Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Солиҳа аёлларга ўхшашни истайман...
Ёшим 20 да. Университетда ўқийман. Шу ёшгача онамнинг барча қилган ҳаракатларига қарамай, на ўраниш ҳақида, на намоз ҳақида ўйлаб ҳам кўрмадим... Бу гапларни жуда ҳижолат бўлиб айтмоқдаман.
Университет ётоқхонасида тураман. У ерда ўранган дугоналарим бор. Сизнинг марузаларингизни кўп эшитаман. Мана шу ҳолатлар мени ўзимни ўзим ҳисоб-китоб қилишга мажбур қилади... Озгина онгсизлигим, озгина отамнинг масъулиятсизлиги ва бундай муносабатларининг натижасида оиламизнинг деярли барча юкини онам зиммасига олган. Онамнинг: «Ўқи, бировнинг қўлига қарам бўлиб ўтирма...» деган гаплари билан академик бўлишни олдимга мақсад қилиб, университетга кирдим. Мен бу ерда онамни айбламайман, чунки ўзим ҳам шундай ўйлардим.
Аммо айни дамда ўтирганим бу аудиториядан ҳам, ўз олдимга қўйган мақсадларимдан ҳам безовталаниб қолдим. Ўзимга-ўзим доим «Бу эмас!» дейман. Нафақат университет, балки ҳаётимнинг ҳар бир жабҳасини қамраб олган режаларимга “энди бундай бўлолмайди”, деган назар билан қарайман. Излаётганим, бўлишни хоҳлаганим, қилмоқчи бўлганим... Амалга оша бошлаган режаларим ва ҳаёт тарзимдан воз кечиш осон бўлмаяпти.
Ортга назар ташласам, кўрганим «мен» билан келажакда бўлишни истаганим «мен»нинг осмон билан ерча фарқи бор. Бу ўтиш даври мени жуда қийнаяпти. Шунча йилдан бери ўранишимни қистаган онамнинг ўранишим ҳақидаги гапларидан кейин «Сен ҳали ёшсан. Ҳеч бўлмаса, рўмолнинг қорасини ўрама, бу плашинг жуда кенг...» каби билдирган танқидлари, гарчи оддий сўзлар бўлса-да, шаштимни синдиради. Онам билан маслаҳатлашиб иш қилишни ҳам истамай қолдим...
Сиз кўп бора ҳикоя қилган саодат асридаги солиҳа аёлларга ўхшагим келади. Уларга ўхшаш учун қанчалик ҳаракат қилаётганимни билсангиз эди... Қалбим ва ақлим буни маъқулласа ҳам, йигирма йилдан бери ҳаддидан ошиб кетган нафсим қаршилик билдириб, мени қийнайди. Сиздан бу тарзда сўраб тўғри қиляпманми ёки йўқ, билмайман, лекин бошида сиздан ўргана бошлаганим учун ёрдамни ҳам сиздан сўрамоқчиман. Ўзимни қандай ўзгартириш кераклигини, бу борада қайси йўлдан боришни билмайман. Аллоҳдан дуо қилиб сўрайман, менга хайрлисини беришига ҳам ишонаман... Лекин... Ҳаётимда жуда кўп «лекин»лар бор.
Айтадиган гапларингиз мен учун жуда муҳимдир. Маслаҳатингизга муҳтожман. Умид қиламанки, дардимни тушунтириб бера олдим. Менга йўл кўрсатишингизни хоҳлайман. Аллоҳ сиздан рози бўлсин.
Сабр сенинг жаннатингдир
Қизим, ўзингни ўзгартириш учун жуда муносиб ёшдасан. Ҳатто бу тушунча ва ҳасратинг билан сени ўн йилдан кейин кўришни тасаввур қилиш ҳам мени ҳаяжонга соляпти. Ўйлайманки, бу сўзларимнинг сенга фойдаси тегади, дуо қилишингга сабаб бўлади. Умматимнинг эртанги кунида номи қоладиган мужоҳид аёл бўлишинг учун дуолар қиламан.
Қизим, биринчи иш уруғдан иборат. Сўнг уруғни экиб, ундан кейин уни парваришлашдир. Бу ишлар амалга оширилгач, кўз олдимизда азим дарахт пайдо бўлади.
Сенга ҳам аввал иймон уруғи керак эди, қара, уни топибсан, алҳамдулиллаҳ. Қанчалар чиройли шаклда бажарибсан, ичингни иймон уруғи билан яшнатибсан. Бу катта қадам, мукаммал бошланғич бўлибди. Хотиржам бўл, қолганлари жуда осон.
Бу иймон лаззатини қадрла. Мингта хатоинг, мингта айбинг билан ҳам «Менинг Раббим!» дея оладиган иймонинг тирик бўлиши кифоя. Ана шундай изланиш сен учун ҳамма нарсадир. Ана шу нуқта энг гўзалидир.
Иккинчи қиладиган ишинг қўлингдаги иймон кўчатларини экишдир. Бу кўчат экиш иши атрофингдаги дўстлар ва маданий ҳаётингини ташкил этувчи унсурлардан иборат. Бу нарса сени бироз толиқтиради. Интернет орқали изланасан. Атроф-муҳитдан танлайсан. Қўрқмайсан ва чарчамайсан.
Учинчиси, қўлингдаги кўчатни ўтқазгандан сўнг, уни парваришлаш ва ҳимоялашдир. Бу эса сенинг ибодат ва дуоларингдир. Намоз ва Қуръон ўқиш билан ибодатларингни бардавом этгин. Агар Қуръон ўқишни билмасанг, дарҳол ўрган. Уни ўрганиш учун сенга бир ҳафта вақт ҳам етиб ортади. Сўнг самоларга юксаладиган ички овоз билан Раббингга муножот қил. У китобни қайта-қайта ўқи. Ана шунда кўрасан, сен учун қанчалар ҳузурбахш онлар бўлишини!
Ибодатлар жуда муҳим, буни унутма. Энг биринчи намоз эътиборга олинган ҳолда ибодатларнинг аҳамияти жуда катта. Ибодатдан лаззатлана бошлаганингда сени гуриллаб ёнаётган ўтга отсалар ҳам, у ерда гўё салқиндек нафас оласан. Сени сувга отиб, денгизнинг энг тубига туширишса ҳам қувончдан порлайсан. Ибодат жуда муҳим. Раббига етишиб, жаннатга мушарраф бўлгунига қадар...
Дуо ҳам муҳимдир. Шу даражадаки, олаётган нафасингиз ҳам вақти-вақти билан дуога айлансин. Тилинг пичирлаётганда сен гапиравер, дардларинг билан роҳатлан. Дуодан лаззатлана ололсанг, ўзингни ҳеч қачон ундан тўхтата олмайсан, қўлинг, тилинг, кўзинг, қулоғинг дуода бўлади... Эртаю кеч дуо қиласан. Ва энг муҳими, қизим, сен илмсиз қолмайсан. Қайси динда бўлсанг, ўша диннинг илмини эгаллайсан... Асосийси, юзаки эмас, ҳақиқий илминг бўлади. Ҳар куни билимингни бир поғона юксалтирасан. Бу борадаги қоида шундай.
Бу илм поғоналарида кўтарилиш асносида, Аллоҳнинг изни ила қилишинг керак бўлган янги ва ҳаяжонли ишлар билан тўлиб-тошасан, юзинг кулади.
Ўрни келганда бир нарсани эслатиб қўйсам, бу нарсаларни идрок эта бошлаганингда сени хайрли ишга йўналтирган каминанинг ҳаққига ҳам дуо қил:
Яхши мўмина сифатида яшашни истасанг, сенга жуда кўп қувват керак бўлади. Қувватинг эса тез тугайдиган қадрли нарсадир. Уни ҳеч қачон мўминлар билан тортишиб, сарфлаб юбормагин! Ҳеч қачон!
Айниқса, ота-онанг билан тортишма, уларга ўжарлик қилиб, баҳс-мунозарага киришма. Ўзинг тўғри деб билганинг мавзуларда оёқни тираб туриб, қаршилик билдиришса ҳам улар билан сан-манга борма. Албатта, ботил мавзуларда ҳеч қачон ён босма, лекин кучингни ҳам исроф қилма.
Тенгқурларинг ва дўстларинг билан беҳуда баҳсларга киришма. Ўзинг тўғри деб билган нарсаларни улар билан баҳслашиб, мустаҳкамлаб оламан деган хаёлга борма. На сен уларни, на улар сени ишонтира олади, ўртада эса ҳар икки томон бир-бирини тугатади. Сабр қиласан ва ғалабага эришасан. Сабр – сенинг қуролингдир. Сен сабрсан. Сабр сенинг жаннатингдир. Сабр сен интизор кутган мақсаднинг айнан ўзидир. Шунга қараб ҳаракат қил ва ўрнингдан тур, қизим.
Сени Аллоҳга омонат қолдираман.