрнинг Қоҳира шаҳрида бўлиб, магистратура босқичида таълим олиш учун кириш имтиҳонларига тайёрланмоқда. Илмсевар ва тинмай изланувчан Мавжуда опа Москвадаги илмий ишларининг мазмунини muslimaat.uz мухлислари учун қисқача баён қилиб бердилар.
“Диплом олиш жараёним жуда манфаатли бўлган. Чунки ҳазратимизнинг китобларини институтда ҳамма ўқир эди. Менга энг мазмунли мавзу тушганидан хурсанд бўлиб, мароқ билан ишга тушдим. Диплом ишимни декабрь ойидан май ойига қадар ёздим. Тадқиқот ишимни “Специфика “Тафсира Хилал” Шейха Мухаммад Садык Мухаммад Юсуфа” деб номладим. Илмий раҳбарим МИИ декани Хабибуллина Гульфия Юнысовна бўлдилар. Набаъ, Қадр, Ихлос, Фалақ, Ан-Наас сураларининг тафсири устида изланиш олиб бордим.
Тадқиқот ишим ҳимояси пайтида проректор Раис Измайлов менга савол берди: “В чем специфика книги Шейха? В чем он различается между другими тафсирами, какую методику он имеет?” («Шайх тафсирининг ўзига хос хусусиятлари нимада? У бошқа тафсирлардан қандай фарқ қилади, қандай ўзига хос услубларга эга?» Тарж.)
Мен шундай жавоб бердим: “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Э.Р. Кулиев, Ш.Р. Аляутдинов сингари бир неча таниқли уламоларнинг рус тилидаги тафсир ва таржималарини таққослаб, қуйидагича хулосалар чиқаришимиз мумкин:
1. “Тафсири Ҳилол”да мавзу ва таҳлил қилиш орасидаги боғлиқликнинг ноёб шакли қўлланилган. Муҳаммад Содиқ ҳазратлари Қуръон оятлари шарҳларида бизнинг дунё ва охиратимиз учун энг муҳим бўлган масалаларни кўтаради. Ушбу масалаларни англаш ўқувчига нафақат Қуръон оятларидан амалий сабоқ олишни, балки ҳар қандай муҳим масалага қуръоний ҳикмат назари билан қарашни ўргатади.
2. Шайх Муҳаммад Содиқ тафсири кўриб чиқилган тафсирлар орасида шаръий далиллар кўплаб келтирилган ва энг батафсил ёритилган тафсирдир.
3. Шуни таъкидлаш лозимки, шайх Муҳаммад Содиқ оятларнинг таржимаси ва шарҳларида академик тамойилларга амал қилади, шу билан бирга, таржимадаги бир қатор ўзига хос хусусиятларни ҳам кўришимиз мумкин:
- рус тилида қўлланилган “а” ҳарфи ўрнига “о” ҳарфи қўлланган. Масалан, рус нашрларида кенг тарқалган “раббун” сўзи “роббун” кўринишида ифодаланган. Бу муаллифнинг она тили ўзбек тили экани билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин;
- рус тилидаги “Коран” сўзининг ўрнига муаллиф араб тилидаги талаффузга яқин “Куръан” сўзини қўллаган;
- “нас” калимаси ҳам иккита “а” ҳарфи билан “наас” тарзида ифодаланган.
Рус тилидаги бошқа тафсирларда бу каби стилистик ва фонетик хусусиятлар мавжуд эмас.
4. Шайх Муҳаммад Содиқ сураларнинг маъносини чуқур очиб бериш учун аввал бутун сурани баён қилади. Сўнгра ҳар бир оятнинг маъносини алоҳида талқин қилиб беради. Шунинг учун Шайх Муҳаммад Содиқ тафсири рус тилидаги энг батафсил тафсирдир. Ҳар бир оятга Қуръон, ҳадис, уламоларнинг фикрларига асосланиб шарҳ берилган. Муаллиф оятларни тафсирлаб берар экан, инсонларга Аллоҳнинг қудратига ишонишда ва тўғри йўлни топишларида ёрдам беради. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф одамларнинг Муқаддас Китоб – Қуръонни ўрганишга бўлган қизиқишларини оширишга интилган.
Устозларимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари 2015 йил Москва Ислом Институтига ташриф буюрган пайтларини жуда катта ҳурмат билан эслашади. “Тафсири Ҳилол”нинг қолган қисмлари нашрдан чиққанлигини билиб, «Албатта бизнинг институт кутубхонасида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг тафсирлари бўлиши шарт», дея хурсанд бўлиб таъкидладилар. Диплом ишимни яхши баҳолар билан ёқладим. Устозларим бу диплом ишимни албатта шайх ҳазратларининг қизларига кўрсатишимни ва катта салом етказишимни айтишди. “Ўзбекистонга ҳурматимиз чексиз, сизнинг диёрларингиз буюк олимлар диёри, таклиф килсангиз, албатта ташриф буюриб, юртингизни, у ердаги Имом Бухорий мақбара ва музейларини зиёрат қилардик”, дея ватанимизга қизиқишлари катта эканини билдиришди”.
Суҳбатимиз сўнгида Мавжуда опадан юртдош опа-сингилларимизга тавсия ва маслаҳатларини сўрайман. Опа: “Излаган имкон топар”, дейди доно халқимиз. Интилган инсонга Аллоҳ таоло албатта ёрдам беради. Ҳамиша илм олишдан, илм йўлида изланишдан чарчаманг. Илм бизга тўғри йўлни, тўғри эътиқодни, тўғри яшашни ўргатади. Ҳаётнинг ҳар лаҳзасидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилинг. Ота-она, қайнота-қайнона ва яқинларингизнинг дуоларини олинг. Бу дуолар илмингизга, ишингизга, ризқингизга, умрингизга баракотлар беради, иншааллоҳ...” дедилар.
Оиша суҳбатлашди