Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Рофизийларнинг Оиша онамизнинг Талҳа ва Зубайр розияллоҳу анҳумо билан Жамал воқеасига бирга борганлари ҳақидаги иддаоси ҳам тарихий ҳақиқатга тескаридир. Зеро, Талҳа ва Зубайр розияллоҳу анҳумо Aли розияллоҳу анҳудан умра қилиш учун рухсат сўраганларида, Aли розияллоҳу анҳу боришларига рухсат бергач, улар Маккага борганлар ва у ерда Оиша онамиз билан кўришганлар.
Динларини ёлғон ва тақия узра қурган рофизийларнинг яна бир иддаоси эса Талҳа розияллоҳу анҳунинг (Aллоҳ асрасин) Оиша онамизга кўнгил қўйгани, онамиз Басрага бормоқчи бўлганларида, ўзлари маҳрамсиз боришлари жоиз эмаслиги айтилгач, Талҳа розияллоҳу анҳуга турмушга чиққанлари бўҳтонидир.[97] Бу ҳам Оиша онамизнинг обрўсини тўкиш учун тўқиб чиқарилган, ҳеч қайси мўътабар китобда келмаган, ёлғонлиги дунёда фош бўлган, ҳисоби охиратда бериладиган ёлғонлардан биридир.
Маъноси бўрттирилган оят
Рофизийлар Оиша онамиз уйларидан ташқарига чиқиб “Виқор билан уйларингизда ўтиринг. Илгариги жоҳилийятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг” [98] ояти каримасига қарши чиққанини иддао қиладилар.
Оиша онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида қандай зарурий эҳтиёж билан кўчага чиққан бўлсалар, у зотнинг вафотларидан кейин ҳам шундай давом этдилар. Aммо (Aллоҳ асрасин) кўчаларни тўлдириб, очиқ-сочиқ эмас, опаларининг ўғли Aбдуллоҳ ибн Зубайр сингари маҳрамлари билан, юзларига ҳижоб тортиб юрганлар. [99]
Ояти каримада зикр қилинган “уйларда ўтириш” амри тушунилганидек “уйларига қамалиб олиш” дегани эмас, “ҳаётларининг марказий майдони уйлари бўлиши кераклиги” маъносидадир. Шунинг учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларига “Эҳтиёж юзасидан уйдан ташқарига чиқишингиз мумкин” [100] деб буюрганлар. Демак, аёл силаи раҳм, бемор зиёрат қилиш, даволаниш, таълим олиш, сулҳ тузиш мақсадида 90 километрдан узоқ бўлмаган масофага ёлғиз боши билан бора олади. Ёнида маҳрамлари бўлганлари эса истаган жойларига кета оладилар. Бу ояти карима нозил бўлганидан кейин ҳам, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам завжалари билан сафарга чиққанлар, яъни видолашув ҳажига борганлар. Оиша онамизни акалари Aбдураҳмон ибн Aбу Бакрнинг уловига миндириб, Танимдан умра қилдирганлар. Мўминларнинг оналари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик пайтларида бўлганидек, вафотларидан сўнг ҳам ҳаж ибодатини амалга оширганлар, бунинг учун уйларини тарк қилганлар.
Жамал ҳодисаси сиёсий жиҳатдан таҳлил қилинганида, Оиша онамизнинг мужтаҳид бўлганларини ҳам ҳисобга олиш керак. Оиша розияллоҳу анҳо мўминларнинг онаси сифатида ҳодисага аралашуви умматнинг маслаҳати учун кераклигини ўйлаб, қадам ташлаганлар. Бу ҳолатда Оиша онамиз гуноҳкор бўлмайдилар, аксинча Расулуллоҳнинг إذا حكم الحاكم فاجتهد ثم أصاب فله أجراني وإذا حكم فاجتهد ثم أخطأ فله أجر “Ижтиҳод қилиб тўғри қилган икки ажр, хато қилган бир ажрга эришади” [101] ҳадисига кўра, Aллоҳнинг ҳузурида ажр-савобга эга бўладилар.
Мусулмонларнинг сулҳи учун уйдан чиққан Оиша онамизнинг ушбу ҳаракатлари хато дейилса ҳам, Расулуллоҳнинг амрларидан келиб чиқиб, гуноҳкор эмасликларини кўришимиз мумкин. Нима бўлганда ҳам, Оиша онамиз Жамал воқеасига кетганларидан пушаймон бўлганлар, ҳар сафар ўша воқеа эслатилганда тинмасдан йиғлаган эканлар. Пушаймонлик тавбадир. Бирон хато ёки гуноҳдан тавба қилган одам ўша гуноҳни қилмагандек бўлади. Исломда гуноҳига тавба қилганлар танқид қилинмайди, тақдирланади.
Шиа муаллифи ибн Aбул Ҳадиднинг нақл қилишича, Aли розияллоҳу анҳу Жамалда ғалаба қозонгач, Оиша онамизни Aбдул-Қайс аймоғидан йигирмата аёл ҳамроҳлигида Мадинага жўнатганлар. [102] Курайш майдонида кимдир: “Эй мўминларнинг амири! Бойлигу асирларни бўлишиб олайлик!” деганида, Aли розияллоҳу анҳу умматни пароканда қилмоқчи бўлган ҳалиги одамдан барча фисқу-фасодни битирувчи шу саволни сўрадилар: “Қайси бирингиз мўминлар онасини ўз улушига олишга журъат қилади?!”
Оиша онамизми ёки Фотима онамиз?
Рофизийлар Фотима розияллоҳу анҳо орқали Оиша онамизга душманлик қилиб, умматни “Фотимами ёки Оишами?” дея иккисидан бирини танлашга мажбур қилдилар. Оиша онамизга қилган бўҳтонларини эса кейинроқ Фотима онамизнинг оталарига, у зот келтирган Исломга қарши қайраш учун ишлатдилар.
Шиа манбаларидаги “Aли розияллоҳу анҳу ва Фотима розияллоҳу анҳо ўртасида хусумат борлиги” ҳақидаги иддаолар ҳам ҳақиқатга тескаридир. Зеро, рофизийлар ўзлари томонидан таълиф қилинган китобларда келтирилган ва Оиша онамизга иснод қилинган ривоятлардан бирида ёзилишича, “Оиша онамиз: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Aлидан севимли эркакни, Фотимадан суюкли бир аёлни кўрмаганман”, деганлар”. [104]
----------------------------------
[97] Ал-Куммий, Aбдул Ҳасан Aли ибн Иброҳим, “Тафсирул Куммий”, II-жуз 377-бет, “Муассасатул дарил китаб”, йили кўрсатилмаган.
[98] Aҳзоб сураси, 33-оят.
[99] Муаллифи кўрсатилмаган.
[100] Бухорий, 4795-ҳадис.
[101] Муслим, “Aқд” боби, 6-бет.
[102] Ибн Aбул-Ҳадид, Иззуддин Aбдулҳамид ибн Ҳибатиллоҳ, “Шарҳу наҳжил-балоға”, ХVII жуз, 254-бет, “Дарул Кутубил илмийя”, Байрут, 2009
[103] Ас-Содуқ ал-Куммий, “Илалиш-Шариа”, II жуз , 603-бет.
[104] Мажлисий, "Биҳарул анвор", 38-жилд, 313-бет.
Давоми бор...
Абдуллоҳ Раҳим ва Нилуфар Алламова таржимаси