ЗИЙНАТ НИМА?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Зийнат» («тазйин») луғатда кийим борасида ясанишни англатади. Турли тақинчоқлар билан безаниш, сурма, хина қўйиш ва бошқа безак анжомларидан фойдаланиш ҳам зийнатга киради. Бу Розий раҳматуллоҳи алайҳнинг айтган қавли бўлиб, у киши Аллоҳ таолонинг «Эй Одам болалари! Ҳар бир ибодатда зийнатларингизни олинг» (Аъроф сураси, 31-оят) деган сўзи тафсирида: «Эркакларга тилла ва ипакнинг ҳаром қилинишида насс (оят ёки ҳадис) ворид бўлмаганида, у иккиси ҳам шу жумлага кирар эди», деган. Буни Юнус сурасида келган Аллоҳ таолонинг «Мусо: «Роббимиз! Сен Фиръавнга ва унинг аъёнларига дунё ҳаётида зеб-зийнат ва мол-дунё бердинг...» деди» (88-оят) деган сўзи қўллайди. Мана шундан ўша даврда мисрликларнинг бир байрами ҳам «Зийнат куни» деб аталган. Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида:

«У (Мусо): «Ваъда вақтингиз зийнат куни. Одамларнинг чошгоҳда тўпланиши», деди», дея марҳамат қилади (59-оят).

Одамлар асосан мана шу куни ўзларидаги энг яхши либос ва бошқа нарсалар билан зийнатланишгани учун Аллоҳ таоло кийим-кечакдан бошқа тилла, жавоҳир каби нарсалар билан безанишни ҳам «зийнат» деб атаган. Шунингдек, тананинг алоҳида аъзоларига нисбатан ҳам «зийнат» сўзи ишлатилган. Аллоҳ таоло:

«Эрларидан… бошқаларга зийнатларини кўрсатмасинлар», деган (Нур сураси, 31оят).

Аксар муфассирлар: «Бундан мурод бўйин, билак ва болдир каби аъзолардир», дейишган. Инсонлар орасидаги ўзаро алоқаларнинг ўсиши ва ривожланишида, ораларидаги меҳр-муҳаббатнинг мустаҳкамланиб боришида зийнат алоҳида роль ўйнайди. Албатта, инсондаги нафс хунук нарсаларни хоҳламайдиган, гўзалликни севадиган қилиб яратилган. Демак, у хунук нарсалардан нафратланади ва гўзал нарсаларни яхши кўради. Табиийки, барча инсонлар ҳам гўзалликда олий даражада эмас. Албатта, уларнинг орасида кўримсиз, ташқи кўриниши у даражада чиройли бўлмаган, баъзи аъзолари нуқсонли, майиб-мажруҳлари ҳам бор. Баъзи инсонлар эса куйиш ёки бирор табиий ҳодиса туфайли ташқи гўзалликларини йўқотишлари, яна баъзилар эса теридаги яра, турли тошмаларга ўхшаш халқий нуқсонларга учрашлари мумкин. Шунингдек, ҳаёт давомида касб-ҳунар, жисмоний меҳнат, турли машаққатлар сабабли ташқи кўриниши нуқсонга учраган, чиройини йўқотган кишилар ҳам бор. Баъзан оғир меҳнат, зарарли ишлаб чиқариш, иш шароитининг ноқулайлиги  кабилар ана шундай натижаларга олиб келади. Бу каби омиллар эса бошқа кишиларнинг улардан ўзини олиб қочишига, узоқлашишига сабаб бўлиши мумкин. Ушбу ҳолатда уларнинг ўртасида дўстлик ўрнига адоват, рағбат ўрнига нафрат ўрин олади. Натижада жамиятдаги бирдамликка,  ўзаро аҳилликка зарар етади. Шунинг учун ҳам Ислом зийнат борасида кўп иноят кўрсатган ва бандаларга ҳар намоз вақтида (Аллоҳнинг муҳаббати ва итоатига жамланишда) зийнатланишга насс ила амр қилган. Аллоҳ таоло айтади:

«Эй Одам болалари! Ҳар бир ибодатда зийнатларингизни олинг».

Балки Ислом ҳар бир мусулмон ва муслимага баъзи зийнатларни вожиб қилган. Яъни ушбу  амрларга бепарво бўлган, унга енгил қараган бандалар Аллоҳнинг ғазаби ва иқобига учрайди. Бу эса ҳар бир инсон учун зарурий бўлган зийнат турларига қанчалик аҳамият берилганини кўрсатади. Улардан:

А) Авратни тўсиш. Албатта, бу ҳар бир мусулмон ва муслимага фарздир. (Эркак ва аёл орасидаги аврат чегарасидаги ихтилофга кўра) намознинг ичида ва ундан ташқарида аврат намоз шартларидан биридир. Усиз намоз тўғри бўлмайди. Ким авратини кўрсатиб намоз ўқиса, намози ботил, яъни худди намоз ўқимагандек бўлади. Ким намоздан бошқа пайт уни одамларга кўрсатса, унга таъзир берилади, одоб ўргатилади. Бундай кимсанинг гувоҳлиги соқит бўлади, Аллоҳнинг иқобига учрайди. Авратни тўсиш маданият, тараққиёт ва ривожланишнинг белгиларидан биридир. Уни кўрсатиш эса ибтидоийлик, орқага қайтиш ва қолоқликка ишорадир. Жоҳилият даврида мушриклар Байтни яланғоч тавоф қилишарди. Бу билан улар Аллоҳга қурбатни даъво қилишарди. Аллоҳ таоло уларнинг бу ишларини қоралаб, уларни Байтни тавоф қилишдан ман этди ва шундай амр қилди:

 «Албатта, мушриклар нажасдирлар, бас, ушбу йилларидан кейин Масжидул Ҳаромга яқин келмасинлар» (Тавба сураси, 28-оят).

Яна юқорида айтиб ўтилганидек, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримда буюради:

 «Эй Одам болалари! Ҳар бир ибодатда зийнатларингизни олинг».

 Аксар муфассирларнинг таъкидлашларича, бу ерда «зийнат»дан мурод зийнатнинг асли, яъни кийим борасида ясанишдир, у эса авратни тўсишни англатади.

Б) Эркакларни хатна қилиш. Бу ҳар бир мусулмонга вожибдир. Ким уни тарк этса, гуноҳкор бўлади. Чунки бу ишда очиқ фойда бор.

В) Аёл кишининг эри учун зийнатланиши (агар эри буни талаб қилса). Эркак ҳаромга юришдан сақланиши, нафсини иффатли ҳолда асраши учун унинг аёлига зийнатланиш вожиб бўлади. Чунки бу эр-хотин ўртасидаги муҳаббат, мустаҳкам бирликка сабаб бўлувчи омиллардандир. Агар эркак киши аёлини зийнатланишга мажбурласа-ю, аёл хилоф қилса, охиратда Аллоҳ таолонинг олдида гуноҳкор бўлади, дунёда эса уқубатга, таъзирга ва одоб беришга лойиқ бўлади. Аёлларимизчалик бундан ғафлатда қолганлар борми?

Г) Жунублик, ҳайз ва нифосдан сўнг ғусл қилиш. Бу Ислом динидаги фарз амаллардан бўлиб, у намоз ўқиш, Қуръон қироат қилиш, масжидга кириш ва Мусҳафни ушлашнинг шартларидан биридир.

Д) Ҳар бир намоз вақтида (агар кичик бетаҳоратлик ўтган бўлса,) таҳорат қилиш ҳам фарз амаллардан, намознинг шартларидан биридир.

Одинахон Муҳаммад Юсуф таржимаси

«Ислом фиқҳидаги аёлларга оид ҳукмлар» китобидан.

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Эр хотинининг иффатини сақлаши, уни ҳаромдан ҳимоя қилиши керак. Айниқса қўшилиш чоғида хотинининг хоҳишини давоми...

22:41 / 23.02.2023 2477
Қиёмат куни мезонга солинмайдиган ажри буюк амаллар  Инсонларни кечириш Аллоҳ таоло «Ким афв этиб, ислоҳ давоми...

13:12 / 10.01.2017 7883
embedhttpsyoutu.be7wVTGdrI6EEembed

17:09 / 16.10.2017 3069
Биласизми Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун аёлларнинг исмидан энг маҳбуби Зайнаб бўлган. У давоми...

21:00 / 07.10.2019 5854