Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қазои ҳожат бошқа жонли махлуқотлар сингари, инсонларнинг ҳам табиий эҳтиёжи ҳисобланади. Ўтаётган ҳар бир фурсатни ғанимат биладиган ва бу фурсатларни ажр олишига сабаб бўладиган ибодатга айлантирадиган инсон чинакам оқил инсондир. Шу маънода мазкур эҳтиёжнинг ҳам ўзига яраша одоблари бўлиб, бу одобларни ўрганиб, уларга риоя қилган банда кўплаб яхшиликларга эришади. Қазои ҳожат одоблари деганда, асосан қуйидаги одоблар тушунилади:
Биринчи одоб – эзгу ният қилиш.
Баъзилар «Қазои ҳожат қилмоқчи бўлган одам қандай эзгу ният қилиши мумкин?» дея ажабланиши мумкин. Бу саволга уламолар шундай жавоб берганлар: «Агар банда одатий эҳтиёжини қондириш учун ҳам эзгу ният қиладиган бўлса, ушбу нияти туфайли мазкур одати ҳам ибодатга айланади». Маълумки, инсон қазои ҳожатга эҳтиёжи тушган пайтда то ҳожатини чиқармагунича бошқа бирор нарса унинг «кўнглига сиғмайди». Мазкур ҳожати «раво» бўлгандан кейингина унда роҳатланиш ва бошқа ишларни бажариш имкони юзага келади. Қолаверса, ҳожатини чиқармаса, жисмига зарар етиши ҳам турган гап. Мўмин киши эса ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зарар етказмасликка буюрилган. Шунга кўра қазои ҳожатга чиқиш олдидан ўзига зарар берадиган нарсадан халос бўлишни ва ибодат қилиш имконини юзага чиқаришни ният қилса, ушбу эҳтиёжини адо қилиш билан бирга, савобга ҳам эга бўлади.
Иккинчи одоб – агар очиқ жойда бўлса, инсонлар кўзидан узоқроқ жойга кетиш.
Мусулмон киши очиқ жойда қазои ҳожат қилишга мажбур бўлиб қолса, одамлардан узоқроқ, бирор кишининг кўзи тушмайдиган панароқ жойга бориши лозим бўлади. Бу ҳақда кўплаб ҳадиси шарифларда хабар берилган.
Абу Салама Муғийра ибн Шуъбадан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам (қазои ҳожат учун) бориладиган жойга кетсалар, узоққа кетар эдилар» (Абу Довуд ривоят қилган).
Билол ибн Ҳорис Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қазои ҳожат қилмоқчи бўлсалар, узоққа кетар эдилар» (Ибн Можа ривоят қилган).
Аммо бу кўрсатма уйларнинг ичидаги ёки масжидлардаги, ёки жамоат жойлардаги ҳожатхоналарга тааллуқли эмас.
Учинчи одоб – очиқ жойда қазои ҳожат қилганда имкон қадар тўсилишга ҳаракат қилиш.
Очиқ жойда қазои ҳожат қилганда одамлардан узоққа кетганда ҳам, имкон қадар девор ё бирор бута сингари нарсалар билан тўсилишга ҳаракат қилиш лозим бўлади.
Абдуллоҳ ибн Жаъфардан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатларида тўсинадиган энг севимли нарса бирор дўнглик ёки хурмо тўнкалари уюми эди» (Ибн Можа ривоят қилган).
Ушбу суннатга амал қилиш туфайли кишининг мазкур ҳолатига тасодифан бошқаларнинг кўзи тушиб қолишининг имкон қадар олди олинган бўлади.
Тўртинчи одоб – қазои ҳожат учун муносиб жой танлаш.
Очиқ жойда қазои ҳожат қилганда кийимга ёки баданга нажас тегиб кетишидан сақланиш учун муносиб жой танлаш лозим бўлади. Хусусан, пешобнинг сачраб, тегиш эҳтимоли кўп бўлади. Бу эса ниҳоятда хатарлидир. Шунинг учун тик туриб бавл қилишдан ёки пешоб сачрайдиган қаттиқ жойга бавл қилишдан сақланиш лозим. Шунга кўра қазои ҳожатда ҳам бошқаларнинг кўзи тушмайдиган, ҳам пешоб сачрамайдиган юмшоқ жойни танлашга эътибор бериш лозим бўлади.
Бешинчи одоб – ман қилинган жойларда қазои ҳожат чиқаришдан сақланиш.
Қазои ҳожатнинг қатъий риоя қилиш лозим бўлган муҳим одобларидан яна бири ман қилинган жойларда қазои ҳожат чиқармасликдир. Ман қилинган жойларнинг энг асосийлари алоҳида зикр қилинган: одамлар қуёш тафтидан сояланадиган жойлар, йўловчилар юрадиган кўчалар. Бундай жойларга қазои ҳожат чиқаришни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «лаънат келтирувчи иш» деб атаганлар:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки лаънат келтирувчи(иш)дан сақланинглар», – дедилар. (Саҳобаи киромлар): «Икки лаънат келтирувчи (иш) нима, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. У зот: «Инсонларнинг йўлларига ёки уларнинг сояланадиган (дам оладиган) жойларига бўшаниш(ҳожат чиқариш)дир», – дедилар» (Муслим ривоят қилган).
Бу ҳақда «Йўл одоблари» бобида батафсил сўз юритилган. Одамлар қуёш тафтидан сақланиш учун сояланиб ўтирадиган жойларга қазои ҳожат чиқариш мумкин бўлмаганидек, қиш совуғида қуёшга тобланиб ўтирадиган жойларга ҳам мумкин бўлмайди. Бу жойларнинг ҳукми бир хилдир. Чунки мазкур жойларга қазои ҳожат чиқарган одам кишиларни улардан фойдаланишдан маҳрум қилган бўлади. Бу эса мусулмонларга ноҳақ азият етказишдир. Ноҳақ азият етказиш эса ҳаромдир.
Эслатма: Одамлар салқинланиш учун бормайдиган соя жойда қазои ҳожат чиқаришнинг зарари йўқ. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам юқорида баён қилинганидек, хурмо тўнкалари уюми ёнида қазои ҳожат чиқарганлар. Мазкур уюмнинг эса ўзига яраша сояси бўлган.
Сув ҳавзалари. Инсонлар сувидан олиб, фойдаланиб турган сув ҳавзалари ёки қудуқлар каби жойларнинг ёнида қазои ҳожат чиқариш ҳаром ҳисобланади. Бу ишни қилган одам фойдаланувчиларга азият етказган бўлади. Бундай ишни қилган кимса лаънатга гирифтор бўлади.
Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лаънат айтиладиган уч ишни қилишдан сақланинглар: сув олинадиган жойга бўшанишдан ҳамда йўлнинг ўртасига ва одамлар сояланадиган (дам оладиган) жойга (бўшанишдан сақланинглар)», дедилар» (Абу Довуд ривоят қилган).
Чўмиладиган жой. Ғусл қилиб, покланадиган жойга бавл қилишдан ҳам қайтарилган.
Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кишини чўмиладиган жойига бавл қилишдан қайтарганлар» (Термизий ривоят қилган). Ушбу чўмиладиган жойга кичик сув ҳавзалари ва ҳаммомлар ҳам киради.
Сувга бавл қилиш. Ғусл қиладиган сув ҳавзасининг ўзига ёки унга етиб борадиган даражадаги яқин жойга бавл қилишдан сақланиш лозим. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз оқмайдиган сувга ҳаргиз бавл қилмасин, сўнгра ундан таҳорат қилиши бор», дедилар» (Термизий ривоят қилган).
Шунга кўра кичик ҳовуз ёки бирор катта сув идишига бавл қилинган бўлса ёки бошқа бирор нажосат тушган бўлса, улардаги сувдан ғусл ёки таҳорат қилиш жоиз бўлмайди. Аммо катта ҳовузларга, модомики уларга тушган нажосат сувининг рангини ёки таъмини, ёки ҳидини ўзгартириб юбормаган бўлса, уларнинг суви ғусл қилишга яроқли бўлади.
Масжид дарвозаси ёнига ёки девори ёнига қазои ҳожат чиқариш. Бундай жойларда қазои ҳожат чиқариш масжидларни хорлаш ва мусулмонларга азият етказиш ҳисобланади. Бу эса ўта хатарли ишдир.
Олтинчи одоб – Аллоҳ таолонинг зикри бўлган бирор нарсани ҳожатхонага олиб кирмаслик.
Мусҳафи шариф, диний китоблар ёки Аллоҳ таолонинг исмларидан бирортаси ёзилган узук ва шу каби нарсалар билан ҳожатхонага кириш мумкин эмас. Чунки мусулмон киши зиммасидаги мазкур нарсаларни улуғлаш мажбурияти уларни ножоиз жойларга олиб киришдан қатъий сақланиш шартлигини тақозо қилади. Баъзи уламолар: «Агар биров сафарда ёки умумий жойда бўлса, узугини ё варақларини, ёки жомадонини, ёки Аллоҳнинг исми ёзилган молиявий ҳужжатларини ўғирлатиб қўйиш хавфи бўлса, уларни нотаниш инсонлар ёнида қолдириб, зое қилишдан қўрқса, ичида мазкур нарсалардан бирортаси бўлган жомадонини олиб кириш жоиз бўлади», – дейишган. Аммо мухлис мусулмон киши имкон қадар ушбу ҳолатга тушиб қолишдан сақланиш чорасини кўриши керак бўлади.
Еттинчи одоб – ҳожатхонага ўзи билан бирга сув олиб кириш.
Ҳожатхонага кириш олдидан покланиб чиқиш учун унга тайёргарлик кўриб кириш одоб ҳисобланади. Агар ичкарида сув бўлмаса, истинжо қилиш учун ўзи билан бирга сув олиб киради, шунда бошқаларнинг унга сув узатиб юборишларининг ёки кириб-чиқиб юришнинг олдини олган бўлади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатхонага кирдилар, у зотга таҳорат суви тайёрлаб қўйдим. У зот: «Буни ким тайёрлаб қўйди?» дедилар. У зотга ким тайёрлаб қўйганини айтишди. Шунда у зот (мен ҳақимда): «Аллоҳим, уни динда фақиҳ қилгин», дедилар» (Бухорий ривоят қилган).
Ҳозирги кунимизда аксар ҳожатхоналарда сув қувурлари орқали истинжо учун ичкарига сув киритиб қўйилгани эътиборидан уларда сув бор-йўқлигини текшириб кўриш ва шунга кўра ҳаракат қилиш одобдан саналади.
Саккизинчи одоб – ҳожатхонага киришда «Аъузубиллаҳи минаш-шайтонир-рожийм», дейиш.
Ҳожатхонага кириш олдидан «Бисмиллаҳи, аъузубиллаҳи минаш-шайтонир-рожийм», дейиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилган одоб ҳисобланади. Ушбу калималарни айтиб кирган киши мазкур макондаги жинларнинг ёмонлигидан сақланган бўлади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган Ҳаммоднинг ҳадисида «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ҳожатга кирсалар», дейилган, Ҳушаймнинг ҳадисида эса: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатга кирган вақтларида: «Аллоҳим, эркак ва урғочи шайтонлардан паноҳ беришингни сўрайман», дер эдилар», дейилган» (Муслим ривоят қилган).
Ушбу зикр инсоннинг аврат жойларини шайтон кўзидан тўсишга сабаб бўлади.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жинларнинг кўзлари билан одам болаларининг авратлари орасидаги тўсиқ – агар улардан бири ҳожатга кирса, «Бисмиллаҳ», дейишидир», дедилар» (Термизий ривоят қилган).
Муновий ушбу ҳадиснинг шарҳида: «Аллоҳ таолонинг исми одам болаларига худди босилган муҳрдек бўлади. Жинлар бу муҳрни буза олмайдилар», деган. Шофеъий мазҳабидаги баъзи уламолар: «Бисмиллаҳ»га «Ар-роҳманир роҳийм»ни қўшмайди, чунки айтувчининг ҳозирги турган ўрни зикр ўрни эмас», деганлар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ҳожатхонага кирсалар: «Аллоҳим, эркак ва урғочи шайтонлардан паноҳ беришингни сўрайман», дер эдилар» (Термизий ривоят қилган).
Ушбу дуоларни қачон ўқиш ҳақида уламолар шундай деганлар: «Агар ҳожатхонага кирмоқчи бўлса, унга кирмасдан туриб айтилади, агар ҳожатхона эмас, балки далада бўлса, ҳожат учун кийимларини ечиш олдидан айтилади». Яъни бу дуо фақат ҳожатхонага киришга эмас, қаерда бўлса ҳам, ҳожатни чиқариш олдидан айтишга хосланган дуо ҳисобланади.
Тўққизинчи одоб – ҳожатхонага чап оёқ билан кириш.
Нажосат ўрни бўлган жойга чап оёқ билан кириш ҳам тавсия қилинган одоб ҳисобланади. Чунки ўнг қўлни ҳам, чап қўлни ҳам ишлатиш мумкин бўлган жойларда ўнг қўл тарафдан бошлаш суннат ҳисобланади. Масалан, масжидга кириш, либос кийиш, оёқ кийим кийиш каби ишларда ўнг тарафдан бошланади. Аммо фақат чап қўл ишлатиладиган ўринга чап оёқ билан кириш тавсия қилинган. Масалан, истинжо қилиш, масжиддан чиқиш, либосни ечиш каби ишларда чап тарафдан бошланади.
Ўнинчи одоб – ерга яқин бўлгунича кийимини кўтармаслик.
Ҳожатини чиқармоқчи бўлган одам пастки кийимини имкон қадар ерга яқин бўлганда ечишга ҳаракат қилади. Бу билан агар у очиқ жойда қазои ҳожат чиқараётган бўлса, бошқа бировларнинг унинг авратига кўзи тушиб қолиш хавфи имкон қадар камаяди. Бу иш ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ҳисобланади:
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қазои ҳожатга чиқсалар, то ерга яқин бўлмагунларича кийимларини кўтармас эдилар» (Термизий ривоят қилган).
Агар бировларнинг кўзи тушмаслигига аниқ ишонса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўлгани учун ушбу одобга риоя қилинади. Зеро, бу иш кишининг ҳаёсига далолат қилади.
Ўн биринчи одоб – қиблага юзланиб ёки унга орқа ўгириб қазои ҳожат чиқармаслик.
Қазои ҳожат чиқаришда қиблага юзланмаслик ёки унга орқа ўгирмаслик ҳам одоб саналади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай хабар берилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз қазои ҳожатига ўтирса, қиблага юзланмасин ва унга орқа ҳам ўгирмасин», дедилар» (Муслим ривоят қилган).
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳожатга борсангиз, бўшанишда ҳам, бавлда ҳам қиблага юзланманглар, унга орқа ҳам ўгирманглар. Лекин шарққа ёки ғарбга юзланинглар», дедилар» (Термизий ривоят қилган).
Баъзи уламолар: «Бу ҳукмнинг бино ичида қазои ҳожат чиқаришга алоқаси йўқ, балки очиқ жойларга тегишлидир», деганлар.
Баъзи уламолар: «Ушбу ҳукм эҳтиёт юзасидан мутлақдир», – деганлар. Яъни биноларнинг ичига ҳам тегишли, дейишган. Шунинг учун бу ҳукмга имкон қадар риоя этишга ҳаракат қилиш афзал ҳисобланади.
Ўн иккинчи одоб – тик туриб бавл қилишдан сақланиш.
Тик туриб бавл қилишдан сақланиш афзал ҳисобланади. Бу иш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг феъллари билан собитдир. Лекин баъзи уламолар: «Ер юмшоқ бўлгани сабабли ёки бошқа бирор омил сабабли пешоб сачрамайдиган бўлса, тик туриб бавл қилишнинг зарари йўқ», деганлар ва қуйидаги ҳадисни далил қилганлар:
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қавмнинг чиқинди тўкадиган жойига бордилар ва тик турган ҳолларида бавл қилдилар. Сўнгра сув опкелтирдилар ва мен у зотга сув олиб бордим. У зот таҳорат қилдилар» (Бухорий ривоят қилган).
Аммо муҳаққи уламолар у зотнинг тик туриб бавл қилганлари ҳақидаги мазкур ҳадисни уламолар атрофлича ўрганганлар ва у зот алайҳиссаломнинг мазкур ишлари зарурат сабабли бўлган деганлар. Зеро Шайх Имом Муҳйис Сунна қилган ривоятнинг охирида:
«Бу узр учун бўлган эди», дейилган.
Кўпчилик шу фикрни тасдиқлайди. Ўша пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиззаларининг ич қисмида жароҳат бўлганлиги туфайли ўтира олмаганлар. Аслида эса доимо ўтириб бавл қилганлар, саҳобаларни ҳам тик туриб бавл қилишдан қайтарганлар.
Имом Термизий қилган ривоятда Ҳазрати Умар ибн Хаттоб:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг тик туриб бавл қилаётганимни кўриб: «Эй Умар, тик туриб бавл қилма», дедилар. Шундан кейин ҳеч тик туриб бавл қилмадим», дейдилар.
Имом Аҳмад, Термизий ва Насаийлар қилган ривоятда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо:
«Ким сизга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб бавл қилар эди, деса, тасдиқ қилманглар. У киши фақат ўтириб бавл қилар эдилар», – деганлар.
Шунингдек, бугунги кундаги замонавий ҳожатхоналардаги «унитаз»ларда тик туриб бавл қилиш дуруст эмас. Чунки бундай ҳожатхоналарда тик туриб бавл қилинса, пешоб кийимга тегиб кетиши, атрофга сачраши аниқ. Шунинг учун уларда ўтириб бавл қилиш тўғри бўлади.
Умуман олганда, бирор заруратсиз тик туриб бавл қилишдан сақланиш лозим.
Ўн учинчи одоб – ўнг қўли билан закарини ушламаслик.
Жинсий аъзони ўнг қўл билан ушлашдан қайтарилган.
Абу Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирортангиз бавл қилса, закарини ҳаргиз ўнг қўли билан ушламасин, ўнг қўли билан истинжо қилмасин, идишга қараб нафас чиқармасин», – дедилар» (Бухорий ривоят қилган).
Имом Муслимнинг ривоятида бундай дейилган:
Абдуллоҳ ибн Абу Қатода отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз бавл қилаётганда закарини (эркаклар жинсий аъзоси) ҳаргиз ўнг қўли билан ушламасин, ўнг қўли билан тозаланмасин, идишга қараб нафас чиқармасин», дедилар» (Муслим ривоят қилган).
Закарни ўнг қўл билан ушламаслик уни нажосатлардан пок сақлаш учундир. Ўнг қўлини ишлатган одам овқатланаётганида ушбу иши эсига тушса, ўнг қўл билан овқатланишга кўнгли тортмай қолади. Ушбу қайтариқ ҳар икки нажосат чиқариш йўли учун ҳам умумий ҳисобланади. Шунинг учун ҳар иккаласининг ҳукми бирдир.
Ўн тўртинчи одоб – ўнг қўл билан истинжо қилмаслик.
Ўнг қўл билан истинжо қилиш жоиз эмас. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай хабар берилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз покланса, ўнг қўли билан покланмасин, чап қўли билан истинжо қилсин», дедилар» (Ибн Можа ривоят қилган).
Бу ҳақда Салмон розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзлари машҳурдир:
Абдурраҳмон ибн Язиддан ривоят қилинади: «Салмон розияллоҳу анҳуга: «Сизларга Пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барча нарсани, ҳатто бўшангандан кейинги артинишни ҳам ўргатганлар-а?» дейишди. У зот: «Ҳа, у зот алайҳиссалом бизни бўшанишда ёки бавл қилишда қиблага юзланишдан, ўнг қўл билан истинжо қилишимиздан ёки учта тошдан кам билан истинжо қилишимиздан, ёки тезак ё суяк билан истинжо қилишимиздан қайтарганлар», – деди» (Муслим ривоят қилган).
Ўн бешинчи одоб – артинишни тоқ қилиш.
Қазои ҳожатдан сўнг пок бўлганига ишонч ҳосил қилгунича истинжо қилиш суннат ҳисобланади. Бўшангандан сўнг тоқ артиниш ҳақида қуйидагича кўрсатма келган:
Хузайма ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳожатдан сўнг артиниш ҳақида сўрашди. У зот: «Учта тош билан артилади. Улар орасида тезак бўлмаслиги лозим», дедилар» (Абу Довуд ривоят қилган).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким кичик тошларни ишлатса (улар билан истинжо қилса), тоқ қилсин. Ким (шундай) қилса, яхши иш қилибди ва ким қилмаса, гуноҳ йўқ», дедилар» (Аҳмад, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган).
Истинжони тоқ қилишга берилган кўрсатмадан чала артинишдан сақланиб, тўлиқ покланишга аҳамият қаратиш назарда тутилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тош билан артинса, тоқ артинсин...» дедилар» (Ибн Можа ривоят қилган).
Бу ерда тоқ артинишдан нажосатни яхшилаб кетказиб, тўлиқ покланиш назарда тутилган. Шунингдек, ҳозирги кунда тош ўрнига ишлатиладиган махсус қоғозлар билан артинганда ҳам тоқ артинишга, яъни тўлиқ покланишга эътиборли бўлиш лозимдир.
Ўн олтинчи одоб – ман қилинган нарсалар билан истинжо қилишдан сақланиш.
Суяк, тезак ва таом каби нарсалар билан истинжо қилишдан қайтарилган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тезак билан ҳам, суяк билан ҳам истинжо қилманглар, чунки улар жин биродарларингизнинг озуқаларидир», дедилар» (Насоий ривоят қилган).
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса шундай дейилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суяк ёки тезак билан артинишдан қайтарганлар» (Муслим ривоят қилган).
Шунингдек, таомлар билан истинжо қилишдан ҳам қайтарилган. Улар билан истинжо қилиш Аллоҳ таолонинг берган неъматини хорлашдир. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг зикри ёзилган бирор нарса билан истинжо қилишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш лозим. Ислом динининг шиори бўлган нарсалар билан қасддан истинжо қилиш динни масхаралаш ва уни арзимас деб ҳисоблашни юзага келтириб қўяди. Бундай нарсаларнинг юзага келиши эса куфр ҳисобланади.
Ўн еттинчи одоб – тўлиқ бўшанганига ишонч ҳосил қилиш.
Қазои ҳожатда имкон қадар ични тўлиқ бўшатишга ҳаракат қилинади. Агар тўлиқ бўшанмаса, ҳожатхонага киришдан кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди. Бунинг учун оғирликни чап оёққа бериб ўтириш тавсия қилинади. Ана шунда бўшаниш қулайроқ бўлади. Шунингдек, агар эҳтиёж бўлса, бармоқлар билан закарни сиқиб, пешоб томчиларини қолдирмасликка ҳаракат қилинади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабр ёнидан ўтдилар ва: «Булар (қабрда ётганлар) азобланмоқдалар, катта (деб ҳисоблаган) нарсада азобланаётганлари йўқ. Мана буниси пешобидан тўсилмас эди...» дедилар» (Бухорий ривоят қилган).
Ушбу ҳадис бир қанча лафзларда келган: пешобидан тозаланмас эди; пешобини тўлиқ чиқармас эди; пешобидан холи бўлмас эди.
Шунга кўра эркак киши бавл қилганидан сўнг пешоб томчилари пешоб чиқариш йўлида қолиб кетмаслиги учун уни бармоқлари билан сиқиб чиқариб ташлашга уриниши мақсадга мувофиқ бўлади. Ана шунда пешоб томчилари танасига ёки кийимига тегиб кетишидан сақланганига тўлиқ ишонч ҳосил бўлади.
Ўн саккизинчи одоб – қазои ҳожат асносида Аллоҳни зикр қилишдан сақланиш.
Ас-Салом Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлгани учун ҳожат чиқараётган киши саломга алик олиши ҳам мумкин эмас. Яъни бундай ҳолатда у салом бериши ҳам, агар бирор киши унинг мазкур ҳолатда эканини билмасдан салом берадиган бўлса, у саломга алик олиши ҳам жоиз бўлмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мазкур ҳолатда салом берилганида у зот алик олмаганлар ва кейин бундай пайтда салом берилмаслигини тушунтирганлар.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларидан ўтди. У зот бавл қилаётган эдилар. Ҳалиги киши у зотга салом берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Агар мени бундай ҳолатда кўрсанг, менга салом бермагин, чунки ўшандай қилсанг ҳам, барибир жавоб қайтармайман», – дедилар» (Ибн Можа ривоят қилган).
Шунга кўра ҳожатхонада акса урганда «Алҳамду лиллаҳ» зикри талаффуз қилинмайди.
Ўн тўққизинчи одоб – қазои ҳожат пайтида биров билан гаплашишдан сақланиш.
Қазои ҳожат пайтида телефондами ёки ҳожатхонадан ташқаридаги киши биланми, мулоқот қилиш ҳам жоиз эмас. Чунки бундай ўриндаги «суҳбат» соғлом инсон табиатига зиддир. Шунинг учун ундан тийилиш лозим бўлади. Аммо ёнғиндан ёки кишиларни бирор зарардан огоҳлантириш каби бирор аниқ зарурат туфайлигина гапириш жоиз.
Йигирманчи одоб – қазои ҳожат пайтида ашула айтиш ва хуштак чалиш каби ишлардан сақланиш.
Қазои ҳожат пайтида ашула хиргойи қилиш, хуштак чалиш ёки бирор мусиқа тинглаб ўтириш кабилардан ҳам сақланиш ва тезроқ «ишини битказиб», чиқишга ҳаракат қилиш лозим. Чунки ҳожатхона шайтонларнинг маскани бўлгани сабабли у ерда мазкур номаъқул ишларни қилиш шайтоннинг иғвосига учиш бўлади.
Йигирма биринчи одоб – Аллоҳ таолонинг неъматларини мушоҳада қилиш.
Инсон яшаши учун таомланишга қанчалик муҳтож бўлса, истеъмол қилган ўша озуқасининг қолдиғини ташқарига чиқаришга ҳам шунчалик эҳтиёжманд бўлади. Инсон озуқа неъмати ҳақида мушоҳада қилиш билан бирга, танасининг озуқа қолдиғидан халос бўлиши ҳам қанчалар улкан неъмат эканини мушоҳада қилиши лозим бўлади. Бу мушоҳадаси туфайли дунёнинг асли нима эканини, баъзи жоҳиллар талашиб-тортишаётган дунёнинг «борадиган жойи»ни тўлиқ англаб етиш ҳосил бўлади. Бундан ташқари, ўзига шунчалик сон-саноқсиз неъматларнинг шукронасини адо қилиш ҳисси билан яшаш тушунчаси мустаҳкам ўрнашади. Бу тушунча ҳақида қуйидаги ҳикоя етарли тасаввур беради: «Кунлардан бир кун саксон ёшга етган отахон бавл қила олмаслик касалига мубтало бўлибди. Отахонни фарзандлари тезда шифохонага олиб боришибди. Шифохона табибининг муолажасидан сўнг отахон дарддан фориғ бўлиб, яна ўзи бавл қила оладиган ҳолатга келибди. Бу ҳолатни кўриб, отахоннинг ўғиллари хурсадликларидан тинмай табибга миннатдорчилик изҳор қила бошлашибди. Отахон эса буни мушоҳада қилиб кўриб, ҳўнграб йиғлаб юборибди. Фарзанлари оталарини юпатиб: «Ахир ҳамма қийинчиликлар ортда қолди-ку, энди нега йилаяпсиз?» – деб сўрашибди. Шунда отахон: «Табибнинг менга қилган биттагина ёрдамига шунчалик ташаккур билдиряпмиз. Аслида саксон йилдан буён ўзим сезмаган ҳолда Аллоҳнинг санаб, саноғига етиб бўлмайдиган даражадаги неъматларига кўмилиб яшаган эканман», деган экан.
Йигирма иккинчи одоб – кесак ёки махсус қоғоз каби нарсалар билан артингандан сўнг сув билан истинжо қилиш.
Қазои ҳожатдан сўнг кесак, тош ва ҳожат учун хослаб чиқарилган қоғоз каби нарсалар билан артиш билан аъзолардан нажосат кетказилади. Артингандан сўнг сув билан истинжо қилиш нажосат чиққан жойни тўлиқ поклаш ва ҳидини кетказиш ҳисобланади. Агар иккаласини ҳам қилишга имкон топа олмаса, сув билан истинжо қилади. Чунки сув билан истинжо қилиш тош каби нарсалар билан истинжо қилишдан афзал ҳисобланади. Агар сув билан истинжо қилишга имкон топа олмаса, тош, қоғоз каби нарсалар билан кифояланилади.
Абу Муъоздан (бу зот Ато ибн Абу Маймунадир) ривоят қилинади: «Анас розияллоҳу анҳунинг шундай деганини эшитганман: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар қазои ҳожат учун чиқсалар, мен ва бизлардан яна бир бола у зотга эргашар эдик. Қўлимизда бир сувидиш бўларди. Яъни у билан истинжо қиладиган сувидиш» (Бухорий ривоят қилган).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда сув билан истинжо қилиш лозимлиги алоҳида таъкидланган:
«Оиша розияллоҳу анҳо (аёлларга): «Эрларингга айтинглар, сув билан истинжо қилсинлар, чунки мен бу(иш)ни (айтишдан) улардан ҳаё қиламан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар», деди» (Насоий ривоят қилган).
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло покланувчиларни яхши кўриши ҳақида шундай хабар берган:
«Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севар» (Тавба сураси, 108-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оят ҳақида: «Бу оят Қубо аҳли ҳақида нозил бўлган, улар сув билан истинжо қилар эдилар», деганлар.
Йигирма учинчи одоб – ҳожатхонада кўп ўтиришдан сақланиш.
Ҳожатхона инсон фақат зарурат туфайли кириладиган нажосатли жой бўлгани сабабли унда бирор заруратсиз узоқ ўтириш мумкин эмас. Чунки у шайтонларнинг маскани ва нопок жойдир. Ҳожатини чиқариши билан ундан тезроқ чиқишга ҳаракат қилинади. Аммо узоқ ўтиришни тақозо қиладиган бирор касаллик ёки бошқа узрлар бундан мустасно.
Йигирма тўртинчи одоб – истинжодан кейин қўлларни яхшилаб ювиш.
Истинжодан кейин қўлларни яхшилаб ювиш сабабли унга теккан нарсалар ва уларнинг ҳиди кетказилади.
Бизга Иброҳим ибн Жарир отасидан ривоят қилиб айтди, унинг отаси шундай деган: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдим, у зот ҳожатга бордилар ва ҳожатларини чиқардилар. Сўнгра: «Эй Жарир, покловчини олиб кел», дедилар. Мен у зотга сув олиб келдим. Сув билан истинжо қилдилар ҳамда қўлларини ерга ишқадилар» (Насоий ривоят қилган).
Қўлларни ерга ишқалаб ювиш билан ундаги нохуш ҳидлар ва унга ёпишган ифлосликлар кетказилади. Қўлни яхшилаб тозаламаслик кўплаб касалликларга сабаб бўлиши табиий ҳолдир. Субҳаналлоҳ! Ислом дини мусулмонларнинг поклигига ва уларнинг саломатлигини сақлашга нақадар аҳамият қаратган!
Шунинг учун истинжодан сўнг албатта қўлларни совунлаб ювишга алоҳида эътибор бериш лозим бўлади. Чунки бундай ювиш билан қўл ҳам яхши тозаланади, ҳам ундаги нохуш ҳид кетказилади.
Йигирма бешинчи одоб – ҳожатхонадан ўнг оёқ билан чиқиш.
Ҳожатхонага чап оёқ билан кирилганидек, ундан ўнг оёқ билан чиқилади. Чунки барча пок ишларга олдин ўнг оёқ билан қадам босилади. Ҳожатхонадан чиқаётган киши пок жойга чиқаётган бўлади. Шунга кўра ундан ўнг оёқ билан чиқиш мустаҳаб бўлади.
Йигирма олтинчи одоб – ҳожатхонадан чиққанидан сўнг чиқиш дуосини ўқиш.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатхонадан чиқишда қуйидагича дуо қилишни таълим берганлар:
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатхонадан чиқасалар, «Ғуфронака (мағфиратингни сўраймиз)», – дер эдилар» (Термизий ривоят қилган).
Ушбу «Мағфиратингни сўраймиз», деб дуо қилишнинг сабаби ҳақида турли фикрлар айтилган:
– қазои ҳожат пайтида зикрдан узилиб қолингани сабабли айтилади;
– ушбу ўзига зарарли нажосатларни енгиллик билан чиқариб юборишдек неъмат шукронасини тўлиқ адо қилишдан ожизлик туфайли айтилади.
Шунинг учун мусулмон киши ҳожатхонадан чиққанида доимо Аллоҳ таолога истиғфор айтишни ўзига одат қилиб олиши лозим.