ДУО ОДОБЛАРИ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзингизга зарар етишини сўраб дуо қилманглар, фарзандингизга зарар етишини сўраб дуо қилманглар, хизматчингизга зарар етишини сўраб дуо қилманглар, молингизга зарар етишини сўраб дуо қилманглар, (тағин) Аллоҳ табарока ва таоло (сўралган нарсани) ато қиладиган ижобат соатига мувофиқ келиб қолмангларки, сизларни (сўровингизни) ижобат қилиб қўяди», – дедилар» (Абу Довуд ривоят қилган).

Ушбу ҳадисга риоя қилган мусулмонлар жаҳллари чиққан пайтда «бўйнинг узилгур»нинг ўрнига «барака топкур», «уйинг буғдойга тўлгур» каби сўзлар билан «койиган»лар.

 

 

ДУО ОДОБЛАРИ

 

Ўн биринчи одоб – ижобатига аниқ ишониб дуо қилиш.

Дуонинг муҳим одобларидан бири қилаётган дуоси албатта ижобат бўлишига аниқ ишониб дуо қилишдир. Чунки ваъдасига хилоф қилмайдиган Зот ижобат қилишини ваъда берган:

«Сиздан (эй Муҳаммад!) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман» (Бақара сураси, 186-оят).

Шундай экан, доимо дуо қилишга ҳаракат қилиш лозим.

Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай буюрганлар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга ижобат қилишига аниқ ишонган ҳолда дуо қилинглар...» дедилар» (Термизий ривоят қилган).

Мўмин банда қилган дуосидан фақат яхшиликка эришишини билмоғи лозимдир.

Ўн иккинчи одоб – бирор гуноҳ ишни амалга ошириш учун ёки қариндошлик алоқаларини узиш учун дуо қилмаслик.

Мусулмон киши бирор гуноҳни бажаришга эришиши учун ёки бирор қариндоши билан алоқани узишга муваффақ қилинишини сўраб дуо қилмаслиги керак. Зеро, бундай дуо ижобат қилинмаслиги ҳақида ҳадиси шарифда хабар берилган:

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимда-ким бирор дуо қиладиган бўлса, Аллоҳ таоло унга сўраганини беради ёки ўшанча ёмонликни ундан тўсади, модомики у бирор гуноҳга ёки қариндошлик алоқасини узишга дуо қилмаган бўлса», деяётганларини эшитганман» (Термизий ривоят қилган).

Ушбу ҳадиси шарифда шариат ман қилган ишлардан сақланган ҳолда дуо қилиш, албатта, мазкур учта зарур нарсадан бирига сабаб бўлиши баён қилинган. Шунинг учун ориф зотлардан бири: «Дуо гуноҳни тарк қилишдир»,  деган.

Аммо кофирлар ва золимларга қарши дуо қилиш жоиз амал ҳисобланади. Бунинг жоизлигига Қуръон ва Суннатда кўплаб далиллар келган.

Ўн учинчи одоб – ўзига ёки фарзандига, ёки молига зарар етишини сўраб дуо қилмаслик.

Одатда ақли расо инсон ҳеч қачон ўзига ё фарзандига, ё молига зарар етишини сўраб дуо қилмайди. Аммо жаҳл келганда ақл кетади, деганларидек, баъзи инсонлар бирор нарсадан қаттиқ ғазабланган пайтларида «жаҳл қилиб», ўзларига нисбатан «Ўлсам бўлмасмиди», фарзандига нисбатан «Бўйнинг узилгур», молига нисбатан «Қирилиб кетгур» каби сўзларни айтиб юборадилар. Ушбу сўзларни айтаётган кимса зоҳиран шу нарсалар содир бўлиши учун дуо қилаётганга ўхшаб қолади. Зеро, дуонинг асли сўровдир. Ҳадиси шарифларда бундай «сўров»нинг ўта хатарли экани ҳақида огоҳлантирилган.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзингизга зарар етишини сўраб дуо қилманглар, фарзандингизга зарар етишини сўраб дуо қилманглар, хизматчингизга зарар етишини сўраб дуо қилманглар, молингизга зарар етишини сўраб дуо қилманглар, (тағин) Аллоҳ табарока ва таоло (сўралган нарсани) ато қиладиган ижобат соатига мувофиқ келиб қолмангларки, сизларни (сўровингизни) ижобат қилиб қўяди», – дедилар» (Абу Довуд ривоят қилган).

Ушбу ҳадисга риоя қилган мусулмонлар жаҳллари чиққан пайтда «бўйнинг узилгур»нинг ўрнига «барака топкур», «уйинг буғдойга тўлгур» каби сўзлар билан «койиган»лар.

Ўн тўртинчи одоб – бирор зарар ё мусибат етгани сабабли ўлим сўраб дуо қилмаслик.

Мусулмон кишининг бирор мусибатга учрагани туфайли ўзига ўлим тилаши беодоблик ҳисобланади. Чунки у вафот этиши билан амали тўхтайди. Аммо яшайдиган бўлса, ёмон ишларига тавба қилиши ва кўплаб яхши ишларга муваффақ қилиниши мумкин. Шунинг учун мусулмон одам ўзига ўлим сўраб дуо қилишдан сақланиши лозим бўлади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ўлим сўраб дуо қилманглар, уни ҳаргиз тиламанглар, агар ким дуо қилишга мажбур бўлиб қолса, «Аллоҳим, ҳаёт мен учун хайрли бўладиган бўлса, мени ҳаётда қолдиргин, агар вафот мен учун хайрли бўладиган бўлса, мени вафот эттиргин», – десин» (Насоий ривоят қилган).

Шунга кўра мўмин киши доимо Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб, яхшилик сўраб дуо қилишга ҳаракат қилиши лозим.

Ўн бешинчи одоб – дуо қилишда ҳаддан ошмаслик.

Дуо қилишда ҳаддан ошмаслик, бандалардан сўрашдаги каби майдалаб гапириб, эзмалик қилмаслик ҳам муҳим одоблардан ҳисобланади. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай буйруқ келган:

«(Эй мўминлар,) Парвардигорингизга ёлвориб, махфий дуо қилинглар, албатта, У ҳаддан ошувчиларни яхши кўрмайди» (Аъроф сураси, 55-оят).

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: «Бир куни Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўғилларидан бирининг дуо қилаётиб: «Аллоҳим, Сендан жаннатни, унинг неъматларини, шодликларини ва фалон- фалон нарсаларини ато қилишингни сўрайман ва Сендан дўзахдан, унинг занжирлари, кишанлари ва фалон-фалон нарсаларидан паноҳ сўрайман», деб дуо қилаётганини эшитиб қолибди.

Шунда у зот:  «Эй ўғилчам, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Тез кунда дуода ҳаддан ошувчи қавмлар пайдо бўлади», деганларини эшитганман. Сен зинҳор улардан бўлиб қолма! Агар сенга жаннат берилса, ундаги барча яхшиликлар ҳам берилади. Агар сен дўзахдан қутулсанг, ундаги барча ёмонликлардан ҳам қутуласан»,  деган экан».

Шунингдек, Имом Ибн Можа Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда ҳам шунга яқин маънолар айтилган: «Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳу ўғлининг: «Аллоҳим, агар жаннатга кирсам, Сендан унинг ўнг томонидаги қасрни сўрайман», деб дуо қилаётганини эшитиб ва: «Ҳой ўғилгинам! Аллоҳдан жаннатни сўра, Ундан дўзахдан паноҳ беришини сўра, чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Келажакда дуода ҳаддан ошадиган бир қавм бўлади», деганларини эшитганман», дебди».

Шунга кўра бўлмайдиган нарсаларни сўраш ёки Аллоҳ таолога бирор нарсани лозим қилиш маъносида дуо қилиш дуода ҳаддан ошиш бўлади.

Ўн олтинчи одоб – дунёнинг ўзида тезроқ жазо берилишини сўраб дуо қилишдан сақланиш.

Охиратдаги жазонинг қаттиқлигидан қўрқиб, дунёда жазо берилишини сўраб дуо қилишдан сақланиш лозим. Чунки унинг мазкур сўрови ижобат қилинса, уни кўтара олмай қолиши ҳам мумкин. Балки, бунинг ўрнига Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидворлик билан У Зотдан мағфират ва офият сўраб дуо қилиш керак.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлардан бир беморни зиёрат қилдилар. Бемор жуда ночор ҳолатда жўжадек бўлиб қолган эди. Унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор нарса тўғрисида дуо қилдингми ёки У Зотдан бирор нарсани сўрадингми?» – дедилар. Ҳалиги бемор: «Ҳа, мен: « Аллоҳим, менга охиратда берадиган жазонгни (бу) дунёда тезроқ бергин», деб дуо қилган эдим», – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Субҳаналлоҳ! Унга тоқатинг етмайди-ку, – ёки уни кўтара олмайсан-ку, – (унинг ўрнига) «Аллоҳим, бизларга дунёда яхшиликни ато қилгин, охиратда ҳам яхшиликни ато қилгин»,  деб айтмадингми?» дедилар. У Аллоҳ таолога (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган дуо билан) дуо қилган эди, Аллоҳ унга шифо берди» (Муслим ривоят қилган).

Ўн еттинчи одоб – Аллоҳ таолога доимо муҳтож эканини изҳор этиб дуо қилиш.

Мусулмон киши ўзига бирор манфаат ҳосил бўлишида ҳам, бирор зарардан сақланишда ҳам Аллоҳ таолонинг мададига муҳтож эканини доимо ёдида тутиши лозим. Банда дунёга тааллуқли ишда ҳам, охиратга тааллуқли ишда ҳам ўзича мустақил бирор нарсага қодир бўла олмайди. Шунинг учун у ўзининг ожизлигини, Роббининг қодирлигини эътироф этиб, эҳтиёжларини раво қилишини сўраб, Роббига ёлвориб, илтижо билан дуо қилиши лозим. Чунки у ожиз банда, Аллоҳ таоло эса барча нарсаларнинг эгаси бўлган мислсиз улуғ Зотдир. У Зот бандаларидан беҳожат, бандалари эса доимо Унга муҳтождирлар. У Зот осмонлару ернинг эгаси ва бирор нарса Ундан махфий қолмайдиган Зотдир. Кимки ушбуларни қалбидан ўтказиб, ихлос билан дуо қилар экан, унинг дуоси мақбул дуолардан бўлади. Ушбу одоб мусулмонликнинг асоси бўлган энг муҳим одоблардан ҳисобланади.

Яҳё ибн Муъоз раҳматуллоҳи алайҳ: «Аллоҳим, Сенга осийлик қилиб туриб, яна Сенга қандай қилиб дуо қиламан? Аллоҳим, Сен раҳмату икроми сўнгсиз Карийм Зот бўлсанг, қандай қилиб Сендан дуо қилиб сўрамайин?» – деб дуо қилган экан.

Ўн саккизинчи одоб – сермазмун ва умумий ҳамда асарларда келган дуоларни қилиш.

Дунё ва охират яхшиликларини сўраш маънолари жамланган дуолар сермазмун ва умумий дуолар саналиб, бундай дуолар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари ҳисобланади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сермазмун ва умумий дуоларни яхши кўрар эдилар, улардан бошқасини тарк қилардилар» (Абу Довуд ривоят қилган).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпроқ қуйидаги дуони ўқиганлар:

«Роббимиз, бизга дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликлар бер ва бизни дўзах азобидан асра» (Бақара сураси, 201-оят).

Демак, энг баракали дуолар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган дуолардир.

 

 

 

Мавзуга оид мақолалар
Уйқу Аллоҳ таоло томонидан инсониятга берилган катта неъматдир. Уйқу сабабли инсон ҳордиқ қиқаради, жисмига давоми...

07:00 / 14.03.2020 7473
Muslimaat.uz сайтида эълон қилинган йиллик танловдан Тарбия нима Тарбияrdquo сўзи арабча робаrdquo феълидан олинган давоми...

08:00 / 17.02.2020 4494
Фарзанд Аллоҳ таоло берган азиз ва буюк неъматлардан биридир. Солиҳ ва диёнатли фарзандларни камолга давоми...

23:56 / 07.11.2020 5288
Ҳукуматимиз 16 мартдан бошлаб таълим муассасалари учун бир неча ҳафталик карантин жорий этиш тўғрисида давоми...

01:46 / 18.03.2020 2694