ИЛК ҚАДАМ «Муаллим» ўқув марказида «Оила психологияси» курслари очилди
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Эркак ва аёлдан ташкил топган жуфтлик оила деб номланган кичик бир жамоани юзага келтиради. Оила эса жамиятнинг асосий негизи ҳамда ижтимоий, ахлоқий таълим-тарбия масканидир.

Жорий йилнинг 2 март куни пойтахтимизда «Муаллим» деб номланган янги ўқув марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

«Чимир ота» жомеъ масжидининг имом-ноиби Абдулбосит Абдуллажоновнинг ташаббуси ва раҳбарлиги остида ташкил этилиб, малакали мутахассислар жалб этилган мазкур ўқув маркази муҳтарама аёлларимизга, суюкли опа-сингилларимизга, оила қуриш бўсағасида турган юртимиз ёшларига фаровон, мустаҳкам оила қуриш сирларини ўргатишни, бу йўлда зарур кўрсатмалар билан уларга ёрдам беришни, рўзғор илми хусусида, гўзал одоб-ахлоқ борасида ўзларининг тавсиялари, насиҳат ва маслаҳатлари билан кўмак беришни ният қилган.

Байрам тадбирида muslimaat.uz сайти ходималари ҳам меҳмон сифатида иштирок этишди.

Қуръони Карим тиловати ва Исмоил Махдум қизи Маҳфузахон аянинг хайрли дуолари билан бошланган маросим унга ташриф буюрган меҳмонлар, мезбон мутахассисларнинг чиқишлари билан давом этди.

Тадбирнинг фахрий меҳмони, мuslimaat.uz сайти раҳбари, Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударрисаси, устоз Одинахон Муҳаммад Содиқ ҳам ўқув маркази ташкилотчиларини муборакбод этдилар. У кишининг ихлос ва ниятнинг аҳамияти, толиби илмнинг ўқитувчи-мураббийларга нисбатан одоблари ҳақидаги мавъизаларини тадбирга ташриф буюрган барча меҳмонлар мароқ билан тингладилар.

Психотерапевт Гавҳар Тешабоева, Чилонзор туман отинойиси Хуршидахон Лутфуллаева, психолог Дилдора Шароповалар сўзга чиқиб, мустаҳкам ва бахтиёр оила қуришда зарур бўлган асосий омиллар, ўзларининг илм ва тажрибалари, кузатувлари ҳақида сўзладилар.

«Муаллим» ўқув марказида ташкил этилган «Оила психологияси» ўқув курсларида аёл-қизларга оила ва жамиятда юзага келадиган муаммоларга ечим топишда ёрдамлашиш, зарур кўрсатма ва маслаҳатлар бериш, керакли кўникма ва малакалар ҳосил қилиш каби кўплаб хайрли мақсад ва вазифалар кўзда тутилган. «Оила психологияси» ўқув курслари ўқитувчиси Фазилат Лутфуллаева меҳмонларга шулар ҳақида сўзлаб берди.

Тадбир иштирокчилари мутахассислар ва марказ ходимларига ўзларини қизиқтирган мавзулар бўйича саволлар бериб, қониқарли жавоблар олдилар.

Тадбир сўнгида Ҳассон Жибон қаламига мансуб «Эй рафиқам!» номли мақоланинг Одинахон Муҳаммад Содиқ таржимаси асосида тайёрланган видеолавҳа намойиш этилди. Ҳар бир оила бекасига, ҳар бир аёл-қизга қарата айтилган нидолар, ўтинчу насиҳатлар йиғилганларда ажиб таассурот уйғотиб, кўзларни ёшлатди.

«Муншидаат» гуруҳи аъзолари томонидан ижро этилган нашидлар, салавотлар тадбирга алоҳида файз ва байрамона шукуҳ бағишлади.

Тадбир хатми Қуръон ва хайрли дуолар билан ўз якунига етди.

Яна бир янгилик – ўқув маркази қошида «Жажжи билимдон» мактабгача таълим ўқув курсларининг ташкил этилгани тадбирга ташриф буюрган ёш оналарнинг, бувижонларнинг қувончига қувонч қўшди. «Оила психологияси» ўқув курсининг байрам тадбири жажжи болажонларимиз учун мўлжалланган мазкур муассасанинг очилиш маросимига уланиб кетди.

Келгусида бу ўқув маркази жамиятнинг негизи бўлган оилаларнинг мустаҳкам ва барқарор бўлиб шаклланишида, намунали оилалар сафининг кенгайишида, оилаларда юзага келиши мумкин бўлган келишмовчиликларнинг бартарф этилишида, ажрашишлар сонининг кескин камайишида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлишини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан тилаб қоламиз.

Мuslimaat.uz

Мавзуга оид мақолалар
Хориж фуқаролари Умра мақсадида 1 ноябрдан бошлаб Саудия Арабистонига кириши мумкин бўлди. Қирол Абдулазиз давоми...

00:09 / 23.11.2020 2580
Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Франциянинг Charlie Hebdo нашри каби нашр давоми...

04:15 / 31.10.2020 2279
Илм аҳллари билан бўлган учрашувлардан сўнг улар билан биргаликда Туркиянинг Истанбул шаҳрини томоша давоми...

05:56 / 30.11.2020 2459
Диққат, muslimaat.uz телеграм каналида янгилик.Мўминнинг умр сафари, рукни ишга тушмоқдаhellipАлҳамдулиллаҳ, сўнгги давоми...

02:23 / 17.12.2022 3796