Турмуш қуриш мақсадида танишувга чақирадиган гуруҳлар ёки саҳифаларнинг ҳукми (Давоми...)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Турмуш қуриш мақсадида танишувга чақирадиган гуруҳлар ёки саҳифаларнинг ҳукми (Давоми...)


Никоҳнинг анъанавий усуллари имконсиз бўлган пайтларда, номзодларнинг ёши ўтиб қолган ҳолатларда ёки шунга ўхшаш истисноли, узрли ҳолатларда Фейсбук ёки бошқа сайтларда ўзини таклиф қилишга келсак, бу ҳолатда бир неча жиҳатларга қаралади:

Агар бу гуруҳлар ва саҳифаларнинг мақсади жиддий бўлиб, бу иш билан расмий равишда шуғулланса, унга кўпчилик танийдиган, аҳли илм ва аҳли фазл кишилар раҳбар бўлса ёки уни расмий ҳайъат бошқарса, мақсадлари фақат икки жинсни мувофиқлаштириш бўлса, эркак билан аёл ўртасидаги муомалада лозим эҳтиётлар ва шаръий қоидаларга риоя қилинса, совчиларни шаръий чекловларга тушиб қолишдан четлатса, суҳбатлашиш ёки учрашишда шариат ҳукмларига қатъий риоя қилинса, бунга рухсат берилиши мумкин. Бу нарса интернетда бўладими ёки ундан ташқаридами, барибир. Мана шу шартлар бажарилса, икки тарафнинг талабларини қабул қилиш жоиз бўлади, сўнг ораларидаги мувофиқлик кўрилади. Сўнг уларнинг ўзлари ҳақида тақдим этган хабарларидан бирор нарсани ошкор қилмаган ҳолда, икки томонга билдирилади. Шунда ҳам, фитна чиқмаслиги учун умумий тафсилотларни, масалан, исми шарифи, манзили, ватани, маълумоти каби маълумотлар, бўйининг узун ёки қисқалиги, танасининг ранги ва шу кабиларни эълон қилиш билан кифояланиш жоиз. Чунки совчининг номзод аёлни кўришга ҳаққи бор. Шунинг учун унга номзодни олдиндан васфлаб бериш авлодир. Фақат шарти шуки, ғаризаларни қўзғайдиган тафсилотларга ўтилмайди. Бундай танишувни динимиз тақиқламайди, чунки бу яхшилик ва тақво йўлидаги ҳамкорликдир. Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, икки тарафнинг мувофиқлигининг ўзи билан унаштириш тўлиқ бўлмайди. Бу иш валийга ҳавола қилинмагунича, у бу таклифни қабул ёки рад қилмагунича, бу иш тугал бўлмайди.

Лекин бундай совчилик, воситачилик қиладиган саҳифа ёки гуруҳлар шубҳали бўлса, ҳазил бўлса, унга жоҳиллар бош бўлса, ҳавасга танишиш ёки умр йўлдош қидириш жойи сифатида танилган бўлса, уларга аъзо бўлиш ҳам, ўзига ёки бошқа одамга умр йўлдошини ўша ердан қидириш ҳам жоиз бўлмайди. Чунки бундай жойлар бузуқ эркак ва аёлларнинг ифлос маконидир. Уларнинг мақсади ифлос сувда ов қилиш, ғофил эркак ва аёлларни адаштириш, бошини айлантириш, уларни фасод ва разолатга тортишдир. Динини ва ҳурматини сақлаган кишига бундай жойларга кириб юриш лойиқ бўлмайди. Аксинча, бундай фасодчиларга йўл бермаслик, оқибати ёлғон бўлган ёмон ишларга қўшилишнинг олдини олиш керак. Чунки бундай жойларда берилган маълумотларнинг ишончлилигига ҳеч қандай кафолат йўқ. Гоҳида маълумотлар тўғри бўлмаслиги, эркак томон тўғрисини айтиб, аёл томон ёлғон гапириши, ёки аёл киши рост айтиб, эркак киши фирибгарлик қилаётган бўлиши мумкин.

Билгинки, фасодчиларнинг кўпи ишқий ёзишмалар орқали, сурат алмашишлар орқали жинсий эҳтиёжини қондириш учун умуман, интернетни, хусусан, фейсбукни ўзига васила қилиб, ўзига хотин топиш деган баҳонани рўкач қилиб олади. Албатта, бу иш мутлақо жоиз эмас. Бу жуда катта ёмонликларга очилган йўлдир, фасодчи эркагу аёлларни оқибати ёмон ишларга олиб кирадиган эшикдир.

Мавзуга оид мақолалар
Самолётда бир ёрдамчи учувчи ва бир бошқарувчи учувчи бўлади. Иккиси ҳам самолётни бошқаради. Лекин қарорни давоми...

09:48 / 10.11.2021 3254
Розилик сабрнинг энг юқори даражасидир. Бу даражага Аллоҳ таоло мукаммал имон ва гўзал сабр берганларгина давоми...

22:15 / 14.11.2021 2836
Қизим, сен фарзандларингга Ҳамза розияллоҳу анҳу ҳақларида сўзлаб бер. Улар ҳақида кўп гапириб бер, токи давоми...

08:00 / 15.02.2022 4551
Аллоҳ таоло ҳар бир инсонни ўзига хос хусусиятлар, хулқатворлар билан яратган. Бу хусусиятлар ичида давоми...

05:00 / 17.10.2020 3497