Бахт – ҳалол ризқда!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон уйига ҳалол  меҳнат билан ҳалол касб қилиб қайтиши, унга бирор алдов, ёлғон ва фириб аралаштирмаслиги қандай ҳам гўзал! Ҳалол овқатида иймон ҳаловатини ҳис қилади. Ҳозирги кунларда қанчадан қанча инсонлар борки, уйига пора олиб ёки савдосида ёлғон қасам ичиб ёки маҳкамада ботил нарса устида ҳукм чиқариб ёки молу дунёсига ҳаром нарсани аралаштириб қайтади!

Ҳаром молдан роҳатланадиган киши қандай ухлаши мумкин?! Ахир унинг, хотинининг ва болаларининг танаси ўша ҳаром мол билан унади. Аллоҳ таоло молу дунёси, уни қаердан олгани ва нималарга сарфлагани ҳақида сўрайдиган кунда Унга қай юз билан юзланади?!

Табароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: “Ушбу оятни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида тиловат қилдим: “Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар” (Бақара сураси, 168-оят). Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўрнидан турди ва: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ таолога дуо қилинг, мени дуоси мустажоб бўладиган киши қилсин!” деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Саъд, таомингни ҳалол қил, дуоси мустажоб бўладиган киши бўласан! Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта, банда ҳаром луқмани ичига ютар экан, ундан қирқ кунлик амаллари қабул бўлмайди. Қайси банданинг танаси ҳаромдан ўсар экан, унга олов етиши афзалдир”, дедилар”.

Муслима аёл эри ишга ёки бозорга кетиш вақтида эшик остонасида туриб: “Ҳаргиз бирорта ҳаром нарсани уйга олиб келманг! Чунки биз очликка сабр қилишимиз мумкин, лекин дўзахга сабр қила олмаймиз!”, дейди.

Доктор Ҳассон Шамсийнинг  "Бахт улашинг" китобидан

Раҳматуллоҳ Махсумхонов  таржимаси


Мавзуга оид мақолалар
Мўмина синглим, сиз менга Германиядан мурожаат қилаётган бўлсангиз ҳам, кўз ўнгимда тургандексиз. давоми...

04:47 / 01.02.2020 6351
Биз қайси даврдамизКун, ҳафта, ой, йил... Биз қайси даврдамиз Масалан, ўтган эллик ва кейинги эллик йил билан давоми...

06:38 / 04.02.2020 5271
Ҳузурҳаловатли қўрғоннинг меъмори ҳам, қўриқчиси ҳам Ислом қизидир Зоҳирида ҳам, ботинида ҳам Ислом бўлган, давоми...

07:39 / 18.01.2021 3101
Ислом билан бир давр ўз ниҳоясига етди, унинг ўрнида қиёматгача давом этадиган янги давр бошланди. Ботил давоми...

09:21 / 02.01.2022 3801