Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Йогага гимнастик ва физикавий машқ сифатида қараб, унга фалсафий кўриниш бермай ва мана шу ишни тўппа-тўғри деб ҳисобламасдан шуғулланиш учун рухсат берилган. Шу билан бирга шариатнинг асосий таъқиқларини бузмаслик, йога билан шуғулланиш мусулмонни намоз ва бошқа мажбуриятларидан чалғитмаслиги керак.
Аллоҳ таоло: “Бугун Мен сизларга динингизни мукаммал қилиб бердим”, деб айтганидан сўнг йога билан шуғулланишни Исломдаги бўш қолган ўринни тўлдириш, деб тушуниш умуман тўғри эмас.
Британия қироллиги тиббиёт уюшмаси журнали ёзишича, йога қадимдан бери мавжуд бўлган, руҳий, ақлий ва жисмоний ривожланиш тизимига таъсир қилувчи даво усули бўлиб, у соғликни тикловчи энг машҳур машқлар тўпламларидан биридир. Кишилар йога ёрдамида бир неча юз йиллар давомида даволаниб келмоқдалар.
Йога маълум миқдордаги “асан”лар, бир неча дақиқа ўзгаришсиз туриши зарур бўлган тана ҳолати, ўз ички оламида эса “мантра”ни такрорлаш ва бир маромда нафас олишдан иборат. Йога билан шуғулланишнинг фойдалари ўз мижозларига уни тавсия қилаётган жуда кўп мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилган. Бу борада кўпгина муассасаларни, жумладан, Гарвард ёки Фонд Меннингернинг тадқиқотларини айтишимиз мумкин.
Ҳақиқатдан ҳам йога шу даражада оммалашдики, ҳатто котибалар учун махсус “стол ёнида йога” номли машқлар ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, кексалар учун, ҳомиладорлар ва спортчилар учун ҳам алоҳида йога машқлари мавжуд.
Лекин йога билан шуғулланадиган миллионлаб инсонларга мусулмонлар 14 асрдан бери йога билан шуғулланиб келаётганини билиш кутилмаган янгилик бўлиши мумкин. Биз намоз ўқиш давомида бажарадиган ҳаракатларимиз йоганинг турларидан бири бўлган “Тай Чи” ва унинг бошқа техник кўринишларида ишлатилади.
Йога машқлари динимизда кўрсатилган 5 маҳал намозда такрор ва такрор келтирилади. Йогадаги бу оддийгина кўриниш инсон ҳаётига физикавий, ақлий ва руҳий самараларни кўрсатиб беради. Мусулмон киши ҳам бир кунда беш маротаба Қуръони каримдаги суралар ва зикрларни айтгани ҳолда маълум бир ҳаракатларни бажаради.
Тўғри йогадаги барча машқлар ҳам намозда кузатилмайди. Шу ўринда айтиш лозимки, тиббий изланишлар олиб борувчи тадқиқотчилар беморлар учун йоганинг энг содда кўринишлари фойда беради, деган хулосани айтишади. Кўпгина реабилитация дастурлари, масалан, Массачусет штати (АҚШ)даги реабилитация маркази ҳам ўз даволаш услублари орасига йогадаги бор-йўғи 5-7 кўринишни киритган, холос.
Биламизки, намозда бештагина ҳолат мавжуд. Уларнинг барчаси, шу билан бирга қироат ҳам бизнинг ақлий ва руҳий оламимиз билан ўзаро боғлиқ. Лекин намоз ўз вақтида ҳамма ҳаракат ва ҳолатлари тўғри бажарилсагина, адо этилган бўлади. Яна унда қироат ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Намоздаги ҳар бир ҳаракат йоганинг машқларидан бирига тўғри келади ва бу барча ҳаракатлар тананинг етти “чакр”и (энергетик майдони)да юзага келади.
Шарқ табобати мутахассислари ҳар бир “чакр” умуртқа поғонаси орқали бош миядаги нерв толалари билан боғланган, деб айтадилар. Бу асаб тизимини фаоллаштиришга эса йога машқлари ёки жарроҳлик йўли билангина эришиш мумкин.
Йогани ёқтирувчилар учун “чакр” идрок этишни ривожлантирувчи асосий омил бўлиши мумкин. Баъзи одамлар тананинг ҳар қандай қисмига қўл теккизилса, у “уйғонган”дек, худди шу вақтда бошқа ҳаракатланмаган тана қисми эса унга жавоб беришини сезадилар.
Масалан, бир киши ўтирибди. Агар кимдир унинг оёқларига тегиб кетса, оёқлар эгасига борлигини билдиради, яъни хаёли бошқа томонда бўлган одам оёқларига тегиб кетишлари биланоқ оёғи ҳақида ўйлайди. “Чакр” (электрон майдон) шу тариқа ишлайди.
Биринчи такбир (“Аллоҳу акбар”) ва қиём йогадаги “тоғлар ҳолати”ни эслатади. Бу қоматни тўғрилаш, мувозанатни тиклаш ва ўзини ўзи англашга ёрдам беради. Шунингдек, мазкур ҳолат қон босими ва нафас олишни мувофиқлаштиради. Шунинг учун ҳам бу машқлар астма ва юрак етишмовчилиги билан оғриган беморларга фойдалидир.
Қиёмдаги қўлнинг ҳолати қориндаги туташган асаб тизимларини, мускуллар, тери, ичак, жигар, ошқозон ости бези, ўтпуфак ва кўз нерв толаларини фаоллаштиради.
Қачонки дуо учун қўллар юқорига кўтарилса, бу ҳаракат юрак майдонидаги “чакра”ни фаоллаштиради. Мазкур майдон сокинлик ва мувофиқлик маркази бўлиб, инсон туйғуларини бошқаради. Шу билан бирга мана шу “чакра” юрак, ўпка, буқоқ бези, иммун тизими ва қон айланишига жавобгар.
Шунингдек, исломшунос тадқиқодчилар исботлашганки, мусулмон киши Қуръони каримни ёддан ўқиётганида аввал бўлган қўрқув ва бошқа ҳис-туйғулари йўқолади ҳамда юқори қон босими тушади. Араб тилидаги барча товушлар Қуръон ўқиш қоидаларига кўра талаффуз қилинса, танадаги ҳар қандай шикастланган қисм мувозанатини тиклайди.
Баъзи товушлар танадаги маълум қисмларга тегишли бўлади. Файласуф ва эзотерик олим Рудольф Штайнер (Валдорф мактаби асосчиси) ўзининг мувозанат тенглиги ҳақида олиб борган тадқиқотлари давомида шуни аниқладики, унли товушлар бўлган “А, И, У” чўзиб талаффуз қилиниши натижасида юрак ва ўпка фаолияти яхшиланади, шунингдек, қалқонсимон, шиллиққават ҳамда буйракусти безларининг ҳам фаол ишлашини таъминлайди.
Намоздаги рукуъ ҳолати эса йогадаги “олдинга энгашиш” машқига тўғри келади. Қўлларнинг бу ҳаракати бел, сон ва болдирдаги мушакларни чўзади ҳамда аввалги ҳолатга қайтиш вақтида юқори қон босимини туширади. Бу ошқозондаги мушаклар, қорин бўшлиғи ва буйракнинг қувватини оширади.
Рукуъ тананинг юқори қисмига – бош, кўз, қулоқ, бурун, ўпкага қўшимча қон етишига имконият туғдиради ва уларни ички заҳарли моддалардан тозалайди.
Рукуъ мия фаолиятини ривожлантириб, киши шахсиятини кучайтиради. Шунингдек, бу машқ она қорнидаги ҳомиланинг бир маромда туришига ҳам ёрдам беради.
Сажда амалини бажариш мобайнида бошдаги “чакра” оламлар Роббиси бўлмиш Аллоҳ таоло ва инсон орасидаги руҳий алоқани фаоллаштиради. Шу билан бирга кишидаги руҳий изланишларни меъёрлаштиради. Бу нерв мия, соғлом асаб тизими ва қуббасимон безнинг ривожланишига жавоб беради.
Сажда ҳолати ички ва ташқи энергиянинг мувозанатини созлайди. Биз сажда қилганимизда эгиламиз, бу эса инсоннинг асосий инстинктини бошқарувчи негиз “чакра” майдони фаоллигини оширади.
Ушбу машқ кишининг ижобий фикрлаш ва ўзининг шахсий нуқтаи-назарларига эга бўлиши учун ёрдам беради. Бу чакра лимфа ва суяклар соғлиги, сийдик қопи ва буйракусти безлари фаолиятига ижобий таъсир қилади.
Қаъда (“Ат-таҳият...”ни айтиш учун ўтириш) ҳолати эса йогадаги “чақмоқ зарби” ҳолатига мос келади. У оёқ бармоқлари, тизза, сон ва болдирга таъсир кўрсатади. Бу ҳолат кишидаги сусткашлик ва уйқуга бўлган рағбат билан курашишда ёрдам беради.
Бунинг устига мазкур машқ овқатнинг тез ҳазм бўлишига, жигарни зарарли моддалардан тозалаш ва ичакларнинг тўғри ишлашига имконият туғдиради.
Ва сўнгги, лекин қолганларидан муҳимлиги жиҳатидан қолишмайдиган “ҳалқумдаги чакра” бошни аввал ўнгга, кейин чапга буриш орқали бажарилади. Бу нерв томоқ, бўйин, қўллар, бармоқлар, нафас йўллари ва эшитиш аппарати билан боғлиқ. У ижодкорлик ва алоқага киришимли бўлишга жавобгар майдон. Бу каби ҳаракатни мусулмонлар намоз охиридаги икки ёнга салом беришда бажарадилар.
Киши бир кунда ҳеч бўлмаганда бир марта мана шу етти “чакр” билан шуғулланса, унинг кун бўйи физик, руҳий ва ҳиссий ҳолати бир маромда бўлади ҳамда хотиржам яшайди. Бу эса ҳақиқий иймонли мусулмоннинг яшаш йўлидаги мақсадларидан биридир.
Шунинг учун ҳам биз намознинг барча арконларини мукаммал адо этишга, намоз ўқиш мобайнида Қуръон оятларини қироат билан ўқишга ва уларни суннатда баён қилинганидек бажаришга ҳаракат қилишимиз керак.
Ва энг асосийси, унутманг, Аллоҳ таолонинг розилигини топиш йўлида бизга мустаҳкам иймон ва самимий қалб ёрдам беради. Бунга тақво ва мусаффо эътиқод билан эришилади. Қолган барча нарсалар эса, жумладан, спорт ёки йога машқлари бизга бу дунёда ёрдам берадиган иккинчи даражали нарсалардир.
Карима Бернс, “Ислам.ру”,
Адолат Ҳусанова таржимаси