Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳақ бир қавмни Ўз хизматида қоим қилди, бир қавмни эса Ўз муҳаббатига хос қилди. «Барчага – буларга ҳам, уларга ҳам Роббингнинг атою неъматларидан берурмиз. Роббингнинг атою неъматлари чекланган эмасдир».
Ушбу ҳикматда Атоуллоҳ Сакандарий Аллоҳ таолога муқарраб бандаларнинг икки хили мавжудлиги ҳақида сўз юритади. Уларнинг биринчи турини Аллоҳ таоло Ўз динининг хизматида қоим қилиб қўйган. Демак, бу бандалар Аллоҳ таолонинг шариати хизматида юради. Масалан, уламоларни олайлик. Улар қандай усул билан илм берсалар ҳам, мақсадлари битта: Аллоҳнинг шариатини башариятга етказиш. Шу боис уламолар китоб ёзиб, илм ўргатиб, устозлик қилиб, фатво бериб, инсонларнинг кундалик муаммоларига шаръий ечим кўрсатиб, авом халқни, ғайридинларни исломга даъват қилиб, илмга ва динга хизмат қилади. Аллоҳ ана шундай кишиларни Ўзининг шариатига ходим қилиб қўяди. Бироқ бу – улар бўлмаса, мазкур ишлар амалга ошмай қолади дегани эмас. Аллоҳ азза ва жалла – ҳеч нарсага эҳтиёжи йўқ Зот. Бошқа йўл билан ҳам бу ишларни жорий қилиб қўйиш У Зотга осон. Лекин Ўзига маълум бир ҳикматларга кўра, жумладан, бандаларининг манфаатини кўзлагани учун У Зот буни жорий қилиб қўйган. Масалан, У Зот бу ишни бандаларнинг кўнглига солиб қўйиб, «Шу кўнглингга солганларим орасидан топиб олиб, ишингни билиб қилавер», дейиши ҳам мумкин эди. Лекин Аллоҳнинг иродаси шуни тақозо қилганки, У Зот таоло дунё ҳаётида инсон зотини яратгач, уларнинг орасига доим муаллимларни, йўлбошчиларни жўнатиб, Ўзининг таълимотларини етказиб борган. Бу эса У Зотнинг бандаларига раҳматидир. Агар бу илоҳий таълимотлар бошқа йўл билан келса, улар машаққатга тушиб қолган бўлишар эди. Аммо ўзлари орасидан бир кишини, ўзларига ўхшаган, яшаш тарзи ўхшаш бўлган инсон бу вазифаларни шахсий намуна кўрсатиб, уларга ўзи риоя қилиб, ибрат кўрсатса, унга иқтидо қилиш анча осон бўлади. Одамлар «Шу инсон қила оляпти-ку, биз нега қила олмас эканмиз? Бизнинг ҳам қўлимиздан келади. Демак, биз ҳам шуни қила оламиз», дейишади.
Аслида Аллоҳ таоло инсонга бошқаларга иқтидо қилиш хусусиятини ҳам, эргашиш, тақлид қилиш хусусиятларини ҳам берган. Шунга кўра баъзи бандалар Аллоҳнинг хизматида бўлади. Аллоҳ таоло инсон зотини яратганидан то сўнгги пайғамбар – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача пайғамбарлар юбориб турди. Бундан кўзланган илоҳий ҳикмат шуки, бу ўринбосарлар инсонларга диний таълимотларни етказиб туриши лозим бўлган.
Ҳикматдаги иккинчи тоифага мансуб инсонлар биринчи тоифадан фарқли равишда, уларчалик хизматда қоим бўлишмайди, балки Аллоҳнинг муҳаббати билан машғул бўлишади. Бундай кишилар дарвеш, қаландар, сўфий, девона ва шу каби исмлар билан аталиб келинган. Бундай инсонларга эътибор берсангиз, разм солиб қарасангиз, ранги сарғайганини, юзлари сўлғинроқ эканини кўриш мумкин. Бундай зотлар тинмай Аллоҳ дейди, Аллоҳнинг муҳаббатида юриб, одамларга унчалик аралаша олмайди, дунёвий ишлардан четланган бўлади. Нима учун улар Аллоҳ таолонинг шариатига аралашишмайди? Чунки уларни Аллоҳнинг муҳаббати машғул қилиб қўйган. У Зотнинг муҳаббатида юришда ҳам турли хил даражалар бор, яъни бу зотларнинг ўзини Аллоҳнинг ишқига топшириш даражаси енгилроқ ёки ниҳоятда кучли бўлиши мумкин. Ҳаттоки оддий одамлардан бошқачароқ ҳолатда бўлиши, аҳён-аҳёнда нималарнидир ғўлдираб гапириши, оддий инсон тушунмаган нарсаларни айтиши, хуллас инсонни ҳайратга соладиган ишлар ҳам қилиши мумкин. Бунинг сабаби шуки, улар Аллоҳнинг муҳаббати билан ниҳоятда машғул бўлгани учун атрофидаги одамларнинг ҳолати уни қизиқтирмай қўяди. У ўзини тамоман Роббига топшириб, вақти-соатини кутиб, Аллоҳга етишадиган кунини кутиб юради, ташқи кўринишига ҳам, қилаётган ишига ҳам, дунё билан, дунёнинг махлуқотлари билан бўлаётган муносабати сусайиб кетгани учун, ўзидан содир бўлаётган гап-сўзларга, феълларга ҳам эътибор бермай қўяди. Демак, бу ҳам Аллоҳнинг тақсимоти экан. Илк дарсларда айтилганидек, бу ҳолат билан қоим бўлиш ёки тажарруд ўртасида ўхшашлик бор. Тажарруддагилар дунёдан батамом узилиб чиқиб, Аллоҳга рўбарў бўлишади, бошқа нарсаларга аралашишмайди. Сабаб билан қоим қилиб қўйилганлар эса ўша сабабларни ишга солиб, башариятга, динга хизмат қиладилар.
Бир инсон «Аллоҳга яхши ибодат қила олмаяпман, холис У Зотнинг розилиги учун ибодатга ажралиб чиқиб, фақат таҳажжуд ўқиб, Ўзига илтижо қилишни хоҳлайман» деса, демак, бу кишига тажарруд ёки шунга ўхшаш имконият берилибди. Дунё ишига аралашса, иш бузиляпти. Буни кўриб, «Демак, мен ажралиб чиқишим керак экан» деган хулосага келяпти ёки аксинча, кўнгли хоҳлагани билан имконият бўлиб қоляпти. Инсонлар унинг каломига муҳтож бўлиб турибди, «Бизни ислоҳ қил» деб сўраб туришибди.
Бунга уламоларимизнинг ҳаётидан ҳам мисоллар келтириш мумкин. Баъзилар бир муддат тажаррудда бўлади, аммо яна бир муддатдан сўнг инсонларнинг ақийдаси бузилиб кетганини, муаммолар кўпайиб кетганини кўриб, «Дарҳол хизматга тушишим керак» деб қоим бўлишади. Имом Ғаззолийнинг ҳаёти бунга гўзал намуна бўлган. У зот дастлаб илмга ниҳоятда берилиб, Аллоҳнинг муҳаббатида, узлатда ўн йил юрадилар. Кейин одамларнинг ақийдаси бузилиб кетганини кўриб, «Менинг бу қилаётган ишим ўзимдан бошқа кимга фойда келтиряпти?» дея, яна енг шимариб, ҳақиқий хизматга киришиб кетганлар ҳамда ҳаётининг ниҳоясигача илм билан, одамларга маърифат бериш, ботилга қарши курашиш билан шуғулланганлар.
Шу ўринда «Нима учун баъзи тоифа ундай, базиси бундай?» деган савол туғилади. Жавоб шуки, буларнинг барчаси Аллоҳнинг иродасидир. Нима сабабдан ҳамма хизматда қоим эмас дейилса, ҳамма хизматда бўлиб, сабабларга кўп суяниш оқибатида Аллоҳнинг муҳаббатидан узоқлашиб қолиш мумкин. Орамизда дарвешларнинг бўлиши Аллоҳнинг муҳаббатини эслатиб туради. Аслида Аллоҳнинг муҳаббати ҳар бир бандада ҳам бор. Лекин бу муҳаббат кимнидир хизматда қоим бўлишга ундаса, кимнидир таркидунё қилишга ундайди. Дин хизматида қоим юрганлар ўша дарвешни кўриб, Аллоҳнинг муҳаббатини эслайди. «Қачонгача инсонларнинг ташвишини қилиб юраман? Мен ҳам Аллоҳнинг муҳаббатида холи қолиб, мана шу дарвешлар ҳис қилаётган ҳаловатни, лаззатни ҳис қилиб юрсам бўлмайдими?» дейдиганлар кўпайиб кетса, ҳамма дарвеш бўлиб кетади, натижада илм, шариат ишлари қолиб кетади. Аллоҳ Ўз ҳикматига кўра шуни тақозо қилганки, бир тоифа илмда, шариат хизматида юради, бир тоифа эса Аллоҳни эслатиб, Аллоҳнинг муҳаббатида юради.
Яна шундай ҳолат ҳам борки, баъзи бир сўфийлар илмда жуда кучли бўлишади, шариат илмини ҳам юқори даражада билишади ва айни пайтда тасаввуфни ҳам қаттиқ ушлашади. Улар ўзидаги илмни етказишга унчалик жон куйдирмаётгандек туюлар эди. Биз мутахассислар етишмаётганидан ташвишланиб, «Нега бу зотлар таълимга эътибор қилмас эканлар? Уч-тўртта яхши талаба чиқариб қўйишса, дарслар ташкил қилишса бўлмасмиди?» дер эдик. Бу ҳақда уларга мурожаат қилсак, уни адо этишни исташмас эди. Ана шундай пайтларда уларнинг нима учун бундай қилишларини тушунмас эдик. Кейин билсак, улар илмли бўлиш билан бирга тажаррудни, Аллоҳнинг муҳаббатини ҳам танлашган экан. Шу сабаб у зотлар бу ёқдаги ишларга аралашишмайди. Ўзлари холи юриб, сафар қилишади, устозларининг ҳузурларига боришади, кўпроқ холи бўлишни ихтиёр қилишади.
Ушбу мавзуни билишнинг яна бир самараси шуки, ўтилган ҳикматда айтилгандек, инсоннинг зоҳирига қараб ҳукм қилинмайди. Масалан, дарвешни кўриб, ҳар хил ҳукм қилмай, яхши гумон қилиш керак. Зоҳирда дарвешда баъзи камчиликлар кўринса ҳам, сочлари тўзиган, либосига қаралмаган ҳолатда юрса ҳам, Аллоҳнинг муҳаббатида юрибди деб, уларга нисбатан яхши гумон қилиш лозим экан.
Демак, инсонларнинг ҳаммаси ҳам Аллоҳнинг муҳаббатида тажаррудда эмас. Аллоҳнинг муҳаббатида юрганлар ҳам бор, дин хизматида юрганлар ҳам бор. Шу билан бирга, бу икки тоифадан бутунлай бошқа ҳолатда юрганлар ҳам бор. Агар ҳамма нарса очиқ-ойдин бўлса, унинг ундайлиги, бунинг бундайлиги маълум бўлса, ўртадаги осийлар ҳам кўриниб қолган бўлар, уларга ҳукм чиқиб қолган бўлар эди. Аллоҳ таолонинг марҳамати шуки, У Зот фурсат берган пайтда инсонлар биринчи ёки иккинчи тоифа йўлини танлайди. Лекин бу неъматнинг бири берилса, иккинчиси берилмайди дейиш нотўғри. Аллоҳ таоло дин хизматида юрган инсонларга Ўзининг муҳаббати берилган зотларнинг даражасини бермайди дейиш мумкин эмас. Аллоҳнинг розилигига Унинг шариати хизматини қилиб ҳам етишиш мумкин, муҳаббатида юриб ҳам етишиш мумкин. Шу боис ҳикматнинг сўнгида мазкур оят келтирилган:
«Барчага – буларга ҳам, уларга ҳам Роббингнинг атою неъматларидан берурмиз. Роббингнинг атою неъматлари чекланган эмасдир» (Исро сураси, 20-оят).
Демак, иншааллоҳ, ҳар қандай ҳолатда ҳам бандага Аллоҳ таолонинг фазли бор.
Юқорида айтилганидек, зоҳирий кўринишда кимдир жулдур юрган бўлиши, афтодаҳол кўриниши мумкин. Уларни кўриб, кимдир «Нега бу инсон менга ўхшаб динга хизмат қилмаяпти?» дейиши ҳам мумкин. Улар ўз масъулияти билан, ўзига юклатилган вазифа билан юришибди. Бундан мақсад – бошқалар ҳам ўзига юкланган вазифа Аллоҳнинг иродаси эканини билдиришдир. Бу ҳам мазкур ҳикматнинг самараларидан, фойдаларидан биридир.
Бир куни имом Бутийнинг оталари зиёратига ҳамма нарсадан тажарруд қилган, ҳеч нарсага эътибор бермайдиган бир дарвеш келибди. Бутийнинг оталари дарвешга ҳурмат кўрсатиб, худди шогирд устозининг олдида ўтиргандек суҳбатлашибдилар. Бу суҳбатга гувоҳ бўлган имом Бутий ўша дарвешга ҳавас қилиб, «Шайх, дуо қилинг, сизни ҳолатингиз бизга ҳам насиб қилсин!» дебдилар. Шунда у киши бу илтимосни ёқтирмай, «Нима қиласан бу ҳолатни? Агар бу ҳолатга тушадиган бўлсанг, одамлар гапингни тушунишмайди», деб жавоб берибди. Имом Бутий бу сўзларни эслаб қолиб, ўша йўлга кирмаган эканлар.
Мана, Аллоҳ таоло имом Бутий роҳматуллоҳи алайҳни шариат хизматига қўйиб қўйди. Шу сабаб, у зот қолдирган илмий меросни ўқиб, кўпгина масалаларни, ҳикматларни тушуна оляпмиз. У зотдан жуда кўп китоблар мерос қолди. Лекин фараз қилайлик, имом Бутий ўша дарвеш ҳолатида юрганларида нима бўлар эди? Ўша дарвеш айтганидек, сўзларини ҳеч ким тушунмас эди, умматга бу қадар катта хизмат қила олмаган бўлар эдилар.
Аллоҳ таоло барчамизга динининг хизматида қоим бўлишни ҳам, муҳаббатида юришни ҳам насиб қилсин...