Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ислом раҳбонийликни фарз қилмади37, раббонийликнинг йўли очилди. Черков тоғу тошларга юборган динни ҳаётнинг марказига олиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада аввал ҳужраи саодатни эмас, Масжиди Набавияни бунёд эттирдилар. Бу ишлари билан оиланинг қурилиши ва муҳофаза қилиниши уммат оиласининг омон қолиши билан амалга ошишини кўрсатдилар. Маҳаллий бўлинишни рад этиб, ҳар бир масалага умуминсоний ўлчовда ёндошдилар. Масжидни дунёга очдилар, дунё аҳлларини масжидда Яккаю ёлғиз бўлган Аллоҳ таоло ибодат қилишга чақирдилар, У зот алайҳиссалом: “Кимни Аллоҳ солиҳа аёл билан ризқлантирган бўлса, батаҳқиқ, унинг динининг ярмига ёрдам берибди. Энди, иккинчи ярмида Аллоҳга тақво қилсин”, деганлар.38 Эркакни аёлга, аёлни эркакка боғлаш учун эр-хотинлик муносабатларининг иккала томон учун ҳам савоб бўлишини айтдилар. Кишининг аёли билан бирга бўлиши (жимоъ қилиши) садақа даражасига кўтарилди. Саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, агар биронтамиз шаҳватини қондирса ҳам, бунинг эвазига ажр оладими?!” дейишди. У зот: “Қаранглар, агар у шаҳватини ҳаром йўл билан қондирса, унга гуноҳ бўлармиди? Худди шунингдек, агар ҳалол йўл билан қондирса, бунинг учун ажр олади”, дедилар (Имом Бухорий, имом Муслим, имом Аҳмад ва имом Табароний ривояти).
Оила раҳбари
Оилага раҳбар қилиб тайинланган39 эркак аёлнинг бошпанаси, уст-боши, ош-овқати, дори-дармони ва бошқа харажатлари учун нафақа қилишга масъулдир. Шу сабабли, оилага тегишли қарор қабул қилиниши керак бўлган ҳолатда аёлдан бир қадам олдиндадир.
Бир эркакнинг ўз аёлига қилган хайр-эҳсони бошқаларга қилган эҳсонидан афзалроқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Бир динорни Аллоҳ йўлида сарфладингиз, бир динорни қул озод қилиш учун сарфладингиз, бир динорни бирор мискинга садақа қилдингиз, бир динорни аҳли оилангизга сарф қилдингиз, шуларнинг ичида энг ажри улуғи аҳли оилангизга сарф этилганидир”40. Шу йўл билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркакларни ишлаб, оила тебратишга чақирдилар ва оилани хайр муассасаси сифатида кўрсатиб, унинг моддий ва маънавий жиҳатларига бирдек эътибор қаратдилар.
Оила қандай қурилади, у қандай қўриқланади?
Ислом оилани қандай асраш кераклигини буюргани сингари, қандай қуриш йўлларини ҳам кўрсатди.
Эркак кишининг аёлга уйланиш таклифини билдиришига унаштирув дейилади. Оилали ёхуд (талоқи боин билан ажрашса) идда ўтирган аёлга уйланишни таклиф қилиш ҳаромдир41. Оиланинг саодатли ёки фалокатли бўлиши унаштирилган эркак ва аёлнинг муносабатларига боғлиқ. Агар эркак киши уйланмоқчи бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бахтиёр оила учун берган тавсияларига риоя қилса, албатта бахтли бўлади.
Жуфт қандай танланади?
Мусулмон ёшлар Ислом ҳақида фақатгина гапирадиган, ёзадиган, чизадиган жуфтдан кўра, Исломни ўз ҳаётига татбиқ қиладиган, дини, имони ва диёнати билан гўзал бўлган солиҳа жуфт излайди. Мана шундай солиҳа жуфтгина динни ҳаётига рисоладагидек татбиқ қилади, унинг ўтириб-туришида, еб-ичишида, кийинишида, хуллас, ҳаётининг барча жабҳасида дини намоён бўлади.
Давоми бор...
Абдуллоҳ Раҳим ва Нилуфар Исроилова таржималари
--------------------------------------
37 Ҳадид сураси, 27-оят.
38 Табароний, Aбулқосим Сулаймон ибн Aҳмад, “ал-Муъжемул-Aвсат”, 7862-ҳадис, Дарул Ҳарамайн, Қоҳира, 1415й.
39 Нисо сураси, 34-оят.
40 Муслим. “Закот” асари, 12-ҳадис.
41Муҳаммад Муҳиддин Абдулҳамид. “Ал-аҳвалуш шахсия”, 16-17 бет, Дарул китаб ал-Арабийй, Байрут, 1984й.