Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
КИМ ТАНИСА РАСУЛУЛЛОҲНИ...
Фарқлаш зарур ҳар бир кишига
Савоб ила зарар, гуноҳни.
Пухта эрур, билинг, ишига
Ким таниса Расулуллоҳни.
Ибодати бир истироҳат,
Кўрмас асло руҳий талофат.
Кўксин силар ҳақиқий роҳат
Ким таниса Расулуллоҳни.
Тушида ҳам айтар зикрни,
Тарк айламас асло шукрни.
Тушунади Абу Бакрни
Ким таниса Расулуллоҳни.
Ўлимга тик юра олади,
Жаннатни ҳам кўра олади.
Таҳажжудга тура олади
Ким таниса Расулуллоҳни.
Кўз ёшидан ташкил бўлар кўл,
Чалғитолмас бирон битта йўл.
Хотинига кўтаролмас қўл
Ким таниса Расулуллоҳни.
Яна дўстлар, неларни дейин --
Қизиқтирмас уни сўм, тийин,
Овқат ейди қўшнидан кейин
Ким таниса Расулуллоҳни.
Обрў ила мансаб талашмас,
Дўсти билан маркаб талашмас.
Мўмин билан мазҳаб талашмас,
Ким таниса Расулуллоҳни.
Ҳаргиз илм томон отлатар,
Баъзан мажбур кулиб додлатар,
Боласига “Ёсин” ёдлатар
Ким таниса Расулуллоҳни.
Тилларини тийиб юради,
Диним дея куйиб юради.
Тоза кийим кийиб юради
Ким таниса Расулуллоҳни.
Дин ишига ходим бўлади,
У ўлса гар мотам бўлади,
Энг чиройли одам бўлади
Ким таниса Расулуллоҳни.
Ризқларини ҳалолдан терар,
Ва уйига жилмайиб кирар.
Саломини биринчи берар
Ким таниса Расулуллоҳни.
Пешонасин шамол ҳам силар
Балиқлар ҳам саодат тилар,
Қалбида ҳам таҳорат қилар
Ким таниса Расулуллоҳни.
Биродар дер ҳар бир кишини,
Кулса ойдек кўринг тишини.
Ўнгда қилмас чап қўл ишини
Ким таниса Расулуллоҳни.
Фақирлиги жуда ҳам чирой,
Ўртаҳоли қурмайди сарой.
Бой бўлса ҳам энг чиройли бой
Ким таниса Расулуллоҳни.
Ёш ҳолати ипакдан ҳарир,
Йигитлиги вазмин ва оғир.
Қариса ҳам чиройли қарир,
Ким таниса Расулуллоҳни.
Ҳалол йўлда ҳориб, толмайди,
Ҳақиқатга индаёлмайди.
Савдо қилса алдаёлмайди
Ким таниса Расулуллоҳни.
Қалби ғамгин турар кулса ҳам,
Иродаси метин сўлса ҳам,
Донишманддир фаррош бўлса ҳам,
Ким таниса Расулуллоҳни.
Тинглаб дам оласиз сўзини,
Шод бўласиз кўриб юзини.
Танигайдир хуллас ўзини,
Ким таниса Расулуллоҳни!
Хайрулла Ҳамидов