Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Яқинда америкалик тадқиқотчилар бу меванинг қаришга қарши хусусиятларини аниқлашди. Уч йил давомида бир гуруҳ кўнгиллилар ҳар куни бир дона олмадан истеъмол қилишди. Тадқиқот сўнггида иштирокчилар юрак-қон томир тизимининг ўн йилга ёшаргани аниқланди.
“Ҳар куни битта олма есангиз, шифокорга боришнинг ҳожати йўқ” дейилади инглиз мақолида ва бу ҳақиқат!
Олмалар қувват манбаи, ёшликни узайтиради, касалликлар билан курашишга ёрдам беради. Умуман, бу меванинг фойдаси ҳақидаги маълумотларни йиғиб, бутун бир қомус яратиш мумкин.
Сочларга жило беради. Косметологлар агар сочлар ҳафтада икки марта олма сиркаси қўшилган сувда чайилса, ялтирайди ва синиши камаяди, деб ҳисоблашади.
Ошқозонда муаммолар бўлса… Олмали енгил парҳез озиш истагидагилар орасида оммалашиб кетган. Бироқ хом, айниқса, нордон олмалар ошқозон шираси ишлаб чиқарилишини кучайтиради. Натижада қоматни яхшилайман деб, меъда яллиғланиши, панкреатит ёки ошқозон яраси касаллиги зўрайишини орттириб олиш мумкин.
Меъда қайнаши безовта қилмаслиги учун эса олмани оч қоринга еманг ва яхшилаб чайнанг. Ошқозонда жиддий муаммолар бўлса, олманинг ширин навларини танлаб, пўстини тозалаб истеъмол қилган яхши.
“Олмалар темир моддасига бой”, деган фикр нотўғри. Бу модда қуруқ наъматак, маржумак, кунгабоқар, бодом, шафтоли ва ўрикда кўпроқ бўлади.
С дармондориси олма таркибида жуда кам. Ўрта минтақаларда тарқалган мевалар таркибида бу витамин 100 граммда 7-8 мг миқдорда бор, холос. Кўпчилик ширин ва қизил олмалардан кўра, нордон ва яшил олмаларда С дармондориси кўп деб, ҳисоблайди. Аммо ундай эмас. Олманинг таъми ва ранги билан унинг таркибидаги С дармондориси ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ.
Олма уруғида йод бор. Олма уруғида йод моддаси кўп. Беш-олти дона олма уруғи йодга бўлган кундалик эҳтиёжни қондиради. Аммо олмани (уруғи билан) ҳар куни бир донадан ортиқ емаслик керак. Шунингдек, олма таркибида йод бўлган ва денгиз маҳсулоти ҳисобланмайдиган ягона мева.
Олма истеъмол қилиш ортиқча вазнга йўл қўймайди. Олма таркибидаги лимон кислотаси моддалар алмашинуви ва овқат ҳазм қилишга яхши таъсир кўрсатади, енгил пешоб ҳайдовчи хусусиятга эгалиги боис, шишларнинг олдини олади, демак, ортиқча вазнга ҳам йўл қўймайди.
“Уч маҳал овқатланиш” деб номланувчи парҳезга амал қилувчилар уч маҳал овқатланишни олма билан бошласангиз, бир ҳафтада бир килограммгача озиш мумкин, деб ҳисоблашади. Ҳар куни икки дона олма ейишни одат қилсангиз, ёмон холестерин даражаси кескин тушади.
Олма қанд даражасини меъёрлаштиради. Олмаларда ҳам дағал (пўстида), ҳам эрувчан (пектин моддалар) клетчатка бор. Пектинлар ичакдан ўтганда моддалар алмашинуви натижасида ҳосил бўлган зарарли моддаларни ўзига шимиб олади ва организмдан чиқаради. Бундан ташқари, улар ёғлар алмашинувини фаоллаштиради ва қондаги қанд даражасини меъёрлаштиради. Демак, тўқлик ҳиссини сақлаб, иштаҳани пасайтиради.
Манба: Халқ табобати