ҒУСЛ ҚИЛИШ ОДОБЛАРИ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмон кишининг ҳар доим эҳтиёжи тушиб турадиган ишлардан бири ғусл қилиш ҳисобланади. Жунубликдан покланиш учун бўладими ёки салқинланиш учун бўладими, ғусл одобларига риоя қилиш туфайли кўплаб яхшиликлар қўлга киритилади. Ғусл одоблари деганда, асосан қуйидаги одоблар тушунилади:

Биринчи одоб – эзгу ният қилиш.

Барча ишларда бўлгани каби, ғусл қилишда ҳам ибодатни ният қилиш туфайли савобга эришилади. Масалан, жунубликдан покланиш учун ғусл қилаётган бўлса, ибодат учун покланишни кўнглидан ўтказилади ёки салқинланиш учун ғусл қилаётган бўлса, ибодатга қувват бўлиши учун баданини совутишни ният қилиб ғусл қилинади. Шунингдек, баданни кирлардан поклаш учунгина ғусл қилганда ҳам атрофдаги инсонлар ва фаришталар унинг баданидан келаётган нохуш ҳиддан азият чекмасликлари учун ғусл қилишни ният қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Иккинчи одоб – сувни тежаш.

Барча ишларда исрофдан сақланиш буюрилганидек, ғусл қилишда ҳам сувни исроф қилишдан сақланиш буюрилган.

Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Ақийл ибн Абу Толибдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Таҳоратга бир «муд»,[1] ғуслга бир «соъ»[2] етади», дедилар. Шунда бир киши: «Бизга (бу миқдордаги сув) етмай қолади», деди. У зот: «Сендан кўра яхшироқ ва сочлари кўпроқ кишига етади-ку», дедилар. Бу билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини назарда тутган эдилар» (Ибн Можа ривоят қилган).

Афсуски, баъзи инсонлар ғусл қилаётганларида сув жўмракларидан сувни шиддат билан оқизиб, узоқ вақт ювинадилар. Натижада йигирматалаб кишиларнинг ювинишига етадиган миқдордаги сув беҳуда исроф бўлиб кетади. Ҳар бир киши бундай исрофгарчиликдан сақланиши лозимдир.

Учинчи одоб – ювинишни бошни ювишдан бошлаш.

Ғусл қилувчи ювинишни бошлаганда бошқа аъзоларидан олдин бошини ювади.

Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида жунубликдан (қандай) ғусл (қилиш) ҳақида музокара қилдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аммо мен кафтимни тўлдириб (сув) олиб, бошимга қуяман, сўнгра (сувни) танамнинг бошқа жойларига қуяман», дедилар» (Аҳмад ривоят қилган).

Шунга кўра ғусл қилувчининг қуйидаги тартибда ювиниши суннатга мувофиқ бўлади:

Дастлаб «Бисмиллаҳ»ни айтиб, ният қилади. Сўнг икки қўлини ювади. Кейин истинжо қилади ва жинсий аъзоларини ювади. Кейин баданининг бирор жойига нажосат теккан бўлса, уни ювиб, кетказади. Сўнгра таҳорат қилади. Сўнг бошқа аъзоларини ювишдан олдин дастлаб бошини яхшилаб ювади. Кейин ўнг елкасини, сўнг чап елкасини ювади. Аъзоларини юваётганда қулоқлари, киндиги ва қўлтиқ тагларига сув тўлиқ етишига аҳамият бериб, баданини ишқалаб ювади. Ғуслни оёқларини ювиш билан якунлайди. Агар оёғи остида сув тўпланган бўлса, бошқа жойга ўтиб, оёқларини ювади. Агар сув тўпланмайдиган жой бўлса, оёқларини ўша жойда ювиб олиши жоиз бўлади.

Тўртинчи одоб – бошни ювишда сочнинг тагига сув етказиш.

Ғусл қилувчи бошини ювишда сочининг тагига сув етказиши лозим бўлади. Шунга кўра эркак кишига ғусл вожиб бўлган бўлса, агар сочи ўрилган бўлса ҳам, албатта ўримини ечиб, сочини тўлиқ ювиши лозим бўлади. Аммо аёл киши ғусл қилиши вожиб бўлса, жунубликдан олдин сочлари ўрилган бўлса, ўримини ечмасдан бошига сув етказиши кифоя қилади.

Шурайҳ ибн Убайддан ривоят қилинади: «Жубайр ибн Нуфайр менга жунубликдан ғусл қилиш ҳақида фатво берди. Савбон розияллоҳу анҳу уларга ўша нарса (жунубликдан ғусл қилиш) ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан фатво сўрашгани ҳақида гапириб берган экан. Ўшанда (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Аммо эркак киши боши(даги сочлари)ни ёйиб, ювсин. Токи сочининг аслларига (бошига) (сув) етсин. Аммо аёлга (ўрилган сочларини) ёйиш шарт эмас. У бошига иккала кафти билан уч ҳовуч сув олсин», деган эканлар» (Абу Довуд ривоят қилган).

Бешинчи одоб – эр ва хотиннинг бир идишдан  ювинишини жоиз деб билиш.

Эр-хотин битта идишдан ғусл қилиши жоиз ҳисобланади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Менга Маймуна розияллоҳу анҳо (шундай) гапириб берди: «Мен жунубликдан (ғусл қилишда) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан битта идишдан ғусл қилар эдим» (Термизий ривоят қилган).

Бу ҳақда Оиша розияллоҳу анҳодан ҳам шу маънодаги ҳадис ривоят қилинган. Ушбу ҳадислар эр-хотиннинг бир идишдан ювинишлари жоизлигига далолат қилади.

Олтинчи одоб – ғусл қиладиган жойга бавл қилмаслик.

Ғусл қиладиган сувнинг ўзига ёки унга етиб борадиган даражадаги яқин жойга бавл қилишдан сақланиш лозим. Одатда соғлом табиатли инсон бундай ишни қилишни ўзига эп кўрмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз оқмайдиган сувга ҳаргиз бавл қилмасин, сўнгра ундан таҳорат қилади», дедилар» (Термизий ривоят қилган).

Шунга кўра кичик ҳовуз ё бирор катта сувидишга бавл қилинган бўлса ёки бошқа бирор нажосат тушган бўлса, улардаги сув билан ғусл ёки таҳорат қилиш мумкин бўлмайди. Аммо катта ҳовузлардаги сувнинг рангини ёки таъмини, ёки ҳидини ўзгартириб юбормаган бўлса, уларнинг суви ғусл қилишга яроқли бўлади.

Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кишини чўмиладиган жойига бавл қилишдан қайтарганлар» (Термизий ривоят қилган).

Еттинчи одоб – оқмайдиган сувда жунубликдан покланиш учун ғусл қилишдан сақланиш.

Оқмайдиган сувга бавл қилинган ё қилинмаганидан қатъи назар, жунубликдан ғусл қилиш мақсадида унга тушиш жоиз бўлмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз оқмайдиган сувга ҳаргиз бавл ҳам қилмасин, унда жунубликдан (покланиш учун) ғусл ҳам қилмасин», – дедилар» (Абу Довуд ривоят қилган).

Чунки мазкур сувга тушиб, ғусл қилиш уни ишлатишга яроқсиз ҳолатга келтиришдир. Шунинг учун бундай сувдан идишга олиб ғусл қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Саккизинчи одоб – ҳаддан зиёд кўп ғусл қилишдан тийилиш.

Мусулмон киши бошқа ишларда бўлгани каби, ғуслда ҳам меъёрни сақлаши лозим. Яъни бирор заруратсиз қайта-қайта ғусл қилавериш ҳам ёки ўн кунлаб ғусл қилмасдан юриш ҳам одобсизлик ҳисобланади. Шу маънода ғусл қилишнинг энг кам миқдори ҳафтада бир марта бўлиши керак. Бундан ташқари эса терлаб кетиш ёки кийими ё бадани кирланиши, ёки ҳидланиши каби бирор эҳтиёж тушганда дуруст бўлади.

Жума намози учун ғусл қилиш афзал ҳисобланади. Чунки бунда жамоатнинг ва фаришталарнинг унинг нохуш ҳидидан азият чекишларининг олди олинган бўлади.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбар устида туриб: «Қайси бирларингиз жума(намози)га келса, ғусл қилсин», дедилар» (Муслим ривоят қилган).

Шунга кўра бир ҳафтада энг камида бир марта ғусл қилмаслик мусулмон киши учун одобсизлик ҳисобланади. Ушбу одобга риоя қилишнинг нақадар улкан саодат экани бундай кўрсатмалардан йироқ бўлганларнинг ҳаётига назар солинганда яққол намоён бўлади. Ҳикоя қилинишича, роҳиблардан бири йигирма етти йил ювинмасдан яшаган экан. Сўнгра уни зўрлаб ювинтиришибди. У ювиниб чиқиши билан вафот этган экан. Шунда баъзилар: «Унинг вафот этишига покликни кўтара олмагани сабаб бўлган бўлса керак», дейишган экан.

 



[1] Муд – 544 грам.

 

  

[2] Соъ – 2,750 литр.

 

 

 

Мавзуга оид мақолалар
Биринчи марта қўшимча овқат беришдан асосий мақсад ndash бола қорнини тўйдириш эмас, балки янгича овқат билан давоми...

03:57 / 11.03.2023 2042
Уйқудан соғ ва саломат ҳолда уйғониш улкан неъматдир. Яъни бу инсоннинг ажали ортга сурилди ва яхши амаллар давоми...

07:00 / 22.03.2020 3739
ТарбияАёл киши ўзига жуфт танлашда ва унга муносабат қуришда отаси унга бўлган муносабатни эсга олиб давоми...

03:35 / 08.07.2020 3414
Қиз боланинг тарбияси билан унинг отаонаси, бувибоболари, акаукалари, опалари, аммаю ҳола, тоғаю амакилари давоми...

03:19 / 25.07.2020 8296