Шодияхон Қосимова шеърлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


ЖОЙНАМОЗИМ УСТИДА

Кафтим очиқ қолади,

Дуоларим остида.

Роббимга юзланаман,

Жойнамозим устида.

 

Кўзларимда ёш қалқир,

Қалбимда иймон балқир.

Шукронадаман ахир,

Жойнамозим устида.

 

Кечирилиш фикрида,

Дилим Роббим шукрида.

Забоним Ҳақ зикрида,

Жойнамозим устида.

 

Аслида мен бир гадо,

Фарзимни этиб адо,

Жоним бўлсайди қазо,

Жойнамозим устида.

 

Мен бир қулман Хожамга,

Шаҳаншоҳ У оламга.

Лаббай, дейди ноламга,

Жойнамозим устида.

 

Сабримга берсин тўзим,

Васлин қурбони ўзим.

Йиғлаб қорайди кўзим,

Жойнамозим устида.

 

Жаннатидан умидвор,

Намозла бўлмам безор,

Тунлари бўлиб бедор,

Жойнамозим устида.

 

Зорман марҳаматига,

Мағфирати қастида,

Ё Раб Сенла сўзлашсам,

Жойнамозим устида.

СЕВДИМ

Бандангнимас ё, Раб Сени,

Ўзлигимдан кечиб севдим.

Афву айла, кечир мени,

Ишқ майидан ичиб севдим!

 

Такрор олиб сўзларимга,

Йиғлаб босиб юзларимга,

Суртиб-суртиб кўзларимга,

Қуръонингни қучиб севдим!

 

Ибодатда дилларимни,

Бийрон қилиб тилларимни,

Дуога жуфт қўлларимни,

Жойнамозда очиб севдим!

 

Хирс кўчада сакиллаган,

Тинмай тишлар тақиллаган,

Мол-дунёга ҳакиллаган,

Шум нафсимни бичиб севдим!

 

Шафоатинг сўраб ҳар кун,

Ёшим ювган дилим маҳзун.

Нур жамолинг кўрмоқ учун,

Каъбанг томон учиб севдим!

 

Кўзларда ёш, киприклар нам,

Ишқ майини ичиб севдим!

Ё Раб Сени ўзимдан ҳам,

Кеча-кундуз кечиб севдим!

САЖДА

Кўкни тутсин оҳу нолам,

Тилаб васлинг титрар танам.

Қарши олгин кошонанга,

Сажда бирла қўйсам қадам.

 

Остонанга қўйиб бошим,

Кўздан тўкай қатра ёшим.

Лаббай, дегин лаббай бандам,

Сажда бирла қўйсам қадам.

 

Ожизангман, гуноҳкор қул,

Ё Раб! Сенга ошиғи дил,

Висолинга етказ Сен ҳам,

Сажда бирла қўйсам қадам.

 

Шафқат қил жонга Ҳабибим,

Дардимга малҳам, Табибим,

Тўкиламан дув-дув шу дам,

Сажда бирла қўйсам қадам.

 

ИЛТИЖО

Пойига бош қўйганимсан,

Дардлар бериб суйганимсан.

Ишқида минг куйганимсан.

Бедор тунлар қилсам оҳим,

Ёлғизгинам ўт гуноҳим.

 

Яралдимки дилимдасан,

Дилим бирла тилимдасан,

Ўнгу сўлим, йўлимдасан,

Бедор тунлар қилсам оҳим,

Ёлғизгинам ўт гуноҳим.

 

Раҳмлисан, меҳрибоним,

Измингдадир ҳар бир оним.

Тўкилиб бу хаста жоним.

Бедор тунлар қилсам оҳим,

Ёлғизгинам ўт гуноҳим.

 

Сен томондан келса хабар,

Бу дунёдан ўтсам агар,

Турсам унда, бўлса Махшар,

Шодиянгни тингла оҳин,

Ёлғизгинам ўт гуноҳим!

ОҚИБАТ

Оқибатли одамлар, оқибатдан сўзламанг,

Адашсангиз оқибат, “оқибат...”, деб бўзламанг.

Дилингизга жо қилинг муҳаббатни, меҳрни,

Оқибатда риштадан манфаатни кўзламанг.

 

Шаънингизга шон бўлсин, яхшиликнинг садоси,

Яхшиларга ёндошиб, бўлинг яхши гадоси.

Жонни садқа айлагум меҳрли кўзингизга,

Сўзларингизда эриб, бўлай ўзим адоси.

 

Маҳзунларни шод этиб, кайфиятин чоғ қилинг,

Ғариб дунёни дўстим кафтингизда боғ қилинг.

Ҳаммасидан яхшидир ҳокисорлик, оддийлик,

Хаста дилни хўрламанг – эркалатиб соғ қилинг.

 

Оламларнинг сарвари сизни севсин ҳар доим,

Кам қилмасин ҳечкимни, қўллаб турсин Худойим.

Шодияда ғам деманг, ширин табассуми бор,

Табассумим сизни ҳам шодлантирсин, илойим!

 

Оқибатли одамлар, оқибатдан сўзламанг,

Адашсангиз оқибат, “оқибат...”, деб бўзламанг.

Дилингизга жо қилинг муҳаббатни, меҳрни,

Оқибатда риштадан манфаатни кўзламанг.

АДАШДИК

Дунё дедик, дунё талашдик,

Андуҳларга бугун ярашдик.

Тавба қилдим, Ўзингга тавба,

Биз дунёни севиб адашдик.

 

Шоҳлар ўтди, гадолар ўтди,

Ҳар ким бир хил матода кетди.

Дунё барин бошига етди,

Биз дунёни севиб адашдик.

 

Шайтонни ҳам қолдириб йўлда,

Жаҳаннамни калити қўлда.

Чекинмадик қолсак ҳам дўлда,

Биз дунёни севиб адашдик.

 

Дарё бўлиб оқди қонимиз,

Қиморларга тикдик жонимиз.

Номусини сотар ёримиз,

Биз дунёни севиб адашдик.

 

Кўкрак кердик, қулади орлар,

Қаён боқсак қалблари торлар.

Қишда ёғса пулланди қорлар,

Биз дунёни севиб адашдик. 

 

Ҳаё йиртди зинокор кўзлар,

Қайда қолди уятли юзлар.

Ҳақиқат деб ҳаққини сўзлар,

Биз дунёни севиб адашдик.

 

“Банда ожиз! Қилармиш гуноҳ”

Бу не бўлди? Нима бу, э воҳ?

Тавба қилдим! Кечиргин, Аллоҳ!

Биз дунёни севиб адашдик.

Мавзуга оид мақолалар
Асмаъий айтади Хунфусо жуда хуник эди. Бир куни у кўчадан келиб онасига дедиndash Онажон Нега инсонлар мени давоми...

22:33 / 21.09.2020 5183
РАМАЗОНГА ТАРАДДУД КЎРЯПСИЗМИРамазон ойига яхшилаб тайёрланишни, бу муборак ойнинг таъсири кейинги давоми...

02:22 / 05.04.2020 3669
Ассалому алайкум. Яқин инсоним фарзандини йўқотди. Унга қандай ёрдам беришни билмайман. Жигарбанди ёки давоми...

03:06 / 07.11.2023 2059
Ассалому алайкум. Турмуш қурганимга олти йил бўлди. Кекса қайнонам, хўжайним ва иккита ўғлим билан яшайман. давоми...

03:06 / 08.11.2023 2734