АТО СУРАТИДАГИ МАН ЭТИШ ВА МАН ЭТИШ СУРАТИДАГИ АТО
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


 

Эҳтимол, У Зот сенга берганида ман қилгандир. Эҳтимол, У Зот сендан ман қилганида бергандир.

Мусибат келса, банда бунда бир ҳикмат борлигини эслаб, унда хайр борлигини эътироф қилади. Зоҳирда худди бизга берилмаганга ўхшайди, лекин ичида хайрият бўлади. Ёки Аллоҳ бир неъматни бериб қўяди, аммо унинг берилиши ҳақиқий синов бўлади, ёки бошқа мақсадда берилган бўлади, ёки бандага яхшилик келтирмайдиган нарсага сабаб бўлади. Биз бериш-бермасликни, маҳрумликни кўпроқ моддий маънода тушунамиз. Дунё ҳаётида бандага бахт-саодат, хурсандчилик, неъмат етса, унга кўп нарса берилди, деймиз. Маҳрумликни ҳам бир неъматга етиша олмади, бенасиб бўлди деб, мол-дунё ўлчови билан таърифлаймиз.

Аллоҳ таоло бу ҳақда Фажр сурасининг 15-16-оятларида шундай марҳамат қилади:

«Бас, қачон Робби инсонни синаш учун икром қилса ва неъматлантирса, «Мени Роббим икром қилди», дейди. «Фажр» Қачон Робби уни синаш учун ризқини тор қилиб қўйса, у: «Роббим мени хорладихизйун ёки хосиъун», дейди».

Инсон зотининг ўлчови, мезони шудир. Лекин Аллоҳ бандани саодатманд қилиши, ҳақиқий насибадор қилишидаги чинакам ўлчов бу эмас. Бизнинг кўзимиз билан қаралганда неъмат берилмаган инсон муҳтожга, маҳрумга ўхшайди, аммо Аллоҳ таоло унга асосий нарсани бериб қўйган бўлади. Худди шунингдек, инсон бой бўлса, неъматларга кўмилиб турса, зоҳиран қараб, «Унга кўп нарса берилди», деймиз, аммо унга ҳақиқий саодат берилмаган бўлади.

Бунга энг яққол мисол шуки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам етим ўсганлар, фақир бўлганлар. Аммо у зотга неъмат берилмади, у зот маҳрум бўлдилар, дея оламизми? Албатта, йўқ. Аслида Аллоҳ таоло у зотга энг афзал нарсани – Ўзига Расул бўлиш, башариятга динни етказувчи элчи бўлиш, ер юзига халифа бўлиш, дунёдаги энг пок ҳаётни раво кўриш, сиддиқлик, аминлик, барчанинг наздида, ҳатто мушрику кофирлар наздида ҳам ҳурматга сазовор бўлиш каби буюк неъматлар ато этган эдики, мана шулар ҳақиқий бахт-саодатдир.

Али розияллоҳу анҳу билан Фотима розияллоҳу анҳони эслайлик. Уларнинг турмуш тарзи қандай бўлган? Тўғри, инсоннинг бахт-саодати учун муҳаббат ҳам зарур деймиз, лекин ҳамма фаровон ҳаётни, тўкинчиликни истайди. Чунки бизнинг ўлчовимиз ана шундай тор бўлиб қолган: икки ёшнинг тўйи чиройли ўтса, сарполари яхши бўлса… ана шуни бахт деймиз. Лекин Али розияллоҳу анҳу билан Фотима розияллоҳу анҳонинг ҳаётлари қандай эди? Неча кунлаб қозон қайнамай, очликдан ҳолсизланиб ҳам қолишарди, аммо уларнинг асосий бахти покликда эди. Насаб жиҳатдан ҳам у зот алайҳиссаломга яқин бўлиш бахти, қийинчиликда яшашса ҳам, Аллоҳ таолонинг амрларини ўрнига қўйиб яшаш бахти, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг наслларини давон эттириш бахти чинакам, буюк, улуғ саодат эди. Баъзилар ўйлагандек, улардаги муҳаббат тўкин-сочин кун кечириш, бир-бирига ишқий шеъру ғазал айтиб яшашдан иборат бўлмаган. Ҳазрати Али Фотима розияллоҳу анҳонинг қўлларида зийнат кўриб қолсалар, дарҳол тергаб, шикоят қилиб турар эдилар, чунки аёллари доимо савобдан баҳраманд бўлиб юрсин, хатога йўл қўймасин, дер эдилар. Чинакам муҳаббат мана шудир. Фотима розияллоҳу анҳо ҳам Али розияллоҳу анҳуга нисбатан ана шундай риояда бўлганлар. Шу боис уларнинг муҳаббати «Жуфтим Аллоҳга муқарраб бўлсин», деган мезонга асосланган эди. Ҳозирги кундаги баъзилардек дуода бошқа нарсани сўраб, яшашда Европага тақлид эмас эди.

Бу зотлар дунёда энг саодатманд жуфтлик бўлишган. Барча моддий бойликларга эга бўлган одам четдан қараганда ҳамма нарсага эга бўлгандек, энг бахтли одамдек кўринади, аммо аслида улар чиндан ҳам саодатманд бўла олдимикан? Яхшилаб назар солинса, бирон дардга йўлиққан ёки ҳаловати йўқолган ҳолатда бўлади.

Шу сабабли ҳам ҳикматда инсоннинг басират кўзини тўсиб қўйгани учун бундай неъматни маҳрумлик деб аташ мумкин. Бундай неъмат берилганда инсоннинг ҳақни кўрадиган кўзи тўсилиб, шубҳали, зарарли, ҳаром ишларга мубтало бўлиб қолиши мумкин.

Бир кишининг қизига жуда тўкис жойдан совчи келиб, аммо қандайдир сабаб билан тўй бўлмай қолса, «Насиб қилмади-да», дейилади. Лекин орадан бир неча йил ўтгач, ўша йигитнинг катта хатоларга йўл қўйгани маълум бўлса, ўша ишнинг насиб қилмагани беҳикмат бўлмагани англанади.

Бир одам фоизли пул бизнесига борини тикиб, бир-икки ой катта даромад келиб турганига қувониб юрган эди, кейин бирдан касодга учраб, бор-будидан айрилди. Бу ҳолат ҳам бизнинг кўзимизга маҳрумлик, зарар бўлиб кўриниши мумкин.

Мана шу каби мисолларда айнан юқоридаги ҳикматни кўра билиш керак. Демак, бир неъматнинг берилиши ёки берилмаслиги эмас, балки охират учун манфаатли бўлиши неъмат ҳисобланар, хайрли бўлар экан. Охират учун зарарли нарса эса ҳар қанча катта неъматдек кўринмасин, биз учун маҳрумлик бўлар экан.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, биз нимадан сиқилиб, нимадан қувониб кетяпмиз? Дунёвий нарса учун сиқиляпмизми, дунёвий нарса учун қувоняпмизми? Бандалар бизни ғийбат қилса, сиқиламиз, лекин улар бизни эътироф қилса, мақтаса, фахрланиб, хурсанд бўлиб кетамиз. Ваҳоланки, аслида банда қалбини кўпроқ хавф ҳолатида тутиши, неъматларга бурканганда қабз бўлишини ёдда сақлаши, ортиқча нарсага сиқилишдан эҳтиёт бўлиши, фақат охиратига манфаатли нарса учунгина ғам-қайғуга ботиши, доимо Аллоҳнинг рўпарасида эканини ҳис қилиши, фараҳни ўз ўрнига қўя олиши, яъни у Аллоҳ йўлидаги фараҳ бўлишига интилиши лозимдир.

Мавзуга оид мақолалар
У Зотдан сен талаб қиладиган энг яхши нарса У сендан талаб қиладиган нарсадир. Банда талаби дуо қилганида давоми...

19:00 / 21.05.2020 4297
Орифларга кенглик берилса, торликдан кўра хавфлироқ ҳолатда бўладилар. Кенглик ҳолатида одоб чегарасида давоми...

17:39 / 26.07.2020 2338
Ато ва ман қилиш ҳақидаМахлуқотлардан келган ато махрумликдир.Аллоҳдан келган ман қилиш эҳсондир.Бандадан давоми...

07:52 / 18.01.2021 3221
Аллоҳ сенга Ўзининг тоатини ва Ўзи ила бундан беҳожат бўлишни насиб қилса, билгинки, У Зот сенга ошкора ва давоми...

19:00 / 16.05.2020 4286