Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Фитр кечаси бўлганда бу кеча «Мукофот кечаси» деб номланади. Фитр куни бўлганда Аллоҳ азза важалла фаришталарни шаҳарларга юборади, уларга ерга тушадилар ва кўчаларнинг оғзида туриб олиб, инсон ва жиндан бошқа барча Аллоҳ азза важалла яратган нарсалар эшитадиган овозда нидо қилиб: «Эй уммати Муҳаммад, кўп берадиган ва катта гуноҳларни мағфират қиладиган карамли Роббингиз томон чиқинг», дейдилар. Қачонки улар намозгоҳларига чиққанларида, Аллоҳ азза важалла: «Эй фаришталарим, ижарага ёлланган кишининг ишини бажаргандаги мукофоти нимадир?», дейди. Улар: «Илоҳимиз, Хожамиз, унинг мукофоти ҳақини тўлиқ берилишидир», дейдилар. Шунда Аллоҳ: «Мен сизларни гувоҳ қиламанки, эй фаришталарим, албатта Мен уларнинг Рамазон ойининг рўзасини тутганлари ва кечаларини қойим қилганлари савобини Ўзимнинг розилигим ва мағфиратим қилдим», дейди».
Ҳайит кунларига оид одоб ва аҳкомлар
Рамазон ҳайити кунига эсон-омон етиб келган ҳар бир мусулмон киши қуйидаги амалларни бажаради:
Ийд кечасини ибодат билан ўтказиш.
Ийдга ўтар кечанинг ҳам ўзига яраша фазилати бор. Уни бутунлай ёки бир қисмини, хусусан кечасининг учинчи қисмини Қуръон тиловати, зикр, тасбиҳ ва нафл намозлар билан бедор ўтказиш кўплаб яхшиликларга, улкан савобларга сабаб бўлади.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким икки ийд кечаларини Аллоҳдан савоб умидида қоим қилса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас», дедилар».
Ибн Можа ва Тобароний ривоят қилган.
Ҳайит намози учун ғусл қилиш.
Ислом поклик дини. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир ҳадисларида: «Поклик иймоннинг ярмидир», деганлар. Хусусан, мана шундай ибодатлар олдидан, кўпчилик жамоат тўпланадиган жойларга боришдан олдин ғусл қилиш динимизда алоҳида таъкидланган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни ғусл қилар эканлар.
Фокиҳ ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр, Азҳо ва Арафа кунлари ғусл қилар эдилар».
Ибн Можа ривоят қилган.
3. Тишларни мисвок ёки тиш пасталари ёрдамида тозалаб олиш.
Тишни тоза тутишга Ислом диничалик эътибор берган бирорта дин ёки таълимот йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар умматимга машаққат бўлишидан қўрқмаганимда, уларни ҳар намоз олдидан мисвок қилишга буюрган бўлар эдим», деганлар.
Шу боис, ҳар намоз олдидан мисвок қилиш суннат амал ҳисобланади. Ҳайит намози учун эса, бу нарса янада таъкидлироқдир.
4. Ийд учун ясаниш.
Мусулмон киши ҳайитга энг яхши кийимларини кийиши, иложи бўлса, янги кийим сотиб олиши мустаҳаб. Бу ҳам бўлса, Аллоҳ байрам қилиб берган кунни нишонлаш, уни қадрлаш рамзи ҳисобланади. Бу иш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидандир.
Саҳобаи киромлар ҳам ушбу суннатга доимо амал қилганлар. Халқимиз қадимдан ушбу суннатни гўзал тарзда амалга ошириб келган.
Аммо шуни ҳам унутмаслик лозимки, аёлларнинг зийнатланишлари шариат доирасида ва маҳрамлар даврасида бўлиши керак.
5. Ҳушбўйлик суртиш.
Бу ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан. Жамоатчилик жойга киришда хушбўйлик суртиб олиш юксак одоб намуналаридан бири бўлиб, кўплаб ноқулайликларнинг олдини олади.
Юқорида ўтган одобларга эркаг ва аёл баробар амал қилиши лозим.
6. Намозга чиқишдан олдин бирор егулик тановул қилиб олиш.
Рамазон ҳайитида, Қурбон ҳайитига акс ўлароқ, намозга чиқишдан олдин бирор нарса еб олиш ҳам Рамазон ҳайитининг одобларидан саналади. Бунда Фитр куни рўза тутишдан бўлган қайтариққа урғу бериш ва Рамазон рўзаси якун топганлигига эътиборни қаратиш бор. Ўша егулик қуруқ ёки ҳўл мева бўлгани яхши.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни бир неча хурмо емасдан туриб чиқмас эдилар. Тоқ ер эдилар».
Бухорий ва Термизий ривоят қилган.
7. Фитр садақасини бериш.
Фитр садақаси рўзага боғлиқ садақалардан бўлиб, ҳар бир жон учун икки кило буғдой қийматида берилади. Фитр садақасини бериш закотга қодир кишиларга вожиб, бошқаларга ихтиёрий ҳисобланади. У фақир, мискинларга берилади. Уни Рамазон ичида бериш ҳам жоиз, аммо афзали ҳайит намозга чиқишдан олдин беришдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш ва мискинлар учун таомланиш бўлсин деб фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, у мақбул закот – покловчи садақа бўлур. Ким уни намоздан кейин адо қилса, садақалардан бир садақа бўлур».
8. Такбир айтиш.
Такбир айтиш деганда, «Аллоҳу акбар», дейиш тушунилади.
Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини фарз қилганини айта туриб, жумладан шундай деган:
«Аллоҳ сизларга осонликни истайди ва сизларга қийинликни истамайди. Саноғни мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун». (Бақара сураси, 185-оят).
Ояти каримадаги «Аллоҳни улуғлашингиз учун» деган сўзни аниқроқ айтадиган бўлсак, «Такбир айтишингиз учун» бўлади.
Демак, Аллоҳ таоло бу оятда мусулмонларга рўзани фарз қилиши, унда енгилликни жорий қилиши, рўзани фарз қилиш билан уммати Муҳаммадга осонликни ирода қилиши – буларнинг барча-барчасини «мусулмонлар такбир айтиши учун» қилганини таъкидламоқда.
9. Ҳайит намозига чиқиш.
Ийд намози ҳар бир балоғатга етган, соғ-саломат мўмин-мусулмон эр кишига вожибдир. У ҳайит кунги энг асосий, муҳим амал ҳисобланади. Ҳайит кунининг асосий фазилати ҳам ийд намозини ўқиш билан рўёбга чиқади. Ийди Фитр намозининг вожиблигига Қуръон ва Суннатда далиллар мавжуд.
Ийд намозининг вақти кун чиққандан тақрибан 15-20 дақийқа ўтгандан бошлаб, то аср вақтигачадир. Унинг қазоси йўқ, омма жамоат билан ўқиш шарт. Ийд уч кун давом этади.
Ийд намозида икки ракаатдир. Унга азон ва иқома айтилмайди. Ҳанафий мазҳабига кўра, ҳар икки ракаатида қўшимча учтадан такбир айтилади ва ҳар такбир айтилганда, такбири таҳримадаги каби, қўллар қулоқ баробарига олиб келинади. Бу такбирлар биринчи ракъатда санодан кейин, иккинчи ракъатда замми сурадан сўнг, рукуъга кетишдан олдин айтилади.
Ийд намозининг биринчи ракъатига «Аълаа» сурасини, иккинчи ракъатга «Ғошия» сурасини зам сура қилиш мустаҳаб саналади.
Ийд намози Рамазон фазилатлари шукронасининг рамзидир, динимизнинг буюклиги ва олийжаноблигининг нишонасидир, мўмин-мусулмонларнинг Аллоҳга бўлган бандаликлари изҳоридир.
10. Ийд намозига эртароқ, пиёда, виқор билан, такбир айтган ҳолда бориш.
Намозга қанча эрта бориб, қанча кўп интизор бўлинса, савоби шунча кўп бўлади. Агар йўл узоқ бўлмаса, имкони бор киши пиёда боргани яхши.
Имом Термизий қилган ривоятда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу:
«Ийдга пиёда чиқиш суннатдир», деганлар.
11. Ҳайит намозга бир йўл билан бориб, бошқасидан қайтиш.
Бу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан ҳисобланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд куни бир йўл ила чиқсалар, бошқаси ила қайтар эдилар».
Термизий, Абу Довуд ва Бухорийлар ривоят қилган.
12. Хонадон аҳлига кенгчилик, серобчиликка шароит яратиш.
Ҳайит кунлари оила ичида ҳам байрам кайфиятини тиклаш керак. Уйга қилинадиган харажатларни одатдагидан яхшироқ қилиш даркор. Иложи бўлса, уларга совға ва махсус ҳадялар улашилса, янада яхши бўлади. Бунда ҳадяларни қўни-қўшни ва бошқа мусулмонларга ҳам берилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўзаро ҳадя беришинглар, бир-бирингизга муҳаббатингиз бўлади», – деганлар».
Байҳақий ва бошқалар ривоят қилган.
13. Қариндош-уруғ, қўни-қўшниларни зиёрат қилиш, бева-бечораларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга хурсандчилик улашиш.
Ҳайит муносабати билан устоз ва олим кишиларни зиёрат қилиш ҳам жуда катта савобли ишлардан ҳисобланади. Шунингдек, бемор кўриш, йўқсил, камбағаллар ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳам ҳайитни нишонлашларига кўмаклашиш айни савоб иш бўлади.
Ҳайит кунлари сила раҳм қилиш, қариндош-уруғ, қуда-андаларни зиёрат қилиш ҳар қачонгидан ҳам кўра таъкидланган бўлиб, савоби кўпроқ бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимни ризқини кенгайтирилиши ва ажалини ортга сурилиши масрур қилса, қариндошларига силаи раҳм қилсин», – дедилар».
Учовлари ривоят қилишган.
14. Болажонларга ҳайитлик бериш, уларга ушбу байрамнинг шукуҳини кўрсата билиш.
Болаларга муносиб ҳадя ва совғалар улашилса, айни мақсадга мувофиқ бўлади. Фарзандларимиз йил давомида ҳайитни эслаб юрсин, уни орзиқиб кутсин, унинг буюклигини ҳис қила билсин, ана шунда яхши бўлади. Бу каби ишлар фарзандларимиз онгида миллий-диний қадриятларимизга нисбатан эҳтиром туйғусининг шаклланишига, уларнинг Ватан ва миллатга ҳақиқий садоқатли инсонлар бўлиб тарбия топишида муҳим аҳамият касб этади.
15. Таниш-билиш, ёру дўст ва ҳар бир кўринган мусулмон кишини ҳайит билан табриклаб, уларга хурсандчилик ва шодлик изҳор қилиш.
Ҳайит муносабати билан табриклаш жамиятда ака-укачилик, биродарлик ришталарини мустаҳкамлайди, мусулмонларнинг бир-бирларига бўлган муҳаббатларини зиёда қилади, ўзаро алоқаларини мустаҳкамлайди. Хусусан, берилган ва мактуб орқали келган табрикларга жавоб қайтаришни унутмаслик лозим. Саҳобаи киромлар ҳайит куни бир-бирлари билан учрашганларида «Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам яхши амалларимизни қабул айласин», деб қўйишар экан. Бундан ташқари, «Ҳайитингиз муборак», «Ҳайитингиз қутлуғ бўлсин» каби иборалар ҳам табриклашнинг бир кўринишидир.
16. Ҳайит куни одоб доирасида, ҳаром ва манъ қилинган нарсаларни аралаштирмаган ҳолда айрим кўнгилхуши маъносидаги ўйин-кулгилар ҳам қилиш мумкин.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Абу Бакр кирганида олдимда ансорийларнинг қизларидан икки қизча Буос куни ансорлар айтишган нарсани қўшиқ қилиб айтаётган эдилар. Икковлари қўшиқчи эмасдилар. Шунда Абу Бакр:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида шайтоннинг нағмаси бўлаяптими?!» деди. Бу, ийд куни бўлганди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Абу Бакр, ҳар бир қавмнинг байрами бор. Бу бизнинг байрамимиздир», дедилар». (Бухорий ривояти).
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба: Islom uz