Қалбни ислоҳ қилиш фурсати
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Табиатнинг мўъжизавий ва фусункор фасли бўлмиш гўзал баҳор мусаффо ҳаво билан тўйинди. Аммо бу галги навбаҳор нафақат она табиат уйғониши билан, балки бутун инсоният тафаккури, ҳаёт тарзи кўз ўнгимизда янгиланиши билан ҳам тарихий тарзда кечмоқда.

Коронавирус кириб келиши муносабати билан юртимизда кескин ва таъсирчан чоралар кўрилди, барча ҳудудларда кечаю кундуз дезинфекция ишлари олиб борилмоқда, автомобиллар ҳаракати тўхтатилди, касаллик юқишининг бош омили бўлган инсонлар ўртасидаги бевосита мулоқотлар чекланмоқда.

Албатта, кўпчиликка бундай тақиқ ва чекловлар манзур бўлмаслиги аниқ. Лекин бу биринчи навбатда уларнинг, оила аъзоларининг, атрофдагиларнинг сиҳат-саломатлиги ва хавфсизлиги учун эканини чуқур англаб етмоқлари даркор.

Ҳар ёмонда бир яхши, деганларидек, карантин вақтида сайёрамиз иқлими ва табиатида мисли кўрилмаган ўзгаришлар ҳам кузатилаётгани эътиборга молик.

АҚШнинг НАСА агентлиги тарқатган хабарларга кўра, давлатлараро ва мамлакатлар ичида ҳаво ва ер транспорти алоқалари, автомобил ва темир йўл қатнови кескин камайиши оқибатида атмосферага чиқарилаётган ис газлари миқдори сезиларли даражада камайган.

Натижада атмосферанинг кейинги 30-40 йил ичида «яраланган» озон қатлами тикланаётгани кузатилмоқда. Қуёшдан Ер  сайёрасигача авваллари етиб кела олмаётган шифобахш, микроб ва вирусларни йўқ қилиб юборадиган ултрабинафша нурлар яна Ер сиртига қадар етиб кела бошлади. Айрим экспертлар бу жараённи ижобий баҳолаб, яқин бир ой ичида барча хавфли микроблар ва вируслар ҳалок бўлишига умид боғлашаяпти.

Олимларнинг мазкур кузатув хулосалари нечоғлиқ тўғрилигини, албатта, вақт кўрсатади.

Аммо шу кунларда биргина пойтахтимиз мисолида оладиган бўлсак, кўчалар полиэтилен идишларию, турли кўринишдаги чиқиндилардан, автомобилларнинг адоқсиз шовқинларию ёнилғи ёқишларидан чиқадиган зарарли моддалардан, одамларнинг талотўпларидан, кечаси билан ўйин-кулгу тинмайдиган, эҳтиросу тийиқсизликларни тарғиб этадиган тунги клублар карахтлигидан дам олгандай гўё.

Башарият ўзи туганмас ҳою ҳаваси, кундалик эҳтиёжлари, нафси билан коинотнинг номаълум манзиллари сари ўз бағрига солиб, бизни олиб кетаётган Она сайёрамизни қайсар ва қулоқсиз бола каби қийнаб қўйган эканмиз.

Ернинг танасига игнадай санчиб, унинг қаъридаги қанчадан-қанча  табиий ресурсларни ва қимматбаҳо бойликларни очил дастурхон билиб, пала-партиш фойландик, лекин эвазига бўш турган жойда биргина дарахт экишни ҳам хаёлимизга ҳам келтирмаймиз.

Қудратли атом қуролларию баллистик ракеталарни бизни кўтариб турган беминнат замин устию остида портлатиб, кучимизга маҳлиё бўлиб қувондик. Тириклик бахт этиб турган ўрмонларни кесдик-ёқдик, миллионлаб йиллар ёнимизда табиий ҳамроҳ бўлиб келган ҳайвонотни ўлдириб лаззат топдик, денгизу уммонлар тубидаги жамики жонзотни еб юбормакка тутиндик. Бир гуруҳ кўзи тўймас, бойлигу ҳашамларга ўч «аристократлар» бутун башариятни қашшоқлаштириш ҳисобидан давлатининг чегаларини йўқотиб қўя бошлади.  

Шу маънодаки, карантин қандайдир чегара-тўсиқ эмас. Уйдан кўчага чиқа олмай, чуқур мулоҳаза қилишга тўғри келиб қолганида, бу қилмишларимиз оқибатларини  идрок қила бошладикми?!

Коронавирус шунчаки дард эмас. Инсониятнинг ички руҳий мувозанати, хотиржамлик посангиси тенглашмагунча йўқолиб кетмайдиган дардга ўхшайди. Ҳаёт тарзимиз йўсинини ўзгартириш даври келди.

Шукрки, синовли ушбу кунларда унутилаёзган ўзаро меҳр-муҳаббат, хайру саховат каби муқаддас туйғулар қайта тикланаёганига гувоҳ бўляпмиз.

Пок иймонли ва чинакам ватанпарвар юртдошларимиз бугунги кунда боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож якка-ёлғизлар, бева-бечораларга, саломатлигини тиклашга қурби келаётган ночор оилаларга, чет давлатларда қолиб кетган ишсиз ҳамюртларимизга, хайру эҳсон қилишаётгани ҳар қанча таҳсинга сазовордир. Сўнгги йилларда анчайин қадрсизланган ва мўрт бўлиб қолган оилавий ришталар – эр-хотиннинг ўзаро меҳр-муҳаббати, ота-онага эҳтиром, фарзандларга эътибор каби улуғ фазилатлар мустаҳкамлана бошлади. Уларнинг барчаси бу кунларда тўкин дастурхон атрофида жамулжам ўтиришмоқда, болажонлар китоблар билан дўсту ошно тутинишмоқда. 

Тожли вируснинг ҳар қандай ҳужуми тафаккури кенг, ўзлигини англаган элларнинг  бирлашишига, елкама-елка туриб жипс бўлишига сабаб бўлмоқда. Ишонаман, бутун инсоният тарихида бу қийин кунлар бирдамлик рамзи бўлиб муҳрланажак.

Ҳеч шубҳасиз, ушбу қалбимизни ислоҳ қилиш онлари ҳам бизга омонатдир. Азизлар, ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланайлик.  Ҳаётнинг мўъжизавий ҳодисаларини тўғри англаб, сабр-тоқат ва матонат кўрсатиб, УЙИМИЗДА ҚОЛАЙЛИК!

Манижа Баҳриева,

журналист

Мавзуга оид мақолалар
КИМ ТАНИСА РАСУЛУЛЛОҲНИ...Фарқлаш зарур ҳар бир кишигаСавоб ила зарар, гуноҳни.Пухта эрур, билинг, ишигаКим давоми...

08:00 / 08.03.2020 2913
Ташқарида шивалаб ёмғир ёғиб турибди. Одатдагидек, мадрасада толиба қизларга дарс ўтаётган эдим. Шу пайт давоми...

01:24 / 08.08.2020 12312
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ижобат қилишига давоми...

07:00 / 01.04.2020 4610
Шукр қил...Нафас олдингми, уни қайтариб чиқаришингга танинг Холиқидан рухсат кутади. Қанчадир лаҳза давоми...

08:00 / 02.02.2020 3647