Ким билан оила қуриш керак?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Никоҳ

Ким билан оила қуриш керак?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сарвари коинот, хотамул анбиё, оламларнинг фахри ва инсониятнинг энг мукаррами эдилар. У зот алайҳиссалом ҳам расул, ҳам оила раҳбари эдилар. У зот алайҳиссалом рисолат етказишда энг шарафли бўлганлари сингари оила борасида ҳам энг шарафлиси эдилар. Энг меҳрибон эр, энг мулойим ота, энг оқил мураббий, энг жасур қўмондон, энг одил давлат раҳбари эдилар. У зот алайҳиссалом аёлларни жоҳилият ботқоғидан  чиқариб, қалбларини ислоҳ қилдилар, қизини тириклайин кўмган арабга ҳам, ажамга ҳам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз аёлига энг яхши бўлганларингиздир. Мен оиламга нисбатан сизларнинг энг яхшиларингизман”31, деб марҳамат қилдилар.

Булар ким ўзи?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга қилинган энг катта жиноятлар содир этилган жамиятга юборилдилар. Руҳлари занжирбанд қилинган, истиқомат қилаётган жойлари сингари юраклари ҳам чўлдек қовжираган инсонларни жаннатни уларнинг оёғи остидан излайдиган ҳолга келтириб қўйдилар. Саҳобаларни башариятнинг энг бирламчи муассасаси бўлган оилани тирилтиришга чақирдилар: “Мўминларнинг иймон масаласида энг комили – ахлоқи энг гўзали ва оиласига энг яхши муносабатда бўлганидир”32. Саҳобалар у зот алайҳиссаломга ўхшаш учун тинимсиз жидду жаҳд  қилдилар. Ҳудайбия сулҳи туфайли юзага келган тинчликдан фойдаланган баъзи мушрик ота-оналар Мадинага бориб, бир неча йиллар аввал ҳижрат қилган фарзандларининг ҳаёт тарзларини кўриб ҳайрон қолишди. “Буларнинг сурати бизга ўхшаса ҳам, сийрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшайди. Булар ким ўзи, қаердан келиб қолишди, осмондан тушдиларми ёки ердан чиқдиларми?” деб юбордилар.

Оила қуриш ҳам ибодатдир

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятни маҳрамликка қаттиқ риоя қилинишга даъват қилдилар. У зот алайҳиссалом уйланиш ёшига етган ёшларга шундай деб марҳамат қилдилар: “Ҳой йигитлар жамоаси! Сизлардан ким оила ҳаражатларига қодир бўлса, уйлансин! Чунки оила кўзни тийувчи, фаржни (зинодан) сақловчи (омил)дир. Ким қодир бўлмаса, унга рўза тутиш лозимдир. Чунки рўза шаҳватни синдирувчидир”33. Бойларни уйланишга имкони бўлмаган йиғитларни уйлантиришга ташвиқ қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оила қуришни тарк қилиб,  узлатга чекинишни, вақтини ибодатга сарфлашни сўраб келган саҳобаларга ҳам уйланишни тайинладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳунинг дунё ҳаётидан тақво қилиб, ибодатга берилишига қарши чиқдилар. Агар унга рухсат берганларида эди, аёлларга бўлган шаҳватдан тийиш учун ўзини ҳасй қилдирмоқчи (яъни, бичтирмоқчи) бўлади34. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг қалбларида жамланган Исломга муҳаббатни яхлит ҳолида олиб, оила хизматига эҳсон қилдилар. Ислом ибодат қилиш учун аҳли оиласидан воз кечишни истаганларга: "Оилалик бўлиш ҳам ибодатдир", деди.

 

Черковдаги фазилат – Исломдаги мағлубият

Ислом уммат масаласини аввал оила қурилишидан бошлади. Энг бахтиёр оилалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг талабаларига тегишли эди. Бундай оилаларнинг кўпайиши учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни оила қуришга чақирдилар. Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Уч киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраш учун у зот хотинларининг уйларига келдилар. Уларга Расулуллоҳнинг ибодатлари ҳақида хабар берилгач, бу ибодатларни гўё оз санаб: “Биз қаёқда-ю, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар?! Аллоҳ таоло у зотнинг ўтган ва кейинги гуноҳларини мағфират қилган бўлса?!” дедилар. Сўнг улардан бири: “Мен умрбод кечани намоз билан ўтказаман”, деди. Иккинчиси: “Мен умр бўйи рўзадор бўлиб ўтаман, асло рўзасиз юрмайман”, деди. Учинчиси эса: “Мен аёллардан четланаман, уйланмай ўтаман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келгач, уларга: “Сизларми бундай-бундай деган?! Ҳушёр бўлинг, Аллоҳга қасамки, мен ичингизда Аллоҳдан энг қўрқувчи ва тақводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, рўзасиз ҳам юраман, кечаси намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам ва аёлларга уйланаман. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса мендан эмас”, дедилар”35. Оила қурмасдан яшаш черковда фазилат бўлса, Исломда пайғамбардан юз ўгириш билан баробардир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш вазифасини топширдилар. “Менинг сўзларимни эшитганлар, эшитмаганларга етказсин!” дедилар. Улар ҳам Мадинадан якка ёхуд гуруҳ-гуруҳ  бўлиб ҳар ёнга тарқалдилар. “Никоҳланинглар, кўпаясизлар, мен қиёмат куни ўтган умматларга нисбатан умматимнинг кўплиги билан фахрланаман”36 ҳадисига амал қилиб ҳам фарзанд кўриб, ҳам ҳидоят топган инсонлар ҳисобига кўпайдилар, шаҳарлар қуриб, юртларни фатҳ қилдилар. Бугун динимизни яхши билмаган мўминларга қараб Ислом динидан юз ўгираётган инсонлар саҳобаларнинг ҳаётларига назар солсинлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг асҳобларининг ҳаётини тафаккур қилганларида эди, шубҳасиз, иймон келтирган бўлишарди.

 

Давоми бор...

Абдуллоҳ Раҳим ва Нилуфар Исроилова таржимаси

-------------------------------------

31 Термизий, 3830-ҳадис.

32 Термизий, 2537-ҳадис.

33 Муслим, “Никоҳ”, 1-ҳадис.

34 Муслим, “Никоҳ”, 1-ҳадис.

35 Муслим, “Никоҳ”, 1-ҳадис.

36Ас-Саъоний, Абдурраззоқ, Абу Бакр ибн Ҳаммам, ал-Мусаннаф, 10390-ҳадис. “Ал-Мактабатул Исламий”, Байрут, 1983й.

Мавзуга оид мақолалар
Болалар Улубатли Ҳасан турк қаҳрамони бўлишни қанчалар севадилар. Уни таниб олганларидан сўнг, на Ўргимчак давоми...

08:00 / 01.03.2022 5639
Яхлит ва ноқисСаҳобаи киромлар ҳақида тўхталсак. Яхлитни ноқис деб қабул қилиш уни кўрмасликдир. Саҳоба давоми...

09:00 / 15.02.2020 5494
Қуръони Карим оиласи олдидаги бурчини адо этмай, фарзандларини тарбиясиз, ахлоқсиз ва жоҳилга айлантириб давоми...

09:10 / 25.01.2021 2901
Бола Aллоҳrdquo дейишни ҳам, овқатланаётганда қошиқни ўнг қўли билан ушлаб, оғзига солишни ҳам онасидан давоми...

08:00 / 06.11.2021 3183