Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
“Батаҳқиқ, ким закот ила покланса ва Роббиси исмини зикр қилса, нажотга эришур”, деган. Аъло сураси 14-15-оятлар.
Касир ибн Абдуллоҳдан, у отасидан, отаси бобосидан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу оят ҳақида сўралган эди. “Фитр садақаси ҳақида нозил бўлган”, дедилар”.
Ибн Хузайма ривоят қилган.
Фитр садақасини бериш қандай амал?
Фитр садақасини бериш вожибдир.
Фитр садақасининг вожиб бўлиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хутбада айтган сўзлари ила собит бўлгандир:
“Ҳар бир балоғатга етган-етмаган ҳур ва қулнинг тарафидан буғдойдан ярим соъ ёки хурмо ва арпадан бир соъ фитр садақасини адо қилинглар”.
Бир соъ – 3.800 гр.
Ярим соъ – 1.900 гр.
Фитр садақасини бериш кимлар зиммасига вожибдир?
Мусулмон эркагу аёл, балоғатга етган-етмаган, хоҳ оқил, хоҳ мажнун бўлсин, нисоб эгаси бўлсалар зиммаларига фитр садақасини бериш вожиб бўлади. Шунингдек, мусулмон, нисобга моли етган эркак ўзи ва балоғатга етмаган, нисоб эгаси бўлмаган фарзандлари учун фитр садақасини бериши вожиб бўлади. Аёл киши, балоғатга етган болалар нисоб эгаси бўлсалар, зиммаларига фитр садақаси вожиб, нисоб эгаси бўлмасалар, вожиб эмас.
Фитр садақасини бериш яшаб турган уйи, қиш-ёзда киядиган кийими, кундалик юмушларига керак бўладиган уй-рўзғор буюмлари каби эҳтиёжига керакли бўлган нарсалардан ортиқча (телевизор, dvd плейрлар, турли хил антенналар, ўйин учун мўлжалланган қурилмалар каби нарсалар ҳам шулар жумласига киради), ўсмаса-да, нисобга етарли мол-мулкка эга бўлган ҳурнинг зиммасига вожиб бўлади.
Уч сидра кийим эгаси бой ҳисобланмайди. Чунки улардан бири, уй кийими, иккинчиси, юмушлар учун, учинчиси, жума ва байрамлар учундир. Тўртинчи кийим эса бойликдир. (“Фатавои Ҳиндия”).
Демак, уч сидра кийимдан ташқари барча кийимлар нисобга қўшилади.
Фитр садақаси беришдаги нисобнинг меъёри қанча?
1. Фақат тилласи ҳамда ундан ясалган буюмлари (танга, идиш-товоқ, тақинчоқлар ва сувенирлар каби нарсалари) борларга 85 граммга етса;
2. Фақат кумуши ҳамда ундан ясалган буюмлари (танга, идиш-товоқ, тақинчоқлар ва сувенирлар каби нарсалари) борларга 595 граммга етса;
3. Юқоридагилардан бошқа мол-мулки борлар, яъни ҳожати аслийси (яшаб турган уйи, қиш-ёзда киядиган кийими, кундалик юмушларига керак бўладиган уй-рўзғор буюмлари каби эҳтиёжига керакли бўлган нарсалар) дан ортиқча мол-мулкнинг қиймати нисобга етса;
4. Озгина тиллоси, кумуши, мол-мулки борлар барчасини қўшганда қиймати нисобга етса;
Фитр садақасида аслий ҳожатидан ташқари мол-мулкнинг нисобга етишида закотдаги каби ўсувчи бўлиши шарт эмас.
Тижорат моли қандай мол бўлмасин, унинг қиймати кумуш ёки тиллонинг нисобига етса, ундан закот вожиб бўлади. Мол эгаси тилло-кумушнинг нисобидан қай бири фақир-мискинларга манфаатли бўлса, фақирларнинг ҳаққини эҳтиётини олиб тижорат молини ўша нисоб билан белгилайди. (“Лубоб”).
Фитр садақаси қачон берилади?
Фитр садақасига қодир бўлганлар молларидан бериладиган фитр садақасини ҳайит намозига чиқишдан аввал ажратишлиги мустаҳаб эканлигига барча уламолар иттифоқ қилганлар. Лекин қанча муддат аввал бериш борасида турли фикрлар айтганлар:
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Бир-икки йиллигини аввалдан бериб қўйса ҳам адо бўлаверади”, дейдилар.
Ҳанбалий мазҳабидагилар: “Намоздан бир-икки кун аввал”, дейишади..
Шофеъийлар: “Рамазон кирганидан кейин адо қилсалар бўлади”, дейдилар. Лекин ҳайит намозигача адо қилмаган бўлса, зиммасидан соқит бўлмагани боис умрининг охиригача қайсидир кунда бериб қўйса, бўйнидан соқит бўлади.
Шунингдек, бир неча йил фитр садақасини бериш вожиб эканини билмаганлар билганларидан сўнг барча қолдирган йилларига бериб фитр садақаларини адо қилса, бўйинларидан соқит бўлади. Вожиб амални бажарган бўладилар. (“Фатавои Ҳиндия”).
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайити куни ҳайит намозига чиқишдан олдин фитр садақасини адо қилишга буюрар эдилар. (Термизий ривояти)
Закот ва фитр садақаси нисоблари ўртасида фарқ борми?
Фарқ бор. Закот беришда мол:
1. Тилло ё кумуш бўлиши керак;
2. Тижорат моли бўлиши керак (қанақанги тижорат моли бўлса ҳам);
3. Йилнинг кўпроғида яйловларда ўтловчи чорва ҳайвонлари: туя, мол, қўй, эчки;
4. Ўсувчи бўлиши керак;
5. Қамарий бир йил ўтган бўлиши керак;
6. Аслий ҳожатидан ташқари бўлиши керак;
Закот беришда берувчи:
1. Мусулмон;
2. Ҳур;
3. Балоғатга етган;
4. Оқил;
5. Нисоб эгаси бўлиши керак;
Фитр садақасида мол:
1. Аслий ҳожатидан ташқари, нисобга етган мол-мулки бўлиши;
2. Тижорат ниятида бўлиши шарт эмас;
3. Ўсувчи бўлиши шарт эмас;
4. Бир йил тўлиши шарт эмас;
Фитр садақасини беришда берувчи:
1. Мусулмон;
2. Ҳур, қулнинг тарафидан ҳам берилади;
3. Балоғатга етган. Нисоб эгаси балоғатга етмаган фарзандлари тарафидан ҳам беради, балоғатга етмаган нисоб эгаси бўлган бола тарафидан ҳам берилади;
4. Оқил. Мажнун нисоб эгаси бўлса валийлари у тарафидан ҳам берадилар;
5. Нисоб эгаси бўлиши керак;
Масжидга, болалар уйига фитр садақаси ҳамда
закотларни берса бўладими?
Закот ва фитр садақаси мискинниннг ҳаққи бўлиб, уларга мулк қилиб берилиши керак. Агар буларни масжид ёки болалар уйининг таъмирлаш ишларига ишлатиладиган бўлса, закот ва фитр садақаси адо бўлмайди. У жойдаги мутасаддилар тушган закот ва фитр садақасини фақир, мискинларга, етим болаларнинг эҳтиёжларига сарф қилсалар жоиз бўлади.
Закот (фитр садақаси) билан масжид қурилмайди. Ҳамда маййит кафанланмайди. Бунда закот (фитр садақаси) да рукн бўлган мулк қилиб бериш топилмаётгани учун. (“Ҳидоя”)
Манба: http://fiqh.uz/maqola/789