Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
У Зот сенга тақиқни фаҳмлаш эшигини очса, бу тақиқ атонинг айни ўзи бўлади. Бирон нарсанинг ман қилиниши, тўсиб қўйилиши аслида банда учун шу тўсилишдан кейин келувчи яхшиликларнинг бошланиши бўлади, хайрсиз нарсадан ҳимоя бўлади. Шу жиҳатдан қаралса, бу маҳрумият аслида бериш бўлади. Инсоннинг фаҳми бу хайрни кўра олмагани учун ҳолат унга ман қилиш, тўсилиб қолиш бўлиб кўринади. Дунё ташвишлари ғам-андуҳга солса, аввало бу дунёда ҳақиқий ато нима эканини англаб олиш керак. Ўткинчи дунёнинг неъматлари ҳақиқий ато эмас. Шу ҳақиқатни англамаганимиз учун дуога қўл очиб, сўрайдиган нарсамиз фақатгина мўл-кўл ризқ бўлиб қолган. Бу эса бизни аслида сўралиши керак бўлган Аллоҳнинг ризосидан узоқлаштиради. Бандага тикондек кичик оғриқ етса ҳам, гуноҳларига каффорот бўлади. Бандалардан етган зулмлар, ғийбатлар унинг гуноҳларини енгиллатади. Яқин кишисини йўқотганда бунга гўзал сабр қила олса, улкан ажрлар берилади. Бундай имкониятларга инсоннинг ҳаёти давомида жуда кўплаб мисоллар учрайдики, уларнинг саноғига етиш мушкул. Бандаларнинг соғлиги, имконияти турлича бўлади. Кимнидир кўзида нуқсони бор, кимнидир тилида ёки эшитишида. Бироқ, охиратда бу нуқсонларнинг ўрни тўлдирилади. Бу дунёда кўз нури неъматига ета олмаган бандага Қиёматда нур ато этилади. Бу дунёда қийинчиликка учраганларга бундан ҳам ажойиб ажрлар борки, инсон зотининг ақл даражаси уни тасаввур қилишдан ожиз. Махрумликнинг бизга кўринмайдиган, биздан яширинган муқобилида беқиёс мангу неъматлар ато этилган бўлади. Буларнинг биргина шарти шуки, банда Аллоҳ таолога сабр ҳолатида бўла олиши керак. Аллоҳ таолонинг ризоси учун қилинган ҳар бир каттаю кичик иш учун охиратда мангу ато бор. Инсонга ҳаётида нимадир берилмаса ёки ундан нимади олиб қўйилса, бунга алданмасдан, чалғимасдан, ибодатларда маҳкам бўлиши лозим, фоний нарсаларга, ўткинчи ҳавасларга, ожиз бандаларга суянмай, Боқий Зот бўлмиш Ҳақ таологагина суяниш лозим. Мана шу йўл бизни У Зотнинг ризосига олиб боради. Одамзод – жисми фоний, қалби ўзгариб турувчи мавжудот бўлиб, унга суяниш мантиқсизликдир. Аллоҳ таоло эса ҳеч қачон ўзгармас, бир хил турадиган, боқий Зотдир.