Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ватанга қайтяпмиз. Учоққа чиқиб, ўриндиғимизга жойлашдик. Орқа томондан бир эркакнинг сўкингани, ортидан аёл кишининг овози эшитилди: – Сўкмен мани, нега сўкасиз?! Бу мани жойим!
Афтидан, эркак у аёлнинг жойига ўтириб олган. Аёл жойни бўшатишни талаб қилган, эркак эса кўнмаган.
Аслида, эркак киши тезроқ жойлашиб, бошқа йўловчиларга йўлакчани бўшатмоқчи бўлган. Бу ҳолатдан бетоқат бўлган аёл қаттиқроқ гапирган. Ўртада тортишув бошланган… Эркак яна сўкди. Аёл эса бу жой уники эканини, қонун-қоидани яхши тушунишини таъкидлар, ундан сўкинмай гапиришни талаб қилар эди.
Эркак:
– Ў-ў, манга қара, эркак билан гаплашвоссан! Хотин кишимисан, сал пастроқ бўл, бунақа муомалангни манга қилма! – деди ўдағайлаб. Энди уларнинг шовқинига атрофдагиларнинг овози қўшилди: эркакка эътироз билдира бошлашди. Ниҳоят, учоқ ходимаси келиб, можарога аралашди. Эркакка қаттиқ танбеҳ берди. Ҳар ким ўз ўрнига ўтиришга ва буни талаб қилишга ҳаққи борлигини айтиб, эркакдан ўзгаларни ҳурмат қилишни талаб қилди.
Эркак кўпчилик ичида изза бўлди. Аёл эса зўрға ўзини босди. Мени ўйлантирган нарса – мазкур йўловчи ўзининг эркаклигини пеш қилиб, ҳаққини талаб қилаётган аёлдан аёл бўлгани учун ўзини паст тутишини талаб қилиб, бу дилхираликни келтириб чиқаргани эди. Сен кимсан ўзи?! Унинг эримисан ёки бирор маҳрами, ё валийсимисанки, унга эркаклигингни рўкач қилиб, паст туришни талаб қиласан?! Янада қизиғи, ўзи у аёлнинг ўрнига ўтириб олиб, эркакнинг ишини қилдими? «Бу менинг жойим», дея ўз ҳаққини талаб қилган одамни писанд қилмаслик, тезроқ жойни бўшатиб бермаслик, яна ўзи ноҳақ бўла туриб, ҳақ тарафни сўкиш-чи? Бу эркакнинг ишими? Бундан чиқди, эркак киши истаган ерига ўтириб олаверсин, жойнинг эгаси бўлган аёл жимгина тураверсин экан-да! Нима учун? Аёл бўлгани учунми? Унинг ўрнида эркак бўлганида, худди шу муомаласини қила олармиди? Эркак бўлгани учун у бемалол сўкаверсин, аёл шунда ҳам эътироз билдирмай, индамай тураверсин экан-да! Аёл бўлгани учунми?
Агар мана шу ҳодиса бошқа миллатга мансуб кишилар орасида содир бўлса, аёл эркакни маҳкамага берган, ўзига етган маънавий зарар учун маълум миқдорда пул ундирган бўлар эди. Лекин бизнинг ўзбек аёлларимиз бундай нарсаларни ичига ютиб кетаверади. Ўзини эркаклигини пеш қилиб, аёл кишига ўдағайлаш мусулмоннинг маданиятига, ўзбекнинг одобига тўғри келадими? Юртдошларимиз ичида ўзининг хатти-ҳаракати, мусулмон кишига хос бўлмаган хулқи билан аёлларимизни хорлайдиган эркаклар борлиги ниҳоятда ачинарли ҳол. Аёл зотига ҳар томондан турли айбловларни ёғдираётганлар ана шу масалаларда аёл зотининг бузилишига қайсидир маънода ўзлари ҳам сабаб бўлаётганлари ҳақида бир фикрлаб кўрсалар, фойдадан холи бўлмас эди.
Одинахон Муҳаммад Содиқ
“Омина” ижтимоий-маърифий журналининг 2019/1440 йил, 29-сонилан олинди.