ДУО ОДОБЛАРИ(1)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ижобат қилишига аниқ ишонган ҳолда Аллоҳга дуо қилинглар, билингларки  ғофил, беэтибор қалбдан Аллоҳ дуони қабул қилмайди», – дедилар» (Термизий ривоят қилган).

«Рисалатул Қушайрия» китобида қуйидаги ривоят келтирилган: «Мусо алайҳиссалом тазарру билан, ёлвориб дуо қилаётган кишининг ёнидан ўтдилар ва: «Аллоҳим, агар унинг ҳожатини раво қилиш менинг қўлимда бўлганида, албатта раво қилар эдим», – дедилар. Шунда Аллоҳ таоло у зотга: «Мен унга сендан кўра меҳрибонман. Лекин у менга дуо қилмоқда-ю, бироқ қалби қўйида турибди, Менга дуо қилаётган банданинг қалби Мендан ўзгада бўлса, дуосини қабул қилмайман», – деб ваҳий юборди. Мусо алайҳиссалом ҳалиги кишига бу хабарни етказди. Шунда у Аллоҳ таолога бутун қалби билан, астойдил дуо қилган эди, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилди».

Демак, дуо қилувчи чин қалбдан дуо қилиши лозим. 

 

ДУО ОДОБЛАРИ

 

«Дуо» луғатда «илтижо», «ўтинч» каби маъноларни англатади. Истилоҳда банданинг ўз фақирлигини, ҳожатмандлигини ва мутелигини ҳамма нарсага қодир бўлган Аллоҳ таолога изҳор қилиб, манфаатларни жалб қилишини ва зарарларни даф қилишини сўраши дуо деб аталади.

Дуо мусулмон кишининг ҳаётида ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга бўлган улкан ибодат ҳисобланади. Дуо сабабли банданинг Аллоҳга муҳтожлиги намоён бўлади. Шунга кўра дуо маъсиятдан сақланишга куч ҳам, ибодатни адо этишга қувват ҳам Аллоҳ таолонинг мадади билан бўлишини эътироф этиш ҳисобланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таолога бирор-бир нарса дуодан кўра севимлироқ эмасдир», дедилар» (Термизий ривоят қилган).

Чунки дуо қилувчи ўзининг ожиз банда эканини изҳор қилиш билан бирга, Роббининг кўплаб сифатларини эътироф этаётган бўлади:

1. Борлигини. Чунки йўққа дуо қилиб, ундан бирор нарса сўралмайди;

2. Бойлигини. Чунки ҳожатларни раво қилиш фақирдан сўралмайди;

3. Эшитувчилигини. Чунки карга дуо қилиб, ундан бирор нарса сўралмайди;

4. Сахийлигини. Чунки бахилга дуо қилиб, ундан бирор нарса сўралмайди;

5. Раҳматини. Чунки бераҳмга дуо қилиб, ундан бирор нарса сўралмайди;

6. Қодирлигини. Чунки ожизга дуо қилиб, ундан бирор нарса сўралмайди.

Дуога беэътибор бўлиш Аллоҳ таолонинг мазкур сифатларига эътиборсиз қараш билан баробардир. Шунинг учун мўмин киши дуо қилишдан чарчамаслиги лозим бўлади.

Шунингдек, банда ўзига манфаатларни жалб қилиш ва зарарларни даф қилишда имкониятидаги зоҳирий сабабларни, яъни сабабият қонунларини юзага чиқаришга уриниши лозимлиги ҳам шариат талаби ҳисобланади. Демак, имкониятидаги сабабият қонунларини юзага чиқариш ҳам, ортидан дуо қилиб, натижани Аллоҳдан сўраш ҳам шариатнинг талабидир.

Шунга кўра сабабият қонунлари билан дуонинг ўзаро алоқасини уч турга ажратиш мумкин:

Сабабларга суяниб, дуони тарк қилиш беодобликдир.

Масалан, мўл ҳосил олмоқчи бўлган деҳқон ерини шудгорласа, уруғларнинг яхшисини танласа, экинларини ўз вақтида суғорса, қўйингки, мўл ҳосил олишга сабаб қилиб қўйилган барча нарсаларни амалга оширса-ю, дуога бепарво бўлса, мўл ҳосилни фақатгина тайин қилиб қўйилган сабаблар яратади, деган нотўғри ўй юзага келиб қолиши мумкин. Бу эса барча нарсаларнинг тадбиркори бўлган Аллоҳ таолога нисбатан беодоблик бўлади.

Сабабларни юзага чиқаришга уринмасдан, дуо қилиб ўтириш шариатни тушунмасликдир.

Масалан, модомики мўл ҳосил Аллоҳ таолонинг бериши билан бўлар экан, ҳосилга сабаб қилиб қўйилган ишларни амалга ошириш ўрнига «У Зотга дуо қилишга «зўр бериш» керак, бу ёғи Аллоҳга таваккал», деган тушунчада бўлиш шариат кўрсатмаларини тушунмаслик бўлади. Чунки дуо қилишга буюрган шариат сабабларни юзага чиқаришга ҳам буюргандир.

Бу ҳақда Саҳл Тустарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ажойиб сўзлари бор: «Ким ҳаракатга (сабабларни рўёбга чиқаришга) бепарво бўлса, суннатга бепарво бўлибди, ким (Аллоҳга) таваккул қилишга бепарво бўлса, иймонга бепарво бўлибди. (Аллоҳга) таваккул қилиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳоллари(доимий сифатлари)дир, касб (сабабларни рўёбга чиқариш) у зотнинг суннатларидир. У зотнинг ҳолларига амал қилган киши суннатларини асло тарк қилмасин».

Сабабларни юзага чиқариб, натижани Аллоҳдан сўраш шариат талабидир. Масалан, мўл ҳосил олмоқчи бўлганларга аввал мўл ҳосил олишнинг сабабларини юзага чиқариш, сўнгра мўл ҳосилни Аллоҳ таолодан сўраш шариат талаби ҳисобланади.

Демак, дуо қилувчи сабабларга суяниб ҳам қолмайди, уларни бекорга ҳам чиқармайди, балки имкониятида бор сабабларни бажариб, натижани Аллоҳ таолодан сўраб, дуо қилиб боради. Шу маънода дуо қилишда қуйидаги одобларга риоя қилинади:

Биринчи одоб – эзгу ният қилиш.

Дуо қилишда аввало Аллоҳ таоло яхши кўрадиган ва рози бўладиган ишни адо этиш ният қилинади. Шу билан бирга, барча ҳожатларининг раво бўлиши Роббининг иродасига боғлиқ эканини қалбан эътироф этиб дуо қилади. Мазкур сифатга эга бўлган дуо албатта манфаатли бўлади.

Зеро, дуо қилишнинг ўзи банда учун сўраган нарсаси ато этилишидан кўра яхшироқ бўлади. Чунки Аллоҳ ирода қилган бандагина дуо қила олади.

Иккинчи одоб – кўп дуо қилиш.

Дуо энг улуғ ибодатлардан бўлгани учун имкон қадар кўп дуо қилишга ҳаракат қилинади. Зеро, Аллоҳ таолонинг Ўзи бандаларни дуо қилишга буюрган:

«Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», – деди» (Ғофир сураси, 60-оят).

Ушбу оятда дуо қилишга буюриш билан бирга, уни Ўз фазлу марҳамати билан ижобат этишини ҳам баён қилган. Оятнинг давомида эса Аллоҳга дуо қилишдан кибрланганларга қаттиқ таҳдид қилинган. Шунинг учун бандалар ҳаётлари давомида доимо дунёларига тааллуқли ишларида ҳам, динларига тааллуқли ишларида ҳам Роббларининг раҳматига муҳтож эканларини изҳор қилиб боришлари лозим бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор-бир нарса Аллоҳ таолога дуодан кўра севимлироқ эмасдир», дедилар» (Термизий ривоят қилган).

Каттоний раҳматуллоҳи алайҳи: «Аллоҳ таоло мўминнинг тилини истиғфор айтишга йўналтирган бўлса, албатта унга мағфират эшигини очган бўлади», – деган.

Учинчи одоб – таҳоратли ҳолда дуо қилиш.

Дуонинг ижобати учун таҳоратли ҳолда бўлиш шарт бўлмаса-да, таҳоратли ҳолда дуо қилиш афзал ҳисобланади.

Тўртинчи одоб – кафтларнинг ички тарафи билан дуо қилиш.

Дуо ибодат бўлгани учун унда қилинадиган амалларда шариат кўрсатмаларига риоя қилиш лозим бўлади.

Молик ибн Ясор Сакуний Авфий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар Аллоҳдан сўрасангиз, кафтларингизнинг ичи билан сўранглар, Ундан кафтларингизнинг орқаси билан сўраманглар»,  дедилар» (Абу Довуд ривоят қилган).

Ушбу ҳадисда кафтнинг ичи билан сўраш, яъни кафтнинг ичини юқорига қилиб дуо қилиш таълим берилган. Бу ҳадиснинг шарҳида уламолар шундай деганлар: «Қўлнинг ичи билан дуо қилиш кишининг эҳтиёжмандлигига далолат қилувчироқ бўлади. Чунки бундай дуо қилиш гўёки қўлларини чўзиб, унга бериладиган нарсага интизор бўлиб сўрашни билдиради».

Бешинчи одоб – қўлларини баланд кўтариб дуо қилиш.

Дуо қилишда эътибор бериш лозим бўлган одоблардан яна бири қўлларни кўтариб дуо қилишдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор-бир банда то қўлтиғи кўринадиган даражада қўлларини кўтариб, Аллоҳ таолодан бирор нарсани сўрар экан, агар шошқалоқлик қилмаса, албатта Аллоҳ унга ўша нарсани ато этади», дедилар. Шунда (саҳобалар): «Эй Аллоҳнинг Расули, унинг шошқалоқлик қилиши қандай бўлади?» дейишди. У зот: «Сўрадим, сўрадим, менга бирор нарса ато қилинмади», дейди», дедилар» (Термизий ривоят қилган).

Ушбу кўриниш ҳам банданинг доимо Роббининг марҳаматига эҳтиёжмандлигини ифодалайди.

Олтинчи одоб – Аллоҳга ҳамду сано билан бошлаш.

Барча ишларини Роббини ёдга олиб, Унга ҳамду санолар айтиб бошлаш мусулмон кишининг одобларидан ҳисобланади. Шу маънода ҳамду сано билан бошланган дуо ижобат қилинишга яқинроқ бўлади. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадисда шундай дейилган:

«Қиёмат куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аршнинг ёнида сажда қилиб, токи сўрашга изн бергунича Аллоҳ таолога узун ҳамду сано айтиб турадилар. Аллоҳ таоло у зотга изн бериб:

«Эй Муҳаммад, бошингизни кўтаринг, гапиринг, гапингиз эшитилади, сўранг, сизга ато қилинади, шафоат қилинг, шафоатингиз қабул қилинади», – дейди» (Имом Муслим ривоят қилган».

Бошқа бир ҳадисда Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиш алоҳида таъкидланган:

«Бизга Ҳайва ибн Шурайҳ ҳадис айтиб берди. У: «Менга Абу Ҳони Ховланий ҳадис айтиб берди»,  деган. Амр ибн Молик Жанбий унга Фазола ибн Убайднинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай эшитганини хабар берган: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг намозида дуо қилаётганини эшитибдилар. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтмабди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу шошилди», дебдилар. Сўнгра уни чақириб, унга ёки бошқасига: «Қачон бирортангиз дуо қилса, Аллоҳга ҳамду сано айтишдан бошласин, сўнгра Унинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтсин. Шундан кейин хоҳлаганини дуо қилиб сўрасин», дедилар» (Термизий ривоят қилган).

Еттинчи одоб – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш.

Дуодаги муҳим одоблардан бири Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишдир.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Токи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг оилаларига салавот айтилмас экан, барча дуо тўсилгандир» (Табароний «Авсат»да ривоят қилган).

Шунингдек, дуода салавот айтиш муҳимлигига юқорида ўтган Фазола ибн Убайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ҳам далил бўлади.

Саккизинчи одоб – дуо қилишда аввало ўзидан бошлаш.

Дуо қилувчи дастлаб ўзидан бошлаши одобдандир. Ушбу одобга қуйидаги оятларда ишоралар келган:

«Роббим, мени мағфират қилгин, менинг ота-онамни ҳам» (Нуҳ сураси, 28-оят).

«У: «Роббим, мени ва акамни мағфират қилгин» (Аъроф сураси, 151-оят).

«Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин» (Ҳашр сураси, 10-оят).

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуо қилишларида ҳам бу одобга далил бор.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор кишини зикр қилиб, унинг ҳаққига дуо қилсалар, (дуони) ўзларидан бошлар эдилар» (Термизий ривоят қилган).

Тўққизинчи одоб – азму қарор билан сўраш.

Дуо қилишда тараддудланмасдан, «агар хоҳласанг», деб истисно қилмасдан, азму қарор билан сўраш лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз ҳаргиз: «Эй Аллоҳим, агар хоҳласанг, мени мағфират қилгин, хоҳласанг, менга раҳм қилгин», демасин. Дуода азму қарорли бўлсин. Албатта, Аллоҳ Ўзи хоҳлаганини яратувчидир, уни мажбур қилувчи йўқдир», – дедилар» (Муслим ривоят қилган).

Шунга кўра дуо қилувчи кечирармикин, деб иккиланмасдан дуо қилиши лозим. Бундай дуо ижобатга яқин дуо бўлади.

Ўнинчи одоб  қалби бошқа нарса билан банд бўлмасдан дуо қилиш.

Дуо қилувчининг тилида талаффуз қилаётган сўзлари билан қалби бир хил бўлиши, қалби бошқа нарсалар билан «банд» бўлмаслиги ижобат қилинадиган дуонинг шартларидан ҳисобланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ижобат қилишига аниқ ишонган ҳолда Аллоҳга дуо қилинглар, билингларки  ғофил, беэтибор қалбдан Аллоҳ дуони қабул қилмайди», – дедилар» (Термизий ривоят қилган).

«Рисалатул Қушайрия» китобида қуйидаги ривоят келтирилган: «Мусо алайҳиссалом тазарру билан, ёлвориб дуо қилаётган кишининг ёнидан ўтдилар ва: «Аллоҳим, агар унинг ҳожатини раво қилиш менинг қўлимда бўлганида, албатта раво қилар эдим», – дедилар. Шунда Аллоҳ таоло у зотга: «Мен унга сендан кўра меҳрибонман. Лекин у менга дуо қилмоқда-ю, бироқ қалби қўйида турибди, Менга дуо қилаётган банданинг қалби Мендан ўзгада бўлса, дуосини қабул қилмайман», – деб ваҳий юборди. Мусо алайҳиссалом ҳалиги кишига бу хабарни етказди. Шунда у Аллоҳ таолога бутун қалби билан, астойдил дуо қилган эди, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилди».

Демак, дуо қилувчи чин қалбдан дуо қилиши лозим.

Мавзуга оид мақолалар
Aссалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.Ҳар бир кунимизни Ўзининг тоатибодати билан ўтказишимизни давоми...

22:04 / 21.05.2020 4721
Шукр қил...Нафас олдингми, уни қайтариб чиқаришингга танинг Холиқидан рухсат кутади. Қанчадир лаҳза давоми...

08:00 / 02.02.2020 3506
КИМ ТАНИСА РАСУЛУЛЛОҲНИ...Фарқлаш зарур ҳар бир кишигаСавоб ила зарар, гуноҳни.Пухта эрур, билинг, ишигаКим давоми...

08:00 / 08.03.2020 2812
Ташқарида шивалаб ёмғир ёғиб турибди. Одатдагидек, мадрасада толиба қизларга дарс ўтаётган эдим. Шу пайт давоми...

01:24 / 08.08.2020 12191