Ҳақиқий тойй – яқинлаштириш
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳақиқий тойй (яқинлаштириш) – охиратни ўзингдан ҳам яқинроқ кўришинг учун бу дунёнинг масофасини ўзингга яқинлаштиришингдир.


Тасаввуф истилоҳида тойй деб катта нарсани кичик қилиш, узун нарсани қисқартириш, кўзланган мақсадга тез етиб олишга айтилади. Тойй замонга ва маконга таалуқли бўлади.

Сулаймон алайҳиссаломнинг жинлари бир ярим ойлик масофани шамол ёрдамида бир кеча-кундузда босиб ўтгани, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан Масжидул ақсога бориб келишлари ҳам маконий, ҳам замоний тоййдир.

Бу ҳикматдан мурод шуки, нафсдаги тойй – Аллоҳга етишиш, зуҳдда Аллоҳга муштоқлик кучли бўлгани учун яшаб турган ҳаётидан Қиёматгача бўлган муддатнинг қисқариб кетишидир. Одатда инсон умри поёнига ета бошласа, охиратни тасаввур қилиб, ўлим, қабр, Қиёмат куни, жаннат ва дўзах ҳақида ўйлай бошлайди. Аллоҳ таолога қалби боғланган, Аллоҳга муштоқ бўлган, Аллоҳга етишиб қолган банда умрининг поёнини кутиб ўтирмайди. У ҳозирги кунидаёқ, бу дунёда яшаётган лаҳзаларидаёқ охиратга тайёр бўлиб умр кечиради. Мана шу – ҳақиқий зуҳднинг ҳолатидир. Бу ҳар бир мўминнинг орзуси, тайёрланиши лозим бўлган ҳолатидир. Банда бу ҳолатни ўзида мужассам қилиш учун аввало тартибга риоя қилиши, зиммасидаги фарз амалларни ўрнига қўйиши зарур. Бугунги кунда энг кўп кузатилаётган камчиликлар – намоз, рўза, закот ва ҳаж каби ибодатларда қарзларнинг, яъни қазоларнинг кўплигидир. Охиратга тайёргарлик кўришнинг энг аввалида мана шу фарзлар тўлиқлаб олинади, чунки охиратдаги ҳисоб-китоб шулардан бошланади. Ундан кейин нафл намоз, нафл рўза, Қуръон қироати, зикр, солиҳ амалларни кўп қилиб, қалбда муҳосаба ва муроқаба билан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилинади. Қиёмат эсланганда қўрқамиз, негаки иллатларимиз кўплигини биламиз. Бардавом ибодатлари билан, қалб амали билан Аллоҳга боғланган тариқат кишилари ана шундай тайёр ҳолатда, яқинликда яшайдилар. Банда бу амалиётларга фикру зикрини бера олиши учун аввало унда шу нарсага муҳаббати бўлиш зарур. Ҳаётий мисолларда ҳам инсон ўзи муҳаббат қўйган нарсаларга эришиш учун унга нисбатан кучли хоҳиш, иштиёқ бўлгани учун ҳаракат қилади. Инсон зотининг муҳаббати, истаклари дунё учун бўлса, мол-дунёга ҳирси орқасидан, бирон обрўли ва келажаги бор ишга кириш учун бор имкониятлари билан, аниқ мақсад сари қаттиқ интилиб, ҳаракат қилади. Кимгадир кўнгли қаттиқ боғланиб, то унга етишмагунича ҳамма шартларга рози бўлиб, уларни бажаради. Буларнинг барчасига инсондаги муҳаббат, истак кучлилиги сабаб бўлади.

Ўткинчи дунё учун қилинадиган шу кучли иштиёқни Боқий Зот бўлмиш Аллоҳ таолога етишиш йўлига йўналтирилса, орадаги муддатнинг узоқлиги билинмай қолади. Мана шу яқинлик айни тоййдир.


Одинахон Муҳаммад Содиқ


@bintusodiq ⬇️⬇️ https://t.me/joinchat/AAAAAEBwhmhgsq2sn2s4Mg

Мавзуга оид мақолалар
У Зот сенга тақиқни фаҳмлаш эшигини очса, бу тақиқ атонинг айни ўзи бўлади. Бирон нарсанинг ман қилиниши, давоми...

18:08 / 16.08.2020 2291
Эҳтимол, У Зот сенга берганида ман қилгандир. Эҳтимол, У Зот сендан ман қилганида бергандир.Мусибат келса, давоми...

17:57 / 05.08.2020 2604
Борлиқдаги нарсаларнинг зоҳири алдамчидир, ботини ибратлидир. Нафс уларнинг алдамчи зоҳирига қарайди. Қалб давоми...

18:13 / 23.08.2020 4071
Кенгчиликда хурсандчилик борлиги учун нафс ўз насибасини олади. Торликда нафснинг насибаси йўқдир.Ушбу давоми...

17:43 / 02.08.2020 3240