Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Таниқли шоир Ботиржон Эргашевнинг “Аллоҳимга айтиб бераман!”, “Жонинг соғ бўлсин” каби шеърий тўпламлари халқимиз орасида машҳур. Шоирнинг диний-маърифий руҳда ёзган бир неча шеърларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
РАСУЛУЛЛОҲ ТУҒИЛГАН КУН!
Тиллар шукур ила сўзлар,
Эзгуликни кўзлар кўзлар.
Улуғ кундир бу кун, дўстлар,
Бугун шайтон бўғилган кун –
Расулуллоҳ туғилган кун!
Мўъмин қалб пок қадамидан,
Дахрий қалб чўғ аламидан,
Шоирларнинг қаламидан,
Гўзал байтлар тўқилган кун –
Расулуллоҳ туғилган кун!
Иблис бағрин тилсин, дея,
Динни тарғиб қилсин, дея,
Ўз Роббисин билсин, дея,
Аршда ҳукм ўқилган кун –
Расулуллоҳ туғилган кун!
Олиб “мавлид”нинг ошидан
Кўзлар намдир бахт ёшидан.
Ҳидоятнинг Қуёшидан,
Жоҳил қалблар сўкилган кун –
Расулуллоҳ туғилган кун!
Кофирларнинг
ортиб ғаши,
Куфрланган ичу таши.
Оташпарастлар оташи
Ўчиб, кули тўкилган кун –
Расулуллоҳ туғилган кун!
Ботир, йиғки,
бир анжуман,
Арисин ҳар дилдан туман.
Байтуллоҳ ичра юзтубан,
Бугун бутлар йиқилган кун –
Расулуллоҳ туғилган кун!
ҚИЗИМ СИЗГА ЎХШАСИН!
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суюкли қизлари, ҳазрати Алининг суюкли ёрлари Фотима онамизга ва қизалоғим Зайнабга
Тангримга айтиб таҳсин,
Йиғлай, кўнглим бўшасин.
Дилимда бир илтижо –
Қизим сизга ўхшасин.
Сиз Пайғамбар боласи,
Жаннатнинг гул-лоласи,
Юрагимнинг толаси –
Қизим сизга ўхшасин.
Сўзи ширин қандликда,
Иймонга пайвандликда,
Меҳрибон фарзандликда –
Қизим сизга ўхшасин.
Ҳавас қилганман роса,
Сиздан олсин андоза,
Ахир қонингиз тоза –
Қизим сизга ўхшасин.
ГАР НОЛИСАК…
Зулмат ичра ўтар менинг
туну куним,
Мен ҳам сиздай кўргим келар ой-қуёшни,
Лек Тақдирдан нолимасдан яшайман жим,
Фарёд солиб, тошга урмам азиз бошни.
Шукур дейман оёқ-қўлим саломатдир
Гар нолисам, бу Худога маломатдир.
Минг бор шукур, кўкка етар бўйларимиз,
Ҳар кун тўйга уланмоқда тўйларимиз,
Тирик жонни ризқин берар Қодир Худо
Элга тинчлик сўрар дуогўйларимиз.
Неъматларнинг энг яхшиси ҳаловатдир,
Гар нолисак, бу Худога маломатдир.
Тўрт ёнимда топганим чин ёру-дўстлар,
Билинмайди унча-мунча каму-кўстлар,
Фарзандларим кулгусини эшитсам бас,
Хотиржамман, кўрмаса ҳам майли кўзлар.
Қалбинг билан кўриш ҳам бир кароматдир,
Гар нолисам, бу Худога маломатдир.
Кимга эрта, кимгадир кеч келгай даврон,
Кимларгадир бу кунлар ҳам бўлган армон,
Синовларга сабр қилмоқ қандай гўзал –
Шунда Ўзи қўллар бизни Буюк Раҳмон.
Шукур қилмоқ мўминликдан аломатдир,
Гар нолисак, бу Худога маломатдир.
Тақдирим шу, не қилса бош эгадирман,
Ношукурга балки тошдай тегадирман
Кўзим ожиз бўлса ҳамки, меҳнат билан –
Санъат ичра ўз ўрнимга эгадирман.
Кўрмай туриб дунё кезиш – тароватдир
Гар нолисам, бу Худога маломатдир.
Рози бўлинг дўстлар гўзал ҳаёт учун
Бу дунёга ечим бўлинг, бўлманг тугун,
Дунё шундай оқшом кўрган одамингни,
Қайтиб кўрмай қолишлик ҳам мумкин бугун.
Тирикликнинг ўзи ҳам зўр мукофотдир.
***
Ҳеч ким ўз жонига ёмонликни раво кўрмайди, аммо билибми, билмайми, ўзларини азоблар қаърига отаётганлар ҳам талайгина.
Аёл бу машаққатлар чигилини ечувчи, керак бўлса, бу йўлда жондан кечувчи, улкан матонат эгалардир. Бироқ шундай муқаддас номни хиралаштираётган, бир эрнинг кўнглига йўл топа олмай, қайнона-қайнотанинг: “Келиним ҳам қизим-ку!” деб берган танбеҳини ҳазм қила олмай, жондан азиз оиласидан, турмушидан, ширин-ширин фарзандларидан кечиб, ўзининг кўнгли кўчасида юрган аёллар ҳар қадамда учраб турибди. Уларнинг бирига ака, бирига ука, яна бошқасига дўст сифатида инсоф сўраб айтаман: “Кўзингизни очинг, яхши кунингизни олдиндан изламанг, уни ортда қолдириб кетяпсиз, тез ортингизга, оилангизга, фарзандларингизга қайтинг.
Ёлғизлик яхшими, ёлғиз аёллар!?
Қалбимни чўқийди, қузғун
– саволлар,
Наҳотки сизда йўқ, ширин хаёллар,
Чақиннинг умрича дунёда сизга
Ёлғизлик яхшими, ёлғиз аёллар!?
Ойдай чиройингиз
дардларга малҳам,
Лек унга қувониб юрманг сира ҳам,
Меъёридан ошса, ёқмас шира ҳам,
Ёлғизлик яхшими, ёлғиз аёллар!?
Сизлар асли бахтнинг
пойдеворисиз,
Бутун бир миллатнинг шаъни, орисиз,
Нечун дилингизнинг дилозорисиз,
Ёлғизлик яхшими, ёлғиз аёллар!?
Ҳамма рўзғорда ҳам
каму-кўст бўлар,
Шул дам доно аёл, ширин сўз бўлар,
Шунда бахт сизларга доим дўст бўлар,
Ёлғизлик яхшими, ёлғиз аёллар!?
Эрни эр қилгувчи мушфиқ
ёр бўлинг,
Бироз оғир бўлинг, хокисор бўлинг,
Умрингиз ўтмоқда тез, хушёр бўлинг,
Ёлғизлик яхшими, ёлғиз аёллар!?
Атрофга бир боқинг, нақд
кўринади,
Турмушли аёлда аҳд кўринади,
Йиғласа, ёшида бахт кўринади,
Ёлғизлик яхшими, ёлғиз аёллар!?
Ўзингиз бир ёнда,
ёрингиз бир ён,
Аро йўлда қолган фарзандлар гирён,
Ҳатто ёлғизликни суймайди чаён,
Ёлғизлик яхшими, ёлғиз аёллар!?
Ёлғизлик биргина –
Яратганга хос,
Сиздан қизингизга бахт бўлсин мерос,
Ёлғизликка кўниб қолманг илтимос,
Ёлғизлик яхшими, ёлғиз аёллар!?
Ҳеч ёқмади, деманг,
ёзган бу байтинг,
Турмуш деб аталган бахт томон қайтинг,
Кўзларимга қараб, ростини айтинг,
Ёлғизлик яхшими, ёлғиз аёллар!?
Ёлғизлик яхшимас, азиз аёллар!