Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Кўпинча оммавий саҳифалар ёки ўзида кўп ёки кам сонли фейсбукчиларни йиғувчи гуруҳлар ¬– булар ғафлат, шовқин-сурон, беҳуда тортишув ва ахлоқсиз ишлар манбаи бўлиб чиқади. Бундай саҳифалар мункар ишлардан холи бўлмайди. Уларни бозорга ўхшатишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳтиёж бўлмаса, бозорларда ўтиришдан қайтарган бўлсалар, бу саҳифалар ва ёмон гуруҳлар ҳақида нима ҳам дейиш мумкин?
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Шаҳарларнинг Аллоҳга энг маҳбуб жойи – у ернинг масжидларидир. Шаҳарларнинг Аллоҳга энг ёқмайдиган жойи – у ернинг бозорларидир».
Нававий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Шаҳарларнинг Аллоҳга энг ёқмайдиган жойи бозорлардир, чунки бозор – алдов, товламачилик, рибо, ёлғон қасам, ваъдага хилоф қилиш, Аллоҳнинг зикридан юз ўгириш ва шу каби ишларнинг жойидир».
Қори раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бозорлар – ҳирс, тама, хиёнат ва ғафлат каби шайтоний ишларнинг жойидир».
Назаримда бундай саҳифаларда, бундай гуруҳларда бу ерда айтиб ўтилган ҳолатлардан ҳам баттар аҳволлар бор, кириб кўрганлар билишади.
Юқорида зикр қилинган нарсалар сабабли бундай саҳифа ва гуруҳларга кириш жоиз эмас, чунки уларга кириш у ердаги мункар ишларга тақрир қилиш – маъқул санаш, рад қилмаслик ҳисобланади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Бирортангиз мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин. Бунга қодир бўлмаса, тили билан, бунга ҳам қодир бўлмаса, қалби билан қайтарсин. Бироқ бу энг заиф иймондир».
Мусулмон одам Аллоҳ таолога осийлик қилинадиган жойда бўлишдан қайтарилишининг асл манбаи ушбу оятдир: «Оятларимизни мазах қилишга киришаётганларини кўрсанг, бошқа гапга ўтмагунларича улардан юз ўгиргин» (Анъом сураси, 68-оят).
Лекин бу саҳифа ва гуруҳларга тўғри ниятда кириш мумкин. Масалан, мункар ишни инкор қилиш, мухолифларга қарши ҳужжат келтириш каби ишлар учун бўлса, нафақат жоиз, балки мустаҳаб ёки вожиб бўлади. Уларни тўсмасдан, майдонни ботил ишларга шўнғиган, фасод тарқатаётган аҳли ботилларга ташлаб кетилмайди. Модомики бундай шаръий мақсадларни амалга ошириш имкони бор экан, гуруҳлар сони ошиб кетишининг зарари йўқ.
Аммо шубҳа йўқки, шаръий илмдан етарлича катта насиба олмаганлар, ботилни рад қила олмайдиганлар ботил аҳлининг даврасига кириб, у ердаги гап-сўзларни ўқиб, эшитиб, кўриб ўтиришлари тўғри эмас. Бундай ҳолда ҳақ аҳлининг ҳужжати кучсиз бўлиб, ботил аҳлининг ҳужжати кучайиб кетади. Оқибатда фасод янада кучайиб кетиши муқаррар. Аллоҳ билгувчироқ.
Билгинки, саҳифага «лайк» босишинг ёки гуруҳларга қўшилишинг билиб-билмаган ҳолатингда ўша саҳифа ёки гуруҳни дўстларингга ва бошқаларга тарқатишга қўшган ҳиссанг, ёрдаминг бўлиб қолади. Агар бу саҳифаларда асосан мункар ишлар тарқатилаётган бўлса, у ерга кириш, уни кузатиш ёки лайк босиш жоиз бўлмайди. Чунки бу иш мункарни эътироф қилиш, унга рози бўлишдир. Бундай ҳолат ўша ишга эргашиш, маъсиятга сабабчи бўлиб қолиш, уни ёйишга ёрдамлашиш бўлиб қолиши мумкин, Аллоҳ асрасин. Агар киши бунга ёрдамчи бўлиб қолса, гуноҳига шерик бўлиб қолади.
Лекин манфаатли нарсалар ҳам қўйиладиган, бироқ баъзида ҳаром нарсалар аралашиб қоладиган саҳифалар бўлса, бунда асосий мақсад ҳисобга олинади, лекин унга «лайк» босишни тарк қилиш вожиб бўлади.
Дининг ҳисобига дўстларингга хушомад қилишдан огоҳ бўлгин: фақатгина Аллоҳ ва Унинг Расулини рози қиладиган нарсаларга «лайк» босгин.
t.me/muslimaatuz